“Ҳақиқий журналист совға кутиб ишламайди…”

Таниқли журналист, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Карим Баҳриев билан мулоқотда бўлдик.

Карим БАҲРИЕВ — 1962 йил Ургут туманида туғилган. 1985 йилда М. Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган. “Сабр косасининг синиқлари”, “Томчидил” шеърий тўпламлари, “Демократия ва инсон ҳуқуқлари”, “Журналистнинг ҳуқуқ, бурч ва масъулияти”, “Оммавий ахборот воситалари фаолияти асос­лари”, “Оммавий ахборот воситалари ва сайловлар”, “Сўз эркинлиги ҳақида сўз” номли китоблар, қатор танқидий-таҳлилий мақолалар муаллифи.   Ҳозирда “Олтин мерос” халқаро хайрия жамғармасининг “Meros-News” ахборот хизмати раҳбари ҳамда Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ўқитувчиси сифатида фаолият юритмоқда.

 

— Карим ака, суҳбатимизни ургутлик ёш шоир Карим Баҳриевнинг бир пайтлар сиёсатга ҳам аралашгани ҳақидаги хотиралардан бошласак.

— Ўтган асрнинг 80-йиллари охирларида ўша даврнинг энг оммабоп нашрларидан бири бўлган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида бўлим мудири бўлиб ишлаганман. Газета саҳифаларида энг долзарб мавзуларда мақола ва фельетонлар чоп этиларди. Мамлакат парламенти депутатлигига номзодимни ўзим ўқиган мактаб жамоаси кўрсатди.

Ўша даврда Олий Кенгаш турли баҳс-мунозаралар билдириладиган қайноқ маскан эди. Худди шу парламент мамлакат тарихида биринчи марта президент лавозимини жорий қилди, Мус­тақиллик декларацияси, Конституция, герб, байроқ, мадҳия, 500 дан ортиқ қонунларни қабул қилди. Ўшанда мен дастлаб парламентнинг тил, маданият, дин ва халқаро алоқалар қўмитаси раиси Пиримқул Қодировга, сўнгра ошкоралик қўмитаси раиси Эркин Воҳидовга ўринбосар бўлиб ишлаганман.

Кейинчалик парламентда ошкоралик ва сўз эркинлиги аста-секин йўқола бошлади. Шунинг учун ҳам сайловларда депутатликка номзодимни қўймадим. Кейин фаолиятим тақиқланди ва 20 йил давомида китобларим чоп этилмади.

— Сизнингча, Ўзбекистонда давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралиги бугунги кунда қай даражада?  

— Халқаро экспертларнинг эътироф этиш­ларича, сўнгги беш йил ичида Ўзбекистон ҳокимият очиқлиги бўйича 26 поғона олдинга силжиган. Бу яхши кўрсаткич.

Эсингизда бўлса, бундан 7-8 йил аввал матбуотда мамлакат олтин захиралари ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ эди. Ҳозир эса бизда қанча олтин борлиги очиқ айтилмоқда. Ҳатто Ўзбекистоннинг ташқи қарзи миқдори ҳақида ҳам маълумотлар эълон қилиняпти.

Демак, аввалгидан кўра очиқлик бор. Ўйлайманки, бу борадаги ишлар давом эттирилади. Чунки жамиятнинг очиқлиги унинг ривож­ланиш даражасини белгилайди. Бу жаҳон тажрибасидан ҳам яхши маълум.

— Мамлакатдаги бугунги сиёсий жараён ва ўзгаришларга бир ижодкор сифатида муносабатингиз қандай?

— Қувонтираётгани — халқнинг кўзи очилаётгани ва гапира бошлагани, фикрлаётганидир. Энди бу жамият давлатни ва жамиятни онгли назорат қила олиши керак. “Жамоатчилик назорати” иборасидаги “назорат” сўзининг ўзаги “назар” сўзидандир. Назорат кўз солмоқ, назар ташламоқ, кўз-қулоқ, бўлмоқ, деганидир. Халқимизнинг “Кўз кўзга тушса, меҳр қўзғалар”, “Кўздан нари — кўнгилдан нари”, “Кўздан тушган тилдан ҳам тушар”, деган ҳикматлари бор. Жамоатчилик назорати – халқнинг давлат ва жамият ишларида кўз-қулоқ бўлмоғи демак. Бу барокот келтирувчи буюк ҳаракат демакдир.

Шундай сатрлар ёдга тушади:

 

Балким, сенинг ошиғинг олчи,

Қинғир ишинг юриб турибди.

Қилмишларинг элдан яширин,

Лекин Аллоҳ кўриб турибди.

 

Ўзбекистонимизда бошланган ислоҳотларнинг бошиданоқ халқ давлатга эмас, давлат халқ учун эканлиги эълон қилинди ҳамда барча ҳаракатлар шу тамойилга қурилди.

Узоқ йиллар қабул қилинмай келинган давлат хизмати, давлат хавфсизлик идоралари, ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолияти қонун дои­расига олинди. “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун ва Давлат дастури қабул қилиниб, давлат амалдорлари ва оила аъзолари даромадларини декларация қилиш йўлга қўйилмоқда. Ошкоралик ва очиқлик сиё­сати, қийинчилик ва қаршиликларга қарамасдан, изчил олдинга силжимоқда.

Хўш, кимлар жамоатчилик назоратини амалга ошириши мумкин? Ўзбекистон Респуб­ликаси фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатга олинган нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари жамоатчилик назорати субъектларидир.

Демак, ҳар бир фуқаро жамоатчилик назоратига ҳақлидир. Журналистлар ҳам ўз фаолиятида жамоатчилик назоратини амалга оширадилар. Демак, уларга нисбатан ҳокимиятнинг нописандлигига йўл қўйилмайди. Одатда бирор иш, асар ё маҳсулотни барпо қилган инсон бошқа бир инсонга “Сиз ҳам бир назар ташлаб беринг”, дейди. Чунки бир кўздан кўра икки ё уч кўз назаридан ўтган нарса мукаммалроқ, ишончлироқ бўлади.

Жамоатчилик назоратининг субъекти сифатида барча фуқароларнинг эътироф этилиши миллионлаб кўзларнинг назарини ишга солади.

Бу миллионлаб кўзлар нимага назар солади? Давлат органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, қарорларда, шу­нингдек, ривожланиш давлат, тармоқ ва ҳудудий дастурларида жамоатчилик манфаатларини, жамоатчилик фикрини ҳисобга олишга; фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, жамият манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларининг ижро этилишини таъминлашга; ўз зиммасига юклатилган, ижтимоий ва жамоатчилик манфаатларига дахлдор бўлган вазифалар ва функцияларни бажаришга; давлат хизматларини кўрсатишга; ижтимоий шериклик доирасида амалга ошириладиган битимлар, шартномалар, лойиҳалар ва дастурларни бажаришга доир фао­лияти жамоатчилик назоратининг объектидир. Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилаётган, мансабдорларнинг кўникиши ва халқнинг фаоллигини уйғотиш қийин бўлаётган ислоҳотларнинг бугунги нуқтасида очиқлик, ошкоралик ва жамоат назоратини кучайтиришга урғу берилиши бежиз эмас.

 — Ўтган йиллар давомида шоир ва ёзувчи сифатида нима топдингиз, нима йўқотдингиз?

— Ўзингиз яхши биласиз, шоир сифатида жуда кам ёзганман. Биринчи китобим билан иккинчисининг орасидаги фарқ 23 йил. Ўша даврда шеърият ўзига хос ижтимоий ҳодиса эди. Шеърий тўпламлар юз минглаб нусхада чоп этиларди, шоирлар мухлислар билан тўла залларда шеър ўқирди. “Бадиий кенгаш” деган тузилма бор эди ва нашрдан олдин ҳар бир китобни синчиклаб таҳрир қиларди.

Бугун эса ҳар икки одамнинг бири шеър ёзяпти. Муаллифнинг ўз маблағи ҳисобидан китоб чиқариши одатий ҳол бўлиб қолди. Ҳатто мансабдорлар ҳам бадиий ижод билан шуғуллана бошлади. Энг ёмони, шеъриятнинг бадиий савияси тушиб кетди. Зеро, инсонга истеъдод фақат Худо томонидан берилади.

Бир фикр мени қаттиқ безовта қилсагина шеър ёзаман. Шунингдек, бадиий ижоднинг бош­­қа турлари, масалан, таржима билан шуғулланаман. Кейинги икки йил ичида жаҳон адабиётидан бешта роман таржима қилдим. Қолаверса, яқинда рус ва ўзбек тилларида “Журналистика. Савол-жавоблар” китобим нашр этилди. Ҳозирда дунёнинг 200 га яқин энг яхши шоирларининг энг яхши шеърларини ўз ичига олган “Жаҳон шеърияти антологияси” китоби устида ишлаяпман.

— Нега ҳозирда одамлар ўз муаммоларини расмийлардан кўра кўпроқ журналист ва блогерларга айтишяпти?

— Жамиятимизда демократияни   ва уни истамайдиганлар ҳам бор. Бу табиий ҳол. Давлатимиз раҳбари ислоҳотлар асосан халқ учун хизмат қилишини таъкидлайди. Президент демократия тарафдори, бироқ айрим мансабдор шахсларнинг ноқонуний фаолияти, фош этилган коррупция ҳолатлари баъзи амалдорлар ҳамон эскича ишлашда давом этаётганини кўрсатади. Бундай вазиятда одамлар адолат излаб Президентга, ОАВларга мурожаат қилмоқда. Ва бу мурожаатлар ўзининг натижасини беряпти.

— Журналист ва блогер орасидаги фарқ нимада?

— Журналист ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонуни асосида амалга оширади. Улар ўз шаънини ва ўзлари ишлаётган таҳририят шаънини ҳимоя қиладилар.

Блогер эса маълумот олиш ҳуқуқи асосида ёлғиз ишлайди. У журналист билан бирга худди шу вазифани бажарса-да, иш услуби сал бошқачароқ.

Ҳақиқий журналист мукофот ёки совға кутиб ишламайди. Журналист – ёлғон ва маддоҳликдан ҳаё ва номус қиладиган, рост сўзлаши ва ёзиши керак бўлган ботир инсондир. Матбуот ва сўз эркинлиги инсон эркинликларининг калитидир.

Инсон ўз ҳуқуқ ва манфаатларига талабгор бўлиши учун энг аввало, уларни изҳор қилиш ҳуқуқига — сўз эркинлигига эга бўлиши лозим. Агар ўз ҳақ-ҳуқуқларинг ҳақида айтишники иложи бўлмаса, уларга эга бўлиш, эришиш ҳақида ўйламаса ҳам бўлади. Матбуот ва сўз эркинлиги таъминланган юртда тафаккур ривожланади.

Сўз эркинлигини бўғадиган давлат ўз илдизига болта ураётган, ўзи ичадиган дарёни қуритаётган, амалдорларининг қаллоблик ботқоғига ботишининг олдини оладиган ва хавфдан огоҳ этадиган жарангдор қўнғироғини парчалаётган, ўз миясини эл­-улусдан келаётган ҳикматлардан маҳрум этаётган, демакки, ўзини фикр­сизлик, турғунлик ўпқонига — таназ­зулга суд­раётган бўлади.

Матбуоти эркин демократик тузум эса айнан халқнинг фикрига таянади, халқдан ҳимоя топади, халқи кучга тўлгани сари ўзини кучли, хавфсиз сезади. Яъни, ўзини англаган, уйғоқ халқ ўзини ҳам, давлатини ҳам, мамлакатини ҳам англайди, ўз қадрини ҳам, юрт нуфузини ҳам баланд қўяди. Эркин матбуотсиз ва жасур журналистларсиз коррупция авжига чиқади. Президентимиз ОАВга очиқликни бергани, журналистларни доим қўллаб-қувватлаётгани бежиз эмас.

— Учинчи Уйғониш даври, яъни Ренессанс сиз учун нима?

— Учинчи Уйғониш даври   ҳақида гапириш ҳали бизга ҳозирча эрта деб ўйлайман. Ҳозирча унинг пойдеворини яратиш ниятидамиз.Яна бир гап. Биз яқин ўтмишда жуда кўп марта тилга олган “буюк келажак” учун эмас, балки Шавкат Мирзиёев айтганларидек, ҳаётимизни бугун яхшилашга ҳаракат қилишимиз ва шунга интилишимиз керак. Зеро, бугун яхши яшаган одамларгина эртанги янада порлоқ кун умиди билан яшайдилар.

 — Шоир Карим Баҳриевнинг янги режалари қандай?

— Энди ҳаётнинг кўпи ўтганини билдик, қолгани фикрлаш ва ёзиш билан ўтиши керак. Мансаб, ҳою ҳаваслар учун вақт қолмади. Қирқ йил мақола ёзибману бир китоб қилмабман, тўпланиб қолибди.

Олтмишга кирганимни эслатиб, нафақага чиқаришгач, тўпладим. Бир том — шеърият, бир том — адабий мақолалар, икки том — публицистик мақолалар, икки том — шеърий таржималар, икки том — сўз эркинлиги борасидаги мақолалар ва суҳбатлар, бир том — аждодларим ва оилам ҳақидаги китоб, икки том — медиа ҳуқуқи ва сўз эркинлигига оид рус тилидаги китоб… Шуларни йиғдим ва кўриб чиқяпман. Энди чоп этиш керак. Яна ёзишда давом этамиз…

— Дилингиз тубида қолаётган яна қандай фикрлар бор?

— Фикрлар кўп, қай бирини айтай?! Аллоҳга шукур, ҳозирча ақлдан мосуво қилмагани учун. 1972 йил эди, шекилли. Телевизорда Абдулла Орипов билан бир ярим соат учрашув берилди. Шоир кўзи чақнаб, шеър ўқиган эди: “Мени ўлдирдилар… Ўзимнинг тилимда сўзлаб юрганлар. Улар кимлар эди? Тўрвадан бўлак Илинжи бўлмаган гадой хурофот”. “Балким бирор бобом шаҳаншоҳ ўтган, балким томиримда дарвиш қони бор…”

Ўша кундан, ўша лаҳзалардан шоир бўлишни орзу қилдим ва шу бугунгача ҳам шу орзунинг ортидан юрибман, унинг изидан саргардонман. Мен адабиётда ҳам, фанда ҳам, ижтимоий ҳаётнинг бошқа соҳаларида ҳам бир нарсани қабул қилолмадим. Бизда бағрикенглик етишмайди, буюк маслаклар йўлида бирлашиш ноёбдир, аммо майда манфаатлар, маҳаллийчилик, тарафкашлик асносида бирлашиш, тўдалашиш, оломонлашиш анъанаси кучлидир. Бирор кимсани устоз дея этагидан тутсанг, унинг рақиблари сени ҳам талайди, фалон домланинг шогирди, деб кун бермайди.

Бу бир сабаб бўлса, ўзимнинг узлатга мойиллигим яна бир сабаб бўлиб, мен бирор бир муайян тўдага қўшилмадим, бирор бир устоз­нинг теварагида парвона бўлганим йўқ.

Шуни айтиш керакки, дунёда ҳеч қайси ҳокимият оммавий ахборот воситаларини яхши кўрмайди – буни орзу ҳам қилмаслик керак. Тоталитар ҳукумат матбуотни жиловлашга, бўғишга уринади. Демократик ҳукумат ҳам масс-медиа­­ни севмайди, аммо у оммавий ахборот воситаларига “чидайди”, сабр-тоқатли муносабатда бўлади. Шулар каби фикрларни ўйлаяпман.

Ёрмамат РУСТАМОВ

суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 + three =