Набирам билан суҳбат

Неварам Тошкентда – университетда таҳсил олади. Таътил кунларининг бирида ҳозирги ёшларнинг билим даражасини ўзимча синаш учун уни гапга солдим:

—   Адабиёт назариясини қайси китоб бўйича ўрганяпсизлар?                             

— “Адабиёт назарияси”, деган дарслик бор экан ўзи, бобо. Домлаларимиз шу китобни ўқинглар, деди, ўқияпмиз.           

— Яхши эканми?

— Яхши.

— Хўш, нимаси яхши экан, айт-чи…

—       …

—       “Адабиёт назарияси” дейсану, адабиётнинг ўзини ўқимайсизларда. Масалан, Пайғамбаримиз ҳадисларидан сабоқ бериляптими?

— Ҳадисларнинг адабиётга нима алоқаси бор?

— Энг биринчи адабиёт назарияси ҳадисларда билсанг, яъни Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак каломларидир. Дунёда бундан улуғроқ илм ҳам, фан ҳам йўқ билдингми?! Набирам индамади, балки менга ҳайрон бўлиб қаради.

 

Сўнг Тавҳид фақатгина “Ла илаҳа иллалаҳ” калимасидан-да иборат эмаслиги ҳақида ўзимни босолмай узоқ гапирдим, у намозхон талаба сифатида одоб билан менинг ку­йиб-пишишларимга қараб, жим ўтирди.

— Нимаики ёзсанг, нимаики иш қилсанг, кўз олдингда доим ҳадислар турсин, чунки муборак ҳадисларда одамзод боласи дуч келадиган ҳамма саволларга жавоб берилган. Сен билан бизнинг вазифамиз у каломларга — чашмадек улуғ маърифатга амал қилмоқдир. Бунинг учун уларни сўнгсиз муҳаббат билан ўрганмоқ, такрор-такрор ўқимоқ керак. Ҳадисларни сен кечаю кундуз, ҳатто тушингда ҳам… ўқишинг керак. Муҳаб­батинг шу даражага етсинки, ҳадислар кўнг­лингга келиши билан кўзларингдан тирқираб ёш чиқиб, кўксинг иккига бўлиниб кетадигандай бўлаверсин, билдингми? Кўзимдаги ёшнинг ҳурматини қилибми неварам бу сафар “тушундим!”, — деди.

— Тушунган бўлсанг… Шундан кейин сен бош­қача ёза бошлайсан. Биласанми, тўғри сўзнинг гавҳари, оҳанграбоси бўлади. Ҳар бир одамда нурафшон ёруғликка мойиллик бор. Шунинг учун улар ёзганларингни ўқиб дил роҳатини туядилар. Ҳаммамиз ҳам оловга қўлимизни тутиб, исинишни яхши кўрамиз, аммо ҳеч ким ўзининг… аввал ўтин, сўнг олов бўлишини истамайди. “Ҳеч ким”, деганим нотўғри, бу дунёда оловдай ёниб ётган одамлар кўп ва ўшалар туфайли бизнинг кўнгилларимиз музлаб, тўнглаб қолгани йўқ. Ана шундай зотлардан бири Шоҳ Машраб ҳазратлари эди. Яна бири шоир Рауф Парфи.

Шоҳ Машраб — илоҳий зот эди. Авлиё бўлган зот. Оғзидан чиққан гап амалга ошганда. Ҳатто у ўз қотили — Балх ҳокимига қараб: “Сен менга ҳозир иззат-икром кўрсатиб, меҳмон қилаяпсан. Аммо қотилим ҳам ўзинг бўласан”, – деб айтган.

Ва шундай бўлди ҳам.

Ўқиш ва уқиш керак буларни. Чунки Машраб ғазаллари нақадар улуғ сўз санъати билан битилган. У ҳатто ёзганларини тириклигида тўплаб девон ҳам тузган шоир эмас. Машраб шеърлари халқ кўнглидан жой олган, одамлар ўқиб, тилдан-тилга кўчиб юрар эди. Машраб чинакам ошиқ, Ҳақнинг ошиғи эди! Рауф Парфи ҳам — ошиқ, дил ошиғи, руҳият мусаввири эди.

Шоир Рауф Парфи билан кўп суҳбат қурганман. У 1996 йилнинг ёзида Деновда бир неча кун меҳмон бўлган эди. Денов тумани собиқ ҳокими Тилло Менглиев (охирати обод бўлсин ҳар иккисининг) шоирга кўп эҳтиром кўрсатдилар. Ўша йиллари мен Денов туман ҳокимининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлардим. Рауф Парфининг Денов сафарида ҳамроҳлик қилганман.

Биз бу тўрт кунлик дунёда уйимизни, машинамизни… нақшлашга зўр берамиз, Рауф Парфи эса юрагига нақш берди, шунинг учун шоир битган ҳар бир китоби менинг кўзимга жавоҳир тўла сандиққа ўхшаб кўринади.

Бировнинг кимлигини билмоқчи бўлсанг, уни тинглаб, суҳбатлашиб кўр, дейишади. 1970 йилда ёзилиб, 1975 йили “Хотират” китобига кирган “Шоир”, деган шеърида Рауф Парфи ўзининг бу дунёдаги вазифаси ва ўрнини аниқ кўрсатиб қўйган:

…Не эллар ва танлар гулханда ёниб,

Шоир кўз ўнгидан ўтади бир-бир,

Барчанинг дардини ўзига олиб,    

Мажнун бўлиб юрар шунинг-чун шоир.

Ҳали бўғизларда бўғилар нафас,

Эски яралардан чак-чак томар қон.

Шоирни куйлатган табиат эмас,   

Шоирни куйлатган ҳазрати Инсон.

Тиккандир жонини ватанига у,       

Бу сўз қаршисида титрама, эй жон.

Юзма-юз келгандек гўё ўт ва сув,

Юзма-юз келодир шоир ва замон.

Буюк эътиқоддир бу дахр аро йўл,

Буюк эътиқоддир муборак илҳом.

Шоир юрагида очилмаган гул,

Шоир юрагида собит интиқом.

 

Шеър “Абдуллажонга”, дейилгани билан, гап шоирнинг ўзи ҳақида эди. Шоир ва Замоннинг ўт билан сувдай эканлигини овоза қилмоқ учун бағишлаб шунчаки чалғитувчи қалқон вазифасини ўтаганлигини фахмламоқ учун кўп ақл шарт эмас. Рауф Парфи шундай ва бошқа ваъдаларининг устидан чиқди — то умрининг охиригача ўзи эгаллаган, минг машаққатлар билан забт этган марралардан бир қадам ҳам чекинмади. Шеърият чўққисида собит қолди.

Ёши элликдан ўтган шоир аҳволини мана бундай баён қилган эди:

 

“Саҳроларнинг подшоси қани?    

Қани вишиллаган ёвуз илонлар?

Наҳотки бир ўзим қолдим саҳрода”.

 

Биласанми, бу ёлғизлик одамни ҳаволантиради. Ёки шоир шўро салтанатининг энг гуллаган 1983 йили ёзган “Абдулҳамид Чўлпонга муҳаммас”ига бир эътибор қилиб кўргина:

 

“Юзлашдинг балоларга аламлар

                                           ичра кўзлашдинг,

Ўзинг куйдинг, ўзинг ёндинг

                           ўзгалар ҳаққи ўзлашдинг.

Бу қул бозорида изғиб қумрилар

                                           каби бўзлашдинг,

Кўнгил, сен бунчалар кишанлар

                                  билан дўстлашдинг.

На фарёдинг, на додинг бор,

             нечун сен бунча сустлашдинг,

Кўзимга ҳоки туроним,

                        озодлик гарди инмасми,

Бу кунлардан умид йўқми?

                  Йўлларинг қаро тунмасми,

Ҳазон бўлган баҳор сенми,

                    нишон ҳурликдан унмасми,

Ҳақорат дилни оғритмас,

                  тубанлик мангу тинмасми,

Кишанлар парчаланмасми,

                  қиличлар энди синмасми?!

Аллоҳ, Аллоҳ йиғларсан

                  булутдек бағри сўзонсан,               

Мунаварсан, мукаррамсан,

                    рисолат туғида шонсан.               

Сен Каъбамсан – Туркистонсан,

                  хунумсан сен ахир қонсан,

Тириксан, ўлмағонсан,

         сен-да одам, сен-да инсонсан,

Бўйин эгма, кишан кийма-ки

                  сен ҳам ҳур туғилғонсан”.

 

Кўряпсанми, бундай сатрларни битмоқ учун фақат шоир бўлишнинг ўзи жудаям камлик қилади: Саҳрода… Ёлғиз қолиш эса аслида саодатдир. Қанчадан-қанча истеъдодлар бу… Саодатнинг… юкини кўтаролмай — моддий олам азоб уқубатлари, йўқчиликлар, камситишлар, оёқ ости бўлишлар, эътиборсизликлар ва бундан бош­­қа кўп ташвишларга чидамасдан шайтоннинг лашкарига қўшилиб кетди.

Рауф Парфи “Наҳотки бир ўзим қолдим саҳрода”, деб балки ана шундай йўқотишларни назарда тутмадимикан? Рауф Парфи шеър ўқиганда деворга ҳам жон кирар эди. Рауф Парфининг нақадар буюк шоирлигини, нақадар улуғ инсонлигини бировларга тушунарли қилиб тушунтириб беролмаслигим барибир баъзан менга алам қилади. Рауф Парфи ўта миллий шоир бўлганлиги учун ҳам… умуминсонийдир, шунинг учун, у бирон марта ўзбекни, Ўзбекистонни бошқа миллатлардан, бошқа давлатлардан баланд кўрмайди, яъни, айрим замондошларига ўхшаб миллатга ва мамлакатга муҳаббатини кўрсатмоқлик учун миллатчилик қилмайди.

У дунёга теран кўз билан қараб, ҳурлик ва озодлик руҳини ҳар бир миллатдошимиз қалбига сингдирмоқни ният қилган эди.

Шоирнинг бу эстетик концепцияси Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Арабнинг ажамдан афзаллиги йўқ – қайсисида тақво кучли бўлса, ўша афзалдир”, деган муборак ҳадислари билан барқарорлашадигандек. Неварамга адабиёт ҳақида яна кўп гапларни айтиб бердим. Унинг кўзларида учқунни кўргандай бўлдим!

Тоштемир ТУРДИЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × five =