Менинг биринчи мухбирлик гувоҳномам
![](https://uzhurriyat.uz/wp-content/uploads/2024/06/salim-ashur.jpg)
Шамол дарахтни силкитганда, ўтган фасллар дарахтнинг ёдига тушар эмиш. Буни яқинда Интернетда ўқидим.
Хотира шамоли баъзан одамни ҳам силкитади…
Биринчи мухбирлик гувоҳномамни қачон, қаерда, кимнинг қўлидан олганимни яхши эслайман. Эсламай бўладими?
1977-82 йиллар. Мактабда ўқийман. Туман газетасига серқатнов бўлиб қолганман. Газетанинг деярли ҳар сонида ёзиб жўнатган у-бу нарсаларим эълон қилинади. Баъзи сонларида икки-учталаб нарсаларим босилади. Баъзан муаллиф номи ўзгартирилади, материал таҳрир қилинади, лекин матнни, муаллифни таниса бўлади.
Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туман газетаси кўзимизга осмондаги ойдек кўринади. Таҳририятга худди байрамга отлангандек алоҳида тайёргарлик кўриб бораман. Газета масъул котиби босиқфеъл, кўнгли очиқ, кичикроқ пиёлалардек катта-катта кўзлари билан гўё ичингни ҳам кўриб тургандек таассурот қолдирадиган, кирписоч киши — Раҳим Искандаров:
— Қўйни-қўнжини шеър, мақола, хабарларга тўлдириб ёш ва ҳаваскор штатсиз мухбир Салим Ашуров келди, — дейди баланд овозда. Мен — ғўр бола бу овозда фақат шаънимга айтилаётган мақтовни эшитаман. Шу тобда бошқа оҳанглар қулоғимга кирмайди.
У мўъжаз хонада ёлғиз ўзи ўтиради. Лекин бу гапни, назаримда, мендан бошқалар ҳам — бутун дунё эшитади. Бу ҳазил гапни мен, табиийки, чин — айни ҳақиқат ўрнида қабул қиламан. Ва ҳар борганимда кўнгилни кўтарадиган шу гапни эшитиш учунми, дафтарларни тўлдириб ўзимча нималардир ёзаман, ёзавераман…
![](https://uzhurriyat.uz/wp-content/uploads/2024/06/salim-aka-kopiya-297x300.jpg)
Бир муддат аввал туман таҳририяти ва босмахона эски ёғоч уйда жойлашган эди. Бетондан қурилган янги бинога кўчиб ўтилганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Масъул котибнинг хонаси алоҳида. Нимқоронғи. Ташқарига дераза йўқ. Бошқа хоналарга ўтадиган айланма йўлак деворининг ярми тўртбурчак майда “кўз”ларга ўрнатилган оддий шиша — ойна. Майда кўз ойналарнинг ярмига масъул котиб хонасидан — ичкаридан оқ парда тутилган, ярми очиқ. Парданинг тепаси ғижим, попукли. Иш столида ўша пайтларда газета сонлари макет қилинадиган, катакларга бўлинган сариқ қоғоз, темир чизғич, ҳар хил ручка ва қаламлар, телефон рақамлари ёзилган кўк китобча, катта-кичик дафтарлар, китоблар, газеталар тахламлари. Бир қарасангиз — тартибли, бир қарасангиз — тартибсиз… Иш жараёни шу-да. Стол устида яна Москвада чоп этилиб, Ўзбекистонга, олис ва чет Қизириққа етиб келган рус тилидаги катта газеталар ёйилган, яъни улар ўқилмоқда. Саҳифаларнинг айрим ўринларига қора қаламда белгилар қўйилган, сатрларнинг тагига чизилган.
Раҳим ака еб-ичишимдан, ётиб-туришимдан сўрайди. Суҳбатнинг “Менинг орзум” бўлими алоҳида. Унда Раҳим ака тажрибали журналист сифатида менга йўл-йўриқ кўрсатади, маслаҳатлар беради. Журналистик жанрлар нима эканини, қанақа бўлишини ўргатади. Айниқса, мен “Новелла” жанрини адабиётшунослик китобларида эмас, шу таҳририятда кашф қилганман, Раҳим акадан билганман. Жанрнинг номи жуда жозибали туюлган ва новеллалар ёзишга ундаган.
Туман газетасининг ҳар сонида бир-иккита ўткир танқидий мақолалар, фельетонлар берилади. Аксариятининг муаллифи Раҳим ака Искандаров. У қўрқмас, жасур, адолатпарвар шахс, ҳаётдаги муаммоларни матбуотда дадил олиб чиқадиган, камчиликларни аёвсиз фош этадиган журналист сифатида кўз олдимизда гавдаланади ва чин ҳавас уйғотади. Туман ва вилоят газеталарида “И.Фолькин” тахаллуси билан кўринар экан, бу билан сирлилиги ортади, нега бунақа экан, деб ҳаммаям ўйланиб қолади.
Бир гал Раҳим ака мени босмахонага олиб тушди. Босмахона эски ёғоч бинонинг подвалида эди. Оддий қоғозни газетага айлантираётган, шовқин солиб ишлаётган бир-биридан ғаройиб машиналарни кўрсатди. Босмахона ишини эринмасдан гапириб берди. Ишчилар ўткир ҳидли бўёқ, мой сачраган қора коржомада бош кўтармай ишлашади. Раҳим акага бош ирғаб қўядилар.
…8-синфда ўқийман. Қиш. Қизилтом қишлоғимизда (ўша пайтларам ҳатто!) чироқ тез-тез ўчади. Ўзимча бу ҳолатни танқидий мақола қилиб, газетага юбордим. Газетада “Ҳолва деган билан…” сарлавҳали мақола эълон қилинди, албатта, таҳрир билан. Анча шов-шув, гап-сўз бўлди. Газета номидан масъул котиб Раҳим Искандаров, аслида, ҳали мактаб ўқувчиси бўлган муаллифни ҳимоя қилди. Хуллас, натижа шу бўлдики, кейин чироқ кўп ўчмайдиган бўлди.
Менга ўхшаб газетага қизиқиб, таҳририятга қатнаб юрганларга Раҳим ака доим хайрихоҳ эди. “Анчадан буён бизга қатнаяпсан. Бир қанча материалларинг босилди. Сенга “штатсиз мухбир” деган гувоҳнома берсак бўлади, — деди бир куни ва штатсиз мухбир қандай бўлиши, вазифаси нимадан иборат экани, марказдаги газеталарда шундай мухбирлар борлиги, уларнинг ёзгани билан газеталар мазмунан ранг-баранг бўлиши ҳақида гапирди. — Кейин қаерга борсанг, гувоҳномани кўрсатасан, шунда одамлар газетадан борганингга ишонади. Ўзинг ҳам мухбирликни ўрганасан”. Бундай беғараз мурувват, ишонч гоҳ шоир, гоҳ журналист бўлишдек ҳавойи орзулар қанотида учиб юрган тажрибасиз ёш йигитча учун катта имкониятларнинг катта эшиги очилиши бўлмаса нима?!
У ўзининг чўғдек алвон, қалин гувоҳномасини ён чўнтагидан олиб, олдимга суриб қўйди. Қўлимга олиб томоша қилдим. Кафтларимда куйган излар қолди гўё.
Мен хонада кузатиб ўтирдим, Раҳим ака гувоҳномани ёйиб, ҳафсала билан текислади. Босмахонада тайёрланган янги, туман газетасининг ходими эканини билдирувчи қоғозни гувоҳноманинг ичига елимлади. Менинг исм-фамилиямни ва яна “Внештатный корреспондент” деган сўзларни махсус пўлат перода, перони доим столи устида турадиган қора тушнинг шиша идишига ботириб, босма ҳарфларда ҳуснихат билан ёзди. Тагидан “Ответственный секретарь” деб ёзиб, имзо қўйди. Муҳр босиб, тасдиқлади. Қўлимни сиқиб табриклади. “Энди шу гувоҳнома билан бемалол танқидий материал тайёрлайверасан”, деди.
Кейинчалик кўп гувоҳномаларни чўнтагимга солиб юрдим. Аммо бу — биринчи мухбирлик гувоҳномам юрагимдан жой олган. У менга ишонч берди. Шудгор қилинаётган, пахта терилаётган далалардан, мактабдан, поликлиникадан хат-хабарлар ёзиб жўнатдим. Чўпонларни ахтариб яйловларга, узоқ-яқиндаги кутубхона, сартарошхоналарга бордим, кўрганларим асосида қоғоз қораладим. Ёзганларим туман газетасида эълон қилинаверди. Ростини айтганда, газетада чиқиш у пайтларда жуда катта гап — ҳа, обрў, ҳа, эътироф, ҳа, ички юксалиш саналарди.
Раҳим Искандаров республикада таниқли, қалами ўткир журналист, мақолалари “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Ўзбекистон санъати” каби газета-журналларда мунтазам босиларди. Кимсан — адиб Шукур Холмирзаев, дунёга маълум ва машҳур рассом Рўзи Чориев билан дўст, ошна эди. Бундай одамга ҳавас қилмай бўладими?!
![](https://uzhurriyat.uz/wp-content/uploads/2024/06/salim-aka-01-kopiya-206x300.jpg)
Рассом Рўзи Чориев, 1986 йил.
Кунлар иссиқ. Таҳририятга бориш учун олис қишлоқдан туман марказига қараб йўлга тушилади… Қишлоқ бекатида узоқ кутилади. У пайтларда автобус ёки бошқа машиналар кам. Кутиб ўтираверса, кун ўтиб кетади. Аҳён-аҳёнда келиб қоладиган йўловчи “бортовой” машиналар тўхтайди. Тепага — бортга чирмашиб чиқамиз. Кабинадан, ҳайдовчи ёнидан энг омадли бир-икки кишига жой топилади. Йўл-йўлакай тепадагилардан кимдир тушиб қолмоқчи бўлса, машина кабинасини тепадан — томидан уради. Машина секинлаб, четга ўтиб тўхтайди. Ғилдираклар тагидан чанг кўтарилади. Ҳайдовчи кабина ойнасидан қўлини чўзади ва кафтини очади. Кафтлар бир зум “учрашади”… Сўнг ҳайдовчи бортдагиларга бир қараб олиб, яна йўлда давом этади…
Туман газетаси бош муҳаррири Жўра Эрсоатовнинг қабулхонасига кираверишдаги хонада, стол устида — газеталар тахлами. Вилоятимиз ва бошқа вилоятлардаги кўплаб туман газеталарининг ўтган сонларини варақлаб кўриш мумкин. Бир-биридан қизиқарли. Шу ерда, бир четда икки челакда сув туради. Челакнинг усти картон қоғоз билан ёпилган. Ёнида иккита алюмин кружка. Кружкани кўтариб, шу муздек сувдан ичасиз. Ёқангиздан оқиб тушган сувдан танангиз яйрайди.
Редакция биз яшаётган оламга эмас, биз яшашни истаган оламга ўхшайди. Бу ерда бош муҳаррир Жўра Эрсоатов, тажрибали ва фидойи ходимлар Чори Алимов, Раҳим Искандаров, Очил Худойбердиев, Сафарали Омонтурдиев, Жонпўлат Элмуродов ва яна мен ҳозир паришонлигим туфайли номларини эслай олмаган кўп ҳурматли инсонлар меҳнат қилишади. Иш қизғин боради. Четдаги хонада ёзув машинкаси дам олмай, тўхтамай чиқиллайди, “нафас ростламайди”. Бир неча ходим ўтирган катта хонада баъзан ижодий баҳсларга гувоҳ бўламан. Биз китобларини ўқиб таниган, билган, аммо ўзларини кўрмаган машҳур шоирлар, ёзувчилар, олимларнинг номлари тилга олинади. Шукур Холмирзаев, Теша Сайдалиев, Менгзиё Сафаров, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Худойберди Тўхтабоев, Мирзакарим Пирматов, Тоштемир Тойлоқов, Нурислом Тўхлиев, Нодир Норматов, Усмон Азим… Биз ҳавас қилган оламнинг уфқлари, ҳудудлари кенгайиб боради.
Шубҳасиз, бундай мунозаралар, муҳокамалардан кейин газета саҳифаларида янги, оҳорли рукнлар, сарлавҳалар пайдо бўлади. Ўткир ва долзарб мавзуларда тайёрланган қизиқарли мақолаларни ўқийсиз.
Газета иши шу тарзда юради, ривожланади.
Бир четда гапирмасдан жим турган мени кимдир “тасодифан кўриб қолади”, “Э, сен шеърингни ўқисанг-чи”, дейди тўсатдан ҳам буйруқ, ҳам таклиф оҳангида. Табиийки, “бундай буюкларнинг каҳкашонида” мен довдирайман-совдирайман…
Ўша йилларда ўша туман газетасида ишлаган ҳар бир малакали, тажрибали ходим менга, орзу-ҳаваслар етовида оёғи ерга тегиб-тегмай юрган менга ўхшаганларга нимадир ўргатган, маслаҳат берган, нимадир айтган, нимадир деган… Шеър ёки ҳикоя деб уялмасдан ёзиб борганларимизни сабр-тоқат билан, кўз нурини тўкиб ўқиган, тузатган, таҳрир қилган. Шоир-ёзувчилардан кимнидир айтиб, унга ҳавас уйғотган. Яна кимдир янги китоб ҳақида гапирган бўлиши мумкин. Ҳар ҳолда, шундай муҳит эди… Эҳтимол, 1975 йилда ташкил этилган қўриқ туман газетасида ҳар хил шароитларда меҳнат қилган, қурб-қуввати етганича қалам тебратган у фидойи, меҳнаткаш, ўз касбини севган одамларнинг айримлари бугун орамизда йўқдир, лекин ўшанда менга, менга ўхшаганларга катта хайрихоҳлик кўрсатган у олижаноб инсонларни доим миннатдорлик билан эслайман.
Ўтган асрнинг етмишинчи йиллари иккинчи ярмидан чекка, чўл туманидаги таҳририятда қарор топган қайноқ ижодий муҳит туфайли бу ердан бир қанча қизириқлик ижодкорлар етишиб чиқди. Уларни бугун нафақат Сурхон диёрида, балки бутун мамлакатимизда яхши билишади.
Ўҳў, у узоқ йилларда ўша ижодкор-журналистларнинг, ўша таҳририятнинг таълим-тарбиясини олиб “одам бўлган”лар номма-ном саналадиган бўлса, ўз-ўзидан бу сафга яна кўплар қўшилади…
Мен газетада чиққан мақолаларимни тўплаб, альбом тайёрлашга киришганман. Журналистика факультетига ўқишга киришда, тўғрироғи, ҳужжат топширишда керак бўлади, буни биламан. Раҳим ака факультетда ижодий имтиҳон ҳам борлигини, абитуриентнинг газеталарда эълон қилинган материаллари асосида савол-жавоб бўлишини, бунга ҳам жиддий тайёргарлик кўриш кераклигини уқтиради.
Ўнинчи синфни тугатиш арафасида газетага бир даста шеърий машқлар бердим. Бир куни газетани олсам, суратим ва умумий сарлавҳа остида шеърларим берилган. Таҳририят менга “Оқ йўл” тилаган. Буни Раҳим ака Искандаров тайёрлаганини сезаман. Бош муҳаррир ва бошқа ходимлар — самимий акаларимиз дилдан хайрихоҳ бўлишган, албатта.
Раҳим ака бош бўлиб таҳририятнинг иш қоғозига журналистика факультетига ўқишга киришим учун тавсиянома ёзилди. Имзога олиб кирганимда ўша пайтларда у ерларда анчайин ноёб матоҳ бўлган кондиционер ишлаб турган салқин хонада қора креслода бемалол ўтириб саҳифа ўқиётган бош муҳаррир, ҳайбатидан от ҳуркадиган ўрта ёшдаги салобатли киши — Жўра Эрсоатов қоғозга қўл қўяр экан, менга “оқ йўл” тилаб, қўлимни қаттиқ қисди. Бу “энди бўш келма” дегани эди, назаримда.
Чиндан ҳам журналистика факультетига ўқишга кириш учун ҳужжат топшираётганимда “ижодий бисотим” жамланган альбомни қўшиб топширдим. Ижодий имтиҳон чоғида ушбу альбом менга мадад бўлди, мени “қўллаб юборди”.
Ўша — Қизириқ туман газетаси бугун “Тараққиёт” номи билан мунтазам чиқиб турибди. Адади ҳам уяладиган ёки уялтирадиган эмас. Унга тажрибали журналист, қалами узоқ йиллар давомида шу таҳририятда чархланган, “Дўстлик” ордени соҳиби Чори Алимов раҳбарлик қилади. Ушбу таҳририятда кўп йиллар мобайнида қарор топган ижодий мактаб анъаналари бугун ҳам давом этаётир. Бугун ҳам ушбу даргоҳда журналистика соҳасига қизиққан ўнлаб ёшлар малакали ва маҳоратли устозлардан илк сабоқларни олмоқдалар.
Мазкур туман газетасининг илк сони босилганига ҳадемай ярим аср тўлади. Ҳа, 2025 йилда газетага 50 йил бўлади. Ярим аср — эллик йиллик йўлда нашрнинг фаолияти ғоят самарали, баракали кечди. Балки шу муносабат билан туман ва вилоят маънавий-маърифий ҳаётида ёрқин из қолдирган газетанинг ижодий тарихи акс этган алоҳида китоб тайёрланар. Мабодо шундай эзгу ишга қўл урилган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, вилоят ва туман ҳокимликлари, албатта, ёрдам қўлини чўзишига ишонамиз. Ўтган йилларда шу таҳририятда меҳнат қилган ёки ижодий фаолиятида шу газетанинг саховатли имкониятидан баҳраманд бўлган ҳамкасблар ҳам четда қўл қовуштириб туришмас.
…Мен эса шу газетадан олган биринчи мухбирлик гувоҳномамни ҳали ҳам авайлаб сақлайман. Баъзан олиб кўраман, чангларини қоқиб қўяман. Унга устоз Раҳим Искандаров “И.Фолькин” деб имзо чеккан. Яширмайман, бу менга қандайдир ғурур бағишлайди.
Касб байрамимиз нишонланаётган шу кунларда бизга йўл бошида нималарнидир ўргатган, сўз топиш, жумла тузишдан сабоқ берган, фикрни сўз билан ифодалашни, қоғозга туширишни ўргатган, ёмон ёзсак ҳам яхши сўз айтган, кўнглимизни кўтарган, меҳр кўргизган “устоди аввал”ларга миннатдорлик билдиргим келди:
Қадрли устозлар! Қутлуғ байрамингиз билан табриклайман!
Салим АШУР,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.