«Аттор растаси» ифорлари ва Навоий базми наволари
Икром Отамурод кейинги йилларда “Доғ”, “Ўрин”, “Балки”, “Жадвал” сингари бир қатор достонлар яратди. Улар ҳақида вақтли матбуотда илиқ фикрлар билдирилмоқда. Бироқ замонавий миллий достончилигимизнинг айни палладаги тараққиётида муайян адабий ҳодиса санаш мумкин бўлган мазкур асарлар поэтикасини алоҳида-алоҳида чуқур таҳлил қилувчи мақолалар нисбатан камлиги ҳам сезилмоқда. Шуни назарда тутиб, биз шоирнинг “Жадвал” номли битигини имкон қадар яхлит кузатишни ният қилдик.
Икром Отамуроднинг янги достонига Фаридуддин Атторнинг:
Киши билгайму, не сирри жаҳон бул,
Не сир эрмишки, нури жаҳон бул? 1
байти эпиграф қилиб келтирилади. Мазкур пурҳикмат сатрлар афористик мазмунида шоирнинг ғоявий-эмоционал муносабати акс этган. Шу боис танланган эпиграф ўз бадиий-эстетик функциясига кўра достонга очқич вазифасини ўтайди. У муаллифнинг мақсади ҳақида маълумот бериши, асар ёзилишига туртки берган фикр-қарашларни ифода этиши, И.Отамуроднинг ижод онларидаги туйғу-кечинмаларини ихчам ифода этиши жиҳатидан достон воқелиги ҳақида илк тасаввурлар уйғотади. Китобхонни мутасаввиф шоир Фаридуддин Аттор — Мансур Халлож ва Боязид Бистомийлар таълимотидаги етакчи ғояларнинг изчил давомчиси фалсафаси туб асослари сари етаклайди.
Маълумки, Бистомий таълимотига кўра, инсон зикр ҳолатида ўзлигини унутади. Ишқдан маст бўлган кишининг бутун вужудини илоҳий ҳис-туйғу қамраб олади, пировардида фано ҳолати, яъни мавжудликнинг йўқолиши ва Худо билан бутунлай қўшилиб кетиш содир бўлади. Шахс ўз “мен”лигини тарк этиб, илоҳийликка сингиб кетади ва унинг сифатларини қабул қилади. Илоҳийлик эса шахсиятга айланади. Бошқачароқ айтганда, илоҳий ва инсоний руҳларни уйғунлаштириш — бу моддий ва маънавий ибтидоларни бир-бирига қўшишга интилиш эди.
Тайфурия сўфийлик тариқати пири ибратли панд-насиҳатлари таъсирида камол топган Атторнинг “Булбулнома”, “Мантиқ ут-тайр”, “Уштурнома” асарлари, шунингдек, рамзий-аллегорик тимсоллар асосида битилган “Жавҳар уз-зот”, “Ҳайлож”, “Асрорнома”, “Шарҳ ул-қалб”, “Мусибатнома” сингари достонларида тавҳид Аллоҳнинг ягоналигини тан олишгина эмас, балки у билан қўшилишга интилиш, инсоннинг мутлақ Руҳ томон талпиниши тарзида поэтик идрок этилган. У ўз достонларини муҳокама-мушоҳада, фикрий-шуурий баён тарзида битган. Жумладан, “Хусравнома” романтик-саргузашт асарида мажозий ишқни куйласа, “Жавҳар уз-зот” достонида руҳий ва моддий оламлар ягона эканини таърифлаган. Ҳар бир заррада шоён илоҳий мазмунни зоҳир кўзи билан кўриш эмас, балки кўнгил нигоҳи-ла ҳис қилиш мумкин эканини уқтирган. “Асрорнома”да таъкидланишича, Яратувчи ўз борлиғида пинҳону пайдо, барча ашёлар ёлғиз жавҳардан ибтидоланади.
Аёнки, ҳазрат Алишер Навоий бобомиз ҳам болалик чоғларидан то умрининг охиригача “Мантиқ ут-тайр” таъсирида яшаган. “Лисон ут-тайр” достонини ёзгачгина маънавий-руҳий таскин топган. Бундай мисоллар эсланса, миллий поэзиямизда Аттор меросига мурожаат этиш орқали ўз руҳий тўлғовларини поэтик ифода этиш анъанаси ғоят қадимий экани ойдинлашади.
Шубҳасиз, И.Отамурод юқорида саналган асарлар билан бир қаторда, Атторнинг “Панднома”, “Бесарнома”, “Девон”, “Вуслатнома”, “Тазкират ул-авлиё” каби битиклари моҳиятидан ҳам қисман воқиф бўлган. Зотан, “Тазкират ул авлиё” асарини Хожашоҳ Саййид Аҳмад Хоразмий миллий тилимизга ўгирган, замондошимиз Мирзо Кенжабек ҳам ушбу хайрли юмушга қўл урган эди.
Хуллас, достон эпиграфи бизга ушбу достон пайдо бўлишига туртки берган омиллар, поэтик ҳодисанинг юзага келиши, мазмун-моҳияти, ифода йўсини, қабул қилиниш жараёнида адабий таъсир ва ижодий қайта ўзлаштиришни назарда тутиш зарурлиги сингари кўплаб масалалар ҳақида дастлабки тасаввурлар беради.
“Жадвал” достонининг илк сатри атиги битта сўздан иборат:
… Олам…
Эпиграфда қўйилган: Одам боласи ақл ва жонга нур берувчи жаҳон сирини билиши мумкинми?, деган масала теграсидаги муҳокама-мушоҳада ва фикрий-шуурий баён айнан шу сўзга боғлиқ тарзда юзага чиқади. Шоир тушунчанинг ҳар икки томонига “уч нуқта” қўяди. Яъни, бу тушунчанинг англами беҳад кенг эканига эътиборимизни қаратади. Демак, биринчи сатрни ўқишданоқ, биз муайян асрори ўзимизга аён ва аллақанчаси ноаён дунё, аниқроғи, оламлар рангин экани ҳақида теран ўйларга шўнғиган И.Отамурод тахайюл олами сари юзланамиз.
Заррада коинот акс этганидек, олам ҳам моҳиятан нисбий тушунчадир. Зотан, энг кичик заррадан коинотгача бўлган юксаклик ва кенгликлар, баҳри муҳит каби теранликлар миқёсли тарзда фикран қамралса, қалбан ҳис этилса, нўхотдай жажжи, тоғдай улуғвор, қатрадай митти, уммондай чуқур ва инсондай мураккаб барча мўъжазу ҳайбатли нисбий дунёлар бир муаззам шажарада: узун-қисқа, катта-кичик паст-баланд, саёз-теран бўлиб сафланади. Шундай экан, барча нарса-ю ҳодисалар космологик олам тушунчаси теграсида идрок этилади. Биз оламни чексиз ёхуд чекли дея баҳслашувчи икки қутб донолари баҳсидан воқиф эсак-да, мутолаани уч нуқталар қуршовида давом қилдирамиз:
… Ҳар томон тахлитан ўзи бир олам …
Ҳа, оламий тизимлар беҳад кўп. Инсон фикри уларнинг ҳаммасини яхлит тарзда нисбий қамрай олади. Илло, ҳар бир объект ўзига қадрдон тизимда чексиз ва ўзига бегона масканда чекланган ва аксинча…
Айрим илмий фаразларга кўра, коинотнинг дастлабки вужудга келиш даврида фазо ва вақт бир ўлчамли бўлган экан. Аммо “ўлчамлик” тушунчаси фазо ва вақтнинг қанча ўлчов бўйича эркинликка эга эканини ифодаловчи, топологик хусусиятга ҳам эга. Макродунёда вақт — бир ўлчамли, фазо – уч ўлчамли. Воқеликда эса фазо-вақт биргаликда тўрт ўлчамда намоён бўлади. Илм-фан тасдиқлашича, нуқта — ўлчамсиз, чизиқ — бир ўлчамли, юза икки ўлчамли, жисм — уч ўлчамли, ҳодиса – тўрт ўлчамли, яшин — беш ўлчамлидир. Буларнинг барчасида муайян изчиллик мужассам. Юқоридаги ҳодисалар асрорини идрок этиш мумкинми? Шубҳасиз, бу мураккаб жадвалга қачондир улкан бир соҳиби тадбир асос солган. Беқиёс бир моҳир қўл аниқ мақсад йўлида тартиб берган. Аммо ҳаммаси қачон ва қай лаҳзада содир бўлди?! Миямизда такрор-такрор чарх урувчи бу саволларга достонда шундай жавоб изланади:
…Қачондир
қачоннинг
қачони
қачон…
Шоир поэтик нигоҳи дастлаб нарсаларнинг кўрилган зоҳирига, сўнгра инсон тафаккури ёрдамида акс эттириш мумкин бўлган ички моҳиятига қаратилади. Лирик қаҳрамон фикрича, мавжудлик инсон ақли билан қамраш мумкин бўлган рационаллик эмас. Мавжудликни мантиқий хулосалар ва ҳатто ҳиссий ҳодисалардан ҳам келтириб чиқариб бўлмайди. У одам боласи борлиғида мужассам. Яъни, оламий ақл соҳибига нисбатан, ақлан қанчалик чекланган бўлмасин, ҳар бир инсоннинг ўзи ҳам алоҳида борлиқдир.
… Йўқлигида пайдо бўлган
бўлганнинг бўлган борлиги,
не эрса-да
мавжуддир.
Бинобарин, алоҳида шахсиятда ибтидо, бугун ва интиҳо бирлашган. Одам — интиҳоли мавжудлик бўлиб, у ўз тарихи ва тақдирига эга. Мазкур “тарих” марказига: уч сўз битилган: “интиҳолилик”, “қайтарилмаслик” ва “тақдирдан ажралмаслик”.
Борлигида пайдо бўлган
бўлганнинг бўлган йўқлиги,
не эрса-да
нобуддир.
Демак, барча сирлар мавжудликнинг ўзида мужассам. Инсон ҳаёти ўлим билан тугамайди. Аксинча, ўлим бу — бошланғич ҳолат. Унинг моҳиятини масъуллик ҳисси тўлароқ очиб бера олади. Бошқачароқ айтганда, мавжуд одам бу — масъул одам. Зотан, у қандайдир жонсиз буюм эмаски, ўз борлиғи-ю мавжудиятининг сабаблари — бош асосини изламаса.
Ўзлигида пайдо бўлган
бўлганнинг бўлган ўзлиги,
не эрса-да
ўзликдир.
Инсон тасодиф маҳсули ҳам, жўн ўткинчи ҳодиса ҳам эмас. Борлик ва йўқликда қандайдир моҳият, барча муносабатларда гармоник тизим бўлиши муқаррар. Агар илк моҳият бўлмаганида, ҳеч нарса мавжуд бўлолмасди. Бинобарин, ҳар қандай борлиқ муайян нуқтадан ибтидоланади. Яъни, биз беҳад қудратли ва абадий индивидуал борлиқ иродасига кўра мавжудмиз.
Шоир лирик қаҳрамонида масъуллик туйғуси шу қадар юксакки, у ҳатто табиий ҳодисаларга-да умуминсоний дахлдорлик туяди, Умуминсоний манфаатларга зид келувчи барча ижтимоий ҳодисаларни инкор этади. Унинг титроқ қалби замин гарди, само зарраси ва уммон қатраси эзилиши, узилиши, сириқишига вобаста тарзда осонгина жароҳатланади. Шу боис “кангул”нинг ўзлик аталмиш оламида ногаҳоний тузалмас дарз пайдо бўлади. Ажиб силкиниш, титраниш, тўлғониш, қалқиниш ва ҳатто лопиллаш содир бўлади:
… Заминнинг бир гарди эзилса мабод,
мабод бир зарраси узилса осмоннинг,
сириқса уммоннинг мобод бир томчиси,
бамисоли,
бир пахсаси лат еб,
дарз кетиб,
девори ёрилган иморат тахлит
силкинади,
титранади,
тўлғанади,
қалқинади,
лопиллайди олам…
Кўринадики, гард, зарра ва томчилардан таркиб топган олам биноси яхлит тарзда ижодкор инсон қалбига туташ. Демак, шоир барқарорлик ва ўзгарувчанлик диалектик жуфтлигига эътибор қаратиб, мавжуд ҳолат (муайянлик) нинг ўзгаришига хос ҳаракат симптомларни излаяпти. Муҳими шундаки, у ҳодисанинг маънавий ва ғоявий жиҳатларини тафтиш этмоқда. Осмон, Уммон, ва Заминда содир бўлувчи энг кичик механик, физик, кимёвий, биологик ўзгаришларни инсонга нисбатан олиб қарамоқда. Яъни, уларни ижтимоий-маънавий жараёнлар билан чамбарчас уйғунликда поэтик таҳлил этмоқда.
Асосий ҳаракат кечаётган ҳудудлар сифатида биз шоирнинг: тафаккур (фикрда кечаётган тушунчалар), информацион (онгда йиғилган ахборотлар), маънавият (қадриятлардан куч олувчи ғоялар), хаёл (поэтик мушоҳадалар), ҳиссий идрок (тахайюл) сингари фаол ҳаракат қилаётган тизимларини белгилай оламиз. Бу ҳаракатларнинг манбалари эса зоҳиру ботин ўртасидаги мураккаб алоқадорлик негизида илғанади.
И.Отамурод оламу одам асрорини англаш учун тарих бугун ва келажакни яхлит нигоҳ билан тафтиш этади. Шоирнинг фикрича, ЗАМИН, ОСМОН ВА УММОНда мислсиз ўзгаришлар — бало-ю офатлар келиб чиқишига одам боласининг нафс илинжидаги турфа эврилишлари, она табиатга бўлган хўжасизларча истеъмолчилик кайфияти ва лоқайдлиги боис бўлган.
Одам ва олам қисмати лаҳзаларда ҳал этилади. Инсон оний лаҳзани қадрласа, ҳамиша тўғри йўл-йўриқ топади. У ростгўйлик, Ҳақ ва ҳақиқат томонида бўлади. Оламу одамга дахлдор бутун борлиқни асраб қолади. Аксинча, лаҳзалик умрга жиддий муносабатда бўлмаса, ёлғон ва ноҳақликлар урчиши оқибатида бутун коинот ҳамда унинг гултожи бўлган инсоният ҳам йўқлик саҳросига юз тутади.
И.Отамурод наздида инсоннинг иккита географияси мавжуд. Улардан бири – киндик қони тўкилган макон, иккинчиси – кўнгил географияси. Олам инсон нигоҳига кўра идрок этилади. Агар, қайсики кўнгил кенг бўлса, дунё ҳам шунга мутаносиб тарзда кенгаяди.
Зотан, теран идрок кишиларига аёнки, ҳар нарсанинг ўз ўлчови, тошу тарозуси бор.
…….. Ўлчов – қадам …….
……. Ўлчов – қулф ………
……. Ўлчов – калит………
……. Ўлчов – чизиқ ……..
……. Ўлчов – масофа ……
……. Ўлчов – йўл …………
Икки томондаги кўпнуқталарга аҳамият берсак, улар худди олис йўлнинг босиб ўтилган ва ўтилажак масофасига тегишлидай туюлади. Мисраларнинг ўрталик масофада туриши эса изтироб, соғинч ва хотиралар қуршовидаги одамни эслатади. Унинг келажакка қадалган меҳрга лиммо-лим нигоҳидаги маъноларда умид, ихлос, ғурур, сидқ, вафо шеваси акслангандек гўё.
Афсуски, олис сафарга чиққан ҳар бир суворий ҳам муҳлат отини елдириб бораётгани, тинмай хезлаб, хезланиб талпингани бор йўғи кўпкари ўйини эканини англармикин? Масофа босиб ўтилган кезда бошланажак сукунатни олдиндан илғармикин? Навбатдаги шовқин ҳам шу тахлит давом этажаги ва энди унинг ўзига мутлақо дахлсиз бўлишидан огоҳмикин?
…Хаёл – чизилмаган тасаввур…
…Хаёл кемаси чайқалиб-чайқалиб,
лопиллаб-лопиллаб,
тўлғониб-тўлғониб
сузади,
урилади
жадвалнинг
гардон-гардон тўлқинларига…
Шоирнинг хаёл ва тасаввур кенгликларида юқорида кузатганимиздек хазойин ул-маоний яширин. Лирик қаҳрамон ўз ўксик қалби, хўрсиниқлар қуйқаси чўккан кўнгли, дардли туғёнлар чулғаган тахайюли, шамолдай югурик хаёллари, залворли армонлари шу Ватаннинг азиз тупроғи, зилол сувлари, эркин шабадалари билан вобаста бўлиб, мисли ёмғир томчиларидай қуйилиб келади. У гиёҳлар майсалар, гуллар; янтоқлар, жинжаклар, юлғунлар; қўзигуллар, шўралар, тошлар; қир-адирлар, ариқлар, тепаларга бирдай тўкилади. Саналганларнинг барида ажиб синоат кўради. Инсон ва инсониятни шу асрордан огоҳ бўлишга чорлайди. Шоир “кангул” оламидаги чайқалиш, тўлғониш ва лопиллашлар китобхон хаёлу тасаввурларини улуғ синоатнинг гардон-гардон тўлқинлари билан юзлаштиради.
Исломжон Ёқубов,
филология фанлари доктори.
1 Отамурод И. Жадвал. Шарқ юлдузи // 2016 йил, 2-сон. –Б.: 35-45.