Жонли шаҳидлар
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида: “Кўпчилик зиёлилар қаторида мен ҳам бир фикрни ҳамиша катта армон билан ўйлайман: мамлакатимизда Учинчи Ренессансни йигирманчи асрда маърифатпарвар жадид боболаримиз амалга оширишлари мумкин эди. Нега деганда, бу фидойи ва жонкуяр зотлар бутун умрларини миллий уйғониш ғоясига бағишлаб, ўлкани жаҳолат ва қолоқликдан олиб чиқиш, миллатимизни ғафлат ботқоғидан қутқариш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этдилар. Шу йўлда улар ўзларининг азиз жонларини ҳам қурбон қилдилар. Улар “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас” деган ҳадиси шарифни ҳаётий эътиқод деб билдилар.
… Минг афсуски, жадид боболаримиз ўз олдига қўйган эзгу мақсадларни амалга оширишга мавжуд вазият, ижтимоий тузум йўл бермади. Маърифат фидойилари ўша даврнинг турли жоҳил кимсаларининг туҳмат маломатларига дучор бўлдилар. Аввал чор ҳукумати, кейинчалик совет ҳукумати уларни аёвсиз қувғин ва қатағон қилди. Шу тариқа миллий уйғониш ва тараққиёт ҳаракати эл-юртимиз учун армон бўлиб қолди”, деган эди.
Дарҳақиқат, ХХ асрнинг бошларида миллий уйғониш ғоясини кенг тарғиб қилган жадидчилардан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий бобомиз энг фаол, асосийси, миллат қайғуси билан яшаган фидойи эрксевар шахс эди.
Шу боисдан, ҳам Беҳбудий публицистикасининг таъсир кучи ниҳоятда катта. Улар ўз давридаёқ кенг халқ оммаси орасига, хусусан, зиёлилар даврасига етиб боргани яхши маълум. Беҳбудий ҳар бир мақоласи устида жиддий ўйлайди, унинг кимга мўлжалланган, нима мақсадида ёзилаётганини аниқ тасаввур этади. Худди шу ўринда биз адибнинг бадиий маҳорати ҳақида гапиришга бурчлимиз.
Мана шу маҳорат қандай намоён бўлади? Дастлаб шу саволга жавоб беришга уриниб кўрайлик. Бунда Беҳбудийнинг биргина сарлавҳалар танлашга эътиборни қаратайлик. Адибнинг кўплаб мақолалари сарлавҳасиданоқ киши диққатини тортади. Уларда адиб баён этмоқчи бўлган мақсад ва муддао ярқ этиб кўзга ташланади. Сарлавҳанинг ўзиёқ китобхонни бефарқ қолдирмайди. Уларда мавзунинг энг муҳим қирраси муҳрланган бўлади: “Ҳақ олинур, берилмас”, “Бухоронинг истиқболи қоронғулиқда”, “Ватанпарварлик керак”, “Оҳ, банклар бизни барбод этди”, “Эҳтиёжи миллат”, “Миллатни ким ислоҳ этади”, “Бизни кемирувчи одатлар”, “Омилимиз, ёинки муродимиз”, “Танқид сараламоқдур”, “Баёни ҳақиқат”, “Иттифоқ керак”, “Оҳ ва ҳасрат”, “Дума ва Туркистон”, “Тўй ва исроф”, “Миллатга мурожаат”.
Муҳими, уларнинг жуда кўпида Беҳбудийнинг шахсий муносабати очиқ билдирилади. “Ватанпарварлик керак”, “Тўй ва исроф”, “Миллатни ким ислоҳ этар”, “Эҳтиёжи миллат”ларда муаллифнинг тасдиқловчи ҳаракати, маъқуллаши, розилиги акс этса, “Оҳ, банклар бизни барбод этди”, “Бизни кемирувчи одатлар”, “Дума ва Туркистон”, “Миллатга мурожаат сингари” мақолаларида муаллифнинг инкор этувчи, қарши турувчи нуқтаи назари намоён бўлади. Буларнинг барчаси сарлавҳаданоқ ёзувчи-публицистнинг воқелик фактларига қизғин муносабат, мусбат ва манфий туйғуларнинг шиддатли туғёни, бирор воқеа, муаммо бўйича эркин эҳтиросли фикр билдиришга “даъват” мавжудлигини яна бир марта тасдиқлайди.
Шу ўринда, Беҳбудийнинг масалани кун тартибига қўйиш усули ҳақида гапириш жоиз. Адиб кўпгина ишни “муқаддима”дан бошлайди. Бу билан у суҳбатдош (журналхон, ўқувчи)ни масалага тайёрлайди, унинг фикрини шу масала устида жамланишига ёрдамлашади. Айни пайтда ўзи сўзламоқчи бўлган муаммони энг муҳим қирраларини бошқалар томонидан идрок қилиниши ва илғаб олишга шароит ва имкон яратади. Айрим мақолаларида бу ҳолатнинг очиқдан-очиқ таъкидланганини кўриш мумкин. Жумладан, “Ўқувчиларга ёрдам керак” мақоласида ўқиймиз: “Ҳар бир ишни муқаддимасини сўйлай олмаймиз”.
Амалда ҳам бу фикр ўзининг тўла тасдиғини топган. Айрим мисолларга мурожаат этайлик. “Ҳамманинг маълумидирким, эски ҳукумат замонида ҳар нимирса онинг амри ва жабри ила бўлурди. У нимирса бизнинг шариатимизга ва ё маишат ва миллатимизга зарар келтирса-да, кўмилган ҳукумат золиман жорий қилурди. Бинобарин эллик сана муддатда биз шариат, маишат ва ахлоқ жиҳатидан кўп таназзул этдик ва бизнинг тараққий ва ислоҳ йилларимизни эски ҳукуматнинг руслаштирувчи сиёсат одамлари ва миссионерлари бутун боғланган эди” (“Иттифоқ керак”. “Ҳуррият” газетаси, 1917 йил 26 сентябрь)
Беҳбудийнинг ишонтириш санъати — адиб маҳоратининг ёрқин белгиларидан биридир. Ҳар бир мақола айнан шу санъат билан зийнатланган. Фақатгина баёндаги сўзлар танлови, фикрнинг мантиқий оқими, изчиллигигина эмас, ҳаттоки воқеалар тафсилотидаги аниқлик, далил ва фактларнинг саноғидаги холислик ҳам ана шу ишончни таъминлайди. “Самарқандда миллий ишлар ҳақинда” мақоласида ёзади: “Ишланатурган ишлар ниҳоятда кўбдур, кучлар оздур. Йигирманчи рақамли “Ҳуррият” жаридаси воситасида Самарқанд вилоятидаги шаҳар уездларининг барча жамиятларидан ақла икки нафардан даъват қилинди, азбаройи Самарқанд “Вилоят жамияти”ни барпо этиб, мазкур йигирманчи рақам “Ҳуррият”да ёзилган масалаларнинг музокараси учун, ушбу важиҳдан вилоятлардаги уезд ва шаҳарларнинг мазкур одамлариға ва жамиятлариға бир неча мактубларда юборилди. 11 ва 12 июлда Самарқандда мажлис муассасалари интизорда бўлсинлар. Руслардан беш ўн нафар келдилар. Ҳатто Тошкентдаги “Деҳқонлар жамияти”дан икки даъфа икки нафардан вакиллар келдилар. Аммо Самарқанд вилоятининг Жиззах, Каттақўрғон, Хўжанд ва Ўратепа шаҳарларидан биргина нафар киши бўлсин, ушбу мажлис учун келмадилар. Ҳолбуки бу мажлисда Туркистон учун ҳаётий масалалар мазкур бўлинур эди”. (“Ҳуррият” газетаси, 1917 йил 28 июль).
Шу ўринда Беҳбудий мақолаларнинг ҳажми ҳақида тўхташ ўринли кўринади. Беҳбудийнинг йирик ҳажмли мақолалари йўқ ҳисобида. Уларнинг энг йириги ҳозирги ўлчамларда кўрадиган бўлсак 5-6 қоғоздан ортмайди. Қолгани эса икки, уч қоғоз ҳажмига тенг. Мана шу ҳолатнинг ўзи ҳам Беҳбудий мақолаларининг кучи унинг ихчамлигида, фикрининг сиқиқ ва лўнда аниқлигида кўринади.
Адиб тилининг ширадорлигини, таъсирчанлигини, унинг халқ тилига, аниқроғи, сўзлашув услубига яқинлиги билан изоҳлаш мумкин. Беҳбудий халқ тилида гапиради. Шунинг учун ҳам унинг мақолаларида халқона таъбирлар, матнлар тез-тез кўзга ташланади. Шу руҳнинг таъсири бўлса керак Беҳбудийнинг баъзи иборалари, ҳикмат ва мақол даражасига кўтарилади. Беҳбудий асарлари матнига сингдирилган халқ мақоллари янгича жило билан кўзга ташланади. Мисол учун, “Бола йиғламаса, она сут бермайди” мақоли одатда эҳтиёж тақозоси кучли бўлган ҳолатларда қўлланилиши маълум.
Беҳбудий тилида бу мақол миллатнинг ижтимоий-сиёсий эҳтиёжлари қай даражада эканлигини таъкидлаш учун қўлланади. Бугина эмас, бу ерда эҳтиёж баёнидан ташқари, фаол ҳаракатга ундаш руҳи ҳам устуворлик қилади. Фикрларимиз тушунарли бўлиши учун мазкур мақол мансуб бўлган матнни келтирамиз: “Бироз маданий ҳаракатга келмоқ керак, бошқалардан ибрат олмоқ лозим. Бу сукунатимиз жонсизлигимиз гувоҳидир, айбдир. Йиғламаган болага сут берилмас, олдимизда шаҳар думалари ва мамлакат думаси сайлови бор”.
Яна бир мақолага эътибор берайлик. Халқ орасидаги “Кўрпангга қараб оёқ узат” мақоли ножўя ҳаракатлардан тийилишга ёки ҳаракат ва фаолиятда ижтимоий-ахлоқий меъёрларга амал қилиши талаб этади. У Беҳбудийнинг мақоласида бу маънодан ташқари, қўшимча оҳангдорлик ҳам бор: “Банк сабаби ила яҳудий, армани ва бошқалар давлатли бўлур. Биз бўлса билакс давлатимиздан мулк ва обрўмиздан айрилармиз. Чунончи, кўрпамизга қараб оёқ узатмаймиз”( “Оҳ, банклар бизни барбод этди”. Ойина. 1914 й. №19).
Беҳбудий бир неча тилнинг билимдони сифатида ўша тилларда мавжуд бўлган нозик қочирмалар, ҳикматли сўзлар ва халқ мақолларидан ҳам истеъфода этади: “Кавказ ва Татаристон уламо ва тужжорлардан ибрат олмоқ керак: “Саъи қилмагунча инсонга бир саъи берилмас” (“Ҳақ олинур, берилмас”. “Ҳуррият” газетаси, 1917 йил 13 июль.).
Кўриниб турибдики, бу ердаги мақол араб ва форс тилларидаги мавжуд шаклларнинг айни ўзидир. Умуман Беҳбудий бундай ҳикматли сўзлар таъсири ва ўз шахсий кузатишлари натижасида бир қатор ҳикматли сўзларни яратади. “Ҳақ олинур, берилмас”, “Мозий — истиқболнинг тарозисидур” каби мисоллар фикримизнинг далили бўла олади. Беҳбудий баъзан-баъзан бўлса-да, шева материалларидан фойдаланишга ҳам имкон топади. Эҳтимол, бу табиий равишда бўлар. Ҳар ҳолда мақолларда Самарқанд шевасига хос бўлган айрим унсурлар ўзини кўрсатиб туради: “Аларнинг ҳар шаҳарига жамиятлари борким”, “военновий организация” — “ҳарбий ташкилот мажлиси” аталур. Ёйинки “совет солдатский рабочий депутат” — “аскар ва ишчилар мабъусларининг мажлиси” аталур” (“Иттифоқ керак”,”Ҳуррият”, 1917).
Демак, Беҳбудий ўз мақолаларида ҳам “халқ тили илан” айтмоқ учун айнан ўша унсурлардан онгли равишда фойдаланади.
Беҳбудий мақолаларининг тугалланмаси ҳам ўзига хосдир. Бу жиҳатдан ҳам Беҳбудийнинг маҳорат мактаби ҳақида гапириш мумкин. Айрим мақолаларида мақсад бевосита тугалланма билан боғланиб кетади. Муаллиф мақсадни тўғри ва тўла англамоғи учун уни мақола охирига суради. Жумладан, “Самарқандда миллий ишлар ҳақинда” мақоласи шундай якунланади: “Матлабимиз шаҳар думалари ва саҳро земстволари вакили мажлиси муассисонига халойиқни ҳозирламоқ ва ҳам Тошкентдаги марказий шўромизга бир-икки нафар киши тайлаб доимо анда туриб халқ нафига ишламоқлари учун юбортирмоқ ҳам аларни ва ҳам шўрои марказимиз масорафини таъмин этдурмоқ, тушунтириб, яхши ҳукуматга ёрдам бермоқ лозимлигини баён этмоқдур” ( “Ҳуррият” газетаси, 1917 йил 28 июль).
Беҳбудий публицистикаси ўзбек маданияти, хусусан, ўзбек адабиёти тарихидаги мутлақо янги ва такрорланмас ҳодисадир. Буюк шахсиятига хос бўлган улуғворлиги, фидойилиги, хассослиги унинг мақолаларида ўзининг тўлиқ ифодасини топган. Мавзу эътибори билан улар ўз долзарблигини ҳалигача йўқотган эмас.
Ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётнинг фаол иштирокчиси ва ўз миллатининг жонкуяр фарзанди сифатида Беҳбудий асримиз бошларидаёқ халқ озодлиги, ватаннинг дахлсизлиги, миллатнинг равнақи, ўз юртдошларининг келажакдаги бахтиёр ҳаёти учун тинимсиз кураш олиб борди. Адибдан мерос бўлиб қолган мақолалар ана шу тинимсиз курашнинг жонли шаҳидларидир. Уларнинг биз учун аҳамияти ҳам мана шунда. Қолаверса, бу мақолаларда ўзбек халқининг ХХ аср бошларидаги зиддиятларга тўла бўлган ниҳоятда мураккаб тақдири ва ҳаёти акс этган. Уларда гоҳ сиёсат, гоҳ ҳокимият, ижтимоий тузум ва давлатнинг қурилиши, мамлакат ичидаги ҳамда аҳолининг турли табақаларига хос бўлган иқтисодий шароит, гоҳо миллатнинг маданияти, маърифати, маънавий дунёсига оид муаммолар кун тартибига қўйилади. Улар ҳақида баҳс юритилади. Шундай қилиб, миллатдошлар, ватандошлар, маслакдошларнинг диққат-эътиборлари мана шу масалаларга қаратилади.
Беҳбудий мақолаларининг таъсир кучи уларнинг тузилиши, қўйилаётган мавзуи мавзуга муаллифнинг фаол ёндашуви ва ҳар бир мавзунинг ёритилишидаги тегишли сўзларнинг моҳирона танлови билан чамбарчас боғлиқ ҳолда юзага келади. Худди шунинг учун ҳам унинг мақолаларини эътиборсизлик билан ўқиш ёки уларга шунчаки кўз ташлаб қўйиш мумкин эмас. Улар ўз замондошлари томонидан ҳам бугунги авлодлар учун ҳам бирдай муҳим, мўътабар ва азиздир.
Нормурод АВАЗОВ