“Афсонавий кинофестиваль қайта тикланганидан миннатдормиз!”

Шу йилнинг 28 сентябрь — 3 октябрь кунлари “Ипак йўли дурдонаси” XIII Тошкент халқаро кинофестивали ўзгача шукуҳда бўлиб ўтди

Кинони севмайдиган, уни томоша қилмайдиган одам бўлмаса керак.

Иккинчи жаҳон уруши йилларидан сўнг кино туфайли нон шаҳри сифатида янада танилган Тошкент ўтган асрнинг 80-йилларида бутун жаҳон киночиларини жамлаган гўзал санъат пойтахтига айланди. Сўнг…йиллар ўтиб бу ажойиб анжуман тўхтаб қолган эди. Ярим асрдан кўпроқ ўз тарихига эга бўлган ушбу халқаро кинофестиваль 24 йилдан сўнг қайта туғилди!

Тошкент яна бағрига жаҳон киноюлдузларини чорлади. Ҳа, “Ипак йўли дурдонаси” номида XIII Тошкент халқаро кинофестивали Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан қайта тикланди.

Қарийб бир ҳафта давом этган кино байрами ўзгача руҳда, ўзгача шукуҳда ўтди.

Жаҳоннинг кўплаб мамлакатларидан ташриф буюрган юзлаб киноюлдузлар, соҳа намояндаларининг эътирофи шундай бўлди: халқаро анжуманга тайёргарлик аъло даражада бўлган. Афсонавий кинофестиваль қайта тикланганидан миннатдормиз!

Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатларининг Тошкент кинофестивали илк бор 1968 йилда “Тинчлик, ижтимоий тараққиёт ва халқлар дўстлиги учун” шиори остида ўтказилган эди. Ўша йили дунё­нинг 22 мамлакатидан таниқли кинопродюсерлар, режиссёрлар ва кино юлдузлари иштирок этган, 50 га яқин картиналар намойиш қилинган. Ушбу кинофестиваль 1988 йилга қадар мунтазам равишда ўтказиб келинган, совет иттифоқи парчаланганидан сўнг, ушбу фестиваль мамлакатимизда фақат 1992 ва 1997 йилларда ўтказилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон кинематографиясини ривожлантириш, ўзбек киносининг тарихий шуҳратини қайта тиклаш мақсадида бир қатор қарор ва фармонлар қабул қилинди. “Ўзбеккино” миллий агентлиги негизида Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги ташкил топди. “Ўзбекфильм” давлат концернининг замонавий биноси ва павильонлари фойдаланишга топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан 1968-1997 йиллар давомида Ўзбекистонда ўтказилиб келинган “Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатларининг Тошкент халқаро кинофестивали”, “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивали номи билан қайта тикланди, ушбу санъат анжуманини ҳар йили сентябрь-октябрь ойларида Тошкент шаҳрида ўтказиш белгиланди.

“Тинчлик, тараққиёт ва маърифат” шиори остида, ўн учинчи маротаба ўтказилган ушбу кинофестиваль аввало, кино санъати орқали дунё мамлакатлари ўртасида маданий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, жаҳон киноусталари билан ҳамкорликдаги қўшма лойиҳаларни кенгайтириш, инсонпарварлик ва бағрикенглик, халқлар дўстлигини тарғиб қилувчи, маданий хилма-хиллигини акс эттирувчи энг сара жаҳон киноси дурдоналарини   жалб қилиш, ушбу санъат тури орқали халқимизнинг бой тарихи ва бетакрор маданиятини дунёга кенг тарғиб этишни кўзда тутади.

Ушбу анжуман муносабати билан шу йилнинг 6-29 сентябрь кунлари   Тошкент шаҳридаги “Адиб­лар хиёбони”да Ўзбекистон Кинематография агентлиги буюртмасига асосан суратга олинган “Халқ юраги” туркумидан 24 нафар буюк шоир ва адибларимиз ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильмлар намойиш қилинди. 27 сентябрь куни “Ўзбекфильм” киноконцернида Тошкент Халқаро кинофестивали муносабати билан маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари иштирокида матбуот анжумани ташкил қилинди. Унда юздан ортиқ ОАВ вакиллари иштирок этди. Анжуманда кинофес­тивалнинг мақсад ва вазифалари, ундан ўрин олган тадбирлар, тақдимотлар, намойишлар хусусида журналистларга маълумотлар берилди.

“Ипак йўли дурдонаси” халқаро кинофестивалининг тантанали очилиш маросими, гўзал пойтахтимизда “Панорама” номи билан машҳур бўлган “Киночилар уйи” биносида бўлиб ўтди. Алишер Навоий номидаги кино саройи– “Киночилар уйи” бугунги кунда энг замонавий кино маж­муаларидан биридир. Кино мажмуаси ҳудудида фильмларни намойиш қилиш учун 10 та кинозал, шунингдек, фильмлар премьерасини ўтказиш учун мўлжалланган 1890 ўринли катта кино ва концерт зали мавжуд.

Бугунги кунга келиб кинотеатрда кенг кўламли реконструкция ишлари олиб борилди. Бино замонавий, юқори технологияли ускуналар билан жиҳозланди.

Анжуман иштирокчилари ва меҳмонлари бу ерда яқинда очилган Кино тарихи музейи билан ҳам танишишди. Бу ерда ўзбек кинематогра­фиясининг 100 йилликдан зиёд тарихи ҳақида ҳикоя қилувчи нодир экспонатлар, фотосуратлар, кинотасмалар, либослар, қўлёзмалар, машҳур фильмларнинг афишалари ўрин олган.Ушбу афишаларнинг аксарияти кинофестиваль арафасида Россиядан, шунингдек мамлакатимизнинг турли муассасалари архивларидан келтирилди. Таъкидлаш жоизки, капитал реконс­трукция бинонинг модернизм даврига оид меъморий кўринишига таъсир қилмаган. Кинотеатр фасадининг кўриниши сақлаб қолинди.

“Ипак йўли дурдонаси” XIII Тошкент халқаро кинофес­тивалининг очилиш маросимида жаҳон ва миллий киносининг 355 хорижлик киноижодкор ва дунёнинг 55 таниқли кино юлдузлари иштирок этди. Очилиш маросимига АҚШ, Озарбайжон, Беларусь, Миср, Исроил, Ҳиндистон, Италия, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Польша, Россия, Тожикистон, Туркия ва ўзбекистонлик машҳур киноижодкорлар ҳам ташриф буюрдилар. Турли мамлакатлар делегациялари вакиллари, кино ва эстрада юлдузлари анъанавий қизил йўлакдан ўтишди.

Фестиваль иштирокчиларига йўллаган Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг табригини Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ўқиб эшиттирди.

Табрикда, жумладан, шундай дейилади:

“Бугунги кунда шиддат билан ўзгараётган дунёда ижтимоий воқеликка, жумладан, маданият ва санъатга қараш ва мезонлар тинимсиз янгиланиб бораётгани барчамиз учун аён ҳақиқатдир. Бу жараёнлар ҳаётни яхлит бир ҳолда, жамики зиддият ва мураккабликлари билан ҳаққоний акс эттирадиган кинематография ривожига ҳам ўз таъсирини кўрсатиши табиий, албатта.

Аминманки, қайта тикланган, ўз тарихида янги саҳифа очаётган Тошкент халқаро кинофестивали замоннинг ўзи талаб қилаётган ана шундай юксак бадиий мезонлар руҳида ўтади.

Ишончим комил, XIII Тошкент халқаро кинофестивали кўпмиллатли Ўзбекистон халқи учун чинакам санъат байрамига айланиб, янги ном ва истеъдодларни кашф этади, кино­ижодкорлар ва кино ихлосмандлари хотирасида ёрқин таассуротлар қолдиради.

Ўйлайманки, сизлар фестиваль доирасида мамлакатимизнинг қадимий ва замонавий шаҳарларида бўлиб, турли соҳа вакиллари билан учрашиб, Янги Ўзбекистондаги кенг кўламли ўзгаришлардан бевосита хабардор бўласиз.

Сиз, азизларни яна бир бор чин дилдан таб­риклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, ижодий ютуқлар, фестиваль ишига эса муваффақиятлар тилайман”.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги бош директори Ф.Абдухолиқов, россиялик кинопродюссер ва режиссёр Т.Бекмамбетов, америкалик машҳур мультиплакатор ва режиссёр Роб Минкофф ва бошқалар кинофестивалнинг аҳамияти, юртимизда кинематографияни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар, бугунги жаҳон киноси олдида турган масалалар хусусида қисқача сўз юритишди. Бир қатор давлатлар делегациялари вакиллари томонидан фестивалнинг расмий байроғи кўтарилди. Ўзбек ва жаҳон киносида куйланган қўшиқлар асосида тузилган мусиқий композиция томошабинлар ҳукмига ҳавола қилинди. Тадбирда хориж мусиқасининг машҳур вакиллари Россия халқ артисти Филипп Киркоров, тур­киялик Сердар Ортач, тожикистонлик хонанда Хужастаи Мирзовали ва бошқа таниқли санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар янгради.

29 сентябрдан кинофестивалнинг икки муҳим танлови “Янги авлод киноси” ҳамда “Кино беш кунда” лойиҳалари иш бошлади.

“Янги авлод киноси” ва “Кино беш кунда” ло­йиҳалари асосида тақдим этилган фильмлар кинофестиваль павильонларида томошабинлар ҳукмига ҳавола қилинди.

“Жаҳон киноси кунлари” ҳам катта тантаналар билан бошланди. Ҳар бир мамлакат киноси кунларининг очилиши катта байрамга айланиб кетди. Пойтахтимизнинг турли маданият муассасалари – “Ўзбекистон” анжуманлар саройи, Республика Киночилар уйи, Ўзбекистон Миллий академик драма театри, Муқимий номидаги мусиқали драма театри, Республика қўғирчоқ театри, Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театри, Республика Ёшлар театри сингари маданият ва санъат масканларида кинофестиваль иштирокчилари, миллий ва хорижий кино юлдузлари, мухлис ва мутахассислар иштирок этди.

Кинофестиваль “Фестиваллар фестивали” шаклида, нуфузли халқаро кинофестивалларнинг ғолиб ва номинантлари иштирокида ўтказилди. Унинг доирасида мамлакатимиз бўйлаб 16 та мамлакатнинг   кино санъати кунлари ташкил этилди.

Тошкент халқаро кинофестивалида қатнашчи давлатлар киноси кунлари ҳам ўтказилди.

30 сентябрь куни “Жаҳон киноси кунлари” лойиҳасининг хорижий иштирокчилари ўзбек санъаткорлари ҳамроҳлигида мамлакатимизнинг турли ҳудудларига йўл олдилар.

Мазкур кинофестиваль доирасида юртимизнинг бир қатор шаҳарларида жами 6 та кино­театр фойдаланишга топширилди.

Ҳар бир мамлакат вакиллари ўз кино маҳсулотларини республикамизнинг турли шаҳарларида намойиш этдилар.

Кинофестивалга 150 дан ортиқ хорижий фильмлар қабул қилинди. Асосий қисми ўзбек тилидаги субтитрлар билан намойиш қилинди.

Иштирокчи давлатларнинг режиссёрлари ва актёрлари иштирокида маҳорат дарслари ўтказилади.

Мамлакатимиз бўйлаб ўтказиладиган тадбирларда 150 нафардан ортиқ хорижий киноижодкорлар иштирок этдилар. Улар орасида таниқли кинорежиссёрлар, актёрлар, продюсерлар, фес­тивалда намойиш қилинадиган фильмларнинг ижодкорлари, турли дистрибьюторлик компа­ниялари вакиллари, халқаро фестиваллар ва ташикилотлар вакиллари бор.

Кинофестиваль доирасида конференция, давра суҳбатлари, машҳур кино ижодкорлар иштирокида маҳорат сабоқлари ва тренинглар, ижодий учрашувлар жами – 50 дан зиёд тадбирлар ташкил этилди, кинематогфария соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга оид 10 муҳим ҳужжат имзоланди. 100 дан ортиқ фильмлар намойиш қилинди.

29 сентябрь куни “Ўзбекфильм” киноконцерни тақдимотида Даниянинг “Danmon Group” компанияси раҳбарлари, тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, кинофестиваль иштирокчилари таклиф этилди. Унда компаниянинг етакчи вакиллари, мутахассислар, фестиваль қат­нашчилари иштирок этди. Тадбирда Ўзбекис­тон Рес­публикаси Кинематография агентлиги директори Ф.Абдухолиқов, Даниянинг “Danmon Group” компанияси масъул ходими Хеннинг Броннум ва бошқалар бу ерга ўрнатилган замонавий технологияларнинг кинематография ривожидаги аҳамияти, бу борада хорижий корхоналар билан ҳамкорлик истиқболлари, янги асбоб-ускуналардан фойдаланиш масалалари хусусида сўз юритдилар.

2018 йил 19 октябрда Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари ўртасида “Ўзбекистон Республикасида Россия Федерациясининг олий таълим бў­йича таълим муассасалари филиалларини ташкил этиш ва уларнинг фаолият юритиши тўғрисида” битим имзоланган эди. Шунга кўра 2021 йил 28 августида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент шаҳрида С.А. Герасимов номидаги Бутунроссия Давлат кинематография институти” федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Айтиш жоизки, бу қарорнинг имзоланиши мамлакатимиз олий таълим тизими ва кинематография ривожида муҳим тарихий воқеа бўлди.

Зотан, жаҳон кинематография таълимида Бутунроссия Давлат кинематография институти алоҳида ўрин тутади. Бир асрдан кўпроқ тарихга эга бўлган ушбу институтдан айни пайтга қадар жаҳон киносининг қанчадан-қанча кўзга кўринган намояндалари етишиб чиққан. Хусусан, ушбу таълим даргоҳида Комил Ёрматов, Йўлдош Аъзамов, Латиф Файзиев, Элёр Эшмуҳамедов, Али Ҳамроев,   Рашид Маликов, Фарҳод Маҳмудов сингари ўзбек киносининг ўнлаб намояндалари таълим олишган.

Демак, Ўзбекистон тарихида илк бор кинематография йўналишида мутахассислар тайёрлайдиган олий ўқув юрти Бутунроссия Давлат кинематография институти Тошкент филиали ўз фаолиятини бош­лайди. 2021-2022 ўқув йилидан мазкур институтга талабалар қабул қилинади.

Дарҳақиқат, ўзбек киносининг ривожида ушбу нуфузли таълим масканининг ўрни ва аҳа­миятини эътироф этган ҳолда, сўнгги йилларда ушбу институт билан алоқаларимиз сезиларли равишда ортди. 2019 йилдан бери институт раҳбарияти, хусусан, ректор Владимир Малишев билан бир неча бор учрашиб, ҳамкорликни ривож­лантириш бўйича музокаралар олиб борилди. Айни пайтда икки томонлама имзоланган келишувга мувофиқ, Бутунроссия давлат кинематография институтида Агентлик томонидан юборилган 20 нафардан ортиқ йигит-қиз таълим олмоқда.

Кинематография тарихида ҳужжатли кино муҳим ўрин тутади. Айни пайтда Ўзбекистон Рес­публикаси Кинематография агентлиги қошида Ҳужжатли ва хроникал фильмлар сту­дияси фаолият кўрсатмоқда. Кинофестиваль доирасида турли мамлакатларнинг ҳужжатли кино усталари иштирокида “Ҳужжатли кино кунлари” ҳам ўтказилди. Улар иштирокида давра суҳбатлари, маҳорат дарслари, турли мамлакатларда яратилган 20 дан ортиқ ҳужжатли фильмлар намойиш қилинди.

Кинематографиянинг энг муҳим масалаларидан яна бири яратилган киноасарларни сақлаш ва кейинги авлодларга ҳам бекаму-кўст етказишдир. Айни пайтга қадар Ўзбекистон Миллий кино фонди ўз биносига эга эмас эди. “Ўзбеккино” Миллий агентлигида етарлича шароитлар бўлмагани учун жуда кўп тарихий тасмалар Ўзбекистон Миллий архивига топширилган эди. Мазкур санъат анжумани доирасида Ўзбекистон кино фонди ҳам ўзининг алоҳида биносига эга бўлди. Бинонинг очилиш маросимида кўпгина маҳаллий ва хорижий киноижодкорлар иштирок этишди.

Турли мамлакатлардан ташриф буюрган таниқли кино арбоблари, кинорежиссёрлар ва опе­­раторлар, актёрлар ва кинотанқидчилар кинофес­тиваль кунлари Янги Ўзбекистонда юз бераётган ўзгаришлар билан яқиндан танишишди. Улар ўз таассуротларини ўртоқлашишди.

— Биринчи марта Тошкентга ҳамкорликда фильм ишлаганимизда келгандим, бир ой давомида бу ерда яшаганмиз, аммо мамлакат билан яқиндан танишиш имкони бўлмаган, — деди ҳиндистонлик киноактёр ва продюсер Митхун Чакраборти. — Тошкентга келиб, ҳайратимни яшира олмадим. Aэропортнинг ўзидаёқ улкан ўзгаришларни кўриб, худдики, ўзимни Европага келиб қолгандек ҳис қилдим. Aлбатта жуда ҳам чиройли, меҳрли халқингиз ҳам ўзгаришларга кўрк беряпти. Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида азалдан жуда яқин дўстона алоқалар бўлган ва бугун ҳам бу алоқалар нафақат кино ва сериаллар, балки барча соҳаларда давом этиб келяпти. Булар мени фақат қувонтиради. Aйтишим мумкинки, Тошкентга келиб, Ўзбекистон янги тараққиёт босқичига чиқиб, янада ривожланиб чирой очганига гувоҳ бўлдим. Айни пайтда, Тошкент Халқаро кинофестивалининг Янги Ўзбекис­тонда ўтказилиши жуда муҳим воқеа деб, айта оламан.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Президенти Марказий ва Жанубий Осиёда тинчлик ва тараққиётни таъминлашга салмоқли ҳисса қўшаётганини ҳам алоҳида эътироф этмоқчиман. Биз ҳинд делегацияси самимий ва дўстона қабул учун Ўзбекистон ҳукуматига ўз миннатдорлигимизни билдирамиз.

— Мен дунёнинг турли мамлакатларидаги кинематографистлар қатори машҳур ва афсонавий кинофестивалнинг қайта тиклангани учун Ўзбекистон Республикаси раҳбариятидан жуда миннатдорман, — деди америкалик кинорежиссёр Стивен Сигал, — Дунёнинг кўплаб мамлакатларидан келган таниқли кино намояндалари иштирокидаги мазкур кинофестиваль жуда катта миқёсли воқеага айланди. Янги Ўзбекистондаги Тошкент халқаро кинофестивали дўстона ва ижодий мулоқотларга бой бўладиган майдон сифатида ўзининг аввалги шуҳратини яна қайта тиклади! Биз биргаликда унутилмас воқеаларни гувоҳи бўлиб, жуда мазмунли кунларни бошимиздан кечирдик.

Туркиялик ҳужжатли кино устаси Ҳусейн Ўзденнинг фикрича, “Туркия ва Ўзбекистон ўртасида муштарак жиҳатлар жуда кўп. Мен Онадўлида, Туркияда нимани кўрган бўлсам, Ўзбекистонда ҳам шуни топа оламан. Тилимиз,   урф-одатларимиз, эътиқодимиз бир. Ўзбекис­тондаги бу галги ташрифим асносида жуда катта ўзгаришларга гувоҳ бўлдим. Биргина Тошкент халқаро кинофестивалининг қайта тикланиши ҳам Ўзбекистоннинг ютуқларидан бири деб бемалол айтишим мумкин.

Мен ушбу кинофестивалда турк дунёсининг буюк мутафаккири Ҳазрат Мир Алишер Навоий ҳақида ҳужжатли фильм билан иштирок этдим. Фильм учун маълумот тўплаш асносида бир қатор ўзбек ва турк олимлари билан учрашдим. Навоийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида имкон қадар янги маълумотлардан фойдаланишга ҳаракат қилдим. Зотан Навоий шахсияти, унинг бой маданий меросини англатиш ҳар бир туркий миллат вакили, жумладан, менинг ҳам инсоний бурчимдир”.

— Мен яна қуёшли Ўзбекистонга келганимдан хурсандман, – дейди Россия халқ артисти Филипп Киркоров. – Ўзбек халқини, унинг меҳмондўстлигини ҳамиша қадрлайман. Бу гал Тошкент мени бошқача қарши олмоқда. Ўзбекистон ҳукумати маданий соҳаларга, хусусан, кинематографияга катта эътибор қаратаётганидан бениҳоя мамнунман. Кинефестиваль энди бошланмоқда. Умид қиламизки, ушбу кинофестиваль Янги Ўзбекистоннинг янги ўзгаришларини намоён этишда катта аҳамият касб этади.

“Ипак йўли дурдонаси” кинофестивалининг асосий мақсадларидан бири ёш киноижокорлар ва жаҳоннинг машҳур кино усталари ўртасида мустаҳкам кўприк яратиш, ёшларимизнинг билими, тажрибаси ва дунёқарашини ривожлантириш саналади.

Шу боис, фестиваль давомида дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган таниқли киноижодкорлар, жаҳон киносининг атоқли намояндалари иштирокида ўтган 30 га яқин мас­тер-класслар, маҳорат дарсларида 300 нафардан ортиқ ёш киноижодкорлар, шу йўналишда таҳсил олаётган талабалар иштирок этишди. Кинофестиваль доирасида Роб Минкофф, Люк Бессон, Тимур Бикмамбетов, Жерар Депардье, Умеш Меҳра, Ҳусейн Ўзден, Стивен Сигал, Фарҳод Маҳмудов, Юсуф Розиқов сингари ўнлаб кино усталари “Ўзбекфильм” павильонларида ёш ўзбек киноижодкорлари учун маҳорат дарс­ларини ўтишди. Мазкур дарслар давомида хорижий кино усталари ўз устида ишлаш сирлари, касбий маҳорат, аудитория билан ишлаш, мавзу танлаш, сценарий ёзиш, режиссёрлик, операторлик, актёрлик маҳорати сингари йўналишларда ёш йигит-қизларга сабоқ беришди. Ёшлар кино соҳасида ўзларини қизиқтирган турли саволларга жавоблар олишди.

Фестивалнинг тантанали ёпилиш маросими 3 октябрь куни Тошкент шаҳридаги “Renessans Hall” мажмуасида бўлиб ўтди.

Саҳнага фестивалнинг нуфузли меҳмонлари вакиллари, ҳакамлар ҳайъати аъзолари чиқиб келишди.

Россиялик машҳур кинопродюсер, халқаро ҳакамлар ҳайъати аъзоси Тимур Бекмамбетов кинофестиваль иштирокчиларининг Ўзбекистон Республикаси Президентига йўллаган Мурожаатномасини ўқиб эшиттирди.

Мурожаатномада, жумладан, шундай дейилади:

“Муҳтарам Шавкат Миромонович,

Аввало, афсонавий Тошкент Халқаро кинофестивалининг қайта тиклангани муносабати билан    Сизга самимий миннатдорчилигимизни   изҳор этишга ижозат бергайсиз.

Тошкент шаҳри шу кунларда   жаҳон кино санъатининг муҳим маданий марказига айланди.

…Биз, соҳа вакиллари сифатида кино саноати ва санъатига юксак эътиборингиз, яқинда 100 йиллигини нишонлайдиган “Ўзбекфильм”нинг янги қиёфаси, унинг техник таъминоти, янгиланган Республика “Киночилар уйи” ҳамда Кино санъати музейининг фойдаланишга топширилиши, Бутунроссия давлат кинематография институти филиалининг очилиши, миллий кино фондининг тиклангани ва ўзбек киноси дурдоналарининг асл нусхалари ватанига қайтгани муносабати билан самимий миннатдорлик билдирамиз…”

Шундан сўнг, кинофестиваль иштирокчилари ва ғолибларини тақдирлаш маросими бош­ланди. Мукофотларни топшириш тантанали тарзда амалга оширилди. Ҳар бир номинация бўйича ғолибларга эсдалик совғалари, пул мукофотлари топширилди.

“Кино беш кунда” танлови бўйича германиялик ёш киноижодкорлар суратга олган “Қирғоқ” бадиий фильми “Экологик муаммоларнинг ёрқин ифодаси учун” номинациясида ғолиб деб топилди.

Эстониялик режиссёр Надия Тушка “Оилавий қадриятлар ифодаси учун” номинациясида мукофотланди. “Маърифат ва тараққиёт” номинациясида Озарбайжон режиссёри Мурод Ҳусаинов тақдирланди.

Жанубий кореялик режиссёр Пак Су Мин “Так­рор хотиралар” фильми учун “Фестиваль кашфиёти” номинацияси бўйича ғолиб деб топилди. Ҳайъат аъзоларининг махсус соврини ўзбекис­тонлик Саидаъло Маъсудхоновнинг “Объектив” фильми учун берилди. “Энг яхши эркак роли” учун яна бир ҳамюртимиз Турсунбой Пиржонов, “Энг яхши аёл роли” учун ҳам ўзбекистонлик Мадина Маҳмудова тақдирланди.   Ниҳоят гран-при “Ипак йўлида” фильми учун ҳамюртимиз, ёш режисссёр Шерзод Назаровга насиб этди.

“Янги авлод киноси” танловида эса, “Энг яхши эркак роли” учун тожикистонлик Абдукарим Машраб, “Энг яхши аёл роли учун” “Франка” фильми бош роль ижрочиси Мария Поддубна лойиқ кўрилди. Мазкур фильминг режиссёри Дмитрий Семёнов “Энг яхши режиссёрлик иши учун” мукофотини қўлга киритди. Тожикистонлик Манзарали Шерали томонидан суратга олинган “Юк” бадиий фильми танловнинг энг яхши фильми деб топилди. Мукофотларни франциялик машҳур актёр Жерар Депардье, машҳур кинорежиссёрлар Люк Бессон, Тимур Бекмамбетов, Қозоғистон Республикаси Маданият вазири Ақтоти Райимқулова ва бошқалар тантанали равишда топширишди. Шундан сўнг делегациялар вакиллари томонидан кинофестиваль байроғи туширилди.

Тақдирлаш маросимидан сўнг махсус концерт дастури намойиш этилди.

Ҳикматуллох ҚОДИРОВ,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × five =