Ҳаётга янгича қараш. АТ Халқ банки ўз мижозлари учун жаҳон талабларига мос бўлган қулайликларни яратмоқда

Ўзбекистоннинг янги тарихида барча соҳалар қатори мамлакат иқтисодиётининг локомотиви ҳисобланмиш банклар фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш, уларнинг барқарор ривожланиши ва самарали фаолият олиб боришини таъминлаш учун кенг имконият яратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 мартдаги “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида, банклар фаолиятида бир қатор ўзгаришлар юз берди.

Акциядорлик тижорат Халқ банки ҳам мижозлар учун дунё талабларига мос бўлган қулайликларни яратмоқда. Айни пайтда мазкур муассаса банк хизматлари ва операцияларини бажарувчи универсал молия муассасасига айланди. Бунинг самарасини яратилаётган янги иш ўринлари, маҳсулот турининг ортиши ва бюджетга тушум кўпайганида ҳам кўриш мумкин. Мижозларга хизмат кўрсатувчи “Фронт офис” ҳамда Чакана хизматлар бўлими ташкил этилди. Энди мижоз ортиқча оворагарчиликсиз, кўп вақт сарфламасдан банк хизматларидан фойдалана олади.

Биргина “Фронт офис” бўлими юридик шахсларга тааллуқли барча операцияларни: ҳисоб рақам, пластик ҳамда корпоратив карта очиш, кредитлар, экспорт-импорт масаласи, “Мобил банк” ҳамда “Интернет банкинг” хизматлари, тўлов топшириқномаларига асосан маблағларни ўтказиш каби вазифаларни амалга оширади. Тадбиркорлар учун ҳам қатор қулайликлар яратилди. Экспорт-импорт амалиётларидаги “СВИФТ” харажатлари ҳамда бошқа фоиз ставкалари камайтирилди. Шу билан бирга, давлат дастурлари асосида тадбиркорлар учун имтиёзли кредитлар ажратилмоқда.

Чакана хизматлар бўлимининг ташкил этилиши эса жисмоний шахсларга сифатли хизмат кўрсатиб, ортиқча вақт сарфи ҳамда оворагарчиликларга чек қўяди. Унда мижозларга тажрибали ходимлар пластик карта очиш, омонатларни жойлаштириш, халқаро пул ўтказмалари, жамғариб бориладиган пенсия, кредит хизматлари, коммунал тўловлар қабул қилиш борасида ёрдам кўрсатилади. Банк филиалларида дастлабки маълумотлар берадиган маслаҳатчи “Resepshn” хизматининг йўлга қўйилгани ҳам мижозларни қониқтириб, бу орқали тез ва сифатли хизмат кўрсатишга эришилмоқда.

Ҳозирги вақтда банк хизматларидан фойдаланувчи мижозлар сони 16 миллиондан ошди. Интерактив банк хизматларидан фойдаланувчилар сони эса 28 775 тани ташкил қилади. Банкнинг жами капитали аввалги йилларга нисбатан 262 фоизга ортиб, 2 триллион 118 миллиард сўмни, жами активлари 285 фоиз кўпайиб, 15 триллион 343 миллиард сўмни, жами кредит қўйилмалари эса 402 фоиз ортиб, 9 триллион 476 миллиард сўмни ташкил этди.

Халқ банки мамлакат миқёсида ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ҳамда аҳолини молиявий қўллаб-қувватлаш тизими ҳисобланган пенсия ва нафақалар тарқатиш билан ҳам шуғулланади. Ҳар ой юртимиздаги 8,958 та маҳаллада 3,0 млн.дан ортиқ фуқаронинг пенсия ва нафақалари етказиб берилади. Шу билан бирга, муассаса жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизимида иштирок этувчи фуқаролар ҳамда корхоналарга 12 253 393 та ҳисоб-варақлар очиш каби хизмат турлари кўрсатган.

Бугунги кунда Халқ банки томонидан мижозларга ҳар томонлама сифатли хизмат кўрсатиш, хизматларни халқаро стандартларга мослаштиришга ҳаракат қилинмоқда. Мижозлар талаби ва хоҳиш-истакларини инобатга олиб, хизмат сифати стандартлари ишлаб чиқилган: resepshn ходими, ходимларнинг иш жойи, ходимлар ташқи кўриниши, офислар шинам ва озодалиги, телефон орқали мулоқот, ҳужжатларни расмийлаштириш, мижозларга хизмат кўрсатиш, корпоратив хизмат ёзишмалари каби стандартлар мавжуд бўлиб, улар бўйича ўқув методик қўлланмалар тайёрланди. Уларнинг асосий вазифа ва параметрлари белгилаб қўйилди.

Жорий йилда илк маротаба банк­да молиявий ҳисобот халқаро стандартларининг 9-стандарти амалиётга татбиқ этилди. Халқ банки жорий йилнинг 7 июлида ISO 9001: 2015 Халқаро стандартлари бўйича мувофиқлик сертификатини қўлга киритди. Банкнинг даражаси бир поғонага кўтарилиб, “Fitch” халқаро агентлигининг ВВ-/В барқарор рейтинг кўрсаткичига эга бўлди.

Яна бир муҳим янгилик — акция­дорлик тижорат Халқ банки бош­қарувининг 2019 йил 2 августдаги 93/2-сонли қарори ҳамда АТ Халқ банки Кенгашининг 2019 йил 5 августдаги 27-сонли йиғилиш баёнига асосан муассасанинг янги логотипи ва корпоратив ранги тасдиқланди.

— Ушбу янги логотип Соҳибқирон Aмир Темур узугидан андоза олган ҳолда ишлаб чиқилган. Асосий логотипда унсурлар кучи, давлатнинг қудрати ва халқимиз ҳаётига хизмат қилишга интилиш бирлаштирилган, — дейди Банк бошқаруви раи­си ўринбосари Бахтиёр Атамурадов. — Логотипдаги олтин ранг бойлик ва ишончлиликни, яшил ранг эса банкнинг барқарорлиги ва шиддат билан ўсаётганини анг­латади. Бугунги кунда муассасамиз Ўзбекистон банк тизимининг муҳим бўғини ҳисобланади. Унинг таркибида 198 та филиал, 30 та мини-банк ва 900 га яқин жамғарма ва махсус кассалар фаолият кўрсатмоқа. Муассасамизда жисмоний шахсларга янада сифатлироқ хизмат кўрсатиш мақсадида микроқарз, юқори фоизли омонатлар, нафақа-овердрафти, кобрендинг, кобейжинг ва кредит карталари каби бир қатор янги маҳсулотлар жорий этилмоқда. Шунинг­дек, “XALQ MOBILE” мобил иловаси жисмоний шахсларга банк офисларига ташриф буюрмасдан масофадан туриб, турли банк амалиётларини амалга ошириш имконини беради.

Дарҳақиқат, Халқ банки ислоҳотлар пиллапоясида дадил одимламоқда. Яқинда муассаса ўз мижозлари, жисмоний шахсларга микрокредитлар ажратишда яна бир қулайликни амалда қўллай бошлади: ортиқча қоғозбозликдан воз кечиб, мижозга биргина паспорти орқали микроқарзлар ажратмоқда. Бу ибрат бўларли фаолият. Хўш, бунга қандай эришилди ва нималар сабаб бўлди?

— Бу, аввало, давлатимиз раҳбарининг банклар халққа яқин бўлиши керак, дея олдимизга қўяётган талабларига асосан, бундан ташқари, мижозларимизга қулайлик яратиш мақсадида бошланган хайрли ишдир, — дея сўзини давом эттиради Б.Атамурадов. — Албатта, бундай янгича тартиб бошқа банкларга ҳам ўрнак бўлиши ва “Банк — мижоз учун” тамойили амалда тўла тасдиғини топиши учун бир имкониятдир. Муассасамизнинг уч миллиондан ортиқ пенсионер-мижозлари бор. Уларга ихтиёрий равишда пластик картасида қолган қолдиқ суммага тўрт фоизли фоиз ставкаларини қўшиб беряпмиз. Булар ҳали дастлабки қадамлар. Фоизларни кейинчалик яна кўпайтириш кўзда тутилмоқда.

Дарвоқе, Халқ банкини универсал тижорат “рақамли банк”ка бос­қичма-босқич трансформация қилиш мақсадида “ИАБС-7” такомиллаштирилган дастурий таъминот тизимини жорий қилиш устида иш олиб борилмоқда. Яъни, салоҳиятли қарз олувчиларга кредит ажратишда мураккаблашган механизмдан воз кечилиб, кредитлар ажратиш муддатларини қисқартириш имконини берувчи скоринг моделлари ишлаб чиқилган. Ушбу моделни ишга тушириш бўйича Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси ва Ички ишлар вазирлигининг маълумотлар базаси билан интеграция қилиш жараёни давом этмоқда. Бунинг натижасида туман, шаҳар ва вилоятлардаги кредит комиссиялари тугатилади, ортиқча оворагарчиликларга барҳам берилади.

Ҳа, банк ва мижоз ўртасидаги муносабатлар соддалаштирилиб, қулайликлар кўпаяётгани ҳар икки томоннинг манфаатига хизмат қилади. Шулардан бири банкнинг миллий валютадаги пластик карталарига куннинг исталган вақтида Россиядан туриб, “Контакт” ва “Юнистрим” тизимлари орқали маблағларни юбориш имкониятининг яратилганидир. Ҳудудларда 302 та замонавий “Банк хизматлари офислари” ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, айни пайтда 29 таси ишга туширилган. Ушбу офисларда 8 нафаргача универсал ходим мижозларга комплекс хизмат кўрсатмоқда. Бу эса хизмат кўрсатиш вақтини 5 баробар қисқаришига олиб келади. Йил якунига қадар бундай офислар сонини 44 тага етказиш кўзда тутилмоқда.

Мухтасар айтганда, Халқ банки мамлакат иқтисодиётининг ҳар бир жабҳасида самарали фаолият олиб бориши учун бугунги кунда етарли даражада куч ва салоҳиятга эга муассасадир.

Х.Аҳмаджонова.

Хизматлар литсензияланган.

Реклама ҳуқуқи асосида.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 5 =