Янги китобхонлар мамлакати қачон қурилади?

Ўзбекистон – китобхонлар мамлакати эди. Халқнинг маърифий савияси бошқа юртларга нисбатан юксакроқ эди. Чунончи, ўқувчилик чоғимизда АҚШнинг барча штатлари ва уларнинг пойтахтигача билар, харитадан исталган давлатни кўз юмиб туриб кўрсатиш бўйича баҳс бойлашар, барча мамлакатларнинг тарихию улуғ адибларини номма-ном санай олар эдик. Бу оддий бир ҳол эди, аммо дунёда Ўзбекистон деган юрт борлигини ҳам эшитмаган Америка, Франция… талабаларининг савияси мунчалар пастлигига ажабланар эдик ҳам (тавба, ҳар бир жумламиз “эди” деб тугаяпти-я…).

Китоб орқали! Ҳар бир завод ва ҳатто йирикроқ цех қошида ҳам, илмий тадқиқот институтлари, ҳар қандай шифохона ва ҳаттоки турмаларда ҳам кутубхона бор эди, ҳар бир қишлоқда эса учта зиё маскани (мактаб, қишлоқ идораси ва хўжалик клубида) кутубхона ишлаб турарди. Ўзбекистон — китобобод юрт эди. Бунинг устига, китоб, газета-журнал деганлари арзон эди. Шунчаликки, айрим кичик китоблар, брошюралар текин эди, муқовасининг орқасига “бепул” деб ёзилган бўларди. Ҳар бир уй, ҳар бир оила бир неча газета ва журналга обуна эди, почтахоналар ҳозиргидай ҳувиллаб ётмас, одамлар тонгни янги газеталар мутолааси билан кутиб оларди.

Аммо ХХ асрнинг сўнгги йилларига келиб “оптималлаштириш” деган бир сўз чиқди-ю, бошқаларга эмас, келиб-келиб кутубхоналарга ёпишди. Аввало, “кутубхона” деган сўз бекор қилинди – жами кутубхоналар иккига тақсим қилиниб, каттароғлари АКМ – Ахборот-кутубхона маркази (?), кичикроқлари эса АРМ – Ахборот-ресурс маркази деб аталадиган бўлди. Кимда-ким “кутубхоначиман” деса, дакки эшитди, биров кимлигини сўраса, “ахборот-ресурс маркази мутахассисиман”, деб айтиши лозим деб топилди.

Кейинроқ кутубхоналарнинг ўзи “бракка” чиқарила бошланди. Корхона ва ташкилотлар, илмий-тадқиқот институтларининг кутубхоналари ёпилди, тугатилди. Уларнинг фондидаги шунча нарса қаёққа кетди, Худо билади. Менимча, макулатура “кушхона”сида “сўйилди”.

Ҳа, “оптималлаштириш” деб хаспўшлаб ўтирмай, қисқартириш деб қўя қолинса, тўғрироқ бўларди-я, лекин идоралар биров айб тополмайдиган мавҳум ибораларни яхши кўришади-да.

Мен ўша тушунчанинг машъум оқибатига яна бир мисол келтирайми?

2002 йил бошида Миллий кутубхонамиз ҳам “оптималлаштириш” домига тортилди. 277 киши хизмат қиладиган бу зиё масканига ўша кунлари 48 кишилик Республика илмий-техникавий адабиётлар кутубхонаси ҳам қўшиб юборилгач, 325 киши бўлиб ишлаётувдик.

Бир кун “юқори”га чақириб, “Миллий кутубхона оптималлаштирилиши керак”, деб қолишди. Бу фикрни Молия вазирлигидан келган бир йигит бот-бот айтиб, жами ходимлар сонини 250 нафарга тушириш шартлигини таъкидлади. Нақ 75 нафар ходимни қисқартириш дегани эди бу. Кутубхонадан вакил бўлиб борганим учун бу жуда кескин эканини англатишга уриниб, бояги йигитдан, “Нега энди 250 сонига ёпишиб олдингиз”, деб сўрадим.

– Ахир, 250 тадан кўп бўлса, сизлар Молия вазирлигидан ҳам катта жамоа бўпкетасизлар-ку? – дея эътироз билдирди у.

– Нима, дунёда Молия вазирлигидан йирик ташкилот бўлмасин, деган қоида борми, минглаб киши ишлайдиган корхоналар ҳам бор-ку?

Вазирлик вакили бу саволга жавоб бермади, аммо барибир, ўшанинг айтгани бўлди – 250 тагина қолдик. Бу пайтда, масалан, аҳолиси биздан беш баравар оз Қирғизистон Миллий кутубхонасида (унинг фонди бизникининг ярмича ҳам эмас) 340 ходим ишлар, қолаверса, илмий-техникавий адабиётлар кутубхонаси ҳам Миллий кутубхонага қўшилмаган эди…

Буям ҳолва бўлиб қолди. 2011 йилга келиб Миллий кутубхонага Ўзбекистон китоб палатасини ҳам қўшдилар. Марказий Осиёда дастлаб очилган ва энг бой ушбу китоб палатасида бу пайт 13,5 штат бирлиги бор эдики, 33 киши ишлайдиган Қирғизистон ва 50 киши меҳнат қиладиган Қозоғистон, 81 киши ишлайдиган Беларусь Миллий китоб палатаси ходимларига, биз бир ҳовучгинамиз, деб айтишдан уялар эдик. Аммо ўша ҳам йўққа чиқди – Республика библиографик маркази ва мамлакат матбаасининг асосий хазинаси Миллий кутубхона таркибига сингди-кетди. Хўш, лоақал ана ўша 13,5 та штат қўшилгандир, деб сўрарсиз? Йўқ, у янада “оптималлаш”тирилди. Штатлари янаям “семириб”… 150 киши қолди. Қиёслаш учун бир маълумот: ўша пайтда Беларусь Миллий кутубхонасида 1300 нафар ходим ишларди, бу юрт аҳолиси эса Ўзбекистон элининг учдан бирича эди, холос. Қаранг: Ўзбекистонда – 150, Беларусда – 1300 нафар! Бизда китоб деган нарсага амалдаги муносабат ана шунақа эди, очиғи.

Шундай қилиб, минтақадаги энг катта универсал кутубхона (Миллий), энг йирик илмий-техникавий адабиётлар кутубхонаси ва энг фонди бой китоб палатаси ва Миллий китоб палатаси бирлашиб, “оптимал” ҳолга келди. Ҳолбуки, МДҲ давлатларининг барида буларнинг ҳар бири бошқа-бошқа ташкилот.

Эндиликда давлатимиз раҳбари юрт илмий салоҳиятини юксалтириш, одамлар маданий-маърифий савияси ўсишининг биринчи шарти – китоб ўқиш эканини бот-бот такрорлаб, китобхонлик даражасини ошириш учун барча тадбирларга йўлни кенг очиб беряпти. Лекин ижроси қандай? Ҳар вилоятдан биттадан ўқирманни танлаб мусобақа қилдириб, уларга мукофот бериш билан чекланиб қолсак, натижаси — нафи уч-тўрт кунга татийди, холос.

Биз янги тамаддунга етишишни орзу қиляпмиз, шунга интиляпмиз. Янги тамаддун деганлари нима ўзи? Менимча, китоб ўқишнинг, мутолаанинг умумхалқ ҳаракатига айланиши у. Тамаддун китобхонликдан бошланади.

Очиғи, китобхонликка даъват тарғиботнинг янги шаклларини қидириб топиш бир-икки “лойиҳа”ни бажариш билан амалга ошиб қолмайди. Кўп китоб ўқиганларнинг телешоуси ҳамда ҳар бир раҳбарнинг ўзи ўқиган мактабга юзтача китоб совға қилиши… кейин-чи, кейин яна нима қилинди?

Ахир булар бир-икки ойлик кампания, холос-ку? Ўттиз йиллаб китоб қадри тушар эмиш-да, олти ҳафтада яна ҳамма нарса ўз ўрнига келармишми?

Бизнингча, юртимиз китобхонлар мамлакатига айланиши учун бир қанча шартлар бор. Рухсатингиз билан бир-иккитасини санаб ўтай.

Аввало, бозор иқтисодиёти даврида бўладими, бошқами, ишқилиб, ўқиган, зиёли одамнинг қадри, даромади ўқимаган, билимсиз одамникидан лоақал бир баҳя юқори бўлса, ҳеч қандай китоб рекламасига ҳожат қолмайди – ҳамма ўзини ўқишга уради (ҳайриятки, шунга қараб боряпмиз).

Майли, дотация орқали бўлса ҳам, китоб (газета-журнал) арзонлашсин, одам ўқигиси келган нарсани сотиб олишга қийналмасин. Бунинг учун оммавий коммуникация, маориф, нашриёт ва оммавий ахборот воситалари соҳалари бозор иқтисодиёти талабларидан холи қилиниши керак.

Одамларни китобга жалб этиш учун китобларни одамларга яқинлаштириш керак. Бунинг шарти – кутубхоналар тармоғини лоақал бошқа мамлакатлардаги даражада кўпайтириш, кенгайтириш шарт.

Яна аввалги гапга қайтсак. Ҳозирги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси собиқ Давлат кутубхонаси, Республика илмий-техникавий адабиётлар кутубхонаси ва Ўзбекистон Миллий китоб палатасининг қурамасидан иборат бир йиғма муассаса бўлиб турибди. Айтишлари мумкин – барча фондлар сақлаб қолинган, кимга қандай ахборот керак бўлса, олади-ку, деб.

Мутлақо ундай эмас! Муҳандис-техник ходимларнинг китобдан фойдаланиш тартиби Миллий кутубхона ўқувчилариникидан тамом бошқача, Китоб палатасида эса ҳеч кимга ҳеч қандай ахборот манбаи берилмайди – абадий сақлаш учун бир нусхадан олиб, алоҳида асралади. Кўрамизки, бир-бирига сира қовушмайдиган уч хил ташкилот шунчаки қўшиб-қориштириб юборилган. Оқибатда, илмий-техникавий адабиётлар кутубхонаси ва Миллий китоб палатаси фаолияти бугунги кунда тамоман тўхтаган. Уёғини сўрасангиз, ҳаттоки Туркманистонда ҳам алоҳида Миллий китоб палатаси бор. Бинойидай ишлаб турибди.

Аслида, Давлат кутубхонаси “Миллий кутубхона” мақоми олиши учун унга бошқа йўналишдаги қайсидир кутубхонани қўшиш шарт эмас. Аммо ўша пайтдаги Фан ва техника давлат қўмитаси раҳбариятининг эпчиллиги иш берди – даромад келтирадиган тармоқларни ўзида қолдириб, нафи тегмайдиган “юк”лардан қутулиш учун ўз ҳомийлигидаги Республика илмий-техникавий адабиётлар кутубхонасини Давлат кутубхонасига қўшиб, “Миллий кутубхона таъсис этиш ташаббускори”га айланди ва бу фикр “маъқулланди”. Кейин бу “тажриба”дан Матбуот ва ахборот қўмитаси ҳам фойдаланиб, Миллий китоб палатасидан “қутулди”.

Бугун – XXI асрнинг йигирма биринчи йили арафасида мамлакатимиз жадал ривожланиш йўлига кирди, янги тамаддун остонасида турибмиз, иншооллоҳ. Аммо тарихда ҳар бир улкан цивилизация китоб, кутубхоналарга алоҳида эътибор берилган даврдан бошланганини ёдга олайлик. Давлатимиз қудрати ҳам, хайриятки, ошиб боряпти. Ва ниҳоят, бутун дунё ахборот асри деган замонда яшаб турибди.

Шундай экан, иморати жуда унақа, оғизни очириб қўядиган бўлмаса ҳам, эшиги тагида уймалашиб турадиган, оладиган маоши кутубхона ходимлариникидан анча юқори бўлган посбонларнинг сони ҳозиргидай кўп бўлмаса ҳам, майли, аммо алоҳида кутубхоналар керак. Лоақал, МДҲдаги бошқа қардошлар олдида, “бизда аксар кутубхоналар бир-бирига қўшиб юборилган, ходимларимиз сони ҳам “оптималлаштириш”га гирифтор бўлиб, камгина қолган”, дея хижолат чекмай, Марказий Осиёдаги энг катта, энг кўҳна ва бой кутубхоналаримиз борлигидан, улар замон талабларига тўлиқ жавоб бера оладиган ҳолда ишлаб турганидан фахрлана олайлик. Ахир, институтни битиргач, кейин китоб ўқиб билимини оширмаган, савияси ўша бўйича қолган илмий ходиму муҳандислар билан узоққа бориб бўлмайди.

Бунинг учун эса патортат топтирилган Республика илмий-техникавий адабиётлар кутубхонасини қайта очиб, у бутун мамлакат муҳандисларининг оғирини енгил қилишига, шунингдек, мамлакат босма маҳсулотларининг асосий сақловчиси ва библиографик маркази бўлган Миллий китоб палатаси тикланиб, ўз вазифасини бажаришга киришишига, ўтган йилларда қилинмай қолиб кетган ишлар ўрнини ҳам қоплашига эришайлик. Ана шунда биз, гарчи бироз кечикиброқ бўлса-да, ахборотлаштириш пойгасига қўшила оламиз, қардош мамлакатларнинг орқасида эмас, орасида юра оламиз. Йўқса…

Китобни эъзозлаш халқимизнинг қонида бор. Ўқиган, билимли одамни азиз тутиш бизга оталардан мерос қолган анъана. Мункайган чоллар кўчада кетиб борар экан, ерда ётган бирон қоғоз парчасига кўзи тушса, бир амаллаб олиб, пуф-пуфлаб чангини кеткизиб, бирон девор кавагига жойлаб кетганини кўрганмиз. Нимагаки, дунёдаги энг улуғ нарса – сўз қоғоз бетида бўлади. Китоб оёқости бўлиб ётмаслиги керак, дейди-да, оталаримиз. Ёки, ёш бўлса ҳам, ўқиган, мулло одамларни давра тўрига ўтқизиш ҳам бизнинг удум. Шундай экан, китоб ўқиш, илм-билим олишга иштиёқ фақат ақлимиз буюрган эмас, ботиний онгимизга ҳам сингган фазилатдир. Ана шу сўнаётган чўғни пуфлаб аланга олдира олсак, марра бизники бўлади.

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ,

адабиётшунос олим

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × three =