Матонатли аёл

Очерк

Ҳаётнинг баланд-пастидан ўтиб келаётган бу аёл ўзи айтганидек, қийинчиликларга таслим бўлмади. Ўтган йиллар давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, сенатор сифатида ҳам фаолият олиб борди.

Қизилтепа туманининг Ўртачўл ҳудуди яқин ўтмишда деҳқончилик қилиш мақсадида ўзлаштирилган. Қиши совуқ, ёзи иссиқ, тупроғи инжиқ ва эътиборталаб ерлар. Шундай бўлса-да, бу ҳудуд деҳқонлари давлатга пахта топшириш режасини биринчилардан бўлиб уддалаб келмоқда.

Кузда қирмизи шафақнинг барча ранг­лари кўзга яққол ташланади. Ана шу қирмизиликка туташиб кетган чўл ҳаёти, яккам-дуккам дарахт, юлғун, саксовул театр декорацияси каби ажиб кўринишга кирган. Саҳро сукунатини бузиб, қум барханлари ичра елиб бораётган авто туман марказидан ўн беш километрлар юргач, чўлнинг қоқ ўртасида кўзга ташланган кафтдек ям-яшил масканга қараб ҳаракатланди. Тобора бу яшилликка яқинлашавергач, буғдойзорлар, пахтазору дарахтзорлар аниқ кўриниш олди. Йўл четида тўхтаб, гўзал табиатга суқланиб боқдик. Саҳронинг соф ҳавосига қоришган ғўзаларнинг ҳиди атрофни тутган. Бепоён далаларда пахта ҳосилини ортган юк тракторлари аста-секин ўрнидан силжий бошлагач, одамлар орасидан ажралиб бизга қараб юриб келаётган аёл “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Раъно Валиева эканини таниб олдик. Бийдек саҳронинг ўртасида пайдо бўлган пахтазор, экин-тикин, боғу роғ, дарахтзорлар шу инсон бошчилигидаги жамоанинг меҳнати самараси, пешона тери маҳсули эди. Опа билан саломлашиб, унинг фермер хўжалиги ҳовлисига ичкариладик. Кираверишда мўъжазгина ҳовуз қурилган. Атрофида ажиб чаманзор бўлиб, унда гултожихўроз, атиргул, раъногуллар барқ уриб ўсаётир. Дарахтлар соя солиб турган ҳовли саҳнида ўриндиқлар, сўри, стол-стуллар қўйилган. Опа бизни ўтиришга таклиф этар экан, атрофдаги хоналарни бирма-бир кўрсатди. Ошхона, новвойхона, ювиниш хоналари, ётоқхона янгидан таъмирланибди. Ишчиларнинг маданий ҳордиқ чиқариши учун катта залда замонавий телевизор, радио, китоб жавони бор. Унда бадиий, сиёсий асарлар, газета ва журналлар кўзга ташланади.

— Чўлда интернет йўқ, — дейди Раъно опа самимий кулиб. — Дунё ва юртимиздаги барча янгиликларни ана шу газета-журналлардан ўқиб билиб оляпмиз. Қолаверса, матбуот сиёсатнинг бир устуни, халқ минбари. Ундан ажраб қолиб бўлмайди. Мен эски газеталарни ҳам сақлайман, ахир, улар улкан бир тарих, ишдан ортиб бирма-бир варақлайман, ўтган даврларни эслайман, хотираларим жонланади. Яқинда Асил Рашидовнинг “Акам ҳақида” китобини ўқиб, таниш воқеаларга кўзим тушди. Қанча яхши-ёмон кунларни кўрдик! Бугунги дориломон замон шунчаки жарангдор сўзлар эмас. Буни икки даврга гувоҳ бўлганлар яхши билади. 1976 йилдан буён далада меҳнат қилиб келаётган бўлсам, бугунга қадар деҳқон бошидан ўтган кўп савдоларга гувоҳман. “Пахта иши”, қўшиб ёзишда ноҳақ айбланганлар, ёшу кексани аямаган терговлар бугун унут бўлиб кетган бўлса-да, жабри ҳамон юрагимизда турибди! Ҳолбуки, биз бугунгидек ер эгаси эмас эдик. Кўрган фойдамиз ҳам чўнтагимизга тушмасди. Хусусий мулк йўқ, ҳаммаси колхозники бўлса-да, жавобгар шахс эдик. Советларнинг жазо машинаси йилдан-йилга миллатнинг илмли, зукко, уйғоқ фарзандларини барча соҳалардан ёппасига қиришга одатланган йиллар бўлган. Фақат Мустақилликдан кейингина фермер хўжаликлари ташкил этилиб, деҳ­қон кўксига шамол тегди. 1999 йилда туман ҳокими Шабон Набиев мени чақириб, Ўртачўл ерларини ўзлаштириш таклифини айтиб қолдилар. Очиғи, меҳнат билан боғлиқ масалаларда луғатимда “бажаролмайман”, “йўқ”, деган сўзлар учрамайди. Доим топшириқларга “лаббай” деб жавоб берганмиз. Чўлни ўзлаштириш таклифи менинг кўп йиллик тажрибамга билдирилган ишонч, масъулият эди. Фермер хўжалигимиз ишчилари билан келиб Ўртачўл ҳудудларини кўздан кечирдик. Тап-тақир ер, бир гиёҳ унадиган сиёғи йўқ, айрим жойлари тошлоқ, шўрхок эди. Механизаторимиз “Раъно опа, бу ердан ҳосил олгунча она сутимиз оғиздан келадиёв”, дея хавотирланди. Ўзимнинг кўнглимдан ҳам шундай фикрлар ўтиб турган бўлса-да, ҳадигимни жамоага билдиришга ҳаққим йўқ эди, ахир, ишчиларни руҳлантириш вазифам. Қачонки, раҳбар иккиланса ёки оғир вазиятда қўрқоқлик қилса, у ердан барака кетади. Шуларни ўйлаб дарҳол ўзимни қўлга олдим-да, яхши ният билан меҳнат қилинса, тошдан гул унади, ҳолбуки, бу ер экан, дедим. Қолганлар сўзларимни маъқуллади. Енгни шимариб, ғайрат билан ишга киришдик. Дастлаб, чўлдаги 20 гектар ер ўзлаштирилган бўлса, кейинги йил 40 гектарга шу тупроққа мос «Бухоро 6» навли чигит экиб, яхши ҳосил олдик. Ниҳоят, бугунга келиб 91 гектар ердан 52 гектарида ғалла, 33 гектарида пахта етиштиряпмиз. Ғалладан давлат режаси жорий йил 136 тонна этиб белгиланган эди, биз эса ортиғи билан 150 тонна дон топширдик. Пахтадан биринчи теримдаёқ шартномавий режани ортиғи билан бажариб келганмиз. Кўриб турганингиздек, табиат инжиқликлари бу йил ишни бироз ортга сурди. Лекин теримчилар муваффақият билан ишга киришган, ўн иш кунида режани уддалашни ният қилиб турибмиз. Бир пайтлар кимсасиз бўлган Ўртачўл ерлари эндиликда мўл ҳосил гаровига айланди. Бунда юқори ҳосил олиш мумкинлигини кўриб, бошқалар ҳам бирин-сирин кўчиб кела бошлади. Бугун Ўртачўлда меҳнат қилаётган фермер хўжаликлари сони 50 тага етди.

Опа билан суҳбатлашиб далаларни айландик. Чаноқларда ҳосил мўл, ёғинли кунларгача ғайрат қилинса, нобутгарчиликларсиз йиғиштириб олса бўлади. Муҳими, пахта терими учун тўланадиган ҳақ ошди, маошлар ҳар беш кунликда тар­қатилади.

— Агар давлатимиз бизни қўллаб-қувватламаса, бугунгидек натижаларга эришмаган, кўзлаган ҳосилни ололмаган бўлардик, — дейди Раъно опа янги тизим ҳақида гапирар экан. — Пахтачилик кластери яратилгани деҳқонларнинг эртанги кунга бўлган ишончини оширди. Хомашёнинг харидори аниқ, ҳосилни териб олиш, иш ҳақларини тарқатиш бўйича муаммолар, ортиқча оворагарчиликлар барҳам топди. Агротехник тадбирлар ўз вақтида бажарилишида ҳам кластерчи корхоналарнинг хизматига таянаяпмиз.

Буғдойдан бўшаган ерларга такрорий экин сифатида тариқ экилган. Ҳосили етилиб қолгач, уни икки-уч кунда йиғиштириб олиб, экспортга чиқариш мўлжалланмоқда. Полиз маҳсулотлари, сабзавотлар, олма, узум, шафтоли мева солган боғлар фермернинг 40 йиллик тажрибасидан дарак бериб турибди. Хўжаликда чорвачилик ривожланган, 100 бошга яқин қорамол парваришланмоқда, паррандачилик йўлга қўйилган. Вилоят аҳолисининг гўшт, сут ва сут маҳсулотларига бўлган талабини қондиришда хўжалик меҳнаткашлари ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

“Мустақилликдан кейин, деҳқончиликда кўпчиликка устоз бўлган бобомнинг номига атаб «Валиобод» фермер хўжалигини туздик, — дейди фермер. — 20 киши билан иш бошлаган бўлсак, бугун хўжаликда фаолият юритган доимий ходимлар 50 нафардан ошди. 100 нафардан ортиқ мавсумий ишчи ҳам бор”.

Ҳаётнинг баланд-пастидан ўтиб келаётган бу аёл ўзи айтганидек, қийинчиликларга таслим бўлмади. Ўтган йиллар давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, сенатор сифатида ҳам фаолият олиб борди. Неча йилларки, давлатга пахта, ғалла топшириш режасини биринчилардан бўлиб уддалаб келмоқда. Ҳаммаси бир аёлнинг билагидаги кучи, иштиёқ ва ғайрати меваси эканини кўриб, Раъно Валиева нега шу вақт­гача мукофотга тавсия этилмаган, дея ажабланардик. Орадан 40 йил ўтиб, фермернинг меҳнати қадр топди. 2017 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланди. Бу деҳқон ҳаётидаги эътироф, сабру қаноати, меҳнату машаққатлар мукофоти бўлди!

— 2017 йил хотирамда унутилмас йил сифатида муҳрланган, — дейди опа мамнуният билан. — Ўша йили биринчи бор мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ходимлари куни байрам сифатида нишонланди. Туман ҳокимлигидан қўнғироқ қилиб, Тошкентга — байрамга боришим кераклигини айтишганида, ҳаяжондан шошиб қолдим. Тантанали анжуманда иштирок этиш, узоқ йил кўрмаган ҳамкасблар дийдорини кўриш иштиёқи юрагимни орзиқтирди. Тайёргарлик кўриб, яхши ният билан йўлга чиқдим. Тантанада давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг иштирок этиб, юксак мукофотни у кишидан шахсан қабул қилиб олганим ҳаётимдаги энг бахтли ҳодиса бўлди. “Навоий халқини ҳурмат қиламан, қизилтепаликларни яхши кўраман”, деган самимий сўзлари ҳамон қулоғим остида жаранглайди.

…Тандирда ёпилаётган ноннинг ширин ҳиди атрофни тутди. Ишчилар учун кечки дастурхон ҳозирланди. Раъно опа буғдой ҳам, ун ҳам ўзимизники, сабзавоту полиз маҳсулотлари, мош, ловия, нўхат ҳаммаси ўз еримиздан чиқади, дея таъкидлаганига қараганда, бозордан ҳеч нима харид қилинмайди. Ўчоқда дамланган ош ишдан ҳориб қайтган меҳнаткашларнинг иштаҳасини қитиқлади. Бир пасда катта давра ҳосил бўлиб, бир-бирига ҳазил-ҳузил қилаётган ишчилар опани тўрга ўтқазиб қўйишди. Ким чой тутган, ким аҳвол сўраган. Катта бир байрамни, тўйни эслатарди бу давра. Ана шундай аҳиллик, бирлик бор жойда унум, барака бўлади. Хўжалик раҳбари аёлми, эркакми, муҳими, узоқни кўра оладиган, ишнинг кўзини билган етакчи бўлсин экан!

… Юлдузлар бирин-сирин милтиллаётган оқшом чоғи чўл бағридан қайтар эканмиз, инсон иродаси мустаҳкам бўлса, ҳамма чиғириқлардан мардонавор ўтиши, меҳнати меваларидан баҳраманд ҳолда, ютуқларидан фахрланишига яна бир бор гувоҳ бўлдик.

Ҳилола Исматова

Навоий вилояти.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × two =