Тоғларнинг милкини ёради гуллар

* * *

Чайқаб юборилган ҳайратим қадар

Қуйқасин тинишин жим кутган виқор

Фақирнинг кифтидек чўкар дўнгликлар

Оқрўмол чўққилар ҳамон азадор.

Эшилиб, афсона айтган ҳар  шамол

Майса пешонасин терлатган бир он

Қайдадир, бешикда умид тебратиб

Алла ўрнига ҳам шеър айтар жувон.

Тоғларнинг милкини ёради гуллар

Сўзлар-ла суғоргум шомни сўнгги бор

Жим,

Ҳеч сўзлама

Ҳайратинг тўша,

Бурнинг ачишгунча ҳавони сипқор.

* * *

                            М. Цветаевага

Кўзингдаги ғамнинг ранги эскирдими?!*

Ҳаловат суқилиб кирар тобора.

Нега андуҳларинг умид рангида

Ойнинг ўн бешимас, ўттизи қора.

Наҳот, тақвимингда бахтли сана бор?!

Ўйлардим: азобга қорилган лойинг.

Ҳиссиз шимолдаги дўнг қабрдамас

Эркнинг тиғ етолмас кўзида жойинг!

О, сен фуқароси эмасдинг Ернинг

Ҳисларинг – самовий, маконинг – янглиш.

“Сендай юракларни асраб қолмаган

Дунёга ҳар куни ўқийман қарғиш”.¹

Туғён умидингда минг битта ямоқ

Дафтарим қатида ғам атак-чечак.

Эҳтимол, шеърлари кўзга айланиб

Сендан ҳамон мактуб кутар Пастернак.

Кўзингдаги ғамнинг ранги эскирдими?…

* Муслимбек Мусаллам мисраси

* * *

Кун-бакун ётсираб боради ҳовли,

Тўлар димоғимга унсиз хўрсиниқ.

Олов қучолмаган эски тандирда

отамнинг бардоши ― нам тутантириқ.

Бобо, дим шаҳарда айниди ҳислар,

Гуллар нуқсида ҳам сербезак тартиб.

Тупроқсиз йўлларга сочилган излар,

Қуёшсиз нурларни кўряпман татиб.

Тегмайди бошимга бунда юлдузлар,

Эътиқод кафтига ёпишар гумон.

Фақат, жойнамозинг устида қолган

Бир сиқим тасбеҳга қамалган иймон.

Ҳазин оятингни қадасам кентга

Ғирром нигоҳини тикади зоғлар.

Сенинг илдизларинг жим тиловатда,

Қиблангга айланиб бўлганми тоғлар?

* * *

Бир ҳовуч ҳақиқат сочиб кифтингга,

меҳробинг пойига кўмганда қуёш,

ҳамиятинг ювиб туширса юздан

сағир, лойқа ёш…

Тушинг хўрсиниғи аллалаб тунни

оймомо ҳўнграса, чиқмаса-ю ун,

қон-қонингга ботиб, омихта бўлса

томирингда тун.

Шууринг бир зумга ижара олсам,

Кезинсам, хотиринг тўкмаса оҳор.

Фақат туш фаслида яшасак, зинҳор

келмаса баҳор.

Намозшом гулласа, ҳисларинг гулгун,

Суғорсанг шудринг-ла қақроқ ҳушларни,

Тоабад яширсанг кўзинг бурчига

мовий тушларни.

* * *

Сен ғужур уруғин қададинг тоғга,

мен кентларга сочдим тўзғоқ изларим.

Онам тонгга қимиз сузиб берган пайт

лаблари тамшаниб қолди ҳисларим.

Ака,

қақшаб кетди мудроқ тизларим.

Сукутга чайилган масрур чўққининг

кўзимга эниши энди даргумон.

Қара, мунғайганча турар илвираб

Юлдузи саналмай қўйилган осмон.

Ҳайҳот, 

кунларимнинг рангими сомон?

Ҳайрати ямоқли кўзим бурчида

ўзининг қонини сипқорган ҳадик –

Бобом ясаб берган ҳалинчакларда

самога орзусин ортган болалик.

Наҳот,

тоғларнинг ҳам кўзи жолали?

Мен кентларга сочдим тўзғоқ  ҳисларим…

* * *

Кўзларингнинг нури туйқус титраб кетар,

Сўзинг ― кимхоб, кийиб олар безовталик.

Мужгонингнинг ич-ичига ботиб кетар

қуюқ ҳадик.

Уфунатнинг иси келар ғамларингдан,

қидирасан бўшлиқларнинг тиниғини.

Бораман ортингдан изма из териб

ҳисларингнинг синиғини.

Шууринг чайқатар ҳар тунда биров,

ғорат қилиб оловранг туйғуларингни.

Энди унга ― тунга этасан нисор

лойқаланган кулгуларингни.

Самони тизлатар бир кафт оғриғинг,

юлдузлар ойга йўл очар кўзингдан.

Сен эса яшайсан эркни қизғониб

Ўзингдан!

* * *

Борлиқ

тун тилида шивирлар ҳазин,

Онамнинг алласи тупроққа қулар.

Юлдузнинг юзига парда тортганча

Лапанглар ёмғирга юкли булутлар.

Шу кун

ғўр қисматим чайилар тунга

Тушнинг киссасига қамалар кузак.

Дилпазир ой билан шеър айтиб чиқиб,

тонг отгач пиқиллаб йиғлади юрак.

Юрак —

тақвимларни менсимас шаҳар,

Лаҳзани томирга жойлаган танми?

Онам қучоғида пишиб етилган

Ҳаловатнинг сўнгаклари мўртлашганми?

Юрак —

тақвимларни менсимас шаҳар…

 

Наврўза Маҳамадхўжаева

Наврўза Маҳамадхўжаева — Бўстонлиқ туманидаги Ғазалкент  шаҳрида туғилган. Шеърлари вилоят ва республика вақтли матбуот нашрларида эълон қилинган. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг филология факультети талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × one =