Ўқувчини алдаб тарбиялаб бўлмайди

Мамлакатимизда таълим тизимини ислоҳ қилиш, ўқувчи-ёшларнинг замон талаблари асосида билим олишларини таъминлаш, она тилимиз баробарида хориж тилларини ўрганиб, дунёни забт этиш давлатимиз томонидан бош мақсад қилиб белгиланган. Самарқанд вилояти, Ургут тумани Халқ таълими бўлими мудири вазифасини бажарувчи, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига Ўзбекистон Либерал демократик партияси номзоди Ғайрат Абдиев билан суҳбатимиз айнан туманда таълим соҳасида олиб борилаётган ишлар ҳамда сайловолди дастури хусусида бўлди.

— Аввало, бугунги кун кечаги даврдан тубдан фарқ қилади. Бугунги ўқувчи ички қобиқдан чиқиб, ташқи дунё билан юзма-юз мулоқот қилаяпти, халқаро миқёсда содир бўлаётган глобал ўзгаришлардан хабардор авлод ҳисобланади. Айтингчи, сиз бевосита раҳбарлик вазифасини бажараётган Ургут туманидаги таълим тизимида қандай янгиланишлар бор, устозлар ва ўқувчилар ўртасидаги “Устоз-шогирд” анъанасига риоя қилинаяптими? Дарслар глобаллашув жараёнига мосми?

— Ургут азалдан илм аҳли маскани бўлиб келган, ҳозирги кунда ҳам юртимиздаги нуфузли илм даргоҳларида, зиё масканларида фаолият олиб бораётган ургутлик олимлар талайгина. Барибир ҳар қандай илм қонда бўлмаса авлодга юқмайди. Таълим-тарбия оиладан бошланиши тўғри, аммо ўзинг яшаб турган масканда эл назаридаги ўрнак бўлгулик инсонлар борлиги ҳам ўқувчида ички иштиёқни уйғотади. Уларга ўхшагиси келади, ўқийди, изланади.

Саволингизга келсак, ҳақиқатан бугун кечаги кунги дарс ўтиш услуби билан ўқувчини алдаб, тарбия­лаб бўлмайди. Замонга қараб таълимга янгича ёндашишни давр талаб этаяпти. Биз, биринчи нав­батда, ўрта умумтаълим мактабларимизда қотиб қолган, қолипдаги эскирган дарс соатларини бир мунча такомиллаштирдик. Бунинг учун, ҳар бир мактабнинг ички тузилмаси ўрганиб чиқилди. Янгиликни хушламайдиган, дарс соатларида амалий ўқув қуролларидан фойдаланмайдиган, ўзининг устида ишлашга хоҳиши бўлмаган раҳбарлар фаолиятига кескин баҳо берилди.

Шу тариқа, 2019 йилнинг февраль ойига қадар, яъни 2018 йилнинг ноябридан ўтган 4 ойда тумандаги ўрта умумтаълим мактабларига 63 марта услубий ёрдамлар кўрсатилди. Шунингдек, янгиланишга интилмаган 6 нафар мактаб директори, 7 нафар ўқув, 5 нафар маънавий-маърифий, 17 нафар хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосарлари ўз лавозимидан олинди.

— Албатта, ҳар бир дарс ўқувчининг қизиқишига қараб ўтилиши керак. Дейлик, адабиёт дарсида Алишер Навоий ғазалиёти ҳақида ўқувчига тушунча берилар экан, улуғ шоир яшаган давр ҳақида, яъни маданий ҳаёт, давлат бошқаруви, туркий тил шевалари, атамалар борасида етарлича айтилса ўқувчида ғазал ҳақида тушунча пайдо бўлади, англаш қобилияти уйғонади. Ёки физик Исаак Ньютон олманинг бошига тушиши билан бутун олам тортишиш қонунини яратмаган, бу бир сабаб холос.

Социализм­дан қолган бу фалсафага ҳозирги ўқувчи ишонмайди. И.Ньютон ўзи ким эди? Тортишиш қонунини яратгунча нима иш билан машғул бўлган? Унинг олиб борган тажрибалари ҳақида, албатта, айтиб ўтилиши керак, назаримда. Айтингчи, дарслар қандай ўтилаяпти?

— Тўғри, ҳозирда туманда фаолият кўрсатаётган 778 нафар ўрта-махсус маълумотли ўқитувчиларнинг 119 нафари олий таълим муассасаларида сиртдан ўқимоқда. Қолганларининг ҳам олий маълумотли бўлиши режамизда бор. Албатта, маълумот олий бўлгани билан қўшимча фанларни ўзлаштирмаган ўқитувчи мукаммал дарс ўтолмайди. Шунинг учун, уларнинг билимларини ошириб бориш лойиҳаси ишланган бўлиб, етук олимларни жалб қилган ҳолда малака ошириш курслари ташкил қилмоқчимиз.

Мен ўйлайманки, ўқитувчидан талаб қилишдан олдин шароит яратиш лозим бўлади. Бу борада тумандаги ўрта умумтаълим мактабларини замонавий технологиялар билан таъминлаш, амалиёт дарс­ларини жиҳозланган синфхоналарда ўтилишини ташкил этиш учун моддий-техника базасини яхшилаш мақсадида маҳаллий ва инвестиция маблағлари асосида мавжуд мактабларни капитал таъмирлаш, янгисини қуриш учун биргина 2019 йилда 11 495 миллион сўмлик маблағ сарфланди.

Мақсадимиз ҳам туманимиздаги ҳар бир ўқитувчи ўз ўқувчисини баркамол қилиб вояга етказсин, ўқувчининг мактабда олган билими мустаҳкам бўлса, ҳар қандай олий ўқув юртига кириш имтиҳонларини аълога топширади.

— Ўзбекистон янгиланиш, юксалиш босқичида турган бир паллада мамлакатимиз ҳаётида муҳим воқеа — 22 декабрда бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига ЎзЛиДеПдан номзод экансиз. Албатта, ўз дастурингиз ҳам бор, сиз депутат бўлсангиз юртнинг тараққий топиши, аҳолининг фаровон турмуш кечириши йўлида қандай мақсадларни сайлов олди дастурингизга киритгансиз?

— Ўзбекистонимизнинг келажакда бунданда қудратли, очиқ ва рақобатбардош бўлиши йўналишида дастур ишлаб чиққанмиз. Партиямизнинг ҳам асосий мақсади, қатъий позицияси амалда ишлайдиган қонунлар тарафдорлиги, қонуности ҳужжатлар билан умуммажбурий нормалар белгилашга чек қўйишдир. Биз халқ вакиллик органларининг фуқаролар учун очиқлигини қўллаймиз, “Электрон парламент”, “Электрон Халқ кенгаши депутатлари” сингари тизимни ҳаётга изчил татбиқ этиш тарафдоримиз.

Янги Ўзбекистон — қонун ва адолат устуворлиги тамойилларига амал қиладиган мамлакат. Шундай экан, коррупцияни бутунлай тугатиш, “Тоза қўллар” сиёсатини маъқуллаш бурчимиз.

Тадбиркорликка тўсқинлик — давлат сиёсатига тўсқинлик, деб тушунамиз. Кучли ва фаровон жамият қуришда рақобатбардошликка эришиш муҳим ҳисобланади. Бунда ҳар бир тадбиркорнинг эркин фаолиятига йўл очиш, импорт ва экспорт салоҳиятини ошириш мақсадга эришишнинг энг долзарб йўлидир. Уларнинг ўсиш ва ривожланишига қўйилган ҳар қандай тўсиқ жамиятдаги барқарорликка путур етказади.

Энг муҳими, бизнес юритишнинг истиқболли халқаси мустаҳкам бўлса, келажаги ишончли бўлади. Тадбиркорлик соҳасини тартибга солувчи юзлаб қонун ҳужжатлари имзоланган, эндиликда “Тадбиркорлик кодекси”ни ишлаб чиқишда камарбаста бўлиш ҳам асосий мақсадларимиздан бири ҳисобланади.

Мен ўйлайманки, 2020-2025 йилларда республикада хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш вақти келди. Шу маънода, туманимизни дунё туризм марказига айлантириш, жаҳондаги энг илғор турис­тик шаҳарлар қаторига олиб чиқиш ҳам ҳаракат дастуримизга киритилган.

Қачонки, инсон мақсад сари интилар экан, йўлда учрайдиган баланд-паст­ликлардан ҳайиқмасдан, олға ҳаракат қилиши, албатта, кўзлаган манзилига етиб боришида тиргак вазифасини бажаради.

Бетакрор юртимиз, меҳнаткаш халқимизга садоқат билан хизмат қилиш ҳар биримиз учун муқаддас бурч, юксак шарафдир.

“Hurriyat” мухбири

Убайдулла Хўжаниёзов cуҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve − seven =