Сўнгги пушаймон

Ўтган йилнинг сентябрь ойлари эди. Ишхонада ўтирсам телефон жиринглаб қолди. Олсам бир қиз экан. Ўзини таништириб, рақамимни ҳамкасбларимдан олганини айтди.

— Бир маслаҳатингиз керак эди, — дея сўзини давом эттирди у.

— Майли, қўлимдан келса бемалол, — дедим.

— Жияним бор, акамнинг қизи. 17 ёшда. Юраги хаста. Шифокорлар фақат жарроҳлик амалиёти ёрдам беради, дейи­шаяпти. Сиз бир юрак жарроҳи ҳақи­да очерк ёзган экансиз. Жиянимни ўша шифокорнинг кўриги ва маслаҳатига олиб бормоқчи эдик.

— Жуда яхши ўйлабсизлар, — дедим. — Агар лозим бўлса мен ҳам бирга бораман. Имкон қадар масаланинг ижобий ечимини топишга ҳаракат қиламиз. Қачон бормоқчисизлар?

— Ҳозир эмас, — деди суҳбатдошим. — Акам тўнғич қизини унаштириб қўйган. Бир ойдан кейин тўй. Биласиз, тўйнинг ўзи бўлмайди. Ўзига яраша ташвишлари, сарф-харажатлари бор. Мебель, сеп-сарпо олиш керак. Куёв томоннинг талабларини бажариш дегандек. Ҳаммамиз шу юмушлар билан бандмиз.

— Жиянингизнинг аҳво­ли тузукми? — сўрадим унинг гапидан ҳафсалам пир бўлиб.

— Анча яхши. Ўзи уч кун аввал касалхонадан олиб келдик. Муолажаларни уйда давом эттираяпти. Тўй ўтсин, бироз маблағ тўплагач, ўзим сизга яна қўнғироқ қиламан, — деди қиз.

Хайрлашдик. Негадир кўз ўнгимда юзлари заъфарон, дарддан толиқиб қолган қизнинг маъюс чеҳраси намоён бўлди.

Ҳаёт ташвишлари билан бўлиб бу гап-сўзларни унутиб ҳам юборибман. Яқинда телефон дафтарим чеккасидаги рақам ёнига битилган “юраги хаста қизнинг аммаси” деган ёзувни ўқиб ўша суҳбат ёдимга тушди. Беихтиёр рақамни тердим. Гўшакни ўша қиз олди. Ўзимни таништирдим. Жиянини суриштирдим. У негадир анча пайт жим қолди.

— Нима гап, тинчликми? — сўрадим алланечук хавотирланиб.

— Жияним икки ой аввал ҳаётдан кўз юмди, — деди у… ва йиғлаб юборди.

— Нега, ахир, соғлиғи яхши дегандингиз-ку?

— Биз ҳам ғафлатда қолдик. Аввалига тўй ўтишини кутдик. Тўйдан ке­йинги йиғинлару тадбирларни ўтказиб олайлик, дедик. Жиянимнинг эса ҳаёт шами сўниб бораётганини ҳам пайқамабмиз. Тоби қочиб қолганида шифохонага олиб борсак, шифокорлар “аттанг, жуда кеч, фурсатни бой берибсизлар”, дейишди. Шундан сўнг ҳафта ўтиб у вафот этди.

Унинг йиғи аралаш бу гапларини тинг­лар эканман бўғзимга нимадир тиқилди. Гарчи нотаниш бўлса ҳам, кўрмаган бўлсам-да, бевақт хазон бўлган қизгинани ўйлаб менинг ҳам кўзимдан ёш чиқиб кетди. “Эҳ, сиз ғофил бандалар. Ахир, тўй кутиб турарди-ку. Инсон ҳаётини ҳал қиладиган, жисмига жон ато этиб турган юрак эса ҳеч қачон кутиб турмаслигини наҳот билмас эдингиз?! Агар энг биринчи навбатда ҳеч қандай мол-дунёга ҳам топилмайдиган саломатликни ўйлаганингизда, бугун маъсума бир қиз орамизда бўлар, шоду хуррамликда ўн саккизинчи баҳорини қарши олар эди. Эҳ, ҳавойи орзу-ҳавас бандалари. Энди ўз вақтида қизгинанинг соғлиғи ҳақида қайғурмаганингиз, бемаъни ҳою ҳавасларга андармон бўлиб, ҳамма маблағингиз ва фурсатингизни куёвингиз “бахт йўли”га сарфлаганингиз учун умр бўйи виждон азобида қийналмайсизми? Сўнгги пушаймондан эса ҳеч қандай фойда йўқ”, дея ҳайқиргим келди. Лекин… Энди бундан бирор наф чиқса кошки эди …

Ҳидоят Жўраева.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × four =