Сув париси

Термиз — Тошкент трактининг, Бойсун тумани чегарасига етмай, ғарб томонида бир машина сиғадиган тош йўл Кўҳитанг тоғ этакларига қараб кетади. У арчазорлар орасидаги Хўжа Анқо қишлоғига олиб боради.

Айтиш жоизки, мазкур ҳикоя мақсади —қишлоқ тарихини ёритиш эмас. Аммо мавжуд манбаларга таяниб анқо сўзининг луғавий маъносини изоҳласак, фойдадан холи бўлмайди.

Бу сўз асли ҳеч қаерда йўқ нарсани билдирар экан: “Анқо (…қуш; самандар). Оти бор, ўзи йўқ афсонавий қуш. (Гўё авфсонавий Қоф тоғида қушларнинг подшоҳи бўлиб яшар эмиш” (Ўзбек тилининг изоҳли луғати. – 5-ж. 1-ж. 89-б.). Тилимизда “анқонинг уруғи” деган ибора бор. Нимадир мутлақо топилмай қолса ишлатилади. Бундай нарсалар эса ҳаётда кам эмас. Алалхусус, ноёб ёки камёб хислатларга эга бўлган Хўжага Анқо нисбати берилган бўлиши керак. Қишлоқ номи ҳам шундан. Хўжа деб илгари бизда “маълум имтиёзга эга бўлган оқсуяклар ва уларнинг авлодлари”ни аташган (ўша манба: 435-бет).

Газета услуби билан айтганда, Хўжа Анқо вилоятнинг энг сўлим гўшаларидан бири. Шу ерлик бир машҳур профессор анча йиллар бурун ўз қишлоғида халқ педагогикаси мавзусига бағишланган илмий анжуман ўтказгани, унда Америка, Африка, қўшни Авғонистондан ҳам олимлар иштирок этгани эсимда. Ўшанда бу қишлоқ манзараларини илк бор кўргандим.  Анжумандан кейин худди шу мавзуда газетада мақола чиқаргандим. Муҳарриримиз мақолам муштарийларга ёққани, айниқса, сиёсатдонларга кўп маъқул келгани ҳақида гапирганди.

Кейинроқ газетамиз муҳаррири ташаббус кўрсатиб, жамоани мана шу Хўжа Анқога автобусда саёҳатга олиб келди. (У ҳар йили бир маротаба жамоани худди шундай табиат бағрида ҳордиқ чиқаришини уюштирарди, раҳматлик). Мен икки нафар мактаб ўқувчиси — ўғилларимни ҳам эргаштиргандим. Бошқалар ҳам болалари билан автобусга чиқишди.

Кечгача Хўжа Анқого етиб келдик. Жаннатмакон оромгоҳ биносининг алоҳида-алоҳида хоналарида дам олдик. Қуёш бу ерда барвақт чиқар экан. Беғубор мовий кўкда саҳархез қушлар — бургут, қийғир, зоғча ва яна турли-туман майна-ю чумчуқлар — чарх урар, қуёшнинг заррин нурларида уларнинг қанотлари кумуш, олтин тус олиб товланарди. Арчазорлардан какликларнинг “каква-каква”лаб сайраши кўнгилни яйратади. Бундай тоза, ёқимли бўжа ҳидига тўйинган ҳаводан ҳар куни нафас оладиган кишилар — бахти чопган одамлар. Шунинг учун ҳам, айтишларича, бу ерликларнинг ўртача ёши – 80-90га борар экан. Худди Япониядагидай.

Эртаси нонуштадан сўнг ҳар ким кўнглига яқин кишилари, болалари билан тоғ этакларига тарқалиб кетишди. Ёшлар гоҳ жуфт-жуфт, гоҳ гуруҳ-гуруҳ бўлиб тиззага урадиган кўм-кўк шудрингли ўтлоқлар оралаб, кийимларига келин тили ўтлари қапишиб, хушбўй арчазорларга кириб, кўздан ғойиб бўлишди. “Ҳамма тушгача лагерга қайтиб келиши керак”,  огоҳлантирди муҳаррирнинг хўжалик ишлари бўйча басавлат, қориндор муовини.

Болалигим тоғларда ўтган. Арчазорларни кўрсам, кўнглим яйрайди. Тоғ сўқмоқларида чопиб-чопиб юришни яхши кўрардим. Сарин, мусаффо ҳаволардан тўйиб-тўйиб нафас олишга нима етсин?!

Биз ҳам ўғилларим билан қишлоқдан даранинг бошига, тоғ сари элтадиган сўқмоққа тушдик. Ён-атрофда дарахтлар, буталар ям-яшил бўлиб табиатни безаб турарди. “Мана бу ирғай, буниси наъматак, мана бу заранг, бу бута эса қизилча, йўлга яқин, тиканлари кийимга ёпишмоқ учун узалаётганлари — чақиртиканак, бу ёввойи бодом, ҳов анави това тошлар устида шох ташлаб ўсган, таналари одам сонидай келадиган танга баргли дарахтларнинг номини писта дейдилар. Меваси минг бир дардга даво. Тоққа қараб тизилиб кетган баланд — паст, ҳиди энг хушбўй атирлардан ҳам ёқимли дарахтларнинг номини биласизлар-а”. “Биламиз, биламиз. Бу — арча, арча–арчажон”. Ўғилларим қўлларини арча баргларига узатишади, игначаларидан олиб, димоғларига тутади — ҳидлайди. “Маза, — дейди кичиги, — тоғ арчасининг ҳиди бошқача бўларкан-а, дада”.

Юрганимиз сари қаршимиздаги тоғ баландлашиб борар, ёнбағирларидаги арчазорлар чексиздек туюларди. Ўтлоқларда худди эртаклардагидек бил­қиллаб семирган тўда-тўда қўй-ю эчкилар, қўзи-ю улоқлар ўтлаб юришипти. “Кетаверсангиз, тоғдан ошиб, қадим одамлар маконига етиб борасиз, — дейди эшагига қуруқ ўтин ортиб, сўқмоқдан эниб келаётган киши, — эҳтиёт бўлинг, юқоридаги йўллар резли, болалар чарчаб қолади”. “Зараутсойга бормоқчи эмасмиз. Фақат Хўжа Анқо чашмасини кўрсак бўлди”, дейман унга. “Оз қолди. Яна сал юрсаларингиз, рўпарангиздан чиқади”.

Ҳақиқатанам бироз юқори кўтарилгач, манзилга етиб келдик: уч-тўрт мажнунтол бир-бирига қўшилиб ўсган. Қамчи-қамчи шохлари худди чиройли аёл сочларидек атрофига қайрилиб яйралган, бошқаларига нисбатан каттароқ туюлган мажнунтол ёнидан бир ариқ сув жўшиб, килкиллаб чиқиб, минг, балки миллион йиллардан буён пастдаги сойга қараб шарқираб, шариллаб оқиб ётибди. Бошқа бир мажнунтолнинг тагидан чиққан кичикроқ жилға унга бориб қўшилади.

Сойнинг нариги бети хамлик, ўтлоқзор. Ён томонларида бўйлари осмонга чўзилиб кетган тиғиз арчалар. Хамлик — адир этагида қандайдир қорамтир тошлар — тўда-тўда шлаклар кўзга ташланади. Ўша илмий анжуманда маҳаллий тарихчилардан бири қадимда Чинмочиндан келганлар бу тоғларда темир рудасини қазиб олгани ва қайта ишлаб, оту туяларга ортиб олиб кетгани ҳақида маъруза қилганди. Бундай қирралари ўткир, куйдирилган тош-чиқиндиларни мен Ҳисор тоғ тизмаларининг бошқа ҳудудларида ҳам кўрган эдим.

Чашмага етганимизда, мажнунтоллар яқинида иккита “Жигули”га кўзим тушиб ҳайрон бўлдим. Бу машиналар қаердан келиб қолди экан? Ё осмондан тушдими? Қишлоқдан бу ергача мошин йўл бўлмаса… Балки менинг кўзимга шундай кўринаётгандир, галлюцинация дегандай. “Ана у турган нарса машиналарми ё менинг кўзимга кўринаяптими?” сўрадим ўғилларимдан. “Жигули”лар, дада. Яп-янги”, деди каттаси. Мен диққат билан ён-атрофни кузата бошладим. Қаршимизда тоғ боғрини кесиб “Термиз — Тошкент” тракти томондан Хўжа Анқо чашмасигача шағал ётқизилган мошин йўл чўзилиб ётарди.(Эҳтимол, бу йўлни геологлар қургандир). Чашма бўйига биздан олдинроқ етиб келган ўзимизнинг “сайёҳ”лар мазза қилиб сув ичишар, худди болакайлардек бир-бирига муздай сув сепишар, завқи тошиб гоҳ ҳеч қандай маънога эга бўлмаган товушлар билан чинқиришарди.

Улардан пастроқда, шарқираб, шовуллаб сойга отилаётган ариқ бўйида бир мажнунтол тагидаги салқин супада икки аёл ва икки эркак тўшаклар устида, тўкин-сочин дастурхон атрофида дам олишарди. Сал нарироқда, жилға ёқасида икки нафар бўй етган, юзлари қизил олмадек қизлар гурунглашиб ўтирар, улардан бирининг боши, ияги, қўллари алланечук ҳаракатланарди. Аввалига бу қиз шўх, ўзи бирор фильм қаҳрамонига тақлид қилиб, унинг ҳаракатларини ёнидаги опасигами — дугонасигами тасвирлаб беряпти, деб ўйладим. Аммо у бир зум тўхтагач, яна танасининг бошқа аъзолари — қошлари, лаблари, кўлари ҳам учар, ҳар томонга қараб ҳаракат қиларди. Сўнг у чўнқайиб ўтирган жойидан турди-да, бир-икки қадам босди.. Ҳаракатлари худди бешиктерватарнинг тебранишига ўхшарди: гавдаси олдга, орқага бориб келарди. Тушунарли. Ногирон туғилган фарзанд. Ёнидаги опаси бўлса керак, деб ўйладим. (Аммо улар бир-бирига мутлақо ўхшамасди).

Табиат-да! Аллоҳнинг ўзи асрасин.

Ўғилларим кўк тошларга урилиб, кўпик сачратиб оқаётган чашма сувларига юзларини ювиб, ундан ҳовучларини тўлдириб-тўлдириб ичишар, завқланишарди: “Яхши қилган эканман бирга олиб келиб!” деб ўйладим. Мен ҳам қўлларимни зилол сувга ботириб, ҳовучлаб ичдим. Яхдай сув тишларимни зирқиратиб юборди.

Мажнунтол остида, супада ўтирганлар мени дастурхонга таклиф қилди. Мен: “Йўғ-э, ўзларинг бемалол ўтираверинг­лар”, дедим. Улар қўйишмайди. Сухани синмасин деб, ёнларига бориб омонат ўтираман. Дастурхонда тандиркабоб, мева-чева, “Белий аист” (“Оқ лайлак”) коньяги, шоколадлар…

Қизлар ўғлим билан гурунглашади:

— Отангизми? — сўрайди опаси.

— Ҳа.

— Оилада неча кишисизлар?

— Кўпчиликмиз. Икки қиз, тўрт ўғил. — жавоб беради катта ўғлим.

— Акаларингиз мактабни битирганми?

— Ҳа, улар ўқишади. Иккови ҳам студент.

— Термиз университетидами?

— Йўқ. Тошкентда.

Энди сўраш навбати ўғлимга келди:

— Сизлар ҳам Термизданми?

— Термиздан, — дейди савол берган қиз.

— Ўтирганлар ота-оналаринг­ми?

— Йўқ. Ойимларнинг яқин дўстлари?

— Оталаринг келмадими? —сўрайди ҳайрон бўлиб ўғлим. Бола-да.

— Отамиз йўқ. Бор эди. Уйи­мизга келмай қўйди. Неча йил бўлди, кўринмайди. Онамдан сўрасак, “ўлиб кетган” дейди. — Қизнинг кўзларида ёш қал­қийди.

— Ха-а, — дейди ўғлим ғамгин, — ёмон бўпти.

Мен болаларга яқинроқ бўлганим туфайли гапларини ариқ шовқинида элас-элас ил­ғаб олардим.

Супадаги йигитларнинг бири чорпаҳил, басавлат, қорачадан келган, пешонаси кенг, лаблари ҳабаш лабларидай қалин, бошяланг, чорзону қуриб ўтирибди. Иккинчиси қотмароқ, бўйи ҳам сал пастроқ туюлди менга. У ёнидаги малласоч сув парисидек аёлга суяниб, сигарета чекарди. Олдида бир қути “Palmal», ёнида гугурти билан. «Сув париси» малла, қалин сочларини елкасига ёйиб ташлаган, қулоқларида ярим ойни эслатувчи зирак ярақлайди. Бўйнидаги ҳар бири бошбармоқдай келадиган тилла мунчоқлар тизилган занжир ярми очиқ қордек сийналари орасигача тушган. Силлиқ юзлари, ёноқлари кўпчиб, лаблари олхўридай бўртиб турибди. Нафис, шаффоф кийимларидан бўйни, кўкраклари шундайгина ўзини кўз-кўз қилади: “Мана мен, қара, мафтун бўл!” — дегандай.

Иккинчиси ўзимизнинг буғдойранг зотдан. Қўнғир, жингалак сочлари қулоғу бўйинларини беркитиб олган. Билакларида отнинг тақасидай олтин билакузук. У ҳам “сув париси”дан қолишмай безанган.

Аёлларга шампан, ўзларига коньякдан қуйишади. Менга ҳам узатишади. “Йўқ” десам, уларнинг кўнгли қолади. Пиёлани оламан. Малласочнинг ошиғи, ширакайф йигит бир қўлида тутаётган сигарета, бир қўлида пиёла билан сўз айтади: “Аллоҳ берган ҳар бир кунимиздан ба­ҳ­раманд бўлайлик, роҳатланайлик, чунки уни ҳаётда ҳеч ким қайта бермайди. Бизга олам тинч бўлиб, дўстлар саломат бўлса бас”, деган экан бир шоир. Олдик ака, соғ бўлайлик”. У пиёлани охиригача сип­қоради. Мен бир қултум оламан-да, идишни дастурхонга қўяман. “Пассивсиз-ку, ака мана шу дилбар табиат бағрида маишат қилмайсизми?” кулади иккови шоколадлардан олиб. Мен ариқ бўйида гурунглашиб ўтирган болакайларга ишора қиламан: “Булар олдида, Худо кўрсатмасин, маст бўлиб қолсам…” “Безовта бўлманг, — дейди тост айтгани, — ўзимиз машинада уйингизгача обориб қўямиз”. “Улфат йигитлар экан-ку булар”, деб ўйлайман.

Ҳамкасбларим арчазорлар орасидан чиқиб келишади. Булоқ сувларидан яна қониб-қониб ичишади, юзларини ювиб яхлатади, яна бир-бирига ҳазил-ҳузул қилиб сув сепишади, қий-чув қилишади, айниқса, шу йил ўқишни битириб, ишга келганлар, компьютерчи, котиба ёшлар. Улардан ёши сал каттароғи: “Бас қилинглар, бу ердан етиб боргунимизча туш бўлиб қолади. Шефдан гап эшитмайлик!”. Шундан сўнг турнақатор тизилиб келган йўлларидан болалар оромгоҳи томон эна бошлайдилар. “Ака, сиз ҳам кечикманг, палов тугаб қолади”,  дейди бояги ёшларни йўлга сол­ган ҳамкасбим кулиб. — “Хўп”, дейман-да, жойимдан қўзғаламан. “Яна бир қўл олайлик, кейин сизга рухсат”, илтимос қилишди тасодифий улфатларим. Кўнглим бўш бўлмайлар кетсин-а! Қайта жойимга ўтираман.. “Дада, кетдик!”  дейди катта ўғлим, қайтиб ўтирганим унга ёқмай. Улфатлар аёл-эркак жам бўлиб, яхши тилаклар билан пиёлаларини бўшатдилар.

— Раҳмат эътиборларинг учун, — дейман қўлимни кўксимга қўйиб. Энди мен турай.

— Ҳозир биз ҳам турамиз… Хонимлар билан ҳув анави қалин арчазорларни айланиб келамиз. Қизалоқлар шу ерда, тол соясида ўтиришади. Палатка (чодир) обкеганмиз. Ёқса, бу кеча шу ерда, супа устида тунашимиз ҳам мумкин. Тарихда қоладиган саёҳат бўлади-да, ака!

— Майли, дам олишларинг кўнгилдагидай ўтсин, — дейман, — соғ бўлинглар…

Мен ҳам жўшиб оқаётган ариқдан ўтиб, ўғилларим билан оромгоҳ томон жўнайман. Кетарканман, бурилиб тасодифий улфатларимга қўл силкийман. Қизлар ҳам жилға бўйидан туришади-да, дастурхон атрофига келиб ўтиришади. Боши гоҳ олдин, гоҳ орқага бориб келаётган, ногирон деймизми, қизалоқ қўлига дастурхондан егулик олиб оғзига яқинлаштиради. Қўллари қалтирайди, оғзига қўли етай-етай деганда, боши ё ўнгга, ё чапга бурилиб кетади. Охири қўлидаги егуликни оғзига солиб, бир амаллаб чайнай бошлайди.

Опаси унга ғамгин қарайди: нима қилмасин, синглисига ёрдам бера олмаслиги, дардига даво бўлолмаслигидан изтироб чекади, хўрсинади. Сув парисидек гўзал онасининг малларанг сочларида мажнунтол барглари орасидан сочилган қуёш тангачалари жилоланади, ширакайф кўзларида эса ҳеч қандай ташвиш сезилмайди, хотиржам. Унинг учун бу оламда шу ондаги кайфу сафодан бўлак ўйлашга арзийдиган ҳеч нарса йўқдай: “Қуйинг, яна биттадан олайлик, кейин арчазор томон кетамиз”, дейди нозланиб ва пиёлани унга суяниб ўтирган ошиғига узатади.

Мен сўнгги бор мажнунтол томон қарайман: катта қизи онасига нимадир деятгандай кўринади. Аммо нима деганини илғай олмайман. Ариқ шовқини ҳам биздан узоқлашиб боради, охири эшитилмай қолади…

Бозор Илёс ал-амин.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × three =