Бахтнинг манзили қаерда?

Ҳаётда шундай пайтлар, ҳолатлар бўладики, уни фақатгина ҳис қила оласиз. Бировга тушунтириб беришнинг имкони йўқ. Хаёлларингиз билан ўз дунёингизда яшайсиз. Мана шундай дамларда “Нима учун яшаяпман?”, “Ҳаёт нима ўзи?”, “Муҳаббат-чи”, “Меҳр-чи” деб ўйлаб қоламиз. Баъзида ҳаётимизда нималар бўлаётганини англашга қурбимиз етмайди, ўз муаммоларимиз билан ўралашиб юраверамиз, бахт келишини кутамиз. Ҳа, бахтни кутамиз! Аслида эса бахт ёнимизда, оддий, жуда оддий бўлишини билмаймиз…

Ёзувчи Элчин Сафарлининг “Қайтганимда уйда бўл” асарини ўқиш жараёнида хаёлимдан юқоридаги саволлар ўтди. Асарда ўзимни кўргандек бўлдим. Қалбимизнинг энг нозик туйғуларини ҳам черта олган асарда шундай жумла бор: “Ҳаёт — ажойиб саёҳат!”

Асар китобхонни руҳлантираркан, айниқса, ҳаётда асл мақсадини унутиб қўйганлар учун яхши китоб экан деб ўйладим. Чунки бу китобда ҳаёт фақат яшашдаги ташвишлардан эмас, балки меҳр-муҳаббатдан ҳам иборат эканлиги кўрсатиб берилган.

Китобхонлар Элчин Сафарлининг асарларида воқелик эмас, туйғулар етакчилик қилади дейишади. Асарни ўқиш жараёнида буни ўзим ҳам ҳис қилдим. Ёзувчининг маҳорати шундаки, ҳаммага маълум гапни янгича усулда сизга етказиб беради.

Асар номидан китоб муаллифининг азалий йўналиши муҳаббат ҳақида бўлса керак деб ўйлагандим. Йўқ, янглишган эканман. Бу китобда севгининг энг беғубор шакли, яъни отанинг ўз жигарбанди, қизига атаб ёзган мактубларидан дунёга келган асар экан.

Асарда отанинг фарзандига бўлган муҳаббати, эркак ва аёлнинг меҳр-муҳаббати, ватанга муҳаббат, касбга нисбатан фидойилик, уруш асоратлари, эътиқод кучи хусусида сўз боради.

Айрилиққа кўниколмаган, уни тан олишни хоҳламаган отанинг қалб нидолари чиройли ифодаланган. Аутизм касалига йўлиққанлиги етмагандай, ота-онасини йўқотган Леоннинг беғубор нигоҳи. Йил бўйи қиш ҳукм сурадиган жойда тинчлиги учун шукур қилиб яшайдиган Амирнинг новвойхонаси…

Элчин Сафарлида ҳар бир ёзувчида учрамайдиган алоҳида ўзига хослик бор, назаримда. Қаҳрамон портретини яратишдаги ўзига хослиги асарларида алоҳида аҳамият касб этади.

Яхши асарлар қумга тушиб қолган олмос кабидир, давр қумлари остида маълум вақт қолиб-қолиб турса-да, сара адабиёт қизиқувчилари деган шамол уни яна юзага чиқариб қўяверади.

Келинг, яхшиси ушбу асардаги қуйидаги фикрларга эътибор қилинг:

  • Ҳар куни, ҳар кимдан, хоҳ у яхши ёки ёмон бўлсин, бир нима ўрганиш мумкин.
  • Бизнинг ўзимиз мукаммалликдан йироқмиз ва бошқалардан ҳам бенуқсонликни кутмаслигимиз шарт.
  • Ҳаёт — шунчаки йўл. Одимлашдан лаззат ол!
  • Шошқалоқлик қилма, аммо қайиғинг қаёққа сузаётганлигини ҳам эсдан чиқарма. Балки, у йўлидан адашгандир.
  • …Бизга вақтни бошқариш ҳукми берилмаган, аммо уни нима билан ва қандай тўлдиришни ўзимиз ҳал қиламиз.
  • …Ёнингдагиларни кечира олишни ўрган, шунда ўзинг ҳам кечирилишга муяссар бўласан.
  • … Муҳаббатни дўстлик ва эҳтироснинг ажойиб уйғунлиги деб атаб юрган эканмиз. Муҳаббат бу — оила экан. Қандай тушунтирсам экан сенга, эҳтиросга тўла юраклар аҳиллигининг бир қумғон атрофида, бир қўрғон остида фаровон турмуш кечириши экан.

Зебо Салимова,

Тошкент давлат шарқшунослик

институти ўқитувчиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

9 − six =