Етук мутахассислар тайёрлаш — асосий вазифамиз

2023 йил 11 сентябрь куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг махсус фармони билан “Ўзбекистон — 2030” стратегияси тасдиқланди. Мазкур стратегиядан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, давлат ва жамиятнинг жадал ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, аҳоли фаровонлигига эришишдир.

“Ўзбекистон — 2030” стратегиясида  халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш борасидаги муҳим устувор вазифалар белгилаб берилди.

Хусусан, стратегиянинг 6-бандида профессионал таълим тизимини ривожлантириш орқали ўқувчиларни замонавий билим ва кўникмаларга ўргатиш борасида мамлакатимизда 700 та профессионал таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва моддий-техника базасини такомиллаштириш; 14 та ҳудудий профессионал тайёргарлик марказларини ташкил этиш, малака тоифасига эга бўлган педагог кадрлар улушини 50 фоизга, масофавий ёки аралаш шаклларда ташкил этиладиган малака ошириш курслари улушини 30 фоизга етказиш; ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлашда давлат грантини ахборот технологиялари, қурилиш, транспорт ва логистика йўналишларида 100 фоизга етказиш вазифаси белгиланди.

Бугунги ислоҳотларнинг барчаси — инсонпарварлик ва адолат, инсон ҳуқуқлари, унинг шаъни ва қадр-қиммати каби умуминсоний тамойилларга қаратилгандир.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида орттирилган тажриба ва жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида қуйидаги асосий ғоялар акс эттирилган:

— барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш;

— аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил этиш;

— аҳоли учун қулай экологик шароитлар яратиш;

— халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш;

— мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш.

Жамиятимизда рўй бераётган ижобий ўзгариш­лар бу эзгу тамойиллар ҳаётга изчиллик ва қатъият билан татбиқ қилинаётганининг ёрқин далили сифатида эътирофга лойиқ.

Тўрақўрғон туманидаги 2-сон касб-ҳунар мактаби ўқитувчилари бугунги ислоҳотларга муносиб жавоб бериш мақсадида ёшларни касб-ҳунарга пухта ўргатиш ва уларнинг келгусида меҳнат бозорида талаб даражасидаги етук мутахассислар бўлиб етишишлари учун тинмай меҳнат қилмоқда.

Хусусан, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгилаб берилган вазифалар юзасидан таълим муассасасида бир қатор ишлар йўлга қўйилди.

Ўқувчиларга замонавий билим бериш ҳамда касбий кўникмалар ҳосил қилиш учун муассасада фаолият юритаётган педагоглар ва ишлаб чиқариш таълими усталари билан мунтазам равишда очиқ дарслар ва мастер-класслар ўтилмоқда.

Шунингдек, бугунги кунда меҳнат бозорида керакли касбларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, янги замонавий касбларга ўқитиш мақсадида янги мутахассисликларни очиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилди.

“Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгилаб берилганидек, бугунги кунда ёшларимиз камида 3 та тил билиши ва битта касб эгаси бўлишлари кераклигини ҳисобга олиб, таълим муассасамизда Наманган муҳандислик-технология институти билан ҳамкорликда тил ўргатиш курслари йўлга қўйилди. Бунда ўқувчиларга чет тилини ўқитиш бўйича олий таълим муассасасининг етакчи мутахассислари ўқув машғулотлари олиб боришмоқда.

Гулчеҳра ҚАЮМОВА,

Тўрақўрғон туманидаги

2-сон касб-ҳунар мактаби директори,

“Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

ten − one =