Қамал остидаги муҳаббат

Шу заҳотиёқ Эрик кутубхонага жўнади ва янгиликлар ёзилган газеталарни титкилай бошлади. Ниҳоят, у излаётгани — аёлнинг Сараево кўчаларидан югуриб ўтаётган расмини топди. Расмнинг тагига унинг исм-фамилияси ёзилганди. У Мирсада Бюрик экан.

1992 йил ёз ойларининг якшанба тонгларидан бири эди. Эрик Адам Аризона штатидаги Фонекс шаҳридаги квартирасида кир ювиш билан ўзини овутар, ўтмишини эсламасликка ҳаракат қиларди. Ўтган кун қайғуси сабаб телевизордаги янгиликлар ҳам деярли қулоғига кирмас эди…

Икки йил олдин Эрик жуда бахтли яшарди, чунки у Сузи исмли ажойиб аёлга уйланганди. Кутилмаганда Эрикнинг бахтли кунлари тўсатдан якун топди. Сузи 33 ёшида юрак хуружидан оламдан ўтди. Мана, икки йилдан буён Эрик ўз ёғида ўзи қовриляпти. Диванга чўкди дегунча хаёллари яна Сузига кетаверади.

Яна телевизор мурувватини буради, мухбир Олимпиада ўйинларига тайёргарлик кўраётган югурувчи босниялик аёл ҳақида ҳикоя қилаётганди. “Бу аёл кунда икки марта Сараево кўчаларидан югуриб ўтади”, дерди мухбир. “Сараево?” Эрик ҳайратланди. Ҳа, Сараевода фуқаролар уруши бўлаётибди, қандай қилиб шундай вазиятда олимпиадага тайёргарлик кўриш мумкин? Эрик диққат билан телевизорга қаради. Ёшгина аёл Сараево кўчаларидан бошини баланд тутиб югурарди, гўё снайперлар уни ҳам нишонга олишга ҳаракат қилаётгандек эди. Аёл эса тинимсиз камера томонга қараб қўярди. Шу тариқа янгилик ниҳоясига етди.

Эрик экранга узоқ тикилиб қолди. У ҳайратдан қотиб қолганди. Бу аёлда қанақа мардлик хусусияти борки, у уруш кетаётган пайт­да ўз мақсадига эришиш, Олимпиада чемпиони бўлиш учун югуради. Қойил! Эрик туйқус у аёл билан учрашгиси ва суҳбатлашишни жуда-жуда хоҳлаётганини сезди. Лекин бу осон иш эмас, спортчи аёл дунёнинг нариги чеккасида яшайди. Эрик ҳатто унинг исмини ҳам билмайди.

Шу заҳотиёқ Эрик кутубхонага жўнади ва янгиликлар ёзилган газеталарни титкилай бошлади. Ниҳоят, у излаётгани — аёлнинг Сараево кўчаларидан югуриб ўтаётган расмини топди. Расм­нинг тагига унинг исм-фамилияси ёзилганди. У Мирсада Бюрик экан. Эрик газетадаги хабардан билдики, у ҳозир Сараевода эмас, Испаниянинг Барселона шаҳрида, Ёзги олимпиада ўйинларига тайёргарлик кўрмоқда.

Эрик Мирсадага хат ёзди, хатда уни телевизорда кўрганлигини, кўриб ҳайратга тушганини, Америкада ҳам уни ардоқлайдиганлар бор эканлигини битди. “Агар мен сизга ёрдам бера оладиган бўлсам, илтимос, менга хабар қилинг”, у хатини шундай деб тугатди.

Мирсаданинг олимпик пойгаси уч минг метр бўлиб, у бу мусобақада ютмади, лекин финиш чизиғини кесиб ўтаётганида тўпланганлар уни олқишлаб қичқиришди ва ўрнидан туриб қарсак чалишди.

Олимпиададан кейин Мир­сада Сараевога қайта олмади, чунки бу жуда хавф­ли эди. У Босниянинг ғарбидаги Словения деган давлатда қочоқ сифатида қўним топди. Оиладан ажралиб қолган Мирсада ўзини ёлғиз ҳис этиб, Эрикнинг хатига жавоб беришга қарор қилди. Бир амаллаб Боснияча-инглизча луғатдан фойдаланиб, хат ёзди. Бироз муддатдан кейин Эрик Мирсадага жавобан яна битта хат ва ўзининг расмини жўнатиб юборди. Кейинги бир неча ой давомида тўрт маротаба хат Эрик ва Мирсада орасида тинимсиз парвоз қилиб турди. Ниҳоят, Эрик яқинда Европада бўлишини ва йўл-йўлакай Словенияга ҳам кириб ўтмоқчилигини таъкидлади. У Мирсада билан учрашмоқчи эди.

…Тунги соат тўққиз… Мирсада Эрикни кутиб, шаҳарнинг бир чеккасида турарди. Шу пайт кичкинагина йўловчи машинадан жигарранг соч, кўк кўзли одам тушиб келди. Бу Эрик эди. У Мирсадага қараб юрди. Унга инглизчада “Қалайсиз?” — деди. “Яхши” зўрға жавоб қайтарди Мирсада. Сўнг иккаласи бир-бирига қараб қолди. Эрик боснияча гаплаша олмас, Мирсада эса инглизчани деярли билмас эди.

Мирсада, Эрик ва бир таржимон Мирсаданинг кичкинагина ҳужрасига боришди. Улар қуёш чиққунча гаплашиб чиқишди. Афсуски, Эрик кетиши керак. Агар у йўлга чиқмаса, АҚШга бўладиган парвозга кеч қолади. Машинага яқинлашар экан, Эрик Мирсаданинг кўзидаги маъюсликни пайқади. Тўсатдан: “Мен билан АҚШга кетишни хоҳлайсанми?” — деди. “У ерда сени боғлаб, чирмаб ташлайдиган арқонлар йўқ”. “Қайтишингга ҳам, албатта, билет сотиб оламан”, деди Эрик. Мирсада йиғлашни бошлади. “Йўқ”, — у жавоб қайтарди. “Раҳмат. Лекин йўқ”.

“Яхши, агар қачонлардир фикринг ўзгариб қолса, мен билан боғланишинг мумкин”, деди Эрик.

Мирсада Эрикнинг таклифини ҳафталар давомида ўйлади. Ниҳоят, у Америкага боришга қарор қилди.

1993 йилнинг март ойида Мирсада Аризонага етиб келди. У Эрикнинг уйини осон топди, чунки Эрик манзилини аниқ-тиниқ ёзиб қолдирганди. Улар аввалига ака-сингилдек яшай бошлашди. Бу орада Мирсада инглиз тилини ўрганди, коллежда сабоқ олди. Вақт ўтиши билан Мирсаданинг юрагида Эрикка нисбатан муҳаббат уйғонди. Ва улар 1993 йилнинг декабрь ойида турмуш қуришди.

1996 йилнинг ёзи эди. Олимпия машъаласи Аризона штатининг Фонекс шаҳри бўйлаб Жоржиа штатининг Атланта шаҳрига қараб ҳаракатланди. Мирсада ўт­ган олимпиада ўйинидан буён эришган нарсаларини ўйлай бошлади: Америкага келиб, инглиз тилини ўрганди, коллежни тамомлади, яна нимага эришди экан? Қизиқ. Ана у, Фонекс шаҳри кўчаларида Олимпиада машъаласини кўтариб чопаяпти. Мирсада бу кўчадан худди Сараево кўчаларида югураётган чоғларидагидек бошини баланд қилиб, югуриб ўтяпти…

Инглиз тилидаги

“Реал ҳаётда бўлган

воқеалар” китобидан

Носир Шербоев таржимаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − two =