Орзулари бир олам қизим

Ўшанда Тошкентда олий ўқув юртида ўқитишга имкониятимиз бўлгани, Сариосиёдан Душанбегача бўлган масофа бор-йўғи олтмиш уч чақиримлигини инобатга олиб, қизимизни уйимизга яқинроқ деган мақсадда ўқишга қўйгандик. Пайти келиб, у яқин йўл бизга қанчалар узоқлашгани ҳақида сира ўйламаган эканмиз.

Қизимиз Хуршида Каримова 1988 йилда туғилган. 2007-2012 йиллар Тожикистон давлат педагогика университетининг бошланғич таълими соҳасида таҳсил олди. Университетни битириб бор-йўғи икки йил Сариосиё туманидаги 73-умумтаълим мактабида дарс берди.

Хуршида мактабни аъло баҳолар билан тугатганди. У бир дунё китобларни мутолаа қилган, орзулари бир олам. Унинг орзуларини биз барбод қилдик. Тожикистонда ўқиш унга бу қадар қимматга тушишини қайдан ҳам билибмиз? Мана, ўқишни битирганига ҳам саккиз йил бўлибдики, у ҳануз бекор юрибди. Уч нафар фарзанди бор. Пешонасида “Тожикистонда ўқигансан…” деган тамғаси бор. Ҳали-ҳануз ўз соҳасида ишлаёлмай юрибди.

Биз эса қилган ишимиздан минг пушаймон бўлиб, дардимизни ичимизга ютиб юрибмиз. Қизимизнинг кўзларига тик қаролмаймиз. Унинг дипломини настрификация қилиш Боботоғни қулатиш билан баробар бўлаяпти. Шу ўринда, Шайх Саъдий ҳазратларининг қуйидаги мисралари ёдимга тушди:

Одам аҳли битта таннинг аъзосидир,

Бир гавҳардан яратилган зиёсидир.

Заррача дард забт айласа агар танни,

Ҳаловатин йўқотади у баданни.

Гар бировлар азобидан чекмасанг ғам,

Унда номинг аталмагай асло Одам.

Хайриятки, бугун бошимизда инсон манфаатларига адолат билан қарайдиган одил Юртбошимиз бор. У киши жуда кўп ноодилликларга чек қўйиб, ўз халқини ҳимоясига олди. Ўзбекистонда билим олиш учун беҳисоб янгиликлар яратилди. Бугун китоб ўқиган ёшларимиз давлатимиз раҳбарининг чексиз рағбатларини олишга эришмоқда. Лекин менинг қизим ҳануз аллақандай тушунмовчиликлар гирдобида қолиб юрибди. Икки марта тест топширди. Биринчи марта 52 балл, иккинчи марта эса 20 балл йиғишга эришди. Бу деганим икки бор ҳам тўлов қилиб комиссиянинг “сирли” имтиҳонларидан ўтолмади дегани.

Хўш, бу гапларни нега бунчалик куйиниб ёзаяпсиз дея ўйларсиз. Чиндан ҳам балки бу сўзларимнинг кимгадир аҳамияти йўқдек туюлар. Аммо бу ерда биргина менинг қизим эмас, четда билим олган кўплаб инсонлар тақдири ётгани ҳам сир эмас.

Сабаби Тест маркази томонидан тузилган тест саволлари ҳаддан ташқари “ҳаволаб” кетган. Мен бу борада уларнинг “донишманд”лигига ҳайрон қоламан.

Мени ўйлантираётган саволлар ҳақида ёзаётиб элда: “Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин”, деган мақол қанчалар топиб айтилганига яна бир бор амин бўлдим. Муҳтарам Юртбошимиз таъбири билан айтганда: “Элнинг хизматини ҳалол бажариб, халқнинг дуосини олган инсон ҳеч қачон кам бўлмайди”. Сўзимни мухтасар қилиб айтмоқчи бўлганим, билими бор инсонларни сарсону саргардон қилгандан кўра, уларнинг билимидан фойданилса, нур устига нур бўларди…

АХТАМҚУЛИ,

“Тонг юлдузи” газетаси бўлим мудири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 + 15 =