Отам ҳақиқий қаҳрамон эди
дейди наманганлик нуроний Маҳмуд АДАШЕВ
Аслида у киши билан танишганимга унча кўп бўлгани йўқ. Лекин илк танишувимиздаёқ гўёки узоқ вақтдан буён бир-биримизни яхши биладиган қадрдонлардек дилдан гурунглашдик. Ўз даврида турли раҳбарлик вазифаларида ишлаб, эл-юрт назарига тушган, ёшлари тўқсонни қоралаб қолган наманганлик уч-тўрт нафар таниқли нуронийлар қаторида у киши билан ҳам бир учрашувда яқиндан танишиб қолдик. Аввалига ҳаммага чой қуйиб узатиб ўтирган камтарин кишини ўзимга тенгқур деб ўйлабман. Даврадагиларга Тошкентдан келган журналист эканимни, газетада ишлашимни қадрдонларимиздан бири айтгач, суҳбатимизга янада қўр кирди.
Маҳмуд ака билан дилдан суҳбатлашиб ўтирдик. Унинг Тошкентдаги дўст-биродарлари менинг ҳам қадрдонларим экан. У қайтар чоғимда Тошкентга борганимда, дўсти, иқтисод фанлари доктори, профессор Одил Олимжоновга алоҳида салом айтишимни тайинлади. Одам ўзидан яхши ном қолдириб юриши керак-да. Биламан, Одил акани таниганлар қилган яхшиликларини яхши эслашади.
Одил ака зиёли инсон, у киши билан гоҳ-гоҳида кўришиб турамиз. Гапимиз гапимизга қовушади. Тўғрисўз, холис инсон. Доимо ёзганларимни синчиклаб ўқиб, “мақолангиз яхши чиқибди” деб кўнгилни кўтаради. Яхши инсонлар ҳақида ёзишга илҳомлантириб юради. Одил Олимжоновга Маҳмуд аканинг саломини етказдим.
— Маҳмуд Адашев ҳақида ҳам ёзсангиз арзийди, кўпни кўрган бўлса ҳам жуда камтарин инсон, — деди Одил ака. — Отаси кимлигини биласизми? У Иккинчи жаҳон урушида йигирма бир ёшида Совет Иттифоқи Қаҳрамони бўлган Солижон Адашевнинг ўғли.
Очиғи, янги танишимнинг қаҳрамон инсон фарзанди эканлигини ҳаёлимга ҳам келтирмаган эдим.
Орадан кунлар ўтиб, водийга хизмат сафарига борган чоғимда Одил аканинг гапи эсимга тушиб, беихтиёр Маҳмуд акага қўнғироқ қилдим. Газетага ёзмоқчи эканимни айтсам, “Ёзишга арзийдиган нима иш қилиб қўйибмиз?” деб камтаринлик қилди. Унамай туриб олди. Сўнгра: “Фақат раҳматли падарибузрукворим ҳақида кўпроқ ёзсангиз, майли”, деди.
Ундан отаси ҳақида сўрадим.
— Солижон отам раҳматли ёзувчи Саид Аҳмад билан яқин қадрдон эди, — деди Маҳмуд ака. — Қачон Наманганга келса, икковлари кўришиб, уйимизга келарди. Улар кулишиб, узоқ гаплашиб ўтирганлари ҳечам кўз ўнгимдан кетмайди. Отамнинг Ўзбекистонда таниқли одамлар орасида ўртоқлари, танишлари кўп бўлган. Ўзи ҳам кўп китоб ўқиган зиёли инсон эдилар. Шунинг учун машҳур олимлар, ёзувчию шоирлар билан тез-тез учрашиб туришни хуш кўрарди. Айниқса, журналистлардан дўстлари жуда кўп эди. Қаерга борсалар ҳам журналистлар билан мулоқот қилардилар. Хуллас, отамиз туфайли оиламиз аъзолари эъзозланиб, эътиборда бўлардик. Уларнинг ёнида юришнинг ўзи биз учун катта бахт эди.
Отам жиддий, қаттиққўл, айтган ишини бажарадиган, ваъдасида турадиган, тўғрисўз инсон эди. Шундай бир сўзли, ҳақгўй кишиларнинг ҳамма даврларда ҳам эл-юрт, маҳалла-кўй орасида қадри баланд бўлган. Суянса бўладиган, ишончли, лафзи ҳалол инсонлиги учун бўлса керак, отамизнинг олдига келиб кетувчилар ҳам кўп эди. Ёшга ҳам, қарига ҳам, бойга ҳам, камбағалга ҳам бир хил муносабатда бўлар эди. Айниқса, мусофир, бечораҳол, қўли калта одамларга кўпроқ эътибор берардилар. Ўйлаб қарасам, Иккинчи жаҳон урушидан эсон-омон қайтиб келган одамларнинг ҳаммаси ҳам шундай фазилатли кишилар бўлишган экан. Балки, ана шундай хислатлари учун ҳам Аллоҳ уларни жанггоҳлардан омон сақлаб қолгандир.
— Танзила онам раҳматли ҳаёт бўлганида бу йил юз ёшга кирардилар, — деб Маҳмуд ака ҳикоясини давом эттирди. — Волидамиз ҳам ўқимишли, жамиятда фаол аёл бўлган. Энг муҳими, ота-онамиз биз фарзандларини бировнинг ҳақидан қўрқадиган қилиб тарбиялади. Олий маълумотли қилиб, эл-юртга нафи тегадиган инсонлар қаторига қўшди. Айниқса, онам бизга ота-оналарининг, яъни буви ва бувамизнинг яхши амаллари ҳақида кўп сўзлаб беришдан эринмасдилар. Кейинчалик англаб етсам, бунда ҳикмат кўп экан. Бугун биз ҳам фарзанду набираларимизга уларнинг ибратли ҳаётини айтиб беришдан эринмаслигимиз керак. Ахир, “Қуш уясида кўрганини қилади”, деб бежиз айтишмаган-ку.
Маҳмуд Адашев йигирма тўққиз ёшида Наманган тажриба заводига раҳбар бўлган экан. Ўша йиллари бу заводда 450 дан ортиқ киши ишлаган. Қирқ йилга яқин раҳбар бўлиб корхонада ишлаган чоғлари одамларга қилган яхшиликлари ҳақида ўзидан эмас, бошқалардан, кўпчиликдан илиқ гаплар эшитдик.
Яхшиликнинг мукофоти яхшилик дейдилар. Яхши одамларни Яратган Эгам яхши фарзанд билан сийласа бу чинакам бахтдир. Акамизнинг тадбиркор ўғиллари Жаҳонгир, Илҳом, ўқитувчи қизи Ҳилола, небахтки, қобил, ота-онасига меҳрибон, уларга муносиб фарзандлар бўлишибди. Ҳавас қилса арзийди.
Нетонгки, бугун бундай бахт, тақдир ҳаммага ҳам насиб этмаган…
Муҳаммад КЕНЖА,
журналист.
