Чинакам етакчи халқ манфаатларини ўйлайди ёки Лидернинг сиёсий имижи ҳақида

Кишилик жамиятининг ижтимоий-тарихий, ҳуқуқий-сиёсий жараёнларида сиёсий раҳбар-етакчи ўз мамлакати тарақ­қиёти йўлларини ҳар жиҳатдан белгилаб беради, халқни муайян мақсад ва вазифалар атрофида бирлаштиради.

Бундан қарийб юз йил бурун жаҳон тараққиётининг ижтимоий-сиёсий бошқариш соҳасига уни таҳлилий ўрганувчи имижология илмий-назарий йўналиш кириб келди. Имиж инг­лизча “image” сўзидан олинган бўлиб, образ, тасвир, тасаввур маъноларини ифодалайди. У сиёсатчи, раҳбар, етакчи (лидер) ёки жамоанинг таҳлилчи (эксперт) томонидан баҳоланишини ўрганадиган янги йўналишга айланганини эътироф этиш керак. Сиёсий имиж, сиёсий фаолият билан шуғулланувчилар (сиёсий партия, жамоа ва бошқалар)нинг бошқариш ишларига бериладиган баҳо ҳамда билдириладиган фикрни англатади.

Ҳозирги даврдаги талаб даражасида етакчининг сиёсий имижини муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев тимсолида тасаввур этиб, ўзимга ибрат тимсоли қилиб олганман. Шундай бир пайтда Ўзбекис­тон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, иқтидорли сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг “Халқ сўзи” газетасининг 2020 йил 29 августдаги “2020 – миллатни улғайтирган йил” мақоласи айнан етакчи сиёсий имижини баҳоловчи, фикр билдирувчи мезон эканлигига амин бўлдим.

Гарчи Бухорода содир бўлган шиддатли шамол, Сардоба тош­қини, кейин Сўх воқеалари кетма-кет рўй берган бўлса-да, Президент қатъияти, халқ билан мулоқоти-маслаҳати ўз таъсирини кўрсатди. Фалокатга қарши курашда бутун Ўзбекистон халқи бирлашди, қўшни давлатлар ҳам қараб турмади…

Қудратилла Рафиқов ҳам ўз вақтида сиёсий имижи тўла-тўкис, тўлиб тошган давлатимиз раҳбари шижоатини юракдан эътироф этади. Муаллиф шундай ёзади: “Очиқ айтсам, мен ўша ғала-ғовур, бутун дунёни тўзғитиб ташлаган, айтилган гап беш дақиқадан кейин аслига тўғри келмайдиган, тўғри қарорга келиш юздан бир фоизга тенг кезларда Президентни қайта кашф этдим.

Қарийб қирқ йилга яқин ёнма-ён юриб, иш тартиби, қобилияти ва фавқулодда истеъдоди қирраларини яхши биламан, деб ўйлаганим бекор экан.

Президент Мирзиёев ўша оғир дамларда, кулфат ва фалокат устимизга ёпирилиб келган дамда мен билган Шавкат Миромоновичдан юз карра кучли, матонатли ҳамда иродали, халқи учун, эли учун жонин беришга тайёр бир ёвқур афсонавий Ватан ўғлонидай кўз олдимда намоён бўлди. Албатта, бу мулоҳазаларни виждони бор, бўлаётган воқеа-ҳодисаларни кўриб турган ҳар қандай одам тан олади”. Ҳа, бу ерда ортиқча   сўзнинг ўзи йўқ. Айни пайтда оқил сиёсатчи сифатида ўз имижини юксакликка кўтарди. Ўша кунлари бу жуда керак эди. Чунки донишманд сиёсатчи узоқни кўра билиши айни муддаодир.

Шу боис ҳам жамият ва давлатни бош­қариш, давлатчилик, фуқаролараро муносабатларни йўлга қўйиш, тараққиётнинг стратегик мақсадларини ишлаб чиқишни ҳам рўёбга чиқариш учун етакчи сиёсий имижининг фаоллигини ошириб боради. Сиёсий имиж ушбу мақсад ва вазифаларга баҳо бериш мезони, ўлчовидир. Бундай шароитда юксак даражада сиёсий-ахлоқий фазилатларга эга бўлган етакчи халқ манфаатларига хизмат қилиши зарурлигини унутмайди! Сиёсат ахлоқни мутлақо рад этмайди.

Ахлоқий принциплар етакчи сиёсий имижи фаолиятига юксаклик, инсонийлик бахш этади. Ахлоқий жиҳатдан ночор лидернинг сиёсий имижи юқори бўлмайди. Аристотелнинг “Сиёсат идеалда ахлоқнинг тармоғидир”, деган таъкидини унутмайлик…

Энди миллатни улғайтирган йилга қайтайлик. Ўша оғир кунларда ишни тез ва тўғри йўлга қўйиб олишда давлатимиз раҳбари алоҳида жонбозлик кўрсатди. У жуда кўп марта Сардобада, халқ ичида бўлди. Бухорога хам ташриф буюрди. Қаерга Шавкат Миромонович бормасин, ўша ерда осойишталик ва тезкорлик билан ишни битиришга ҳамма сафарбар бўлди. Ўзбекистоннинг бундай оғир аҳволга тушганини илғаган, бундан чиқиш стратегиясини, энг муҳими, тўғри ҳамда тез самара берувчи йўлни Президентимиз топа олганидан кўпчилик, ҳатто халқаро экспертлар ўз ҳайратларини яширмади!

“Демак, холис ва адолатли айтганда, кечмиш фалокат ҳамда фожиалар мамлакатимиз етакчиси ҳар қандай мушкул вазиятда ҳам жиловни қўлга олиб, эл-юрт оғирини енгил қилиш учун курашишга, фавқулодда ҳодисаларга зудлик билан ечим топишга қодир стратегик, прагматик сиёсатчи эканини намойиш этди”, – деди моҳир жамоат арбоби ва сиёсатчи Қудратилла Рафиқов.

Шундай қилиб, етакчи сиёсатчининг сиёсий имижи унинг ўз сўзи устидан чиқиши, берган ваъдасини бажариши, жамият манфаатларини ифодаловчи дастурлар ишлаб чиқиб, уларни ҳаётга жорий этиши билан қатъий равишда ажралиб туради. Сайловчилар билан сайловолди учрашувларида берилган ваъдалар бажарилиши лозим. Акс ҳолда, фуқаролар тез орада алданганини сезиб қолса, номзодга ишонмай қўяди. Тажриба шуни кўрсатадики, фуқаролар сиёсий етакчилардан жамиятда адолат, эзгулик ўрнатишни, осойишта ва фаровон турмушга эришиш учун чора-тадбирлар ишлаб чиқишни сўрайди.

Дарвоқе, етакчининг сиёсий имижи ушбу вазифаларнинг тўла бажарилиши пропорционал тарзда шаклланиш хусусиятига эгадир. Улар томонидан муаммоларни ўрганиш жараёни бир томондан, мамлакатда шаклланаётган сиёсатшунослик фанини бойитади, ривожлантиради, иккинчи томондан, кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш технологияларини яратади.

Етакчининг сиёсий имижида икки муҳим элементни фарқлаш лозим. Биринчиси, унинг мазмун-моҳияти билан боғлиқ бўлиб, муайян тизимларга бирлашадиган қарашлар, қадриятлар ва туйғуларни ўз ичига олади. Бу тизимларни тавсифлаш учун ғоявий-мафкуравий ёрлиқлар ишлатилади. Жумладан, инсонга либерал ёки демократ деб тавсиф берилганда, ғоявий-мафкуравий андозаларга мувофиқ келадиган сиёсий ғоялар тўпламини, йиғиндисини тасаввур қилишимиз мумкин.

Иккинчиси, сиёсий онг ва тафаккур услуби орқали обрўга эга бўлиш (когнитив услуб), сиё­сий мулоҳазалар хусусияти, тизимни идрок этиш усулидир. Уларни таҳлил қилиш жараёнида у ёки бу партия лидерининг шахси ёки ғоя­вий-мафкуравий нуқтаи назарига кўра, кўпроқ сиёсий ташкилотлар эълон қилган муайян мақсадлар ва қадриятлар эътиборга олинади.

Хуллас, мамлакатимиз мисолида оладиган бўлсак, етакчининг сиёсий имижи ўта юксак бўлмаганда ҳозирги янги Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги муносиб ўрнини таъминлаш ўрнига, аксинча, уни пасайтирган бўларди.

Бугунги кунда кўриб ва билиб турибмиз жаҳон саҳнида давлатимиз Раҳбарининг ҳам, Ўзбекис­тонимизнинг ҳам обрў-эътибори тобора юксалиб бормоқда. Бу эса табиийки, юртимиз иқтисодиётининг, маданиятининг, қўйингки, барча соҳаларнинг ривожланиб бораётгани туфайли.

Албатта, юртимизда ўзига яраша муаммолар ҳам йўқ эмас. Лекин узоқ йиллар давомида тўп­ланиб қолган ҳамма нарсани бир пасда бартараф этишнинг имкони борми? Имкони бўлганида бирорта камчилик, муаммонинг ўзи қолмаган бўлар эди. Шундай экан, ўйлаб, фикр болишига суяниб шуни ҳам тан олишимиз жоизки, дунёдаги энг ривожланган давлатларда ҳам ҳамма нарса “олам гулистон” бўлмаганидек, ҳамма ҳам “жаннат”да яшаётгани йўқ. Таъбир жоиз бўлса, сўнгги 4 йил давомида мамлакатимизда олиб борилган ишлар бир неча ўн йилликларда ҳам амалга ошмаган эди. Бу хоҳ сиёсатда бўлсин, хоҳ иқтисодиётда.

Янги Ўзбекистоннинг эртаси ойдин. Ҳақли равишда Учинчи ренессанс остонасидамиз десак, сира муболаға бўлмас.

Карим НОРМАТОВ,

тарих фанлари доктори,

профессор

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen − 4 =