Куйла, Яҳёбек!

Юз-юзлаб ёш хонандалар “Артист” лойиҳасида қатнашиш учун ёзилишарди. Яҳёбек буни кузатарди, қизиқарди. “Шунча одам бўлса, менга йўл бўлсин!” дерди. Аммо вужудида бир тўлқин, ҳаяжон гупурарди. Ва ниҳоят, устози, таниқли санъаткор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Хуршид Расуловдан дуо олди, йўл-йўриқ, маслаҳатлар олишдан чарчамади.

“Артист” пиллапоялари… Яҳёбек Ғаниев ушбу лойиҳада халқимизга танилган санъаткорларнинг қўшиқлари билан чиқди: “Ёшлигимга қайтгим келади”, “Ота”, “Она”, “Опа, мени йўқлаб келинг”, “Хафа бўламан”, “Безовта бўлар онам”… Шу тариқа Яҳёбек финалга чиқди. У бу танлов ҳақида мароқ билан сўзлаб берди:

— “Артист” лойиҳаси элга танитди. Халққа танилдик, дўстлар орттирдик. Ишонинг, “Артист” лойиҳасида “100 талик”дан ўтдим. Онамга телефон қилдим, у киши дуо қилиб табрикладилар. “50 талик”ка кирдим, онам саҳнага келиб ўтирдилар, томоша қилдилар, қўшиғимни эшитдилар. Минг афсус, шундан сўнг онам ўтиб қолдилар. Ярим финалда “Безовта бўлар онам”ни йиғлаб-йиғлаб айтдим:

Мендан узоқ кет, қайғу,

Яқинлашма энди, ғам.

Енгилсам ҳасратларга,

Безовта бўлар онам.

Андуҳларга кўмилиб,

Кўз ёшимга чўмилиб,

Қолсам тутдек тўкилиб,

Безовта бўлар онам.

Ҳатто руҳи парвонам,

Ороми йўқ гирёнам,

Йиғласам, тушимга кириб,

Безовта бўлар онам.

Яҳёбек “Артист” лойиҳасининг финалида ўзи куй басталаган “Синглим” қўшиғи билан саҳнага чиқди:

Менга зарра тикон кирса куйинганим,

Шод кунимда мендан зиёд суюнганим,

Мунисгинам, беозорим, Ҳақ берганим,

Номинг айтсам,

ёришади кўнглим менинг,

Сен онамдай меҳрибоним

синглим менинг!

Гоҳи дунё ташвишига елиб-елиб,

Ярим дилинг кетганида дардга тўлиб,

Ойда бир бор йўқлолмадим ака бўлиб,

Соғинчлардан мунчоқ

кўзи мунглим менинг,

Онамдайин меҳрибоним

синглим менинг!…

2024 йилги “Артист” лойиҳасида финалчиларнинг учаласи ҳам ғолиб деб эълон қилинди. Яҳёбек Ғаниев ўн тўққиз ёшида Тошкентдан “Трекер” русумли автомобили билан қишлоғи Қўрғонтепага келди, ютуқни отасига совға қилди.

Йил бошида “Меҳмонда Назарбеков” кўрсатувида Яҳёбек Ғаниев устоз санъаткорнинг “Хафа бўламан” қўшиғини куйлади.

Шунча кутдим, бир келмасанг,

Хафа бўламан, хафа бўламан.

Бир жилмайиб, бир кулмасанг,

Хафа бўламан, хафа бўламан…

Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков ўз қўшиғини шогирдидан эшитиб хурсанд бўлди. Мана, унинг фикрлари:

“Яҳёбек ўзининг рангида ўзи бемалол айт­япти, қийналмай айтяпти. Қўшиқларимни бемалол айтиб юравергин…

Яҳёбек, халқнинг меҳри сен учун энг катта мукофот. Таниқли бўлиш мумкиндир, аммо севимли бўлиш ундан ҳам юқори мукофот”.

— Хуршид Расулов устозим бўлади, – деди Яҳёбек Ғаниев. — Деярли ҳар бир қўшиғини куйлаганман. Устозим билан кўп марта биргалашиб қўшиқлар айтганман:

Умр асли беш кунлик сафо,

Гоҳи сафо, гоҳида жафо.

Ташлаб кетган ўша бевафо,

Ёшлигимга қайтгим келади…

— Бир куни ишдан келсам, ўғлим Яҳёбек йиғлаб ўтирибди, — деб эслади ёш қўшиқчининг дадаси Равшанбек. — Қўшни Хонқиз қишлоғидаги тўйга Хуршид Расулов келган экан, уни ҳеч ким тўйга олиб бормабди. Қарасам, соат тўққиздан ўтяпти. Таваккал, тўйга отландик. Яхши ҳамки, тўй тугамабди. Яҳёбек тўртта қўшиқ айтди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Хуршид Расулов уни жажжи шогирдим деб мақтади…

Ҳа, Фарғона туманида истеъдоди билан элга танилган, юртини танитган инсонлар кўп: Лочин полвон, Аҳад полвон, Турсун Али полвон. Усмон Юсупов, Ҳамроқул Турсунқулов, Тожихон Шодиева. Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари, Ўзбекистон халқ шоири Охунжон Ҳакимов, Миллий телевидениемизнинг машҳур сухандони Ўктам Жобиров, бокс бўйича Олимпиада чемпионларидан бири Лазизбек Муллажонов каби халқимизга танилган бундай инсонлар ҳам шу туман фарзандларидир.

Яҳёбек Ғаниев ҳам Фарғона туманидаги Қўрғонтепа қишлоғидан. Кўпчилик Қўрғонтепа қайда, қанақа жой, деб сўрашади. Қўрғонтепа — истеъдодлари бор гўзал қишлоқ.

Орзуларинг қанотида куйлайвер, Яҳёбек!

Собиржон ДАДАХЎЖАЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven + 4 =