Саломатлик — энг катта бойлик
Ҳар қандай мамлакат тараққиётида ўша жамиятда яшаётган фуқаролар саломатлиги энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Зеро, соғлом инсонгина келажакка тийрак нигоҳ билан боқиши, ўз оиласи билан биргаликда туғилиб ўсган ватани тараққиёти йўлида изланиши, янги-янги ғояларни ҳаётга татбиқ этиб, жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўша олиши мумкин. Мамнуният билан эътироф этиш жоизки, сўнгги 5-6 йил давомида мамлакатимизда мана шу борада, яъни инсон саломатлигини муҳофаза қилиш йўлида ҳар қачонгидан-да ибратли ишларга қўл урилмоқда. Қувонарлиси, мамлакатимиз миқёсида амалга оширилаётган бу эзгу ишлар қишлоқ аҳолисига хизмат кўрсатаётган шифохоналарда ҳам ўз аксини топмоқда.
Айтайлик, Шароф Рашидов туман тиббиёт бирлашмасига қарашли Равот қишлоқ врачлик пункти қарийб 60 йилдан буён фаолият кўрсатиб келади. Олий тоифали гинеколог шифокор Соҳиба Мустафоқулова мудирлик қилаётган мазкур муассасада катталар ва болалар саломатлиги йўлида учта: ички касалликлар, болалар ва терапия бўлимлари ташкил этилган.
— Шифохонамиз 20 ўриндан иборат бўлиб, шундан 10 та ўринда катта ёшдаги ва қолган 10 та ўринда эса кичик ёшдаги беморлар даволанади, — деди Соҳиба Мустафоқулова. — Тиббиёт муассасамиз туман тиббиёт бирлашмасининг филиали ҳисобланса-да, қишлоқ аҳолиси саломатлигини тиклаш борасида алоҳида аҳамиятга эга. Туманимиз маркази билан Равот қишлоғи оралиғидаги масофа – 41 километр. Шу боис, қишлоқ аҳолисининг марказга бориб даволаниши бироз қийин кечади. Шуни инобатга олиб, бу ерда имкон доирасида қишлоқ аҳли саломатлигини муҳофаза қилиш йўлида барча шароитларни яратишга ҳаракат қилаяпмиз. Айни пайтда бизда жами 137 нафар ишчи-ходимлар фаолият кўрсатади. Шундан 12 нафари турли мутахассисликларга эга бўлган олий маълумотли врачлардан иборат. Шу билан биргаликда 35 нафар олий ва ўрта тоифали патронаж ҳамшираларимиз қишлоқнинг 20 минг аҳолисига хизмат кўрсатади.
Ўрни келганда айтиш жоизки, бундан уч-тўрт йил олдин қишлоқ аҳли оддий қон таҳлили учун ҳам шаҳарга ёки туман марказига бориб келишларига тўғри келарди. Президентимизнинг тиббиёт соҳасига қаратаётган эътибори туфайли айни пайтда шаҳарлардаги сингари бизнинг қишлоқ шифохонамизда ҳам аҳоли саломатлигини тиклаш борасида барча шароитлар яратилди. Бугун муассасамизда кенг турдаги лаборатория, ультратовуш, шунингдек, ЭХО ЭНТО кардиография текширувлари йўлга қўйилган.
Таъкидлаш жоизки, зиммасига юкланган вазифани виждонан бажариш йўлида ўзининг бор илму иқтидорини сарфлаётган шифохона мудираси Соҳиба Мустафоқулованинг саъй-ҳаракати боис, қишлоқнинг 579 нафар туғуруқ ёшидаги аёллари саломатлиги ҳам кўнгилдагидек.
— Мудира синглимиздан чексиз миннатдормиз, — дея миннатдорлигини билдирди даволанаётган беморлардан бири Босим Ўрозбоев. — Мана, саккиз кундан буён шу ерда шифо оляпман ва айтишим лозимки, мудирамиз ва қолаверса, у кишининг раҳбарлигидаги врач ва ҳамшираларнинг кўрсатган ёрдамлари туфайли айни пайтда ўзимни жуда яхши ҳис қилмоқдаман. Муолажалардан ташқари, ўзларининг ширин сўзлари билан ҳам барча беморларнинг дардига даво топаяпти, барака топгурлар. Бирор текширув учун шаҳар ёки туман марказига борганим йўқ. Қон таҳлилидан тортиб кардиограммагача шу ернинг ўзида текширувдан ўтдим. Шифохонада уч маҳал иссиқ овқат ҳам бериларкан. Шифохона ошпази Мусаллам Ҳамроқулова томонидан тайёрланаётган таомлар бу ерда даволанаётган барча беморларни хурсанд қилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Шубҳасиз, буларнинг барча-барчаси мудира синглимизнинг қатъий назорати туфайли, албатта. Узоғимизни яқин, мушкулимизни осон қилиб, дардимизга малҳам бўлаётган шифохонанинг барча врач ва ҳамшираларига катта раҳмат.
Дарвоқе, “Обод қишлоқ” давлат Дастури доирасида шаҳар қиёфасига кирган Равот қишлоғи аҳолисига беминнат хизмат кўрсатаётган ушбу шифохона таркибида иккита стоматология бўлими ҳам фаолият юритади. Олий тоифали стоматолог-врач Ёқуб Ўтамуродов ҳамда 1-тоифали стоматолог Шерзод Сулаймоновлар хизмат кўрсатаётган тиш шифохонасида нафақат даволаш ишлари, балки тиш олиш ва қўйиш муолажалари ҳам энг замонавий ускуналар ёрдамида амалга ошириб келинмоқда.
— Шифохонамиз таркибида бир пайтлар туғуруқхона комплекси ҳам фаолият юритган, — деди мудира Соҳиба Мустафоқулова. — Йиллар ўтиб, туғуруқхона замон талабига жавоб бермай, фаолиятини тўхтатди. Юқорида айтганимдек, қишлоғимиз шаҳар ва туман марказидан анча олис бўлганлиги боис, туғуруққа тайёрлаш жараёнидан то кўзи ёригунга қадар бўлган ҳолатда туғуруқ ёшидаги хотин-қизлар ўзига хос қийинчиликларга дуч келади. Шуни инобатга олиб, қишлоқ аҳли эҳтиёжидан келиб чиқиб туғуруқхонани таъмирлаш ва унинг фаолиятини қайтадан йўлга қўйиш масаласида вилоят тиббиёт бошқармасидан то вазирликкача мурожаат қилдик. Қувончлиси, яқинда “Open budget”дан қишлоқ аҳолиси овози билан туғуруқхонамизни капитал реконструкция қилиш имкониятини қўлга киритдик. Янги йилдан республика бюджетидан ажратилган бир миллиард икки юз минг сўм маблағ ҳисобига ушбу комплексда таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари бошланади. Демак, 2024 йилдан 20 ўринга эга бўлган туғуруқхона ҳам ўз фаолиятини бошлайди.
Мамлакатимиз раҳбари ўз маърузаларининг деярли ҳар бирида республикамиз тараққиёти йўлида амалга оширилаётган барча ислоҳотлар инсон манфаати учун хизмат қилиши лозимлигини алоҳида таъкидлайди. Ана шу эзгу ният билан ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар нафақат шаҳар марказларида, юқорида тўхталганимиздек, юртимизнинг чекка-чекка қишлоқларида ҳам ўз самарасини кўрсатаётганига ёрқин мисол бу!
Бахтиёр ХУДОЙБЕРДИЕВ,
журналист.