Мораторийдан сўнг ҳам… дарахтларни кесиш нега тўхтамаяпти?

Биламизки, олам яралганда барча ўсимлик ва жонзодлар узвий боғлиқ ҳолда бир-бирини тўлдиради. Худди шунингдек, инсоният ҳаёти учун ўсимлик дунёси, айниқса, дарахту-дарахтзорлар қанчалик муҳим экани тасаввуримиздан ҳам чексиздир. Шу боис Президентимиз мамлакатимиз ҳудудида ўсимликларни, дарахтларни асраш, уларга зарар етказиш ёки кесилишига қарши курашиш масаласини давлат сиёсати даражасига кўтармоқда.

 

Хусусан, шу йилнинг 23 август куни Президент раислигида экологик ҳолатни яхшилаш ҳамда дарахт­лар муҳофазаси юзасидан ўтказилган йиғилишда Шавкат Мирзиёев дарахтларни кесишга мораторий 2024 йилга қадар узайтирилиши ва жавобгарлик кес­кин кучайтирилиши ҳақида маълум қилган эди. Шу билан бирга унда Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида экология полицияси ташкил этилиши ҳам қайд этилди.

Бундан ташқари яқинда бўлиб ўтган Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг X съездида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзининг сайлов­олди дастурида дарахтларни кесишга муддатсиз мораторий жорий қилиниши ҳақида маълум қилди. Давлатимиз раҳбарининг таъкидлашига кўра, бундан буён, парклар ва яшил зоналар ҳудудини бошқа мақсадлар учун ишлатиш қатъиян тақиқланади.

– Келгуси беш йилда Янги Тошкент шаҳрини барпо этишга қаратилган лойиҳани амалга ошириш босқичма-босқич бошланади. Бутун мамлакатимиз бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси татбиқ этилади. Ҳудудларда ҳар йили камида 200 миллион туп дарахт кўчатлари экилади, — дея таъкидлади Юртбошимиз ўз нутқида.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида камида 50 гектар майдонда “яшил боғлар” барпо этилиши маълум қилинди.

Бироқ… диёримизнинг турли ҳудудларида дарахт­ларга “ҳужум қилиш” ҳолатлари тез-тез учрамоқда. Даставвал, тушунмай дарахт кесиб қўйибди, балки дарахт кесиш мумкин эмаслигини ҳақиқатан ҳам билишмагандир, дейиларди. Лекин яқин кунларда юз бераётган ҳодисаларни кузатар эканмиз, наҳотки ҳамма нарсадан хабари бор, нуфузли ташкилотдагилар мазкур ислоҳотларнинг туб замирига етиб бормаса, англаб етмаса, дея ажабланасан… Президентимиз томонидан куюнчаклик билан айтилган шунча гаплар наҳотки баъзи бир ташкилот раҳбарларини қизиқтирмаса?!

Мисол учун, кўз олдимизда содир бўлган ҳамда кўпчилик эшитган Бўстонлиқ туманидаги “Амирсой” курорт зонаси маъмуриятининг яқинда нақд 700 туп атрофидаги қимматбаҳо дарахтларни кесиб ташлаганини нима билан оқлаб бўлади?! Шунча гапдан кейин ҳам бу каби дарахткесарларни ким қувватламоқда? Улар бу қадар катта “жасорат”ни қаердан олишяпти?

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев айтганидек, ушбу ҳолат бўйича экология қўмитаси томонидан прокуратурага тақдим этилган материаллар ими-жимида ёпилиб кетмасайди. Чунки гап ортга қайтариб бўлмайдиган 700 туп турфа хилдаги дарахт ва салкам 400 миллион сўмлик табиатга етказилган зарар ҳақида кетмоқда. Хўп, уларга жарима орқали жавобгарлик қўлланилган тақдирда ҳам шу билан қутулиб кетадими? Инсон умрини қайтариб бўлмаганидек, кесилган, йўқотилган дарахтларни ким қайтаради?

Мазкур дам олиш масканлари маъмурияти одамлар дам олиш учун аслида тоғ ён-бағирлари, дарахт­зор ҳисобланган табиатнинг манзарали, оромбахш жойларига боришини билармикан.

Худди шундай табиатга зуғум — Тошкент вилоятининг Чиноз туманида ҳам кузатилди. Маълум бўлишича, тумандаги Яллама ҳудудининг “Чинмасжид” маҳалласидаги боғдорчиликка қаратилган узумчилик ширкатлари яқинида ҳам кўплаб манзарали қимматбаҳо дарахтлар шикастлантирилиб, кесиб ташланган.

“Дарахткесарлар” ҳаракати юртимизнинг яна бир қанча ҳудудларида кузатилган. Афсуски мораторий талаби айримларга тегишли эмасдек, гўё. Тадбиркорман дея, пул топаман деб, залолатга қараб кетилмаяптими? Пулдорлар тўғри келган жойга кўнглига нима хуш келса қилаверадиган замон келдими?

Диёримиз шундай бир ўлкаки, у азалдан жаннатмонанд дея улуғланади. Минг таассуфлар бўлсинки, сўнгги йилларда пойтахтимиздан тортиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида минг-минглаб дарахтлар кесиб ташланди. Ҳатто ўтин учун, мебель учун… Қизиқ, табиатга мусаффо ҳаво улашувчи дов-дарахт­ларни қирғин қилаётган кимсаларнинг ўзлари бир туп ниҳол қадашганми?

Энг ёмони бу қонунсизликлар мамлакат раҳбари томонидан қатъий тақиқлангандан сўнг яна давом этаётгани жуда-жуда ташвишланарлидир. Ҳақли савол туғилади: бизда қонун қачон ишлайди?!

Бекмурод БАРДОШ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 4 =