Юксак ишонч ва самарали ишлар
Халқимиз Ватанимиз давлат мустақиллигининг 30 йиллик улуғ байрамини зўр шоду хуррамлик билан нишонлади.
Маълумки, бу йилги байрам тантанаси ушбу санага бағишлаб бунёд этилган “Янги Ўзбекистон” боғида ўтказилди.
Давлатимиз раҳбари тантанали маросимдаги тарихий нутқида жорий йил 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик масалаларига ҳам тўхталиб ўтди.
Қайд этилдики, сўнгги беш йил мобайнида мамлакатимиз миллий сайлов қонунчилигида жиддий ўзгаришлар юз берди. “Нуфузли халқаро экспертлар таъкидлаганидек, янги Ўзбекистонда сайлов қонунчилигини изчил такомиллаштириш ҳамда сайловларни ўтказиш амалиёти сифат жиҳатидан янги поғонага кўтарилди.
Бу галги Президент сайлови илк бор 2019 йилнинг 25 июнида қабул қилинган Сайлов кодекси асосида бўлиб ўтади.
Бу сайлов барчамиз учун Ўзбекистоннинг келгуси тараққиёти қандай йўлдан боради, фарзандларимиз, оиламиз, мамлакатимиз келажагини қандай барпо этамиз, деган ҳал қилувчи саволларга жавоб берадиган ғоят муҳим сиёсий тадбирдир, деб таъкидлади давлатимиз раҳбари. Шунинг учун ушбу сиёсий жараёнга кўпмиллатли халқимиз ҳам, жаҳон ҳамжамияти ҳам катта қизиқиш ва эътибор билан қарамоқда.
Сайловда дунёнинг элликка яқин мамлакати ҳамда ўнлаб халқаро ташкилотлардан кузатувчилар иштирок этиши кутилмоқда.
Шу маънода, бўлғуси сайловлар юксак демократик мезонлар асосида ўтади ҳамда янги Ўзбекистон халқининг ўсиб бораётган сиёсий тафаккурини, ижтимоий фаоллиги ва маданий савиясини яққол намоён этади, деб ишонаман”.
Бу юксак ишонч Марказий сайлов комиссияси ва барча даражадаги сайлов комиссияларининг аъзоларига — барча сайлов ташкилотчиларининг зиммасига юксак масъулият юклайди. Сайлов кунигача эса муддат жуда оз — бир ярим ой қолди.
Вақтнинг тобора кам қолаётгани мазкур улкан сиёсий тадбирга тайёргарликни Сайлов кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича календарь режасида белгиланган талабларга тўла амал қилган ҳолда, ўз муддатида ва сифатли бажаришни тақозо этади.
Марказий сайлов комиссиясининг видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган навбатдаги мажлисида бу алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев олиб борган мажлисда Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир муҳим масалалар кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни ҳамда оммавий ахборот воситаларининг яна бир гуруҳ вакилларини аккредитациядан ўтказиш билан боғлиқ масалалар шулар жумласидандир.
Сайловларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда кузатувчиларнинг, жумладан, хорижий мамлакатлар вакиллари ва халқаро ташкилотлар кузатувчилари миссияларининг иштироки муҳим аҳамиятга эга.
Бу йўналишдаги ишлар Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 19 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси сайловларида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.
Қайд этиш жоизки, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Эҳтиёжларни баҳолаш бўйича миссияси шу йил май ойида мамлакатимизга ташриф буюриб, Ўзбекистондаги сайловолди муҳити ва Президент сайловига тайёргарлик жараёнини, мамлакатимизда эркин ва демократик сайлов ўтказилишини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни ижобий баҳолаб, Президент сайловига тўлақонли кузатув миссиясини юбориш фикрини билдирган эди.
Шу боис бу йилги Президент сайловини Бюронинг уч юзга яқин, жумладан, 28 нафар узоқ муддатли ва 250 нафар қисқа муддатли кузатувчилари кузатиб бориши кутилмоқда.
Мажлисда маъруза қилган Марказий сайлов комиссияси аъзоси Гулноза Раҳимова Ўзбекистоннинг мазкур халқаро тузилма билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Бундай ҳамкорлик самараси ўлароқ мамлакатимиз миллий сайлов тизимини янада демократлаштириш, сайлов қонунчилиги ва амалиётини умумэътироф этилган халқаро демократик стандартларга уйғунлаштириш орқали фуқароларнинг сайловга оид ҳуқуқларини янада кенг ва тўла таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ушбу ҳамкорлик ўзининг 22 йиллик тарихига эга. Бюронинг миссияси 1999 йилдан бери мамлакатимизда парламент ва Президент сайловларини кузатишда иштирок этиб келмоқда. Бу эса Ўзбекистонда сайловларни умумэътироф этилган ва энг илғор амалиёт, мамлакатимиз сайловлар соҳасида олган халқаро мажбуриятларига асосан адолатли, ҳалол ва шаффоф ўтказилишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мажлисда Марказий сайлов комиссияси аъзолари Президент сайловида ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюросидан қатнашадиган бир гуруҳ кузатувчиларни аккредитациядан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Сайловга тайёргарлик кўришдаги энг муҳим вазифалардан бири – фуқароларга сайлов тўғрисида тўла, ишончли ва тезкор ахборотни етказиш, аҳолига сайлов жараёнларида иштирок этишдан ҳар бир фуқаро ва жамият манфаатдор эканлигини сингдириш ҳамда мамлакат тараққиётига дахлдорлик ҳиссини уйғотишдан иборат.
Марказий сайлов комиссияси ва барча даражадаги сайлов комиссиялари Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида ўз ишини қонунийлик, мустақиллик, холислик, очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик тамойилларига тўла амал қилган ҳолда ташкил этаётганини алоҳида таъкидлаш ўринли.
— Бунда оммавий ахборот воситалари билан мустаҳкам йўлга қўйилган ҳамкорлик, хусусан, журналистларни аккредитациядан ўтказиш жараёнлари муҳим аҳамият касб этмоқда, — дейди Марказий сайлов комиссияси аъзоси Баҳодиржон Юнусов.
Сайлов кампанияси даврида оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга биноан, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампанияси даврида сайловни ёритувчи оммавий ахборот воситалари вакиллари Марказий сайлов комиссияси томонидан аккредитациядан ўтказилади.
2019 йил 5 октябрда тасдиқланган ушбу низомга кўра, оммавий ахборот воситаси вакили сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларни ёритиш, сайлов комиссияларининг мажлисларида ҳозир бўлиш, сайлов комиссияларининг қарорлари нусхаларини оммавий ахборот воситаларида ёритиш учун олиш, номзодлар кўрсатишга бағишланган йиғилишларда, номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларида иштирок этиш, муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти ва жойи ҳақида хабардор бўлиш ҳамда ушбу жараённи кузатиш, сайлов куни овоз бериш хоналарида, шу жумладан, овозларни санаб чиқишда ҳозир бўлиш имкониятига эга.
Айни пайтда вакил ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Сайлов кодексига, Марказий сайлов комиссиясининг қарорларига амал қилиши, барча даражадаги сайлов комиссияларига, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ва бошқа ташкилотларга ташриф буюрганида унга берилган гувоҳномани ҳамда ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни ёнида олиб юриши ҳамда мансабдор шахслар талабига мувофиқ уларни кўрсатиши шарт.
Президент сайлови кампанияси бошланганидан буён Комиссиянинг барча мажлисларида ушбу масала тизимли равишда кўриб чиқилаётгани ва ҳозиргача оммавий ахборот воситаларининг жами 875 вакили, шу жумладан, 48 нафар хорижлик журналист аккредитациядан ўтказилгани эътиборга молик. Қайд этиш керакки, Марказий сайлов комиссиясининг ушбу йўналишдаги ҳамкорлари орасида нодавлат ва хусусий оммавий ахборот воситалари сони тобора кўпайиб бормоқда.
Шу билан бирга, Марказий сайлов комиссиясининг барча мажлислари ва бошқа тадбирлари оммавий ахборот воситалари вакилларининг бевосита ҳозирлигида, очиқ-ошкора ўтаётганини ҳамда кенг ёритилаётгани диққатга сазовордир. Ишнинг бундай замонавий талаблар асосида ташкил этилаётгани самарасида Президент сайловига доир муҳим янгиликлардан миллионлаб сайловчилар ўз вақтида хабардор бўлмоқда.
Бундай кенг кўламли ва тизимли ишлар пировардида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини конституциявий қоидалар ҳамда халқаро сайлов андазалари, демократик тамойиллар асосида очиқ-ошкора ўтказишга хизмат қилади.
Равшан БУРХОН,
журналист.
Иброҳим ДУШАНОВ (фото).