Табиат устахона эмас

Экологик муаммолар кун сайин кучайиб бораётган айни дамда табиатга акс таъсир кўрсатаётган инсон омилларини камайтириш, экологик маданиятни ошириш ва ҳар қандай тусдаги экологик муаммоларни бартараф этишда барчамиздан шахсий дахлдорликни чуқур ҳис қилган ҳолда уюшқоқлик билан ҳаракат қилиш талаб этилади.

Экология  “инсон —  табиат” муаммосини тушуниш йўлида узоқ ва мураккаб йўлни босиб ўтди. Глобал экологик муаммолар пайдо бўлгунига қадар инсон табиатга устахона сифатида қараб, уни бўйсундириш йўлида бор кучини аямади. Оқибатда бугунги кунда инсоният келажаги хавф остида қолганлигини, ўзининг табиатдаги ўрни ва ҳаётининг мазмуни бевосита  табиатни асраш билан боғлиқлигини англаб етмоқда. Мазкур муаммонинг долзарблиги, глобал экологик муаммолар  сайёрамиздаги ҳар бир давлат, ҳар бир хонадон ва ҳар бир инсонга тегишли эканлиги мазкур йўналишда ҳуқуқий базани шакллантириш, тегишли қонунлар қабул қилишга асос бўлди.

Кейинги йилларда бутун дунё­­да аянчли касалликлардан кўра, хавфли экологик муаммоларнинг пайдо бўлиши барчани қўрқувга солаётгани бор гап.  Биргина касаллик миллионлаб одамларнинг умрига завол бўлиши мумкин. Лекин табиатдаги муаммо нафақат бир неча давлатларни, балки бутун бошли ер шарини ўзгартириб юборишга қодир.

Экологик муаммолар синфига кирувчи иқлим ўзгариши сайёрамизнинг энг муҳим функцияларининг тиклаб бўлмас ёмонлашувига олиб келди. Иқлим исиши ортидан океанлар сатҳининг кўтарилиши давом этмоқда. Юзлаб,  миллионлаб аҳоли яшайдиган йирик шаҳарлар сув остида қолиши эҳтимоли юқори. Шунингдек, қурғоқчилик юз берадиган ҳудудларда ёғингарчилик янада камайиб, иссиқ ҳаво янада кўпроқ муаммони яратиб бера бошлади. Бунинг таъсирини ўз ҳудудимизда ҳам кўришимиз мумкин. Мутахассислар йилдан-йилга ёғингарчилик камаяётганини, ҳудудимизда чўллашиш жараёни кетаётганлигини айтишади.

Экологик муаммонинг таъсири ҳам ривожланган, ҳам ривожланмаган мамлакатлар ҳаётида акс этмоқда. Масалан, Австралияда сўнгги икки йилдаги ўрмон ёнғинларида 3 миллиарддан ортиқ жонивор ҳалок бўлгани айтилади. 2021 йилда Евроосиёда ўрмон ёнғинлари ҳажми рекорд даражага етди.

Ўн-ўн беш йиллардан сўнг ер шарида нималар бўлишини биласизми? Табиатнинг инсонга қаҳри қанчалик ошганини-чи?

XXI асрга келиб, глобал ҳарорат 4°Cдан юқорилаб кетди. Деярли иссиқ фасли бўлган барча мамлакатда доимий ҳарорат 40°Cдан юқори, тропик мамлакатлар эса 50°Cдан одимлаб кетган. Ҳатто тоғли ҳудуд бўлган Ўзбекистон ҳам охирги йилларда айнан шу жазирама иссиқдан азият чекяпти.

Ҳар ёзда Антарктидадан ташқари барча қитъаларда ўрмон ёнғинлари авж олади. Натижада одамлар чидаб бўлмас бўғиқ тутундан азобланади.  Узоқ давом этаётган қурғоқчилик ер шарининг катта қисмини исканжага олган. Тахминан 3,5 миллиард киши сув танқис ҳудудларда томчи санаб яшайди.

Арктика эса ҳар ёзда катта-катта айсберглардан жудо бўлади. Натижада узоқ шимолда ҳарорат 8°Cдан ошди, Гренландия ва Ғарбий Антрактида муз қатламлари эриб, океанларга катта миқдордаги чучук сувлар аралашиб кетди. Фермер хўжаликларининг ҳосилдорлиги пасайди. Илгари экин экилган  ерларнинг ярми яроқсиз аҳволда. Бу эса ўз навбатида яшаш нархининг кескин ўсишига сабаб бўлади.

Ўзбекистонда ҳам  экологик муҳитни яхшилаш, ортиб бораётган сув танқислиги, чиқинди муаммосини бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, атмосферани яхшилаш, ўрмонларни кенгайтириш, аҳоли гавжум шаҳарларда яшил белбоғлар ташкил қилинмоқда. Экология бўйича партия, вазирликнинг ташкил қилиниши вазият қандайлигини кўрсатади.

Ҳар йили Ўзбекистон шаҳарларида миллионлаб дарахтлар экилади. Турли лойиҳалар, дастурлар, шанбаликлар ўтказилади. Жорий йил ҳам  25 октябрдан 1 декабргача “Яшил макон” лойиҳаси эълон қилинди, унинг доирасида 85 миллион туп кўчат экиш режалаштирилганлиги яхши, албатта.

Бизнинг минтақада энг самарали йўл бу — кўпроқ ва янада кўпроқ дарахт экиш. Чунки кўплаб ҳудудларда 365 кундан 300 куни қуёшли бўлади. Ёғингарчилик камдан-кам кузатилади. Дарахтлар эса иссиқ кунда ер исишининг олдини олади ҳамда кўпроқ кислород чиқаради.

Афсуски, лойиҳа тугагандан кейин кўчатларнинг аҳволи ҳеч кимни қизиқтирмайди. Кўча-кўйда қуриб ётган ёш кўчатларни кўп учратамиз. Тадбиркорлар қурилишни пеш қилиб, бор дарахтларни кесишади ёки сунъий тарзда зарар етказишига кўп бора амин бўлдик. Дарахтларнинг кесилиши нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда катта муаммо саналади. Статистикага кўра, бир йилда дунё бўйича 130 минг кв.км майдондаги дарахтлар кесилади. Бу – 17 мингта стадион сатҳига тенг.

Табиатга яхши муносабатда бўлайлик. Табиат  ҳар қандай муносабатга муносиб жавоб қайтаришини унутмайлик.

Ўткир ҲОШИМОВ,

ЎзЖОКУ талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 + sixteen =