Чет эл маҳсулоти ишончлими?

Ҳар бир ривожланган давлатда истеъмол маҳсулотларини сертификатлаштириш тизимини такомиллаштириш, истеъмолчиларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш ва уларни сифатли, ҳаёт учун хавфсиз маҳсулот билан таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.

Халқимизнинг истеъмол маданияти ҳамда талаблари кундан-кунга ошиб бормоқда. Бу ҳолат юртимизда соғлом рақобатни юзага келтиради. Бозорларда сифатли маҳсулотлар кўпаяди. Аммо бозорларимизни фақат ўзимизнинг маҳсулотлар билан тўлдириб бўлмайди, албатта. Электроника воситалари, хомашё ва кийим-кечак сингари яшашимиз учун зарур бўладиган айрим тайёр маҳсулотлар чет давлатлардан келади. Аммо мартаба билан “чет элники” дея кириб келаётган маҳсулотларнинг ҳаммаси ҳам ишончлими? Хориждан келтирилаётган маҳсулотлар қайси мезонлар асосида текширувдан ўтказилади ва уларга қўйиладиган талаблар қандай?

Мазкур саволларга Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда импорт маҳсулотлар сифатига эътибор қаратиш: маҳаллий маҳсулотларнинг ҳамёнбоплиги ва аҳоли талабларига мослигини истеъмолчиларга тушунтириш” мавзуида куни кеча бўлиб ўтган матбуот анжуманида жавоб олишга уриндик.

— Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунига асосан дори-дармон, озиқ-овқат ва маиший кимё товарларида уларнинг ишлаб чиқарилган санаси, яроқлилик муддати кўрсатилмаган товарларни реализация қилиш ман этилади, — дейди Давлат божхона қўмитаси бош­қарма бошлиғи ўринбосари Отабек Ҳасанов.

— Қолаверса, юртимизга олиб кириладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифат кўрсаткичларига, санитария ва хавф­сизлик талабларига мувофиқлиги сертификатлаш идоралари томонидан тақдим этиладиган рухсатнома ҳужжатлари асосида назорат қилинади. Бунга кўра, товарлар табиатидан келиб чиқиб мувофиқлик, гигиеник, ветеринария, фитосанитария ва экология бўйича сертификатлаштирилади.

Импорт қилинаётган товарларни эркин муомалага чиқариш божхона режимига норматив ҳужжатларга асосан тегишли равишда давлат стандартлари ёки гигиеник, ветеринария, фитосанитария, экологик нормалар ва талаблар мавжуд бўлган тақдирда расмийлаштирилади.

— Чегара постлари орқали тижорат мақсадини кўзлаб, маҳсулот олиб ўтишнинг қандай салбий оқибатлари бор?

— Масалан, жисмоний шахс чегара орқали кондиционерларни имтиёзли норма билан, кейинчалик тижорат мақсадида республикага олиб киряпти. Хўш, бунинг оқибати нима бўлади? Биринчидан, ушбу совутгич ва кондиционерларнинг хавфсизлигини кафолатловчи мувофиқлик сертификати бўлмайди. Маҳсулотни харид қилган истеъмолчи эса хавфли буюмга эгалик қилишига сабаб бўлади. Музлатгич ва кондиционерлар озон емирувчи моддалар, яъни фреонлар ёрдамида ишлайди. Халқаро Монреал протоколи ва Вена конвенцияси асосида қабул қилинган қарорга кўра, юртимизга кўп турдаги фреонларни республикага олиб кириш тақиқланган. Ноқонуний тарзда бозорларда ушбу маҳсулотнинг пайдо бўлиши қонун йўли доирасида келган маҳсулотлар билан рақобатдош бўлиб қолади ва оқибатда бозорларда носоғлом савдо муҳити ҳосил бўлади.

— Техника буюмларидан таш­қари кенг турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам кириб келади. Егуликларнинг ишончлилик даражаси қай даражада?

— Давлат истеъмол товарларининг хавф­сиз сотувга чиқарилиши ва кириб келиши учун жавобгар. Шундай экан озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий кўрсаткичларидан бири маҳсулотнинг хавфсизлиги ҳисобланади. Ҳар бир озиқ-овқат маҳсулотининг белгиланган ва талаб этиладиган сақлаш ва ташиш меъёрлари мавжуд. Масалан, тез бузиладиган ва совутгичларда сақланадиган озиқ-овқат маҳсулотларига гўшт ва гўшт маҳсулотлари (колбаса, консерва), сут ва сут маҳсулотлари (ёгурт, пишлоқ, сарёғ), балиқ, тухум, қандолат ва ҳоказо маҳсулотларини киритишимиз мумкин. Ушбу маҳсулотларни ташишда санитария ва гигиена қоидаларига риоя этилиши шарт! Чунки мазкур озиқ-овқат маҳсулотлари белгиланган меъёрлар талабида олиб келинмаса, микроорганизмларнинг ривожланиши ва кўпайишига олиб келади. Бу маҳсулотлар истеъмол қилинса, ўткир юқумли ошқозон ичак касалликларини келтириб чиқаради. Бу эса инсон саломатлиги учун хавфли.

Қолаверса, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича лаборатория синовлари ва текширувларидан ўтиши ва мувофиқлик, санитария-эпидемиология сертификатлари билан таъминланган бўлиши керак.

Афсуски, охирги пайтларда, чегара ўтказиш пунктлари орқали жисмоний шахслар томонидан озиқ-ов­қат маҳсулотларини ўз эҳтиёжи учун нормаси сифатида маълум қилиб, кейинчалик эса республикамизнинг ички ҳудудларида сотиш ҳолатлари учрамоқда.

Агар жисмоний шахс болалар бўтқаси, яъни каша озиқ-овқат маҳсулотини ўз эҳтиёжи учун, фарзандига олиб кираётган бўлса, уни эҳтиётини қилиши мумкин. Агар “тадбиркор” бундан тижоратни кўзлаган бўлса-чи? Болалар бўтқасини сақлаш ва ташиш шароти 5-20°С ҳарорат деб белгиланган. Ёз фаслида ҳарорат 40°С кам эмас, кашаларни шу ҳавода сумкага жойлаб олиб кирилиши ва истеъмол учун болаларга берилиши оқибатида келадиган салбий оқибатни ўйлашнинг ўзи инсонни қўрқувга солади. Ҳеч қандай ҳужжатларсиз олиб кирилган товар мувофиқлик талаблари бўйича текширилмайди. Қолаверса, ушбу кашалар ким томонидан, қандай шароитларда тайёрланганлиги, уларни қалбакилаштирилмаганлиги кафолатланмайди.

Тадбирда юртимизда хорижда истеъмолда бўлган кийимларнинг иккиламчи бозори ҳам пайдо бўлгани айтилди. Нисбатан арзон сотилган ушбу кийимлар қай даражада хавфсиз ва гигиеник талабларга жавоб беради? Ушбу саволга Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси ўринбосари Иномжон Тоғаев жавоб берди.

— Харидоргир “секонд хенд”, яъни хорижда кийилган маҳсулотлар арзон нарх­да юртимизда сотилиши ва бу маҳсулотларнинг текширилмаслиги аҳоли саломатлиги учун зарари йўқ, деб айта олмаймиз. Янги маҳсулотни сертификатлаштириш, ишлаб чиқариш санаси бўйича аниқланиши мумкин. Бунда унинг партиясидан намуналар олиб текширилади. Аввал истеъмолда бўлган маҳсулотда бу амалиётни қўллаб бўлмайди. Тўқимачилик маҳсулотларида хавфли кимёвий ёки биологик моддалар, касалликлар бўлиши мумкин, шунинг учун ҳар бир намунани синовдан ўтказиш зарур. Баъзан, кийилган кийимлар дўкон расталарига келиб тушишидан аввал дезинфекция қилинади. Буюмларга хавфли токсик модда — формалдегид билан ишлов берилади. Ушбу модда эса сурункали касалликлар қўзғалишига ёки астма пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Энг ёмони ҳатто формалдегид саратон касали ривожланишига сабаб бўлади.

Аввал истеъмолда бўлган кийимлардан бутунлай фойдаланманглар деб халқ­қа тақиқ қўя олмаймиз. Сабаби, жуда кўпчилик шунинг орқасидан тирикчилик қилади.

Абдурауф Расулов,

“Ўзстандарт” агентлиги матбуот котиби:

— Мавзу доирасида айтиб ўтишни лозим топдим. Бир куни танишим икки кунга квартира кераклигини айтиб қўнғироқ қилди. Сабабини сўрасам, битта кўп қаватли уйда турадиган қўшниси эски кийим-кечак савдоси билан шуғулланишини ва бутун бошли уйда одам саломатлиги учун хавфли бўлган кана кўпайиб кетгани, оқибатда хонадонлар дезинфексияга муҳтож бўлиб қолганини айтди. Агар шароит шунга мажбур қилмаса, кимлиги аниқ бўлмаган инсонлар кийган кийимларни киймасликни тавсия қиламан. Чунки, тери касалликлари ривожланиши ва тар­қалиши мана шундай гигиена талабларига риоя қилмасликдан келиб чиқади. Маълумот учун айтишим мумкинки, Республикамизга Шарқий Африканинг бир қатор мамлакатларида хавфсизлик нуқтаи назаридан истеъмолда бўлган кийим олиб кирилиши, шунингдек, истеъмолда бўлган эҳтиёт қисмлар олиб кирилиши тақиқланган. Шунинг­дек, электротехник саноат маҳсулотлари, эҳтиёт қисмлар, шу жумладан, шиналар ўз фойдаланиш ресурсига эга ва улардан узоқ муддат фойдалангани сари улар атроф-муҳитга, инсон соғлигига ва мулкига негатив таъсир кўрсатади. Жорий йилда Хитой Халқ Республикасида ишлаб чиқарилган 500 млн. сўм миқдордаги автомобиль шиналари юртимизда текширувдан ўтказилганда яроқсиз эканлиги аниқланди. Яъни, шиналар — йўл қопламасига мос эмаслиги, ёқилғи тақчиллигининг ортиши, ички нуқсонлар аниқланган. Кўрсатилган меъёрлар бўйича жавоб бермаган.

— Тегишли лаборатория текширувларидан ўтган ва сифатли деган хулосани олган маҳсулотлар ҳеч қандай чекловларсиз истеъмол учун тарқатилади. Аммо гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, Республикамизга белгиланган меъёр талабларига номувофиқ, сифатсиз ва сохталаштирилган маҳсулотларнинг кириб келиш ҳолатлари мавжуд, — дейди Республика синов ва сертификатлаштириш маркази директори А.Мустафоев. — Жорий йилнинг 8 ойи натижаларига кўра, импорт маҳсулотларини сертификатлаштириш жараёнида жами миқдори 2,9 млрд. сўм бўлган 14 турдаги маҳсулот бўйича 20 ҳолатларда белгиланган меъёрларга номувофиқлиги аниқланган.

Бутунжаҳон савдо ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили ривожланган мамлакатларнинг деярли 30 фоиз аҳолиси озиқ-овқатдан заҳарланиш билан боғлиқ касалликлардан азият чекади. Шундай қилиб, АҚШда ҳар йили озиқ-овқат билан боғлиқ 76 миллионга яқин касалланиш ҳолатлари қайд этилиб, улардан 325 минг ҳолатда шифохонага ётиш ва 5 минг ҳолатда ўлимга олиб келган.

Озиқ-овқат маҳсулотларининг айрим турларини (гўшт консервалари, сут маҳсулотлари, қандолат маҳсулотлари) тўлиқ синовлардан ўтказиш учун 6 кун, қурилиш материаллари (цемент, ғишт, темир-бетон буюмлар, шағал) учун 30 кун, электротехник маҳсулот (аккумуляторлар, кабел) учун 25 кун, енгил саноат маҳсулотлари учун 9 кундан 13 кунгача вақт зарур.

Савдо нуқталарида сотиладиган маҳсулотларни тўлиқ синовлардан ўтказиш бўйича ўтган даврда ўтказилган тадбирлар борасида ҳам импорт, ҳам маҳаллий болалар ўйинчоқлари, болалар пойабзаллари, қуюлтирилган сут, пишлоқ, колбаса ва муз­қаймоқ намуналари белгиланган талабларга номувофиқлиги аниқланди.

Синов натижаларига кўра, болалар ўйинчоқлари ва болалар пойабзаллари формалдегид миқдори бўйича номувофиқ бўлиб, миқдори 0,031 мг/м3 ташкил этган, бу эса белгиланган нормадан 10 баробар юқори.

Колбаса маҳсулотларида крахмалнинг ошиб кетгани қайд этилган, шунингдек, трансёғлар ва думба ёғининг ўрнига ишлатиладиган ёғ ўрнини босувчи сунъий моддалар аниқланган.

2019 йилда болалар ўйинчоқлари (Хитойда ишлаб чиқарилган), сирка (Россияда ишлаб чиқарилган), томат кетчупи (Қирғизистонда ишлаб чиқарилган), “Боржоми” минерал суви (Грузияда ишлаб чиқарилган), товуқ сосискаларидаги (Канадада ишлаб чиқарилган) номувофиқликлар аниқланди.

Хиндистонда, Хитойда ишлаб чиқарилган тўқимачилик маҳсулотларидан пробалар танлаб олиниб, синовлардан ўтказилди ва уларнинг натижалари бўйича маҳсулотнинг танлаб олинган намуналари белгиланган нормалар бўйича мос равишда 1 ва 3 кўрсаткичларга номувофиқ чиқди.

“Боржоми” минерал суви “минерализация (К, На)” ва “перманганат оксидланиш” кўрсаткичлари бўйича стандарт талабларига жавоб бермайди.

Қозоғистон Республикасида ишлаб чиқарилган палма ёғи иккита кўрсаткич бўйича номувофиқ (никел миқдорининг ошиши 2 баробар, трансёғларники – 4,5 баробар).

Мазкур ҳолатлар юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда.

Феруза Раҳимова.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × five =