Сўз ишқи

Ишқ – кенг тушунча. Унинг тури – кўп: Худога, ёрга, касбу корга, бойликка, спортга… ишқ, дегандек. Шулар орасида сўзга ишқ ҳам бор. Бу ишқ қўлга қалам тутқазади. У ҳақиқий бўлса, киши умрининг охиригача бу қаламни ташламайди.

Ўтган йилнинг 21 декабрь куни шоир ва публицист Тошпўлат Аҳмад вафот этганларини эшитиб, дафъатан кўнгилдан шу фикр ўтди.

Бухоро адабий муҳити вакилларини уч гуруҳга — Тошкентда таълим олганлар, Самарқандда таҳсил кўрганлар ва Бухорода ўқиганларга бўлиш мумкин. Тошпўлат ака ана шу иккинчи тоифага мансуб, яъни 1965 йили Самарқанд давлат университетини битирган эди.

1975 йил эди. Ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультети 4-босқични тугатган каминани “Бухоро ҳақиқати” (ҳозирги “Бухоронома”) газетаси таҳририятига амалиёт ўташ учун юборди. Июнь ойида амалиёт ўтадим. Кейин сентябрь – ноябрь ойларида яна ишлаб чиқариш амалиётида маош олиб, газетанинг саноат бўлимида адабий ходим бўлиб ишладим. Тошпўлат ака яқиндагина Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимига масъул котиб бўлиб ишга ўтган эканлар. Аввало, олдин ишлаган жамоалари, қолаверса, шеърларию мақолаларини машинкада тердириш учун таҳририятга тез-тез келиб турар эдилар. Машинка етарли эдию ҳарф терувчиларнинг қўли-қўлига тегмас эди. Кутиб қолар эдилар. Бир куни:

— Келинг, устоз, диктовка қилиб туринг, мен териб бераман, — дедим. 15 ёшимда ёзги таътил пайти туманимиз газетаси таҳририятида маош олиб ишлаган кезларим катта қизиқиш билан машинкада ёзишни ўрганиб олган эдим. Факультетда бу бўйича махсус дарс ҳам ўқидик. 3-босқичда отам пальто олишим учун берган пулларни асраб, “Москва” деган портатив машинка сотиб олган эдим. Тез ёзардим.

Шунга ҳам қарийб 45 йил бўлибди. Ака-укалигимиз, устоз-шогирд­лигимиз шунча йил давом этди. Умрнинг ўткинчилигию дийдор ғаниматлигини қарангки, роппа-роса 35 кун бурун, яъни 16 ноябрь куни Бухоро давлат университетининг анжуманлар залида ёнма-ён ўтириб, Садриддин Салим Бухорий таваллудининг 73 йиллиги муносабати билан “Шариф шаҳар шоири” мавзуидаги хотира кечасини ўтказдик. Чиройли чиқиш қилдилар. Янги китоблари чоп этилганини, уни, албатта, етказажакларини айтган эдилар.

Минтақаларимизда яшаб, ижод қилаётган қаламкашларимизга хос бир-икки жиҳат борки, буни марказдаги ижод аҳлида кам кузатамиз. Улар адабиёт оламида пайдо бўлган асарлардан ҳаммадан олдин хабар топади. Чунки шундай қилмаса, адабий муҳитдан узилиб қолиши ҳеч гап эмас-да. Назаримда, бу ижодкорларнинг жисми ўша ҳудудда яшайдию руҳи пойтахтда кезади.

Камина Бухорода Эркин Воҳидов билан Абдулла Орипов эълон қилган ҳар бир шеърни ўз вақтида топиб, ўқиб юрадиган бошқа кишини кўрмаганман.

Минтақаларимиздаги аҳли адабнинг яна бир фазилати уларнинг халққа яқинлигида кўринади. У ёқларда катта-катта маънавий-маърифий тадбирларнинг шоирсиз ўтадигани — кам. Бу эса адабиётни, сўзни халққа яқинлаштиришга хизмат қилади. Издиҳомларда шоир ёниб шеър ўқиб турса, демак, адабиёт яшаяпти, халқ миллий ҳаётни бадиий сўзсиз тасаввур қилиб бўлмаслигини англаб турибди. Дарвоқе, Тошпўлат ака ўз шеърларини кифтини келтириб ўқир эдилар. Овозлари шу қадар жарангдор эдики, у кишини бетаъсир, беэътибор, шунчаки эшитишнинг асло иложи йўқ эди.

Ҳовлиларининг дарвозахонасидан кириладиган унча-мунча қаламкаш ҳавас қилса арзигулик ижодхоналари бор. Акамиз бу хос хонада завқ-шавқ билан ишладилар.

Замонамиз шоирлари ҳаётини журналистикасиз тасаввур қилиб бўлмайди. Тошпўлат ака ҳам иш фаолиятларини 1964 йили Самарқанд вилояти газетаси таҳририятида адабий ходимликдан бошлаган эди. 1965–1975 йиллари Бухоро вилояти газетаси таҳририятида адабий ходим, таржимон, бўлим мудири бўлиб меҳнат қилдилар. 1993–1996 йиллари вилоят газетаси “Бухоро ҳақиқати”га, кейин “Бухоро мавжлари” адабий-маърифий журналига бош муҳаррир бўлдилар.

Шўро даврида ҳеч бир вилоятимизда журнал чоп этилмас, нашриётлар ҳам йўқ, буни хаёлга ҳам келтириб бўлмас эди. Ҳолбуки, вилоятларимиз марказлари ҳисобланмиш кўп шаҳарларимиз, жумладан, Бухорои шариф ҳам қадим-қадимдан илм-фан, маданият, адабиёт ва санъат равнақ топган маърифат гўшалари бўлган. Тошпўлат ака “Бухоро мавжлари” адабий-маърифий журналига асос солиб, бош муҳаррир сифатида қарийб йигирма йил давомида унинг мунтазам чоп этилишига эришдилар. Унинг саҳифаларида адабиётимиз ва маърифатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшган кўп-кўп асарлар босилди. Афсус, давлат бюджетидан молиявий қувват олиб турган нуфузли-нуфузли журналларимиз адади ҳам зўрға мингтага етиб-етмай турган мураккаб бир шароитда бу йилдан эътиборан “Бухоро мавжлари” фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди.

Тошпўлат ака Бухоро қаламкашларининг сардори эдилар. Чунки у киши 40 (1975–2015) йил мобайнида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимини бошқардилар. Минтақада соғлом адабий муҳит яратиш, ёзилаётган асарлар бадиий савиясини кўтаришга ҳисса қўшиш, ёш истеъдодларни кашф этиб, уларни қўллаб-қувватлаш амалда ана шу бўлим зиммасига тушади. Бу даврда Бухорода Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари сони 32 нафарга етди. Фақат шеъриятгина эмас, ҳикоячилик, қиссачилик ва романчиликда яхши тажрибаларга қўл урилди. Бу бўлим, имкониятлари у қадар катта бўлмаса ҳам, амалда хориждан, пойтахтдан, ҳатто, мамлакатимизнинг бошқа минтақаларидан вилоятга ташриф буюрадиган қалам аҳлини кутиб олар, халқ билан учрашувлар ташкил этар эди.

“Бухоро юлдузи”, “Ўғлингман, ҳаёт”, “Қалбнинг оппоқ гавҳари”, “Очиқ эшик”, “Минорлар ва чинорлар”, “Иймон қалъаси”, “Фиғон”, “Шарқ тумори”, “Чорбакр”, “Бухоронома”, “Шарқ гавҳари” тўпламлари, достонлардан иборат “Саждагоҳ” мажмуаси, маърифий йўналишдаги “Қалам ва алам”, “Кўнглим гули — набирам”, “Соғинсангиз, мени изланг…”, “Бухоро — олтин тоғ”, “Лабиҳовузда Ой бал­қийди”, “Етти пир, етти авлиё” китоблари ўз ўқувчиларини топган эди.

Сўзга ишқи баланд бўлмаган одам бунча нарса ёза олмайди. Асарларида ҳаётдан ҳақиқат изладилар, топганларини қоғозга муҳр­лаб, китобхонлар билан баҳам кўришга уриндилар.

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шои­ри Абдулла Орипов бу соҳиби қаламга: “Уйғоқ руҳлар, тош битиклар куйчиси”, деб таъриф берган эди. Чунки Бухоро тарихини, бу заминдан ўтган не-не буюк зотлар ҳаёти ва фаолиятини ёритиш у киши асарларининг доимий мавзуларидан бўлиб келди.

Устоз “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” (1990 йил), “Меҳнат шуҳрати” (1998 йил) ҳамда “Эл-юрт ҳурмати” (2007 йил) орденлари соҳиби бўлган, “Олтин қалам” халқаро мукофоти билан ҳам тақдирланган.

Нима қиламиз, Яратган акамизга 77 йилу 8 кунлик ҳаёт берган экан. Энг муҳими, уни бесамар ўтказмадилар. Ортларида 29 номдаги шеърий, насрий ва публицис­тик китоб, саҳналаштирилган 2 драма (“Фидойилар”, “Қоялар ҳам қулайди”), кўплаб публицистик мақолалар, истеъдодли шогирдлар, кўп сонли мухлислар, солиҳ фарзандлар бор.

Чиройли одамлардан қалбларда ҳамиша чиройли хотира муҳрланиб қолади. Устоз ҳам зоҳиран, ҳам ботинан чиройли инсон эдилар.

Дарвоқе, Парвардигор доимо суйган бандаларининг мушкулини осон қилади. Акамиз бир лозим таъзияга бориш учун, кийиниб, дарвозалари олдида кутиб турган невараларининг машинасига ўтирибдилар-у, бандаликни бажо айлабдилар…

Ҳақнинг суйгани рост бўлсин.

Султонмурод Олим,

“Нақшбандия” журнали бош муҳаррири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 + 15 =