Газетага ошуфта қалб
Газета – ақл қайроғи, юрак қийноғи, деган гап журналистлар учун ўзига хос ҳикматга айланган. Айнан газета таҳририятида узоқ йиллар самарали фаолият кўрсатиш учун инсонда истеъдоддан ташқари метиндек мустаҳкам ирода, сабр-бардош, кенгфеъллилик, юксак муомала маданияти бўлмоғи зарур. Айнан шундай фазилатларга эга бўлган устоз журналистларга ҳавас билан улғайганмиз. Уларнинг бир қисми Иштихон туманида, Самарқанд вилоятида бўлса, кўпчилиги пойтахтимиздадир.
1973 йили республика болалар нашри “Ленин учқуни” – ҳозирги “Тонг юлдузи” газетасида “Текинхўр пашша” сарлавҳали илк эртагим ёритилгач, муаллимимиз аввало Иштихон туман газетаси таҳририятига боришимни маслаҳат берган. Отам раҳматли билан ҳозирги “Иштихон овози” газетаси таҳририятига борганмиз. Мен учун сирли кошона бўлиб кўринган таҳририятда бизни Гулчеҳра Усмонова ширин муомала қилиб кутиб олганди. Ёзганларимни ўқиб, таҳлил қилиб бергач, мулойим оҳангда шундай деган: “Ўз устингизда муттасил изланаверсангиз, келгусида сиздан яхши журналист чиқиши мумкин!”
Ижод бўстонидаги илк устознинг айтган бу сўзлари менга маънавий қанот бахш этди ва ярим аср деганда шу бахтиёр кунларимга етиб келдим.
Гулчеҳра Усмонова ўша йили таҳририятда меҳнат фаолиятини бошлаган, менинг илк устозим ва камина у кишининг тўнғич шогирди бўлган эканман. Ана шу ҳаяжонли дамларга ҳам роппа-роса ярим аср тўлибди. Шу ўтган давр мобайнида Гулчеҳра опа ўнлаб ёш қаламкашларга чинакам устозлик қилганининг ўзи алоҳида мавзу.
У меҳнат фаолиятини мусаҳҳиҳликдан бошлаш баробарида Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетида таҳсил олди. Сўнг “Иштихон овози” газетаси бош муҳаррирлигигача бўлган лавозимларни забт этди. Узоқ йиллик самарали меҳнатлари туфайли кўксини “Меҳнат шуҳрати” ордени, “Мўътабар аёл” ва “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари безади. У Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси сифатида туманда ижодий муҳит яратиш учун ҳамиша ёниб куяди, ёшларга ўз кўмагини аямайди.
Ижодкорлик машаққатларининг эса ўзи бир олам. Бу фақат мана шу оламда яшай билганларгагина аён бўлган жараёндир. Оддий сўзлардан мўъжиза яратиш учун кишидан жуда катта маҳорат, яъни, билим, тажриба, покиза қалб ва яна неча-неча тунларни бедор ўтказиш, одамлар қалбини ўқий билишдек бетакрор санъаткорлик талаб этилади. Ана шу талабларни англаган ҳолда журналистика соҳасига умрини бағишлаган Гулчеҳра Усмонова ўз ижодий маҳорат мактабини ҳам яратган.
Бу қутлуғ даргоҳдан Йўлдош Эшбек, Шаҳодат Исахонова, Зайниддин Баҳриддинов, Ибодхон Баҳодиров, Олқор Дамин, Ўткир Саидов, Бахтиёр Бобонов, Ойниса (Пардаева) Бобонова, Муҳаммад Сайфий, Омон Бойманов, Болбуви Ҳайдарова, Абдураҳмон Бошманов, Абдурасул Ашуров, Муқаддам Ҳайитова, Рауф Субҳон, Нуриддин Яҳёев, опа-ука Ориф ва Муҳаббат Тўхташ, Нормурод Мусомов, Нуриддин Исмоилов, Феруза Тоғаева, Мавлуда Рўзиева, Хонбиби Ҳиммат қизи, Комила Ҳилол каби кўплаб таниқли ёзувчи, шоир ва публицистлар етишиб чиққан бўлса, сўнгги йилларда Гулчеҳра Усмонова раҳбарлигида фаолият кўрсатаётган “Иштихон ижод мактаби”да ўнлаб ёш истеъдод соҳиб ва соҳибалари ижодий маҳорат сирларини пухта эгалламоқдалар.
Босма нашрлар ўтиш даври қийинчиликларига рўбарў келиб турган айни вақтда “Иштихон овози” газетаси сифат жиҳатидан бутунлай янги босқичга кўтарилмоқда. 3000 нусхадан ортиқ ададда чоп этилаётган бу газета ҳамон қизиқиш билан мутолаа қилинади. Бундан ташқари газета телеграм канали 100 мингдан ортиқ мухлисларига эга!
Газета ҳар куни ранг-баранг хабарлари, долзарб мавзудаги мақолалари, жозибали суратлари, сермазмун асарлари билан тирик. У ўз ижодкорларидан шунга яраша тинимсиз меҳнат, ижодий изланиш ва эл дарди ила яшашни талаб этади. “Иштихон овози” газетаси – неча ўн йиллардан буён Иштихон тумани кўзгусига айланиб келаётгани боиси эса ана шу машаққатли ишларнинг уддасидан чиқаётган заҳматкаш журналистлар меҳнатлари маҳсулидир.
Бу эзгу йўлда Гулчеҳра Усмонова муҳаррирлик қилаётган газета ижодий жамоасига омадлар тилаб қоламиз.
Тўлқин ЭШБЕК,
Ўзбекистон Ёзувчилар ва
Журналистлар уюшмалари аъзоси,
“Дўстлик” ордени соҳиби.