“Гўри Амир қаерда?!”

Албатта, тарихимизга ҳурмат кўрсатилаётгани, буюк аждодларимиз ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали ранг-баранг маълумотлар тарқатилаётгани таҳсинга лойиқ. Аммо масаланинг бир жиҳати борки, буни доимо ёдда тутишга тўғри келади, деб ўйлаймиз. Аввало, кўп маълумотлар биринчи марта жамоатчилигимизга маълум қилинаётир. Шунинг учун уларнинг тасдиқланган, илмий далилланган нусхалари тилга олиниши ёки эълон қилиниши лозим.

Негаки, бирор далил, ҳатто шахс ёки жой номи нотўғри муомалага киритилса, уни тўғрилаш анча мушкул бўлади.

Мисол учун, Самарқанд шаҳридаги Соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари дафн этилган мақбара нимагадир баралла “Гўри Амир” деб аталмоқда ва шундай ёзилмоқда. Биринчидан, меъморий иншоотнинг бундай аталиши кишида совуқ кайфият пайдо қилади. Иккинчидан, бу мақбаранинг номи, аслида, “Гўримир” бўлиб, унинг ўзига хос тарихи бор. Ҳозирги бу мажмуа мадрасага мўлжаллаб, бино қилина бошланган. Унда юқори табақа ҳарбий лашкарбошилар (замонавий тилда айтганда, “генералитет”) тайёрланиши лозим бўлган ва у Муҳаммад Султон ихтиёрига берилган. Аммо қурилиш ишлари поёнига етмай туриб, Муҳаммад Султоннинг устозларидан бири Саййид Мир Умар (Соҳибқироннинг пирларидан бири Саййид Мир Кулолнинг фарзанди) вафот этади ва у шу ҳудудда дафн этилади (эътибор берган бўлсангиз, мақбаранинг шимоли-ғарб тарафида девордан туғ осилиб турибди). Шундан кейин бу жой “Гўримир” деб юритила бошлайди.

Тақдирнинг шафқатсиз ҳукмини қарангки, орадан кўп ўтмай, Муҳаммад Султон ҳам вафот этади ва ўзи қурдира бошлаган мадраса тарҳи ўзгартирилиб, мақбарага айлантирилади. Кейинчалик Со­ҳибқироннинг ўзи ва бошқа ўғиллари, Мир Саййид Барака ҳам шу жойдан сўнгги макон топадилар. Шундай қилиб, бу даҳма “Гўримир” деган ном билан аталиб кетади ва тарих китобларида шундай дарж этилади.

Кейинчалик шўро тарихчилари бу номни ўз лафзларига мослаштириб, “Гўр-эмир” тарзида ёзадилар. Бизнинг тарихчиларимиз бу атамани яна “таржима қилиб”, “Гўри Амир” деб ёзишни бошлайдилар. Ҳатто 1996 йилда чоп этилган “Амир Темур жаҳон тарихида” альбомида, ундан кейинги бошқа китобларда ҳам шу тарзда ёзиш бошланиб кетади. Энди мулоҳаза қилиб кўрсак, қайси нусхада тарихий адолат мужассам?! Ҳар ҳолда, миллий ифтихоримиз сифатида улуғланаётган боболаримизнинг сўнгги мас­канини ёқимлироқ сўз билан, энг муҳими, ўз номи билан аташга мажолимиз етса керак! Ёки бизни ёқтирмаганлар, тарихимизни ғорат қилганларнинг қилиқларини так­рор­­лаб, ҳамон табаррук зиёратгоҳни ўзга тилдаги совуқ бир ибора билан аташ давом этаверадими? Агар ўзини ҳурмат қиладиган, тарихи билан фахрланадиган олимми, оддий мухлисми, адашиб юрган бўлса, тўғри қарор қабул қилади, деган умиддамиз.

Иккинчи мулоҳаза шуки, буюк зотлар ҳақида сўз юритганда, озгина мулоҳаза билан бисотимиздаги ардоқли сўз ва ибораларни қўллаб гапирсак, ҳеч кимнинг асакаси кетмаса керак. Ахир ҳеч вақтда айтайлик, падари бузруквор ҳақида сўз айтиб: “Шоназар мени яхши кўради”, дейилмайди, “Отажоним мени яхши кўради”, дейилади-ку! Яқин кишиларимизни олдида эмас, орқасидан ҳам “сиз”лаб гапириш, дилга яқин иборалар (“фахрли аждодимиз”, “тарихимиздаги буюк шахс”, ҳеч бўлмаганда, “бобомиз”) билан гапириш тингловчиларда ҳам меҳр пайдо қилади, ҳам ўзимизнинг ворислик бурчимизни бажарган бўламиз. Рости, “Темур давлати”, “Темур фарзандлари”, “Темурнинг ўзи бош бўлиб…” сингари иборалар кишига сингмайди. Нима бўлибди, аввало, “Темур” эмас, “Амир Темур” дейиш оддий одоб. Бундан ташқари, “Соҳибқирон”, “Темурбек” сингари сўзлар, “буюк давлат арбоби”, “Жаҳонгир”, “саркарда ва йўлбошчи” сингари кўплаб сифатлашлардан ҳам фойдаланиш мумкин. Гап орасида “калласини олиб ташлади”, “ўлдирди”, “жонини олди” сингари яланғоч ибораларни муттасил қўллаш ҳам тингловчиларни тарихга қизиқтирмайди, балки ундан совитади…

Ҳар ҳолда, ўтмишимизга ҳурмат кўрсатиб, уни маънавий бойлигимизга айлантиришга киришдикми, игна билан битадиган ишга белкурак олиб чопмаслик тарафдоримиз. Эъзоз ва ардоқлаш назокатли, беғараз, маданият билан ва шукуҳимизга мос бўлиши айни муддао.

Нетонгки, бугунги кунда давлату нодавлат телеканаллар, радиоканалларнинг деярли барчасида тарихий ва маданий меросимиз ҳақида сўз юритилар экан, Самарқанддаги ушбу муборак мақбара ҳақида “Гўри Амир” дея айтилаётганига ҳеч ким, ҳа, бирор валломат “э, бу нотўғри-ку” деб ҳам қўймайди…

Ҳаким САТТОРИЙ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − four =