Яратувчанлик завқи ва масъулияти
Жаҳон адабиётида илмий-фантастика жанри асосчиларидан бири бўлган америкалик биохимик олим ва ёзувчи Айзек Азимов “Тараққиёт фақат ихтиролар билангина амалга ошади”, дея қайд этган эди. Ўтган асрда айтилган бу ҳақиқатни бугунги давр шиддати билан ёнма-ён қўйсак, ҳар бир жамият тараққиёти учун масъул бўлган илм аҳли зиммасида икки карра вазифа борлигини англаш мумкин.
Шу боис, Янги Ўзбекистонда таълим соҳасида, хусусан, олий таълим муассасалари илмий салоҳиятини тобора ошириш, олимларимиз фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё миқёсида муҳандис кадрлар ва олимлар етиштириб бераётган Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети мисолида ҳам буни бемалол айтишимиз мумкин.
Университет тарихи ва бугуни ҳақида икки оғиз сўз
Ўтган асрнинг 50-йилларидан сўнг Қизилқум воҳасида заводлар пайдо бўла бошлагач, уларга зарур мутахассислар тайёрлаш эҳтиёжи ҳам туғилди. Шу тариқа 1963 йилда Навоий шаҳрида Тошкент политехника институтининг кечки ўқув маслаҳат пункти очилди ва бу ерда беш нафар киши фаолият бошлади. 1966 йилда эса кечки ўқув маслаҳат пункти Тошкент политехника институтининг умумтехника факультетига айлантирилган.
Ўзбекистон мустақиллигидан сўнг, яъни 1995 йилга келиб, ушбу филиал Навоий давлат кончилик институти мақомига эришди. Албатта, бу ўзгаришлар ўз-ўзидан бўлган эмас. Бунинг ҳар бирида ўша даврда иш олиб борган педагогларнинг саъй-ҳаракати, меҳнати мужассам. Олий таълим даргоҳининг мана шу ўтган даврдаги фаолиятига эътибор қаратадиган бўлсак, Навоий вилояти ҳудудида йирик саноат кластерларининг ташкил этилиши ва ривожланиши уларга мутахассислар етиштириб бераётган институт фаолияти билан ҳам чамбарчас боғлиқ эканини кўриш мумкин.
Шу ўринда таъкидлаш керак, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 31 мартда эълон қилинган “Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида ўтган йилдан эътиборан Навоий давлат кончилик институти университет мақомида фаолият юритиб келмоқда. Дарҳақиқат, 5 нафар киши билан тамал тоши қўйилган олий таълим ўчоғида бугунги кунга келиб 500 нафардан ортиқ ишчи-ходимлар, хусусан, 300 нафарга яқин педагоглар фаолият олиб бормоқда ҳамда илмий салоҳият 51,5 фоизни ташкил этади.
Олий таълим масканининг янги биносида ўқув жараёнлари 2017 йил бошланган бўлиб, айтиш мумкинки, бу объект бугунги кунда саноатлашган Навоий шаҳрининг рамзларидан бирига айланган. Замонавий ва шинам аудиториялар, лекция заллари, лаборатория хоналари, кутубхоналар талабалар ихтиёрида. Университет биносининг 40 фоизи айни вақтда лабораториялардан иборат. 2018 йилда олийгоҳда 24 та ўқув ҳамда 3 та илмий лаборатория мавжуд бўлган бўлса, бугунга келиб улар сони 40 тадан ошди ва 2024 йилга бориб бу кўрсаткични 63 тага етказиш устида иш олиб бориляпти. Университет олимлари томонидан интеллектуал мулкка эгалик масаласида эса 2018 йилда 3 та патент олинган бўлса, ўтган йилнинг ўзида мазкур рақам 12 тани ташкил этди. Бу борада ўсиш динамикаси кутилганидек жадал ривожланиб бормоқда.
Янги Ўзбекистонда амалга оширилган энг катта ислоҳотлардан бири бу, шубҳасиз, олий таълимга қамров даражасининг сезиларли даражада оширилиши саналади. Мисол учун, университетимизда яқин йилларга қадар ўртача 3 минг нафар талаба ўқиган бўлса, бугунги кунда улар сони 8 мингдан ошди ва 2026 йилга бориб 15 минг талаба ўқиши учун зарур шарт-шароитлар бугундан ҳозирланмоқда.
Айни шиддатли ўзгаришлардан қилинган илк хулоса: ҳар бир олий таълим муассасаси жойларда ёш авлод билан фаол учрашиб, уларга мавжуд мутахассисликлар, қулайликлар ва имкониятларни кенг тарғиб қилиш, ўрта мактаблар билан яқин ҳамкорлик олиб бориш, натижада эса ҳар бир мутахассисликка қизиқувчи ёшларнинг таълим олишини таъминлаш зарур вазифа саналади. Шу боис, туманлардаги мактабларга ташриф буюриб, ёшларда университет ҳақида тўлиқ тасаввурлар пайдо бўлиши учун юзма-юз мулоқотлар олиб борилмоқда.
Олимларимиз муқобил энергия соҳаси бўйича ихтиролар устида ишламоқда
Янги Ўзбекистон Тараққиёт Стратегиясида белгилаб олинган муҳим вазифалардан бири бу ҳар бир соҳада “яшил энергия” — қуёш панели, шамол генератори кабилардан фойдаланишни кенг жорий этиш саналади. Бугунги кунда айни шу мақсадда юртимиз бўйлаб, жумладан, Навоий вилоятида ҳам амалга оширилаётган жадал саъй-ҳаракатлар кўзга ташланмоқда. Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети олимлари ҳам ишлаб чиқариш корхоналари мутахассислари, хусусан, “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ билан биргаликда муқобил энергетика бўйича қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
Таъкидлаб ўтиш керак, муқобил энергетика биз учун янги соҳа ва мазкур йўналишда мутахассислар етиштириш дастлабки кўрилиши лозим бўлган чоралардан саналади. Шу боис, университет “Электр-энергетика” кафедраси негизида ёш мутахассиcларга қуёш панеллари соҳасини ўргатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, мазкур кафедра ҳамда комбинат ўртасида имзоланган хўжалик шартномасига кўра, 2021-2022 йилларда шамол электр станцияси ва қуёш панелларининг гибрид варианти, яъни қуёш-шамол мини станцияларини йиғиш ва ўрнатиш ишлари амалга оширилди. Мазкур жараёнда талабалар ҳам жалб этилиб, университет қошидаги “Технопарк” ҳудудида қуёш панелларини йиғиш ишлари олиб борилди. Биз мазкур лойиҳа доирасида иккита манфаатга эга бўлдик: биринчи навбатда, ёш мутахассисларимиз ўз қўли билан қуёш панелларини ўрнатиш, панелларни бир-бирига тўғри улаш, созлаш ва ишга тушириш кўникмасига эга бўлди, иккинчидан, хўжалик шартномаси эвазига университет ҳудудига ҳам бир комплект қуёш панели ва шамол генератори олиб келиниб, бугунги кунда лаборатория жиҳози сифатида ишлатилмоқда. Ҳозирда муқобил энергетика, унинг истиқболлари ва бугунги кундаги муаммолари борасида ёшларга чуқур билимлар берилмоқда ҳамда мазкур йўналишда ишлаб чиқариш корхоналари билан биргаликда олиб борилаётган лойиҳаларга бевосита талабалар ҳам жалб этилмоқда.
Дарҳақиқат, қуёш панеллари юзасидан айни вақтдаги мавжуд муаммолардан бири бу ушбу панеллар орқали ишлаб чиқарилаётган электр энергияси сифатини аниқлаш масаласи саналади. Маълумки, қуёш энергияси асосида ишлаб чиқарилаётган токни асосий тармоққа улаш жараёнида инверторлардан фойдаланилади. Ҳозиргача бирор-бир объектда ўрнатилган қуёш панеллари етказиб бераётган токнинг инвертордан кейинги сифатини тўғридан-тўғри аниқловчи мослама мавжуд эмас. Умуман олганда, муқобил энергетикада бу охиригача ўрганилмаган ёки татбиқ этилмаган соҳа саналади. Айни вақтда бу масала бир нечта мосламалар ёрдамида амалга ошириб келинади. НДКТУ “Электр-энергетика” кафедраси олимлари томонидан фақат бир қурилманинг ўзи билан ток сифатини текшириш учун махсус датчик яратиш устида иш олиб бориляпти.
Яна бир жиҳат, қуёш станцияларини тўғридан-тўғри тармоққа улаш вақтида тармоқнинг кучланиши билан қуёш электр станцияси параметрлари мос келиши лозим. Бу ерда иккала манбадаги ток синхронлашгача бўлган жараёнда қуёш энергияси қаерга кетяпти? Кармана тумани ҳудудида ўрнатилган қуёш станцияси мутахассислари ва олимларимиз бу борада иш олиб бормоқда ва синхронлашгача — иккала манбадаги кучланиш мувофиқ келгунига қадар бўлган даврдаги йўқотилаётган қуёш энергиясидан ҳам фойдаланиш устида тадқиқот амалга оширилмоқда.
Қуёш панеллари ишлаб чиқараётган электр энергиядан асосан кундуз куни фойдаланилмоқда. Бизда эса асосий истеъмол кечқурунги вақтларга тўғри келади. Электр энергияни захиралашда аккумуляторлардан фойдаланилиб, мазкур захираловчи қурилма тўлиқ зарядланиши ёки разрядланишидан сўнг яна электр юклама олса, унинг ишдан чиқиш хавфи ортади ёки яроқлилик муддати камаяди. Олимларимиз томонидан бу борада яна бир мослама — аккумулятор батареяларининг ишлаш муддатини узайтириш учун датчик ишлаб чиқилди. Табиий савол туғилади: бу аввал бор эдими? Ҳа, мазкур қурилма мавжуд эди, аммо у саккизта элемент асосида ишларди. Яратилган янги намунадаги қурилма элементлар сони, ишлаш сифати ўзгартирилмаган ҳолда 6 тага туширилди. Бу нима беради? Биринчи ўринда элементар ишончлилик ортади, яъни нисбатан кўп элементдан иборат жиҳознинг куйиш эҳтимоли ҳам шунга яраша бўлади. Аксинча ҳолатда эса куйиш эҳтимоли табиий равишда пасаяди. Шу билан бирга, яратилган қурилма хорижий аналогдан арзон ҳамда ушбу қурилма маҳаллийлаштирилган.
Қуёш панелларидан фойдаланишда яна бир масала электр энергиясини захиралаш муаммосидир. Бугунги кунда юртимизга олиб келинаётган қуёш панелларининг нарх-навосига эътибор қаратадиган бўлсак, аккумуляторнинг нархи панелнинг қиймати билан деярли баробар. Яъни қуёш энергетикасидан фойдаланишда аккумуляциялаш биз учун қимматга тушмоқда. Шу боис, яна бир илмий лойиҳа — литий-ионли аккумулятор батареяларини такомиллаштириш ҳамда маҳаллийлаштириш устида ҳам ишлар олиб борилмоқда.
Янада аниқроқ тўхталадиган бўлсак, доцент Н.Атауллаев “Автоном энергия манбалари (қуёш панеллари)ни магнитомодуляцион ўзгармас ток ўзгартиргичлари ёрдамида назорат қилиш ва бошқариш”, докторант Ҳ.Ибрагимова “Қайта тикланадиган энергияга асосланган электр станцияларида электр энергияси сифатини ошириш тизимларини такомиллаштириш”, магистр М.Тўйқулов “Қуёш панелларини турар-жой бинолари ва давлат муассасаларига махсус конструкциялар ёрдамида ўрнатиш орқали электр энергия самарадорлигини ошириш” каби мавзуларда илмий иш олиб бормоқда.
Университетнинг ўзида қуёш энергиясидан фойдаланиш борасида ҳам қатор ишлар бажариляпти. Яқинда университетимизнинг 700 ўринли талабалар тураржойида 30 кВт соат қувватга эга 56 та панель ўрнатилди. Кундузги вақтларда мазкур объект электр таъминоти тўлиқ “яшил энергия” ёрдамида қопланмоқда. Бундан ташқари, Навоий кон-металлургия комбинати мутахассислари ҳамда университет олимлари томонидан қуёш энергиясидан фойдаланиб, ер ости сизот сувларини тоза ичимлик сувига айлантириш инновацион қурилмаси ҳам яратилган. Айни вақтда янги намунадаги технология университет ҳудудида ўрнатилган бўлиб, қурилма 60 метрлик ер ости қудуғидан сизот сувларини чиқариб, бир соатда 70 дм. куб ҳажмдаги тоза сув етказиб беряпти. Университетнинг истеъмол ҳажми 5,4 минг кВт.ни ташкил этади. Шуни инобатга олган ҳолда, жорий йил якунигача 273,4 кВт. соат қувватга эга панеллар ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда. Бунинг учун 1823 метр квадрат майдон ажратилган. Келгусида мазкур жараёнлар янада кенгайтириб борилади.
Умуман олганда, юртимиздаги жадал халқчил ислоҳотлар фуқароларимиз қалбидаги орзу-умидларни уйғотиб, хусусан, олимларимизга ҳам яратувчанлик завқини бағишламоқда. Мана шу халқчилликнинг илмга кўчиши эса яқин келажакда бутун жамият ҳаётига катта наф келтиради. Демак, олимларимиз иқтисодий-ижтимоий ҳаётимиздаги мавжуд муаммолар юзасидан фаол ишлаб, ечимлар татбиқи устида илғор бўлаётган экан, кўзланган натижаларга ҳам барвақт эришилаверади.
Бахтиёр МАРДОНОВ,
Навоий давлат кончилик ва технологиялар
университети ректори,
техника фанлари доктори, профессор