Менинг уйим

Ватан қандай қурилади?

Узоқ йиллар бурун шоир Шавкат Раҳмон Дўрмонда уй қура бошлайди. Ҳар шанба-якшанба кунлари бориб ишлайди, қора меҳнат қилади. Шунда ёзувчи Шукур Холмирзаев унинг ёнига ўтиб: “Шоир, шеърингни ёзсанг-чи, ана, “Селхоз”нинг ректорига айтаман, укамиз бўлади, талабаларидан юборади”, деса: “Йўқ, Шукур ака, мен ватан қураяпман, ватанни ўзимнинг қўлим билан қуришим керак”, дея жавоб берган экан.

Ҳа, ватан шундай барпо этилади. Ватанни ўз қўлимиз билан қурсак, унинг қадри бўлади, қиммати ошади. 2019 йили Абдулла Қодирий уй-музейига айлантирилган хонадондаги икки қаватли синч уйни, ғиштли шийпонни ёзувчининг шахсан ўзи қўллари билан қурган экан.

Айтганча, бугун синч, пахса, лойсувоқ, сомонсувоқ, қумсувоқ, лўмбозли, пастак уйлар қуриш жудаям камайиб бормоқда. Бу каби уйлар қишда иссиқ, ёзда салқин бўлган. Уларни қишда иситиш учун унча кўп иссиқлик ҳам керак бўлмаган.

Аммо ХIХ асрнинг ўрталарида ишлаб-чиқариш, фан ва техника тараққиёти натижасида пайдо бўлган замонавий архитектура, металь (пўлат) қазиш, қайта ишлаш технологиясининг ривожланиши архитектурада кутилмаган ўзгаришларга олиб келдики, бу ўз-ўзидан ХХ асрда юртимиз ҳудудига ҳам ўз таъсирини кўрсатди. “Янги архитектура” бу давр талаби, албатта. Лекин нима учун асрлар синовидан ўтган ўз қадимий архитектурамиздан бугунги қурилишларда деярли фойдаланмаяпмиз. Ахир уларни янги архитектуранинг замирига сингдириб юбориш мумкин-ку!

Қодирийнинг уйини ким қурган?

Абдулла Қодирий уй-музейи директори Хондамир Қодирийнинг айтишича, унинг архивида отаси Ҳабибулла Қодирий рассом Алишер Мирзаевга айтиб туриб чиздирган боғ-ҳовлининг эски кўриниши акс этган сурат бор экан. У ерда ҳамма нарса оддий эмиш: пахса ва лойсувоқ деворлар ва ҳоказо. Назаримда, музей ана шу сурат асосида қурилганида ўз замонасига мос бўлган бўларди. Унинг ҳозирги кўриниши устунли айвонлардан иборат, яъни аслига қараганда дабдабалироқ экан.

Давлат раҳбари ташаббуси билан қурилган, 2019 йил 26 декабрь куни очилган Абдулла Қодирий ижод мактаби, “Турон” кутубхонаси, “Абдулла Қодирий” музейи биноларида анъанавий архитектура билан замонавий архитектура ғоят уйғунлашган. Масалан, бинонинг ташқи деворлари лойсувоқ қилинган, айвонларига устунлар ўрнатилган. Бино ичкарисидаги шифтлар, ўқувчи ва ўқитувчиларнинг парталари ХХ аср мактабларини эслатади.

Афсуски, Ўзбекистонда бугун жуда кўп мусулмонлар католикларнинг черковига ўхшаган катта-катта, баланд-баланд уйлар қуришмоқда. Кўчирмакаш архитекторлар интернетдан лойиҳаларни кўчириб оляпти ва талабгорларга гўёки “чизиб” беряпти-қўяяпти. Ҳайҳотдай уйларни иситиш учун эса жуда кўп электр, газ керак бўлмоқда. Назаримда, бу кўриб чиқилиши керак бўлган улкан муаммо. Тўғри, бетон ва пишган ғиштли уйларнинг “умри” узоқ бўлади. Аммо менимча, бу каби уйларни қуришда ҳам замонавийлик билан қадимги анъаналаримизни уйғунлаштириб юбориш керак.

Маҳаллада қурилган “дом”лар

Яна бир муаммо. Ҳозир ҳовлили маҳаллаларда кўп қаватли уйлар ҳам пайдо бўляпти. Яъни, тадбиркорлар эски, дейлик олти сотихлик жойни сотиб оляпти ва у ерга ертўла ва 4 қаватли уй қуриб, 10-15 та квартира сифатида сотяпти. Шундан сўнг, бу иншоотнинг канализация, электр токи, газ, сув, чиқинди, автотураргоҳ сингари муаммолари пайдо бўляпти. “Дом”нинг тепадаги деразаларидан қўшни хонадоннинг ҳовлиси бемалол кўриниб туради. Бундан эса, уйи паст бўлиб қолган қўшнилар норози. Масалан, 2018 йилнинг июнь-июль ойларида аҳолидан тушган ана шундай мазмундаги шикоят хати асосида “Ўзбекистон-24” телеканалидан Юнусобод тумани Туркқўрғон маҳалласига съёмкага бордик. Юсупов фамилияли тадбиркор маҳалланинг бир нечта жойидан эски уйларни сотиб олиб, уларни бузиб, ўрнига уч-тўрт қаватли, кўп хонадонлар қуриб ташлабди. Юнусобод туманининг ўша пайтдаги ҳокими Бахтиёр Абдусаматов билан учрашдим. У вазиятни ўрганиб, бунинг ҳокимиятга алоқаси йўқ, бу ҳақда ҳеч қандай қарор чиқармаганман, бу Давлат хизматлари агентлигидан рўйхатдан ўтадиган иншоотлар, деб тушунтириш берди. Тошкент шаҳар Ер ресурслари ва давлат кадастр бошқармасининг Юнусобод тумани филиали мутахассиси Шарофиддин исмли ака билан гаплашдим. У бинонинг туман меъмори томонидан тасдиқланган лойиҳа асосида қурилгани, кадастр йиғма жилди шакллантирилгани, аммо иморатга эгалик ҳуқуқи берилмаганини айтди. Авваллари бу эгалик ҳуқуқи ҳокимнинг қарори билан қонунийлаштирилган, энди эса бу ҳуқуқ Давлат хизматлари агентликларидан олиняпти экан. Бунда ҳам комиссия тузилиб, унинг далолатномаси хулосасига кўра эгалик берилар экан. Ўшанда Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармасига ҳам бордик. Юнусобод тумани меъморини қидириб. Аммо туман меъмори Искандар Бойназаровни топа олмадик. Қўнғироқ қилдик, “больничний”даман, деди. Ишхонасидагилардан сўрадик, “больничний”си тугаган дейишди, қайта қўнғироқ қилдик, телефони ўчирилган бўлди. Саволларимизга бошқа ҳеч ким тайинли жавоб бермади.

Меъморни топа олмаганимиз боис ўшанда кўрсатув эфирга берилмай қолиб кетди. Бошқа лавҳалар билан чалғиб, шундан сўнг бу мавзуга қайтмадик ҳам.

Қаранг, ҳамма муаммодан ўзини олиб қочади. Муаммо бор. Айбдор эса йўқ. Ўйлайманки, аҳолининг шикояти бугун ҳам ўз ечимини топмаган. Балки давлат хизматлари агентлиги қўшниларини норози қилган “дом” эгасига эгалик ҳуқуқини бергандир, балки йўқ, буниси менга қоронғи.

Стадион ўрнига хусусий клиника қурилмоқда

Келажак ёшларники, деймиз. Улар мамлакатнинг эртаси бўлиши учун маънан ва жисмонан соғлом бўлиши кераклигини кўп айтамиз. Аммо бунинг учун шароит яратиш жуда муҳим эканини доим ҳам англамаймиз. Масалан, мен аввал яшаган ҳудуд — Алимкент маҳалласида Яшнобод тумани ҳокими Дилмурод Турдиевнинг 2017 йил 18 июлдаги “Замонавий маҳалла” лойиҳаси асосида маҳалла марказлари ҳамда савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этиш учун ер майдони ажратиш ҳақида”ги қарори билан тадбиркор мавжуд спорт майдонини бузиб ўрнига маҳалла биносини қурди. Эвазига лойиҳа ичида қишки сузиш ҳавзаси бор бўлган маиший хизмат уйи учун унга жой ажратилди. Ушбу ҳужжатга эса гўё Президентнинг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асос қилиб олинган. Аммо ҳар иккала ҳужжатни ҳижжалаб ўқиб чиқдим, уларда спорт майдони ўрнига маҳалла маркази қуриш ҳақида ҳеч гап йўқ. Нега унда улар бундай қилишди?

Масалага янада чуқурроқ ёндашсак. Алимкент МФЙнинг неча йилдан бери фойдаланиб келаётган бир қаватли биноси бор эди, ҳозирги кунда мазкур бино бошқа маҳаллаларда қурилаётган замонавий маҳалла марказларидан қолишмайди. Лекин ушбу бино 2-секторга бериб юборилди. Модомики, Алимкент МФЙнинг аввалдан “ўтирган” ўз биноси бор экан, нега унда уларга янги бино керак бўлиб қолди? Нега ўзи ўтирган яхши бинони бошқа ташкилотга беради?

Яна бир гап. Маҳалла биноси бошқа ташкилотга бериб юборилган экан, унга бино қуриш керак экан, нега айнан спорт майдони бузилиб, унинг ўрнига қурилиши керак? Маҳалла ҳудудида бошқа ташландиқ ҳудуд камми? Маҳалла маркази барибир ҳам қурилиши керак экан, бинони ўша ташландиқ ҳудудларда қуришсин, шунда бир қаровсиз жой обод масканга айланиб қоларди.

2019 йилнинг бошида “Ҳуқуқ” нашридан саволларимга жавоб топдим. Бош прокуратура Тошкент шаҳрида собиқ ҳоким Раҳмонбек Усмонов даврида янги маҳалла марказлари қуришда аҳоли розилигини олмасдан биноларни бузиш ва қурилиш қилиш ҳолатларига йўл қўйилганини аниқлайди. Маълум бўлишича, қонунчиликда Тошкент шаҳрининг туман ҳокимлари доимий фойдаланиш учун ер участкаси ажратиш ваколатига эга эмас. Бироқ Тошкент шаҳар собиқ ҳокими жами 11 та қарорида мазкур қонун талабига зид равишда туман раҳбарларига “Замонавий маҳалла” лойиҳалари учун ер ажратиш юзасидан топшириқ берган. Бу хато эса бошқа юзлаб хатоларга йўл очган. Бунинг натижасида туман ҳокимлари томонидан 392 та қонунга зид қарор имзоланган.

Демак, бу ерда Президент фармони ортига беркиниб, “иш” қилинмаган, дея оласизми? Бу ерда саллани олиб кел дейилганда, каллани кўтариб бориш йўқми? Кичик маҳалла биноси ва катта хусусий иншоотнинг лойиҳаси бизни шундай ўйлашга мажбур қилди.

Ноқонуний қурилишни тўхтатиш учун бормаган, ёзмаган жойимиз қолмади ҳисоб. Туман ҳокимияти, шаҳар ҳокимияти, халқ қабулхонаси, шаҳар прокуратураси, бош прокуратура, телевидение, интернет нашрлари, Тошкент бош плани лойиҳалаш ва илмий тадқиқот институти ва ҳоказо. Аммо фойдаси бўлмади. Адашмасам, бугунги кунда у ерда 4 қаватли клиника қуриляпти. Баҳайбат. Кунботиш томондаги кўп қаватли уйларнинг шундоқ биқинида: қуёшни тўсиб қўймоқда, ҳаво айланишини бузяпти. Қаранг, стадион, спорт майдонининг тўртдан бир қисмига бир қаватли маҳалла биносини қуриб бериш эвазига тадбиркор стадион, спорт майдонининг тўртдан уч қисмига хусусий клиника қуриб олиши адолатданми? Аҳоли энди чиқиб у ерда футбол ўйнолмайди, спорт билан шуғуллана олмайди, дам ололмайди. Болалар-чи, қаерда ўйнайди, қаерда спорт билан шуғулланади энди?

Қизиқ, фуқаролар ушбу ишлардан норозилигини билдириб, кўп жойга боришади, шикоят қилишади. Қилинган мурожаат уларнинг “бахтига” яна айланиб, Яшнобод тумани ҳокимиятига келаверади. Демак, туман мутасаддиларига спорт майдонидан кўра, хусусий клиника биноси керак, келажак авлоднинг соғлом бўлиши уларни қизиқтирмайди.

Ариза ва мурожаатларимиз футбол тўпидай копток қилиб тепилди. Отангга бор, онангга бор тарзида. Энг қизиғи, Тошкент бош плани лойиҳалаш ва илмий тадқиқот институтидан қурилишга рухсат берилмагани тўғрисида жавоб олдик. Кайфиятимиз кўтарилди. Кайфиятимизни туширадигани эса қурилиш давом этяпти. Шаҳар бедарвоза, деб шуни айтишсалар керак-да.

2018 йил июнь ойида Яшнобод тумани Маъмурий судида Тошкент шаҳар архитектура-қурилиш назорати инспекцияси томонидан Алимкент маҳалласида спорт майдони (стадион, болалар майдончаси, турник, брус ва бошқалар) ўрнига маҳалла биноси, маиший хизмат уйи қураётган “Sarvar baraka” ХК раҳбари Бобоходжа Курбановга нисбатан қўзғалган маъмурий суд иккинчи маротаба бўлиб ўтган. Биринчи суддан сўнг Бобоходжа Курбанов: “…бугунги кунда қурилиш-монтаж ишлари тўлиқ тўхтатилган ва бу ҳолат бошқа такрорланмайди”, деб ўз қўли билан тушунтириш хати ёзиб берган, шунга қарамасдан, у қуришда давом этяпти.

Боласи йўқ одам ҳақиқат учун курашиши мумкин эмасми?

Қурилиш бўлаётган ҳудуднинг ёнидаги уйда яшайдиган 83 ёшли Флюра исмли татар кампир бор. У “бечора” бу ишлар болалар тарафига ҳал бўлишига бош-қош. 2018 йили мутасаддилардан бири ўзи ўриндиққа ўтириб олиб, кампирни эса тикка турғизиб қўйиб: “Сизнинг футбол ўйнайдиган болаларингиз йўқ-ку, юравериб безор бўлмадингизми? Одамлар номидан мурожаат қилиш учун нотариусдан ишончнома олишингиз керак! Бўлмаса, сизни уч суткага қаматтириб юбораман!” деб таҳдид қилибди. “Қамат!” дебди ҳеч кимдан қўрқмай қўйган опа. Қанақа ишончнома? Қанақа ўз болалари? Эй, номард! Ўзбекистон болаларининг келажагини ўйлаш ўз болаларининг келажагини ўйлашдан кўра юксакроқ фазилат эмасми? Бўралатиб сўкким келди. Аммо тилимни тишлайман. Флюра опа йўлтўсарнинг юзига айтганидай, у шу гаплари билан ичини кўрсатди. Афсуски, бундай йўлтўсарларнинг бадбўйи ачиган тухумдай бўрқсиб ётибди бугун. Уларни топиб, сассиғини кетказиш учун эса йиллар кифоя қилармикан?

Опанинг айтишича, баъзи эсини еганлар уни ҳатто жиннихонага ётқизмоқчи ҳам бўлишибди. Агар бирор кун, Худо кўрсатмасин, Флюра опа жиннихонага ётқизиладиган бўлса, биз ҳақиқатни ўз қўлимиз билан “псих больница”га топширган бўламиз.

Ўқиган бўлсангиз, Чехов ҳикояларининг қаҳрамонларини кўз олдингизга келтиринг! Масалан, бормаган жойи қолмаган чолу кампир ноҳақ қамалган ўғлининг иши бўйича охири шифокорга мурожаат қилади. Қандай даҳшат-а?!

* * *

Бундан икки йиллар аввал холис одамлар, холис раҳбарлар Алимкент маҳалласига келиб, ҳақиқий вазиятни ўрганади, аҳоли билан мулоқот қилади, уларнинг бу ишларга муносабатини – рози ё норозилигини сўрайди, ким бузган бўлса, Алимкентнинг келажаги бўлган ёш авлоднинг соғлом бўлиб вояга етиши учун спорт майдонимизни тиклаб беради, деб умид қилардим. Аммо у умид бугун сўнди.

Стадионимизни бузишганда менинг болаларим йўқ эди. Энди фарзандим бор, бироқ мен у манзилдан кўчиб кетдим. Лекин Яшнобод туманидаги Алимкент маҳалласида болалар кўп. Улар энди футболни кўчада, подъездлар олдидаги бетон йўлакда ўйнашга мажбур. Бундай ҳолатларни кузатиб туриб ичим ачийди.

Яна футбол бўйича жаҳон чемпионатига чиқа олмаяпмиз, дея жар соламиз. Мана, болаларга муносабатимиз. Уларга футбол ўйнашга шароит яратиб бериш ўрнига, бор спорт майдонини бузиб, ўрнига пултопар хусусий клиникалар қураверсак, қайданам “мундиал”га чиқардик?!

Уйингиз “снос”га тушса…

Адашмасам, 2015 йили Тараққиёт (ҳозирги Махтумқули) кўчаси узайтирилиб, Паркент, Темур Малик, Оҳангарон кўчаларига обориб уланадиган бўлди. Натижада Яшнобод туманида жойлашган 22-авиашаҳарча ҳудудидаги 18 хонадон яшайдиган кўпқаватли ғиштли уй, 15 тача оила яшайдиган ҳовли уйлар “снос”га тушиб бузилди. Ҳарбий врач бўлиб ишлайдиган Ҳамид жеззам ҳам оиласи билан ўша хонадонлардан бирида яшарди. Шаҳар ҳокимлиги ўшанда ҳаммага уй кўрсата бошлади. Уйи бузилганларга ўринга ўрин уй беришди. Шаҳарчадаги 3 хонали уйда яшаган жеззамга эса 4 нафар фарзандини ҳисобга олиб, Қўйлиқ 2-даҳасидан 4 хонали уй беришди. Аввалги уйининг яшаш майдони 42 квадрат метр эди, янгиси 56 квадрат метр бўлди. Хоҳловчилар икки ё уч хонали уйининг устига маблағ қўшиб, 4 ё 5 хонага алмаштириб олишди. Баъзилар уйнинг пулини яхши нархда олишган. Хуллас, ҳамма рози бўлганди ўшанда. Аммо бир нарса ғашли эди. 15-20 йиллик қўшнилар, касбдошлар шаҳарнинг ҳар қаерига тарқаб кетишаётгани уларни хафа қиларди. Ўшанда Дилфуза аммамнинг қадрдон қўшнилари билан йиғлаб хайрлашгани ҳеч эсимдан чиқмайди.

Энди менинг ҳам уйим бор

Мақоламни некбин тарзда тугатгим келди. 2020 йил Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 110 аъзосига Қозиработ маҳалласида Президент қарори асосида қурилган кўп қаватли хонадонлар ипотека кредити асосида берилди. Йигирма йилга. 110 киши ичида мен ҳам бор эдим. Тўғри, уч хонали уйимиз кичик ўлчамли, тўртинчи қаватда жойлашган. Аммо икки деразаси ва очиқ айвонининг эшиги кунчиқарга қараган, бошқа икки деразаси эса кунботарга қараган. Яъни, куннинг ҳар қандай маҳалида ҳам уйимизга қуёш нури тушиб туради. Эшик ва деразаларининг ҳаммасидан йўл, анҳор кўриниб туради. Яқинда қор ёғиб, кечаси ҳарорат -80 даражагача тушганда, энг кичкина хонамизда жон сақладик. Демак, кичик ўлчамли уйларда ҳам мана шундай ҳикмат бор экан.

Насиб этса, бир кун мўъжазгина ер олиб, уй қурадиган бўлсам, албатта, шоир Шавкат Раҳмонга ўхшаб ватанимни ўзим қураман. Уйнинг атрофини ёғоч ё бетон синч қиламан, ичига пахса девор ураман, томи пастроқ бўлади, устини лўмбоз қилиб ёпаман, деворларини лойсувоқ ё қумсувоқ қиламан.

Фозил Фарҳод

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × two =