Шаън ҳимояси
Мусаввир ҳақида: Ўзбекистон бадиий академияси ижодкорлари уюшмаси аъзоси, таниқли рассом Жўра Асран 1957 йилда Андижон шаҳрида туғилган. Ўрта мактабни битириб, 1976-1980 йиллар Бенков номидаги республика рассомчилик билим юртида таҳсил олган. 1981-1987 йиллар Тошкент Театр ва рассомчилик институтини битирган.
Кўргазмалари нафақат мамлакатимиз, чет давлатларда ҳам намойиш этилган.
Қуйида тақдим этиладиган рассом ижодидан намуналар ҳамда у ҳақда ёзилган ўйлар сизга маъқул бўлади, деган умиддамиз.
Тонг одамга ўзгача ҳузур бағишлайди.
Жўра Асран субҳидамда боғини айланаркан, беихтиёр куни -кеча берилиб чизган қиёгуллари олдига келганини билмай қолди. Уларнинг ҳар бири саҳнада ўйнаб келиб, майсазорда рангин лозимларга беркинган чиройли оёқларини йиғиштириб ўтирган раққоса қизларга ўхшайди.
У гуллар оралаб ўтаркан, унинг қулоғига ғангур-ғунгур овозлар эшитилиб қолди. Товуш келаётган томонга қараб юрди. Бодомзор ниҳоллари остини бегона ўтлардан тозалаб, ерини юмшатаётган, сувга йўл очаётган боғбон билан шогирди Тўхтасин гаплашиб туришарди.
— Жўра ака зўр одам, — кутилмаганда устози ҳақида гапириб қолди шогирд, — фақат бир камчиликлари бор-да!
Рассом гап ўзи ҳақда бораётгани учун ҳам суҳбатга қулоқ солишга мажбур бўлди.
— Камчиликсиз одам бўладими? — бир муддат ишдан тўхтаб, шеригига ажабланиб қаради боғбон. — Қани айт-чи, нимадан кўнглинг тўлмаяпти. Жўра Асраннинг қандай камчилиги бор экан?
— Ҳаддан ташқари ишонувчан, дуч келган одамга яхшилик қилаверишлари тўғри эмас.
— Дуч келган одам деб кимни назарда тутаяпсан? Ўзинг ҳам жамоамизда янгисан. Демак, сен ҳам дуч келган одамсан-да, а?!
— Анави икки қизни ишга олганларини айтаяпман. Ғирт ўйинқароқ-ку улар. Ошпаз йигитнинг атрофида айланишгани-айланишган. Кейин ёлчитиб ишлашмаяпти. Қачон қарама соткада қўшиқ эшитишади.
— Улар ошпаз бола билан бир қишлоқдан, — боғбоннинг жаҳли чиққани сезилди. — Болаликда бирга улғайишган, ака-сингилдай бўлиб кетганлар. Кейин қизларни ишга мен олиб келганман. Саксондан ошган бувиси билан яшайди. Каттасининг акаси оғир бетоб, тўшакка михланган. Ялиниб келишганди, Жўрага айтдим. Йўқ демади. Ўзи Жўра Асран Хонобод халқини ўз оила аъзосидай кўради. У ўтқазган мана бу дарахтлар ҳосилини қўни-қўшнилар билан баҳам кўради. Рассомман деб ўтирмай, Япониядан келтирилган дарахт кўчатларини кўпайтирмоқда. Пулга муҳтож бўлганларга иш топиб бераяпти. Менга, йўғимда қўшнилардан кимдир нимадир сўраб келса, йўқ деманг деб тайинлаган. Булар ўша қўшниларнинг қизлари-да! Уларнинг қўшиқ эшитишига келсак, мана ўзинг. Қачон хонангга кирсам Шерали Жўраевнинг қўшиқларини эшитаётган бўласан, шундайми? Гулдай қизларни дуч келган одамга ёмонлаб юрганингни бошқалардан ҳам эшитган эдим: “Ишлари суст, фақат гап сотиб ўтиришади, сўроқсиз ичкарига киришаяпти, пандемия пайти кўчадан инфекция олиб киришлари мумкин, булардан кўра ёши каттароқ аёлларни ишга олиш керак эди”. Бу қандай гап, ука?! Бунақада улар ризқининг қирқилишига сабабчи бўлиб қолишинг мумкин! Бу гуноҳку! Сен кимсан ўзи бу ерда? Шаҳарда уйсиз юрган эдинг, Жўра оғайним олиб келиб бошпана берди, тирикчилик қилишингга имкон яратиб қўйибди. Яна нима керак сенга? Билиб қўй, Жўрани болалигимдан биламан, паст-баланд гапларга эътибор бермагандай юради, лекин бирданига бир қарорга келади ва уни амалга оширмасдан қўймайди. Сен айтган ишонувчанлиги остида ҳам халқнинг бир ҳикмати бор: яхши бўлса ошини ейди, ёмон бўлса бошини…
Рассом Жўра Асран пойтахтда яшаган бўлса ҳам Андижондан сира узоқлашмаган. Унинг гўзал манзаралари, турли табиатли одамларнинг қиёфаларини картиналарида акс эттиришни мақсад қилган. Кўп йиллар пойтахтда яшаб, ижод қилиб элга танилди. Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Муҳаммад Юсуф каби жуда кўп ижодкорлар билан маслакдош бўлди. У яратган Имом Бухорий, Аҳмад Фарғоний, Хожа Аҳрор Вали сингари алломаларимизнинг портретлари мамлакатимиз ва чет эл музейларида сақланади, матбуотида ёритилган. Шаҳарда бир нечта уйи бор. Аммо ёши бир жойга етганда меҳр тортиб ўз туғилган жойига қайтди. Шу ерда бир ватан қилишга киришган.
Тўхтасин айтган нохуш гапларини боғбон рассомга етказишидан ташвишланиб, ўзини тийишга уринди.
— Мен фақат устозни асрайлик деяпман, холос, — ўзини оқлашга ўтди у.
— Жўра мен билан сенинг ҳимоямизга муҳтож эмас. Майли, шундай ҳам, дейлик. У қўлламоқчи бўлганларни камситиб, ҳақорат қилиб унга қандай ёрдам бермоқчисан?
— Қачон, кимни ҳақорат қилибман?
— Тушликда қизлардан бири ошхонага кириб: “Тоға, озгина нон бериб юборинг” деса “Нон йўқ!” деб бақириб берибсан. Яна бир куни эркаланиб, шу баджаҳл амаки билан яхшилаб танишиб олай, деб тушлигингни ошпазнинг қўлидан олиб сенга келтириб берса, косага унинг қўли тегди, дея ўша куни овқатга қўл чўзмабсан. Яна ошпазга: “Нега ўзинг олиб келмайсан, қизнинг онаси чақалоқлигида ташлаб, бошқа биров билан Россияга кетиб қолибдими, бу ҳам ўшанақа, косага қўли тегди, энди овқатингни ўзинг е” дебсан уялмай. Бечора қиз эшитиб қолиб, роса йиғлабди. Қизнинг дугонаси, бизни ҳаром-хариш юради, деб ўйлайсизми, деб сен билан жанжаллашибди-ку! Бировнинг тақдиридан “фол” очишга ким ҳуқуқ берди сенга? Бу Жўранинг қулоғига етиб бормади, деб ўйлайсанми? Нега эртасига қизларни ичкарига олди – уларни уй хизматига ўтказди. Жўрани биламан, қизларга озор берганингдан кейин уларнинг кўнгли учун шундай қилган. Бундан сен хулоса чиқарасан, деган. Шуни биласанми? Йўқ, бу ҳақда ҳатто ўйламагансан ҳам. Яна рўза тутганингга ўлайми? Боре-е!
Жўра Асран уларга ўзини кўрсатмади — аста ортига қайтди.
Боғбоннинг Тўхтасинни тергаши бу борада ўз муносабатининг тўла ифодаси эди: “Ҳар ким элдошларининг обрўси, қиз-жувонларимиз шаъни, ор-номусини ана шундай ҳимоя қилиши керак?!”.
Илҳом АҲРОР