Она меҳри (Бобомнинг ҳикояси)

Ёшлиги қийинчиликда кечган раҳматли Мансур бобом бизни атрофига йиғиб, суҳбат қуришни, кўрган-кечирганларини сўзлаб беришни ёқтирарди. Бобомдан эшитганларим гўё эртакдек, сабаби, уларнинг ҳаётда бўлишини тасаввур қилиш мушкул, танада ҳис қилиш эса азобли эди. Қуйида ана шу “эртак”лардан бири келтирилган.

“Чамаси, ўшанда еттинчида ўқирдим. Урушдан кейинги йиллар. Айтгандай, қўшни қишлоқдаги мактаб бизга анча узоқ бўлгани учун, кўп вақтимиз йўлга кетарди. Отам оламдан ўтгач, рўзғорнинг бор юмуши мен ва онамнинг гарданида қолди. Далага чиқиб, онамга ёрдам берганим боис, ўқишга ҳар кун боролмасдим, бунинг учун “ортиқча вақт” йўқотолмасдим. Очиғи, бу менга, онамга ёқмаса ҳам тақдирнинг аянчли синовида тобланишга мажбур эдик…

…Бир куни ўқитувчимиз бир буюк ёзувчининг она ҳақидаги қизиқарли романини навбатма-навбат ўқиб келишимизни, агар асарни ким чиройли сўзлаб берса, ўша китобни ҳадя қилишини айтди. Ўзимнинг битта ҳам китобим бўлмагани учун, бу имкониятни қўлдан чиқаргим келмасди. Икки ҳафта деганда ҳалиги китобни ўқиш навбати менга келди. Ҳаяжоннинг зўридан томоғимдан ҳеч нима ўтмайди, ҳатто аталани ҳам сув билан ютадигандекман. Қувончим узоққа чўзилмади. Укам қаттиқ бетоб бўлиб қолди. Онамнинг ўрнига фақат ўзим далага чиқдим. Анча кун мактабга бормадим. Кундузи қўлимга китоб ололмасдим. Билиб қолишса, бир кунлик насибадан айрилиб қолардик. Оиламиз учун эса бу катта йўқотиш бўларди. Даладан жуда кеч қайтардим. Онам пиширган таомини олдин тенг бўлган бўлса, энди укамнинг тезроқ оёққа туриши учун унинг “ҳиссаси”ни бироз оширганди. Чарчаб келганим, берган ушоқдек насибасига тўймаганим боис, онамнинг бу қилиғидан жаҳлим чиқарди. Кейин ноилож кўникдим.

Ўзимни ухлаганга солиб, ярим тунда ичига керосин солинган тунги чироқни олиб, эски оғилхонага борардим-да, уни амаллаб ёқиб китоб ўқишга тушардим. Аввалига чарчоқдан эмас, очлигим боис ичимнинг ғулдирашидан миям ҳеч нимани қабул қилмасди. Барибир ёш эдим-да, кўз олдимга синфдошларим айтган турли мазали таомлар келарди. Эслаганимдан, ҳатто ҳиди димоғимга сезилиб, тамшанардим. Шундай бўлса ҳам асарнинг ичига шўнғий бошладим. Ҳақиқатда воқеликлар очлигингни, ҳамма-ҳаммасини унутишга қодир даражада қизиқарли ва таъсирли эди. Тонгга яқин яна уни яшириб, ўрнимга келиб озгина мизғиб олардим.

Тўртинчи кун оғилхонада оёғимни нимадир чақди. Хира ёруғликда нималигини билмай қолдим. Балки ари бўлгандир. Оғриқдан чунонам инграндимки, аммо бақирмадим. Онам уйғониб қолишидан қўрқдим. Ердан чамалаб озгина қум олдим-да, тупугим билан намлаб, оғриган жойимга сура бошладим. Бир кун онам шунақа қилганларини кўрган эдим. Оғриқ тўхтамади. Қайтанга жароҳат жойи шишиб баттар бўлди. Ич-ичимдан йиғлайман, кўз ёшим тинмайди. Шу пайт оғилхонанинг эшиги очилиб, онам кириб келди. Қўрқув ва ғазаб аралаш “Мансур, сен шу ердамисан, нима қиляпсан ўзи?!”, деб бақирди. Қўлимда китоб билан ёлғон гапиролмасдим. “Ўқияпман”, дедим китобга ишора қилиб. Шу пайт онам мени қўлига илинган ингичка чўп билан савалай кетди. “Юрагим қинидан чиқай деди-ку, ўлдирмоқчимисан? Ярим тунда сени тополмасам нима қилардим, шуни ўйламадингми? Сенга ҳам бир нима бўлса рўзғорга ким қарайди? Нега беҳудага чироқнинг мойини исроф қиляпсан? Тугаб қолса, нима қиламиз? Рўзғорни, укангнинг аҳволини кўриб турибсан-ку, яшшамагур. Менга ҳозир сени китоб ўқишинг эмас, дам олиб, эртага пул топиб келишинг муҳим, тушундингми?” Ҳар даккида танамга бир қаттиқ зарба тегарди. Онамга “урманг”, деб ёлворардим. Бошқа бундай қилмаслигимни айтардим. Жонимга эмас, китобга ачинардим. Таёқ тегиб йиртилиб қолмаслиги учун бағримга босиб олгандим. Чунки у қайсидир синфдошимга насиб қиладиган катта бойлик, бебаҳо мулк эди.

Биринчи бор онамни танимадим, ҳатто уни ёмон кўриб қолдим. Хўрлигим келди. Кўз ёшим бурнимдан келган сув аралаш юзимни жиққа ҳўл қилди. Сўнг онам мени койишдан тўхтади-да, бирдан қаттиқ қучоқлаб, йиғлай бошлади. “Нима қилиб қўйдим? Сенга, ўз боламга шуни раво кўрдимми? Тақдирнинг аччиқ аламини келиб-келиб сендан оламанми? Ширин жонинг олдида шу пилик мойи нима бўлибди менга? Ёш ҳолингга далага чиқардим. Эвазига нима бердим, болам? Мен ҳам онаманми, одамманми ўзи? Йўқ, йиртқич ҳайвонман. Кечир, мени кечир!”, дея тинмай гапирар, ўз ишидан эзилиб йиғларди. Музлаб қолгандек бўлдим. Ҳеч нимани ҳис қилмасдим. Кейин онам жон аччиғида ўзини азоблай кетди. Қўлларини тўғри келган нарсага урди. Юзларини юлди. Бошларини муштлади. Ё, тавба, асарда ўқиганларим кўз олдимда бўлаётгандек, она образи китобдан чиқиб қаршимда тургандек эди. Ўзимга келиб, онамни маҳкам ушладим. “Ўзингизни урманг, юлманг, сизга бир нима бўлса, биз нима қиламиз”, деб бақирдим. Чироқнинг керосини тугади шекилли, атроф бирдан зим-зиё бўлди. Бир-биримизни кўрмай қолдик. Онам апил-тапил озғин жуссаси билан “қоронғуда қоқилма, болам”, деб мени, 15 ёшли болани қўярда қўймай кўтарди. Йўқ, ор­қасига опичламади, бир она ёш гўдагини бағрига олиб қандай қучса, ҳозиргина кўзимга душмандек кўринган аёл мени ана шундай кўтарди. Оғир меҳнат бир қўлини белига “михлаган” ожиза инсонга бу анча машаққатли бўлгани аниқ.

Онамнинг бўйнидан қаттиқ қучдим. Ишонасизми, танамда зиғирча ҳам оғриқ йўқ эди. Гўё қўрқинчли тушдан уйғонгандим. Меҳрдан маст эдим. Унинг иссиқ қучоғидан айрилиб, ерга тушишни ўйламасдим. Шу туйғу ичра бир умр қолишни истардим. Онам мени кўтарганча туртиниб-суртиниб, уйга кирди. Ўрнимга авайлаб ётқизди. Этаги билан юзимни, қўл-оёқларимни оҳиста артиб, чангдан тозалади. Кейин ёғ олиб келиб, бутун баданимга суртди. Устимни ёпинчиқ билан ўради. Бошимни силади. Юз-кўзларимдан ўпди. Қорон­ғуда ўзини кўрмасам-да, фариштагинамнинг кулиб турганини ҳис қилардим. Бир нарса аниқки, аслида, ўшанда у ёмон кунларни, очликни, хўрликни калтаклаганди, мени, ўз жигарбандини эмас, асло! Аммо мен бундай муносабат, меҳр ва ғамхўрликни туйиш учун онамдан ҳар куни калтак ейишга ҳам рози эдим. Чунки она меҳри, унинг тафти жуда ўзгача. Унинг бағридан келаётган ёқимли ҳид аллалади чоғи, уйқуга кетдим.

Уйғонсам, онам, укам йўқ. Менга қорин тўйгулик нонушта тайёрлаб қўйилганига қараганда, укамнинг аҳволи анча яхши, биргаликда далага ишга кетишган. Шу-шу онам мени қайтиб урмади.

Дарвоқе, ўша китоб менга насиб қилмади. Чунки берилган вақтда уни ўқиб тугатолмадим. Аммо бундан ҳеч ҳам афсусланганим йўқ. Аниқ билардимки, ўша китобдаги воқеалар онам билан кечирган ҳаётимчалик қизиқарли эмасди…”.

Оққа кўчирувчи:

Зебо Қутлиева.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 − nine =