Самарқандга Нобель мукофоти соҳиби келди

Нобель мукофоти соҳиби Азиз Санжар Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетининг кимё факультетидаги замонавий илмий лаборатория очилишида иштирок этди.

 

Ўзбек ёшлари жуда билимга чанқоқ ва интилувчан. Бу ҳақида хорижлик профессор-ўқитувчилар, умуман, чет элликлардан кўп марта мақтовлар эшитганмиз. Бу эътироф барча устозлар учун катта фахр. Эҳтимол бугун имкониятлар улар орзу қилганчалик бўлмаслиги мумкин, лекин, Президентимиз томонидан улар учун энг яхши шароитлар, имкониятлар яратиб беришга ҳаракат қилинмоқда.

Яқинда ёшларни кузатиб, фикрларим яна-да қатъийлашди, улардаги илм-фан намояндаларига юксак ҳурмат-эҳтиром, юртимиздан яқин келажакда катта олимлар, тадқиқотчилар етишиб чиқишидан дарак беради. Улар ўз номи билан дунёга машҳур самарқандлик, ўзбекистонлик олимлар бўладилар!

Халқаро Нобель мукофоти соҳиблари юртимизга, қолаверса, қадим ва навқирон Самарқандга ҳар доим ҳам келавермайди. Яқинда шаҳримизда ана шундай ажойиб, тарихий воқеа юз берди.

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети кимё факультетидаги замонавий илмий лабораториянинг очилиш маросимида профессор, Нобель мукофоти соҳиби Азиз Санжар иштирок этди ва бир неча кун давомида самарқандликларнинг азиз меҳмони бўлди.

Асли туркиялик бўлган профессор Азиз Санжар АҚШда яшаб, Шимолий Каролина университетида илмий фаолият билан шуғулланган, дунё таниган ва тан олган биокимёгардир. Олим сўнгги 15-20 йиллар оралиғида замонавий дунёнинг энг оғир хасталикларидан бири бўлган саратон билан зарарланган ҳужайранинг DNK тизимини тузатишнинг биокимёвий механизмларини ишлаб чиққан ва ушбу муҳим тадқиқоти учун 2015 йилда кимё фани бўйича халқаро Нобель мукофотига лойиқ кўрилган.

Тадбирда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов, ўнлаб олий таълим муассасалари ректорлари ва профессор-ўқитувчилар иштирок этди.   Самарқанд давлат университетида Нобель мукофоти соҳиби “Мия саратонини даволашнинг инновацион усуллари” мавзуида   маъруза қилди.

Биокимё лабораторияси Россия,   Япония, АҚШ каби давлатларда ишлаб чиқарилган 10 га яқин замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Бу ускуналарда органик ва ноорганик материаллар, кимё соҳасида моддалар тадқиқи ва комплекс бирикмалар синтезини амалга ошириш, наноматериаллар хоссаларини ўрганиш, моддалар таркибини миқдор ва сифат жиҳатидан таҳлил қилиш, биофаол бирикмаларни аниқлаш каби бир қатор муҳим йўналишларда илмий таҳлил ва тажрибаларни амалга ошириш мумкин бўлади.

Замонавий анализ усуллари лабораторияси кўп тармоқли бўлиб, бир вақтнинг ўзида кимё, биология, фармацевтика, тиббиёт, озиқ-овқат саноати, парфюмерия, материалшунослик, биологик тадқиқотлар, атроф-муҳит муҳофазаси, кончилик, нефть ва газ кимёси, қишлоқ хўжалиги соҳаларида юқори аниқликдаги илмий тадқиқотлар ўтказиш имконини беради.

Ҳозирги кунда кимё халқ хўжалигида катта аҳамиятга эга. Ушбу фан ишлаб чиқариш, саноат, чорвачилик каби соҳаларнинг кимё қўлланилмайдиган бирорта ҳам тармоғи йўқ, десак муболаға бўлмайди.

Чунки, қишлоқ хўжалигида   минерал ўғитлардан зараркунандалар ва касалликларга, бегона ўтларга қарши кураш учун ишлатиладиган кимёвий воситалардан кенг фойдаланилади ва ҳоказо.

Кимё технологияси бўйича ривожланган давлатлар билан ҳозирча рақобатлаша олмаймиз. Аммо бугунги кунда мамлакатимизда айнан кимё технологияларига, қолаверса, илм-фанга катта эътибор берилмоқда, яқин келажакда бу бўйича етакчи давлатлар қаторига кира оламиз, деб умид қиламиз.

Илм-фаннинг юқори чўққиларига эришиш борасида лабораторияларни аниқлиги юқори бўлган замонавий жиҳозлар билан таъминлаш жуда муҳим ҳисобланади. Мазкур лаборатория жиҳозларининг бир қисми Ислом тараққиёт банки иштирокидаги олий таълим муассасаларига бериладиган моддий ёрдам сифатида келтирилган. Айни пайтда мамлакатимиздаги 25 та ОТМнинг моддий-техник базасини бойитишда ана шу банк кўмагидан фойдаланилди.

Айтиш жоизки, бу фақат университет миқ­ёсида эмас, ҳатто Самарқанд миқёсидаги ҳам эмас, бутун мамлакатимиз илм – фанига тааллуқли катта ва муҳим воқеа бўлди. Бундай замонавий лабораториялар ёрдамида муҳим илмий ишларни амалга ошириш мумкин бўлади. Қолаверса, талаба-ёшлар учун, илмга чанқоқ ўғил-қизларимизга яхши имконият. Саккиз турдаги замонавий қурилмалар билан жиҳозланган илмий лаборатория халқ хўжалигининг кимё, фармацевтика, тиббиёт, озиқ-овқат саноати, биологик тадқиқотлар, кончилик каби соҳаларида тадқиқотлар олиб бориш салоҳиятига эга.   Шунингдек, молекуляр биотехнологиялар ва замонавий ботаника асос­лари ҳамда виварий, биофизиологик, био­кимёвий тадқиқотлар илмий лабораториялари ҳам соҳага қизиқувчан ёшлар учун мактаб.

Халқаро Нобель мукофоти соҳиби билан мулоқот талабалар, магистрлар ва докторантларга ҳам катта рағбат берди, дейиш мумкин. Буни уларнинг юз – кўзидан, бўлиб ўтаётган савол – жавоблардан сезиш мумкин бўлди.

Биринчи кун расмий тадбирлар, иккинчи кун самимий мулоқот бўлди. Таниқли олим томонидан саратон касаллигини олдини олиш, эрта аниқлаш ва даволаш бўйича яхши тавсиялар берилди.

Талабалар ушбу касаллик бўйича хорижий давлатлар, хусусан, Америка Қўшма Штатларида қандай муваффақиятли тажрибалар ва илмий ютуқлар борлиги билан танишди. Замонавий анализ усуллари лабораториясининг очилиш маросимида Азиз Санжарнинг ўзи иштирок этгани келгусида ҳам олим билан мустаҳкам илмий ҳамкорлик давом эттирилишини англатади.

Илм-фан ривожланмаган давлатда тараққиёт ҳам бўлмаслиги исботланган ҳақиқат.

Илмий лабораторияда бугунги кунда нафақат соҳага оид илмий тадқиқотлар, балки тиббиёт, атроф-муҳит муҳофазаси, озиқ-овқат маҳсулотлари таркибидаги зарарли моддаларни аниқлаш, саноат ва бошқа ишлаб чиқариш тармоқлари учун тадқиқот объектлари таҳлиллари ўтказилаётгани барчани қувонтиради.

Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистонда илм-фан соҳаси юксак тараққий топган бўлиши ва янги кашфиётлар маркази сифатида ҳам яқин йилларда мамлакатимиз ҳам эътироф этилишига шубҳа йўқ. Негаки, амалга оширилаётган ислоҳотлар бунга албатта имкон беради.

Худайназар ЮНУСОВ,

Самарақанд давлат ветеринария медицинаси,

чорвачилиик ва биотехнологиялар

университети ректори,

биология фанлари доктори,

профессор,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган чорвадор

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one + two =