Сўйлаб берарди бувим…

Жадид бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг икки жилдлик “Сайланма”сини варақлаб ўтириб, кўзим мана бу пурмаъно ҳикматга тушди: “Тараққий этган миллатларни оналари ўқитур экан, биз аввал оналаримизни ўқитуб, уларга тил ўргатмоғимиз керак, чунки бизнинг илм ва тилсизлигимиз улардандур”. “Ялт” этиб хаёлимга халқимизнинг: “Отаси ўқиганнинг бири ўқийди, онаси ўқиганнинг бари ўқийди”, деган қанотли сўзи келди.

Дарҳақиқат, фарзанд тарбиясида оналар бош ролни ўйнаши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Шу жумладан, болани маънавиятли, китобхон қилиб тарбиялаш ҳам биринчи галда оналарнинг зиммасидаги вазифалар сирасига киради. Улуғ шоирларимиз ва алломаларимиз болаликларини эсга олганларида бежиз бувилари, оналари айтиб берган эртаклар, ўқиб берган китобларни кўнгиллари офтоб мисол ёришиб тилга олишмайди. Атоқли шоир Ҳамид Олимжоннинг қуйидаги қуйма сатрлари эсингиздадир: “Болалик кунларимда, Уйқусиз тунларимда, Кўп эртак эшитгандим, Сўйлаб берарди бувим”.

Ҳа, бувиларимиз, момоларимиз бугунги давр тили билан айтсак, болалигимизнинг чинакам маънавият тарғиботчиси бўлган экан. Бир-биридан қизиқ эртаклар, шеъру ҳикоялар, халқ ҳикматларини қулоғимизга қуйишган. Хўш, бугун-чи?

Бугунги кунга келиб диёримизда ёшларни китобга ошно қилиш йўлида улкан ишлар бош­лаб юборилган. “Ёш китобхон” танловидан тортиб, таълим муассасаларида ташкил этилаётган ранг-баранг тадбирларгача шулар сирасига киради. Боз устига, кутубхоналарни бадиий, илмий-оммабоп китоблар билан бойитиш мақсадида “Китоб карвонлари” ҳудудларга пешма-пеш йўл олиб турибди. Ҳатто амал курсисини эгаллаб ўтирган раҳбарлар ҳам ўзлари таҳсил олган мактабларга жилд-жилд китоблар совға қилишмоқда. Албатта, бу саъй-ҳаракатлар вақти келиб ўз натижасини кўрсатажак…

Бироқ каминани кўпроқ Беҳбудий бобомизнинг фикрлари тафаккурга чорлайди. Келажагимиз эгалари бўлган ўсиб келаётган ёш авлодни китобхон қилиб тарбиялашда оналаримизнинг ўрни сезилаяптими? Хизмат тақозоси билан жойларга чиққанимизда маҳаллий раҳбарлардан китобхон оилалар ҳақида сўраб-суриштирамиз. Аксари ҳолларда жўяли жавоб ололмаймиз. Ҳатто мактабларда болаларга нафис адабиётдан дарс берадиган ўқитувчилардан: “Уйингизда шахсий кутубхонангиз борми?” деб сўрасак, кўпчилиги ер шохлаб қолади. Уйда китоб бўлмагач, бола қандай қилиб китобга ҳавас қўйсин?! Янги ўқув йили бош­ланиши арафасида ўтган бир машваратда Сирдарё вилоят халқ таълими бошқармасининг бошлиғи Отабек Донабоев мактаб кутубхоналарига сўнгги йилларда 200 минг жилд­­га яқин бадиий адабиётлар кириб келганини очиқлади. Бу жуда катта маънавий тўлқин. Мен ўзимча шундай фикр юритаман. Вилоятимизга оқиб келаётган “яхши дўст”ларнинг (“Китобдан яхши дўст йўқ жаҳонда”, Абдураҳмон Жомий) бир қисмини оилаларга тарқатса бўлмайдими? Чунки кўпчилик оилалар рўзғорини бутлашга ҳаракат қилишади-ю, маънавий бойишни эсдан чиқаришади. Қолаверса, рўзғордан орттириб китоб харид қилишга қурби етмайдиган оилалар ҳам бор. Ўткир Ҳошимовнинг бир гапи бор-ку: “Бир нарсани ҳеч тушунмайман: китоб ўқийдиганларда пул йўқ. Пули кўплар китоб ўқимайди…” Уйда китоб бўлса, албатта, ота-она қўлига китоб олади. Фарзанд ҳам уларга тасиб қилиб китобга интилади. Қуш уясида кўрганини қилади, дея бежиз айтишмаган-да, машойихлар.

Бу борада Сирдарё вилоятида эшитган қулоқни қувонтирадиган тажрибалар бор. Ўтган 2020-2021 ўқув йилида Боёвут туманидаги 35-умумий ўрта таълим мактаби вилоят ҳокимлиги, вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамда “ГЛОБАЛ БООКС” МЧЖ ҳамкорликда ташкил этган “Энг китобхон мактаб” танловининг ғолибига айланди. Таълим муассасаси “Spark” автомобилини қўлга киритди. Ёшлар фестивалида ғолиб таълим даргоҳига енгил машинанинг калити тантанали равишда топширилди.

Танлов ўз йўлига. Бироқ назаримизда ўша пайтда мактаб раҳбарияти олға сурган эътиборга молик ташаббус муҳим. Мактаб маъмурияти ҳудуддаги ҳар бир оилада мўъжазгина кутубхона ташкил этиш ташаббуси билан чиқди. Ота-оналар маъмурият ташаббусини қўллаб-қувватлаб, фарзандлари учун бадиий китоблар харид қилишди. Пировардида ҳар бир хонадонда 30-50 жилддан иборат кутубхоналар пайдо бўлди. Қаршисида китоб тўла жавон турган оиланинг боласи албатта, китоб ўқийди-да!

Бугунги кунда оилавий китобхонликларни йўлга қўйиш қийинми? Тўғри, ҳозир радио-телевидение, ижтимоий тармоқлар фарзандларимиз қизиқишларини ўз ўзанларига оҳанрабодек тортиб кетаётгани бор гап. Бироқ бу қусурни тузатса бўлади-ку! Бунинг учун ота-­онанинг ўзи болаларига ибрат бўлиши керак. Фарзандларни қуруқ насиҳат билан йўлга солиб бўлмайди. Балки бунда шахсий намуна муҳим аҳамият касб этади. Ишдан қайтган ота-она ялпайиб телевизорнинг тагига ётиб олмай беш-ўн варақ китоб ўқиса, буни кўрган боласи ҳам мутолаага қизиқиб қолади. Катта арава қаердан юрса, кичик арава ҳам шу ердан юради, деганларидек, она китобхон бўлса, албатта, фарзанди ҳам унга тасиб қилади. Юртдошимиз, таниқли олим Қозоқбой Йўлдошнинг шундай гаплари бор. “Менимча, миллат даражасини шу миллат аёлининг даражаси белгилайди. Чунки халқ аёлидан баланд бўлолмайди. Негаки, халқ аёлнинг маҳсулидир. Худдики, мева оғочдан ортиқ бўлолмаганидек, фарзанд ҳам онасидан узоққа кетолмайди. Ўзбекдаги: “Алпни ҳам, олимни ҳам она туғади”, деган ҳикмат бежиз эмас”. Бас, шундай экан, оилада аёлларимизнинг эмин-эркин бола тарбиялашига кенг йўл очиб беришимиз жоиздир. Аёл онги юксалмай туриб, халқ маърифати кўтарилмайди.

Яна ўзим гувоҳи бўлган бир воқеа. Ўтган асрнинг 70-йиллари охирларида каминани Тошкентга, Ўзбекистон радио қўмитасига малака оширишга жўнатишди. Ажойиб кунларнинг бирида ҳажвчи ёзувчи Неъмат Аминов билан учрашув бўлиши эълон қилинди. Белгиланган пайтда у киши мажлислар залига кириб келдилар. Ўрта бўйли, сочларини орқага силлиқ тараган Неъмат ака менга Ойбек домланинг қиёфасини эслатиб юборди.

Адиб учрашув чоғи ўзбек аёллари ва уларнинг маънавий қиёфаси ҳақида суҳбат қурдилар. Қизиқ-қизиқ мисоллар келтирдилар. Дарвоқе, аёллари ўқиган юртнинг маънавий даражаси юксак бўлиши бот-бот так­рорланди. Чунки ўсиб келаётган авлоднинг бош тарбиячиси оналар эканлиги алоҳида таъкид­ланди.

Неъмат аканинг учрашувдаги бир гапи кечагидек эсимда.

— Ўрис аёллари туғруқхонага тушиб, чақалоғини қўлга олганча беш-олтита китобни ўқиб ташлайди. Бизда-чи?.. – дея залга мурожаат қилганди адиб.

Албатта, юморга мойил бу гапнинг тагида аччиқ ҳақиқат бор эди.

Ҳа, бугунги ёшларнинг дуркун ўсиб-улға­йишлари, маънавий юксалишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Кўп китоб ўқиган йигит-қизларга Президент совғаси — автомашиналар совға қилинаётир. Ҳатто мамлакатимиз раҳбари шеърни қойиллатиб ўқиган Тошкент вилоятидаги бир қизнинг отасига шу ернинг ўзида енгил машина инъом этиб юборди. Бу саъй-ҳаракатларнинг замирида ўсиб келаётган ёш авлодни китобга ошно қилишдек эзгу ғоя ётибди. Чунки, Президентимиз тўғри таъкид­лаганларидек: “Ёшларимизнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини оширишга, уларнинг китоб билан дўст бўлишига, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим”.

Муҳаммадали АҲМАД,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 1 =