Таржима – тил ва дил сўзлашуви

Бугунги тараққиёт асрида ўзбек адабиётига, таржима ва таржимашунослик ривожига улкан ҳисса қўшган буюк адибларимиз қаторида илмнинг нурли, залворли йўллари ва сўқмоқларида изланаётган олмоншунос олим, таржимон, филология фанлари номзоди, профессор Хуррам РАҲИМОВ ҳам бор. Биз домла билан бадиий таржима ва таржимашунослик, бугунги янги авлоднинг таржимага ва хорижий адабиётларга нисбатан қизиқиш ва муносабатлари ҳақида суҳбатлашдик.

— Сиз Ўзбекистон олмон тили ўқитувчилари ассоциацияси ва Германиядаги Олмон – Ўзбек Илмий жамиятининг раиси сифатида бугунги ўзбек адабиётида бадиий таржиманинг ўрни, таржимашунослик ҳамда янги авлоднинг соҳага нисбатан муносабати ҳақида нима дея оласиз?

— Айтиш жоизки, бугунги адабий жараёнларда бадиий таржиманинг ўрни ва аҳамияти, таржима ва таржимашуносликда навқирон авлоднинг иқтидори, аввало, уларнинг изланиш ва ғайрат-шижоатлари билан боғлиқдир. Чунки ёш ва таниқли таржимонлар ҳамда таржимашунос олимлар олдин ҳам, ҳозирги кунда ҳам ўзбек адабиётини дунё­га танитиш, жаҳон адабиётида ўз ўрнини топишлари учун самарали изланиб келадилар. Айни пайт­да улар ўзбек адабиётининг сара дурдоналарини хорижий тилларга таржима қилишда, шунингдек, хорижий адабиёт намояндалари асарларини ўзбек тилига ўгиришда иқтидорли ёшларни ўз ортидан етаклашда ҳам ўрнак кўрсатаяпти.

Айниқса, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошида фаолият кўрсатаётган «Бадиий таржима ва Халқаро алоқалар бўлими» юртимиздаги изланувчан ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакатимиздаги олий ўқув юрт­лари билан ҳамкорликда “Ёш таржимонлар мактаби”ни ташкил этгани нур устига аъло нур бўлди.

Ўзбек адабиёти намуналарининг чет тилларига, жаҳон адабиёти сара асарларини ўзбек тилига ўгиришни янги авлодга ишониб топширилаётганининг ўзи шарафли ва фахрлидир. Чунки улар орасида кўплаб хорижий тилларни биладиган, адабиёт соҳасидан хабардор ижодкор ёшларимиз борки, улар нафақат ўзбек адабиётини дунёга танитишда, балки ўзаро дўстона алоқаларни ўрнатишда ҳам ўз ҳиссаларини қўшяпти. Аммо бажарилган таржималарнинг сони ва сифатини қониқарли деб бўлмайди. Афсуски, аксарият таржималар нашриётларда чет тилларни билмайдиган муҳаррирлар қўлидан ўтиб, чет тили мутахассисларининг таҳриридан ўтказилмай босилиб чиқаяпти.

Бугунги кун ўзбек адабиёти таржимачилигида немис адабиётидаги дастлабки таржималарни Ваҳоб Рўзиметов, Адҳам Раҳмат, Фарид Расул, кейинчалик Ғафур Ғулом, Туроб Тўла,  Мақсуд Шайх­­зодалар бошлаб берган бўлса, уни Миртемир, Хайриддин Салоҳ, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Янглиш Эгамов каби адабиётимиз дарғалари муваффақиятли давом эттирдилар. Ҳозирги кунда немис адабиётидан кўплаб асарларни Пошали Усмон, Мирзали Акбаров, Ҳафиза Қўчқорова, Шаҳноза Қувонова, Гулчеҳра Содиқова ва нокамтарликка йўймангу, камина каби олмоншунос таржимонлар давом эттирмоқдамиз.

— Яқинда сизни ўзбек адабиётининг буюк намояндаси, мутафаккир олим ва ғазал мулкининг султони — Алишер Навоийнинг ғазалларини таржима қилаётганингизни эшитдик. Шеъриятнинг мураккаб жанри бўлган ғазаллар таржимасига, бунинг устига, улуғ мутафаккирни бетимсол ғазалларининг таржимасига қўл уриш ёки уни олмон тилига ўгириш қийин кечмадими?

— Айтишим лозимки, ғазаллар таржимасини Ҳазрат Навоийнинг 575 йиллиги арафасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг буюртмасига биноан бошлаганман. Таржимадан олдин Мавлоно Румий, Ҳофиз Шерозий, Саъдий Шеърозий, Умар Ҳайём каби улуғларимизнинг немисча таржималарини, қолаверса, Фридрих Рюккерт, Август Платен каби олмонзабон ғазалнавис шоирлар ижодини ўрганиб чиқишимга тўғри келди. Орттирган тажрибалар асосида ўгираётган ғазаллар мазмуни ва шакллари, жанр хусусиятларини сақлаб қолишга ҳаракат қилдим.

Бироқ Навоий асарларининг 10 жилдлик антологиясини, 4 жилдлик Навоий асарларининг изоҳли луғатини, мумтоз адабиёт луғати ва ўзбек тилининг 5 жилдли изоҳли луғати ва бошқа бир қанча манбаларни, жумладан, ушбу ғазалларнинг Иброҳим Ҳақ­қулов, Нажмиддин Комилов, Ваҳоб Раҳмонов, Боқижон Тўхлиев, Каромат Муллахўжаева, Нусратилла Жумахўжа, Шарифа Салимова тайёрлаган насрий баёнларни қараб, Навоий лисонияти, услубияти, руҳонияти ва салоҳиятини эндигина англаётганимизни тан оламан.

Чунки ХV асрда битилган бу ғазалларда аксарият сўз, ибора ва образлар кўчма ҳамда сўфиёна маънолар касб этган. Шу ўринда шуни ҳам айтиб ўтмоқчиманки, Навоий ғазалиётини талқин қилишда ўзбек навоийшуносларнинг ўзларида ҳам бироз якдиллик етишмаётир. Ана шуларни эътиборга олган ҳолда, бош­қа олмонзабон ва туркийзабон навоийшунослар ҳамда мутаржимлар бу борада ўз тадбирлари ва таржималари билан таржимонлик борасида янада фаол иштирок этсалар, улуғ мутафаккирларимизнинг руҳониятини таржималарда янада ёрқинроқ намоён эта олган бўлур эдилар.

Қувонарлиси, бизнинг дастлабки таржималаримиз яқинда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ўтказилган семинарда қизғин муҳокамадан ўтиб, нашрга тавсия қилинди.

— Ҳозирги пайтда матбуотда чоп этилаётган таржималар, уларнинг сифат даражаси, таржимонлик ишини янада такомиллаштириш ҳақида қандай фикрдасиз?

— Баъзан матбуот саҳифаларида кўзга ташланаётган илмий-назарий ҳамда маърифий мақолалар ёки бадиий таржималарнинг сифати, унинг асл ҳолатига нисбатан яқин ёки узоқлигини, қиёсий таҳлиллари акс этган намуналарни кўриб қувонсак, баъзан саёз ёки асл ҳолати ўзгартириб юборилган таржималарга дуч келамиз. Бунданда даҳшатлиси, айрим ёш таржимонлар плагиат билан — ижодий ўғирлик билан шуғулланмоқдаларки, нашриётлар бу салбий ҳолатга жиддий эътибор қаратишлари лозим. Шу ўринда Президент Адми­нистрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги қошида махсус таржима наш­риётини ташкил этиш айни муддао бўлур эди.

Таржима ва таржимашунослик, ёш таржимонларни тарбиялаш кейинги вақт­да Тошкент, Самар­қанд, Жиззах, Қарши, Бухорода давлат университетларида марказлашиб бормоқда. Талабалар дарслик ва қўлланмалардан ўз назарий ва амалий билимларини бойитишда кенг фойдаланмоқда. Ёш таржимонлар томонидан соҳада олиб борилаётган ташкилий ўқув, илмий-амалий тадқиқотлар ҳам диққатга сазовор. Самарқанд давлат чет тиллар институтида таржимонлик бўлими очилди, у ерда қисқа вақт ичида талайгина ишлар амалга оширилди. Таржимонлар, тадқиқотчилар ташаббуси билан ўтказилган “Самарқанд таржима мактаби” семинаридан сўнг “Ёш таржимонлар алманахи”нинг маж­муаси нашр этилди.

“Ўзбек эртаклари типологик каталоги” лойиҳасига асос бўлган германиялик этнограф олима Габриеле Келлернинг таклифи билан Самарқандда магнит тасмасига ёзилган ўзбек халқ сеҳрли эртакларининг олмон тилига таржима қилинган “Самарқанд эртаклари” (Mдrchen aus Samarkand) нусхаси Германияда чоп этилди. Олмониянинг “Майенштайн” наш­риётида эса яна 18 та ўзбек эртагининг таржимаси чоп этилди. Мен ушбу лойиҳам билан Германия илм-фан фонди грантини қўлга киритдим.

Марям Аҳмедова суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve + 15 =