Аравани қуруқ олиб қочмайлик
Дунё — мўъжизалар макони. Кўриб ҳайратланганингдан эшитиб ҳайрон қолганларингнинг ҳисоби йўқ. Қушлар, балиқлар, ҳайвонлар орасида умри ер, сув, осмон йўлларидан ўтса-да, албатта, бир маконда қишлаб, бир маконда ёзлайдиганлари кўп. Қалдирғочнинг ўзига уй қуриш “архитектура”си минг-минг йиллар давомида янгиланмаган бўлса керак. Айиқ, қуён, қизилиштон, ари, сичқон… ҳатто чумолиларнинг ини-уяси ўша-ўша. Фақат ОДАМ боласининг яшаш шароитлари, либослари, тайёрлайдиган таомларидан тортиб қизиқишларигача тинмай ўзгаради.
Бунинг сабаби, балки, ер юзида энг онгли зот бўлган инсоннинг ҳамиша тараққиётга, қулайликка, чиройли ҳаёт тарзига, камолотга эҳтиёжи, интилишидандир?.. Яна сабабларни тўлдириш, таҳрир этиш мумкин, лекин ким бўлишидан қатъи назар, ўз вақтини қадрлайдиган, зое кеткизишни истамайдиган одам борки, бир бора кўриб, эшитиб, ўқиб англаган фикрини яна чайнайвергиси, бошини эгиб ўтириб эшитавергиси келмайди. Мулоҳазали инсон ҳатто жуда қизиқарли мавзулардаги суҳбат, маърузасининг оҳанглари ҳам тингловчини зериктирмаслиги, малол келмаслигининг ғамини ейди. Ахир сўзловчининг ҳам, тингловчининг ҳам вақтдан қимматлироқ бойлиги йўқ-да.
“Саодат” журналида иш бошлаганимда, устоз Зулфияхоним 60 ёшни қоралагандилар. Ҳамон кўркам, фикрлари теран, фаолиятлари қизғин эди. Лекин телевидение ходимлари интервью олмоқчи бўлсалар, шеърларидан ўқиб беришларини сўрасалар, деярли ҳар сафар: “Ҳозир ажойиб иқтидорли ёшлар кўп. Уларни кўрсатинглар”, деган жавобни берардилар. Кейин бизга қараб: “Халқ бизни жуда кўп кўрди”, деб қўшиб қўярдилар. Давраларда, учрашувларда ҳам шу тамойилни қаттиқ тутардилар.
Кейинги пайтларда давлат телеканалларининг “мих” кўрсатувларига айланган дастурларни кузатарканман, Зулфия опа ёдимга тушаверади. Чунки қай бири шоу, қай бири кўрсатув… аммо уларнинг иштирокчилари орасида томошабинни “соғинтириб қўймай”, ҳар ойда камида икки-уч марта дийдорлашадиган “телеюлдуз”лар ўзларининг чиқишлари мухлисларга нечоғлиқ кўнгилли ёки аксинча эканини ўйлаб кўрармикинлар? Тўғри, уларни ўз таниш-билишлари олқишлайдилар; улар билан ишлаш тележурналист ва телережиссёрга ҳам осон — камера олдида қандай туришни яхши билиб, кўникиб кетишган.
Гаплари ҳам рисоладагидек, яна “фалончи” деган номлари бор…
Фақат… бола тарбияси ҳақидами, маҳаллалардаги қадриятлар тўғрисидами, ёшларнинг қизиқишлари, замонавий фан ютуқлари, мамлакат ички ва ташқи сиёсати, маънавий-маърифий-маданий соҳалар, қайнона-келин муносабатлари, ҳожилар одобию масъулияти, янги оила қуришга тайёргарлик… — хуллас, ҳамма мавзуларда шариллатиб, тўлқинланиб гапираверадиган “қомусий” воизлар кўпчилик телетомошабинларнинг тушларига ҳам ҳамроҳ бўлиб қолган бўлса, ажабмас.
Илгари теледастурларда имкони борича такрорларга, яъни фикрий ва иштирокчиларнинг бирхиллигига йўл қўймаслик талабига жиддий амал қилинарди. Бир кўрсатувда иштирок этган шахсларни анча муддатгача кейинги теледастурда иштироки чекланиб, янги қиёфалар, қаҳрамонлар топардик. Ҳаттоки битта кўрсатувда бир хил қиёфанинг тез-тез кўриниши ҳам камчилик саналарди (бу қоида газета, журнал материалларига суратлар қўйишда ҳам амал қиларди). Энди эса… экран қаршисидаги томошабиннинг “яна ўша чиқдими?” деган энса қотишини ва “ўчир!” дейишини ё телеижодкорлар билмайди, ё билиб билмасликка олади. Доимий “телеюлдузликка талабгорлар” эса “Камбағалнинг бир тўйгани — бой бўлгани” қабилида яна бир карра экранларда кўринганига хурсанд — бу ҳам маънавиятнинг савияси белгиси.
“Hurriyat” газетасининг шу йил 3 июль сонида босилган бўлғуси журналист талаба қаламга олган ҳолат, яъни баъзи тележурналист, телережиссёрларнинг ўзлари тайёрлайдиган кўрсатувлар иштирокчиларига гап ўргатишлари, махсус тайёрлашлари янгилик эмас. Республика Миллий телерадиокомпаниясидаги ўн беш йилдан ортиқ фаолиятим давомида кўрган-кечирганларимга асосланиб айтаманки, айрим тележурналистлар, телережиссёрларнинг дастурлар иштирокчиларига гап ўргатишлари, махсус тайёрлашлари янгилик эмас.
Талаба теледастурлар сифати, савияси, томошабинлар талаби билан боғлиқ муҳим масала-муаммони тилга олган. Гап шундаки, ҳақиқий тележурналист теледастур учун танланган мавзусини имкон қадар тўлиқ, чиройли ёритиш учун ўша соҳанинг ҳам билимдон, ҳам фикрини равон ифодалаб берадиган вакилини топиши доим ҳам тез ва осон кечмайди. Бунинг учун у соҳа ходимлари билан яқиндан танишиши, суҳбатлашиши ва улар орасидан ҳар жиҳатдан муносибини танлаб олиши керак бўлади. Ва яна яхши мутахассисларнинг ҳаммаси ҳам камера олдида ҳаяжонини енга олмаслиги мумкин. Шундай пайтда тележурналист ва режиссёр қаҳрамонини табиий, самимий суҳбатга кириштира оладиган руҳиятшунос ҳам бўлиши керак.
Дастурларни тасвирга олишгача бўлган мана шу ижодий изланиш жараёни талабларини жиддий, чин дилдан бажарган телеижодкор томошабинларга манзур кўрсатув тайёрлаш учун дастлабки қадамларни қўйган бўлади. Бундан эринган, вақтинию асабини тежайдиганлар, шунингдек, қадрдонларию яқинларини, экранда кўринишга ишқибозларнинг “ҳожатини чиқариш”га мойиллар ёки “телеюлдузликка ишқибозлар”га суҳбат жиловини бериш, ёки гап ўргатилганларни бир иложини қилиб теледастурдан “судраб ўтиш” йўлидан борадилар.
Кейинги пайтда давлат телеканалларида ижтимоий тармоқларда ёритилаётган мавзулар, айниқса, салбий йўналишдаги контентлар, постлар таҳлилига кўп эътибор қаратиляпти. Юртимизда шунча ижобий ўзгаришлар, янгиланишлар, соҳаларда беқиёс ютуқлар бўла туриб, аксарият блогерлар фақат “миллатнинг ор-номусини ерга уриш”, “тирноқ остидан кир қидириш” “ботқоғига ботиб қолгани”ни куйиб-ёниб телеэкранлар орқали сўзловчилар ҳақ гапни айтмоқдалар. Ҳақиқатан ҳам, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ибратга, фахрланиб тарғиб этишга арзийдиган воқеа-ҳодисалар ҳар куни топилади. Аммо нега ўзини блогер деб атовчи бу кимсалар уларни кўрмайдилар ёки кўриб кўрмасликка оладилар, ёки кўришни хоҳламайдилар?
Бошқалар нима дейди, билмайман, менинг фикримча, бунда ҳам қарийб ярим аср давомида давлат телеканалларида шаклланган “бийрону равон чиройли сўзловчилар чиройли манзаралар, чиройли деворлар олдида туриб чиройли гапларни айтиши” анъанага айланиб қолган теледастурларнинг яхшигина ҳиссаси бор. Томошабин бундай кўрсатувлардан безиб кетган, уларни азбаройи ёлғизликдан зерикканларгина томоша қилишини аксарият, айниқса, ёшлар яхши билишади (фикримнинг исботи учун бир мисол: яқиндагина давлат каналида тайёрлангунча ва тайёрлангандан кейин ҳам анонслар билан тарғиб этилган, маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган тадбирларнинг тарғиботига бағишланган кўрсатувлар “Youtube” тармоғига қўйилганда, уларнинг бири тўққиз кунда 19 марта, иккинчиси олти кунда 60 марта кўрилгани қайд этилган). Шунинг учун уларга ўхшатиб пост, контент қўйиш ҳеч кимга қизиқ бўлмаса керак.
Одам боласининг табиий ҳолатлари, маънавий-руҳий эҳтиёжлари, билими, савиясидан келиб чиқиб фикрлайдиган бўлсак, ҳар учрашганда, тўрт киши йиғилганда, турли вазиятлардаги баҳсу мунозараларда ҳадеб ўзини мақтайверадиган, ўзини бекаму кўст фаришта қилиб кўрсатадиган, фақат ўзига маъқул гапни эшитиб, бошқасига қулоғини беркитадиганлар ҳатто уларнинг ўзига ўхшаганларгаям ёқмайди. Теледастурларга фақат ўзини маъқуллаб, ўзи чизиб берган чизиқдан чиқмайдиганларни таклиф этадиганларни мана шундайлар тоифасидан, деб биламан. Бундай кишилар билан бир даврада ўтиришнинг ўзи қийин бўлгандан кейин, ундайларнинг экрандаги сўзларини эшитиш азоби вақтини қадрлайдиган инсонга керакми?
Хассос шоира Саида Зуннунованинг:
Романлар, азизлар, ақл ўргатманг,
Ақл ўргатсангиз келади ғашим, —
деган сатрларига аждодларнинг “Сен гапинг билан эмас, амалинг билан ибрат бўл” деган ҳикмати сингдирилгандек.
Мамлакатимизда ўз нуфузи, мавқеига эга бўлган оммавий ахборот воситаларининг фидойи, тажрибали ижодкор-заҳматкашлари зиммасида бу соҳага янги кириб келаётган издошларга ҳар жиҳатдан ўрнак, устоз бўлиш масъулияти ҳам катта.
“Ютуқлар ўзимизники” деган эътироф бор. Қайси соҳада бўлмасин, ижобий натижаларни янада кўпайтириш, сифатини ошириш, оммалаштириш, одамлар турмушини енгиллаштириш, қулай бўлишига тўсиқ муаммоларни ҳал этиш йўлида изланиш, хақиқатни тан олиш, бирлашиш, камчиликларни тўғрилаб бориш — ривожланишнинг оддий талаби. Мавзу, масалаларга мана шу талабдан келиб чиқиб ёндашув жамият эътиборини, албатта, тортади. Масалан, кечагина бир блогернинг юртимизда аҳолининг электр энергиясидан фойдаланиши меъёрлари билан боғлиқ янги қонунга ҳаётий ҳолатлардан келиб чиқиб билдирган муносабати — постини бир кунда юз минг киши кўриб, ўн мингдан ортиқ фикрлар билдирилди.
Юртбошимиз ҳам Янги Ўзбекистон қуриш, Учинчи Ренессанс пойдеворини қўйиш жуда катта, масъулиятли, мураккаб, ақлу билимга суяниб бир мушт каби жипслашган, қалб кўзлари очиқ жамиятнинг иши экани ҳақида кўп гапирадилар.
Халқ тили билан айтганда, ҳаётга, одамларга яқин бўлайлик, уларнинг ичида кўрган-билганларимизга асосланиб сўз айтайлик, “аравани қуруқ олиб қочадиган”лар тоифасидан бўлиб, эл назари-эътиборидан қолмайлик.
Муҳтарама УЛУҒОВА,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими.