Тоғдай таянчим тўғрисида

Мен кўп йиллар Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институтида ишладим. Мундай қарасам, эслагулик ҳангомаларим ҳам, асосан, ўша даврга тегишли экан.

Чунончи, 1978 йил эди, шекилли, бир олим акамиз икки ой ГДРда (ўша вақтлар Германия ҳам иккита давлат – ГДР ва ГФРдан иборат эди) илмий хизмат сафарида бўлди. Қайтиб келгач, қоидага кўра институт илмий кенгашида бу ҳақда ҳисобот бериш учун минбарга кўтарилиб, “Дас унд, тарақ-туруқ” дея немисчалаб бирон беш дақиқа бизни сарафроз айлади. Ҳаммамиз оғзимизни очганча ўтирибмиз. Ҳайтовур, бироздан кейин биз омиларни аяди — ўз тилимизда гапиришга ўтди. Ўшандан бери чет тилини ўрганган одамларга ажабланиб қарайман: дабдурустдан ўша тилда гапирворса, мен анграйиб ўтираверсам? Ўзи шунақа, чет эл ҳавосидан нафас олиб келганларнинг баъзилари ҳавойироқ бўлиб қолади.

Аммо ҳаммаси ҳам эмас экан, ҳайтовур.

Тўқсонинчи йил эди. Ўша Тил ва адабиёт институтида ишлаб ўтирибман. Эшик тақиллаб, бир йигит кириб келди. Таржима соҳасига қизиқишини, институтимизнинг таржима назарияси бўлими ходимлари билан танишгани келганини айтди. Афсуски, ўша куни бўлимимизда мендан бўлак ҳеч ким йўқ эди. Ўтириб, у ёқ-бу ёқдан гаплашдик. У киши Хуррам Раҳимов, олмон ва ўзбек тилларининг қиёсий стилистикаси соҳасида диссертация ёқлаган фан номзоди экан.

— Э, ака, шошманг, бу… ўтган ҳафта “Адабиёт ва санъат”да Лион Измайловнинг бир ҳикояси босилди, таржимони… адашмасам, Хуррам Раҳимов эди, мабодо сиз эмасми ўша одам?

— Ҳа, ора-чурада таржима ҳам қилиб тураман, — дея кулди у.

Ўша ҳажвий ҳикоя менга жуда ёққан, таржимаси ҳам қойилмақом эди. Шунданми, гапимиз пором келиб, кечгача суҳбатлашдик. Иш вақти тугаб, уй-уйга қайтадиган бўлувдик, қарангки, хонадонларимиз ҳам анча яқин экан. Буни билгач, Хуррам ака бир пиёла чой ичиб кетарсиз, деб мени уйига қистади. Иккинчи қаватга чиқиб, уй қўнғироғини босган эди, во ажабо, биздан икки йил аввал ўқиган факультетдошим Шарифа опа Салимова эшик очиб турибди-ку! Завжаи муҳтарамаси экан Хуррам аканинг. Икки эмас, уч киши бўлиб яна хийла ўтирдик.

Ўттиз беш йил бўпти шунга! Ўшандан бери ҳам шахсий, ҳам оилавий борди-келдимиз бор бу оила билан.

Ўттиз беш йиллик қадрдонликнинг ҳангомаларини, тафсилотларини, ибратларини ёзар бўлсам, росмана бир китоб бўлса керак. У кишининг фанга жонкуярлиги, чўрткесарлиги, принципиаллиги, илмий масалаларда ҳеч кимга ён босмаслиги бир ён-у, дуч келган муштипарга ёрдам қўлини чўзиши, бировларнинг иши, илтимоси учун ҳамма ишини ташлаб, ўшанинг ғамида неча кунлаб, неча ҳафталаб ташвиш чекишлари, сўраганки одамга қўлида борини бериб, ўзи ёрдамга муҳтож даражасига тушишлари, бир амаллаб қаддини тиклаганидан кейин эса яна ўша дўлворлигу жўмардлигини келган жойидан давом эттираверишлари… буям бир ён. Агар Хуррам ака ўзини ўйлаганида, топган пулларига шаҳри азим Тошканднинг ўртасида олти қаватли данғиллама ҳовли, Бўстонлиғу “Тошкент денгизи” ёқларда олтита дала ҳовли қуриб олган бўлар эди. Ота эрта оламдан ўтгани боис, укалару сингиллар, жиянлару жигарларнинг суянган тоғи бўлиб бериш, уларнинг ҳар бирини оёққа қўйиш ташвишларини айтишим шартми?

Ҳой, ўзингни ҳам ўйла, деганларга ҳам йўқ демайди, бош ирғаб маъқуллайди, ҳатто нолигандек ҳам бўлиб қўяди, бироқ ўша Хуррам, ўша Раҳимов, бошқача бўла олмайди. Ахир айтадилар-ку, сут билан киргани жон билан чиқади, деб.

Сут деб ёздим-у, лоп этиб ёдимга Хуррам аканинг онаси тушди. У кишидаги ҳалимлик, кенгбағирлик, некбинлик, ҳар бир фарзандига алоҳида меҳр билан қараш… яна қай фазилатларини санай ҳожи онанинг? Яхши онанинг, тўғрироғи, яхши оналарнинг бир фазилати бўлади — улар боласининг ўртоғини, дўстини ҳам ўз боласи деб билади, уларга ҳам худди ўз туққан фарзандидай меҳр беради, суяди, омадидан қувонади, тақдирига синоғлиқ кунлар битилган бўлса, куяди.

Нимасини айтай, Хуррам акага дўсту биродар бўлиш шарофати билан биз ҳам яна бир она топиб эдик…

Бундай волиданинг фарзанди қандай бўлади?

Йигирма йилча бурун ака Хуррам бир иш қилди. “Мен ҳар йили 4 январь куни Тошкентда, иссиққина квартирамда одамларни чақириб, туғилган кунимни нишонлайман. Ҳамма мени мақтайди. Аммо мен ўзимдан-ўзим дунёга келмаганман-ку, мени онам туққан ахир. Онам эса Жомбойда, қишлоқда ўтирибди. Шу… йўқ демасангиз, бу гал 4 январда бизнинг қишлоққа бориб, онам билан дийдорлашиб, бирга нишонлаб қайтсак?..”

Бордик. Ана суҳбат, ана дийдор!

“Алпомиш” достонида ботирнинг Бойчибор оти етти йил сафарда юриб, шунчадан сўнг Бойсун-Қўнғирот юртига қайтиб келганида туққан онаси Тарлон бия билан қандай кўришади, ёдингиздадир? Хуррам ака етти ҳафта ўтмай онасини соғинар, ҳайт деб улов-отини гуриллатиб миниб, онасини, укаю сингилларини кўргани жўнаб қолишини эшитган эдим.

Ўша куни тун ярмигача ўтирдик, сўнг ухладик. Аммо она-бола то тонгга қадар мижжа қоқмай гаплашиб чиқишди. Мен она-боланинг бир-бирига меҳрини кўрганман, аммо Хуррам акамиз онаси билан она-болагина эмас, дўст ҳам эканини англаб, тонг қолдим ўша тонгда.

Бошимга синоғлик кунлар тушган йиллар ёнимда бўлган ягона одам — шу одам. Бошқа гапларга ўтмай қўя қолай.

Гап хорижий тилни билган одамларнинг феъл-атвори ҳақида эди-я. Хуррам ака олмон тилини сувдай билади, десам, сувдай биладиганлар кўп, бу оддий гап бўлиб чиқади. Хуррам ака олмон тилида… шеър ёзади, бу шеърлар Германия матбуотида чоп этилган!

Хуррам ака олтмишга тўлганида Олмон юртидан Ўзбекистонга ўн икки профессор қутлагани келган, улар филологларгина эмас, ҳар турли соҳанинг энг таниқли вакиллари экан, ёдимда қолган бирови — Тошкентда, Амир Темур майдонидаги Халқаро анжуманлар саройи бор-ку, ана ўшанинг архитектори бўлиб чиқди.

Тил билишда Хуррам аканинг фавқулодда қобилияти борлигига бир далил. Ўттиз беш йил муқаддам у киши докторантурага чиққанида, замонанинг зайли-да, бу илмий таътилни Тифлис давлат университетида ўташи белгиланади.

— Бориб қарасам, Тифлисда ҳеч ким ўрисча сўзлашмас экан, — деди у. — Яхшиямки, шанба куни борган эканман, дарров бозорга тушиб, “Русча-грузинча сўзлашгич” сотиб олдим. Ўша куни, эртаси якшанбада уриниб, “Мени сизларга докторантурага юборишди, илтимос, мени лутфан қабул қилсангиз ва тегишли бир кафедрага бириктирсангиз”, деб гуржи тилида ўзимча гап туздим-да, ёдлаб олдим.

Университет ректорининг ҳайҳотдай хонасига кириб борсам, узоқда, тўрда бир тепакал одам ўтирибди. Остонада турибоқ, киришга изн сўрадим-да, бояги гапларимни баланд овозда айтдим. Ректор ўрнидан учиб туриб ёнимга келди, қўлимни маҳкам қисиб сўрашди ва ёнма-ён стулга ўтириб, “Слушай”, деб гап бошлади: “Сен грузин тилини дабдала қилиб гапирдинг. Аммо сен менинг тилимда сўз бошлаганинг заҳоти, менга худди онам бошимни силаётгандай бўлиб туйилди. Раҳмат сенга, баракалла! Бер қоғозингни, ўқиб кўрмасданоқ қўл қўяман!”

Гуржилар она тилини шундай эъзозлашар экан…

Бундай ҳолатлар Хуррам аканинг “иккинчи она юрти” — Германияда неча марта юз берганининг саноғи бормикан? Шунинг учун ҳам олмонлар “Олмон-ўзбек илмий жамияти” раҳбарлигига Хуррам Раҳимовни бир овоздан сайлашди, бу жамиятнинг журнали чиқиб туради, унга ҳам шу жонкуяр акамиз бош муҳаррир.

Хуррам аканинг уйи бизга яқин деб айтувдим-ку. Бир куни, шунчаки чақчақ суҳбатини қўмсаб бориб қўнғироқ чалсам, эшикни Хуррам ака эмас, Шарифа опа ҳам эмас, бир немис кампиршо очди. Гапимни тушунмади. Хонадон бўсағасида “Хуррам, Хуррам!” деб саломлашдик, “Хуррам, Хуррам!” деб хайрлашдик.

Кейин билсам, у опахон Хуррам аканинг немис ҳамкори экан, иккови ўзбек эртакларини олмон тилига таржима қилишга киришишган, Самарқанднинг ўнлаб қишлоқларида неча ҳафта кезиб, эртак айтувчи кампирларнинг ўз оғзидан эшитиб ёзиб олишган экан. Дарҳақиқат, “Самарқанд эртаклари” деган китоб ўша гўянда опаларнинг, ўзбек палос, бешик ва палакларининг рангли расмлари илова қилинган ҳолда, беҳад гўзал қилиб нашр эттирилди.

Тўғри, бизда немисчани биладиган одамлар кам эмас. Мактабларда неча юзлаб муаллим болаларга бу тилни ўргатяпти. Олмон тили, олмон адабиёти билан боғлиқ ҳолда илмий иш қилаётганларнинг ҳам сон-саноғини билиш қийин. Улар ичида профессорлар, доцентлар талай. Аммо тил ўрганиш ва ўргатишдан мақсад — ўқитиб қўя қолиш, холосми? Биз бу тилни ўргангач, эндиги ишимиз ундаги бебаҳо асарларни таржима қилиш, одамларни бу бадиият ганжиналари билан бойитиш бўлиши керак эмасми? Мен ҳали фақат бадиий асарлар ҳақида гапиряпман. Кант фалсафасини, Гегелни… қачон аслиятдан ўгирамиз? Тиббиёт, техника, табиий фанлар… Бу фанларга оид асарларни-чи? Қачон ўзбекча ўқиймиз?

Хуррам ака олий ўқув юртида болаларга олмон тилидан дарс беради, бу камдай, соғлиғидаги муаммоларга ҳам қўл силтаб, тунлари илмий иш билан шуғулланади, имкон топилди дегунча ўша Германиясига равона бўлади — барига улгуриш керак. Улгуради ҳам. Бутун оиласини ишга солади, шоира опамиз Шарифа Салимова, доцент қизи Гулрухни ҳол-жонига қўймай олмон асарлари таржимасига жалб этади. Оға-ини Гриммларнинг ўзбек тилида яқинда босмадан чиққан ёстиқдай келадиган эртаклар китобини кўргандирсиз, бу — Хуррам Раҳимов домла чиқарган ўттиздан ортиқ таржима китобларининг биттагинаси. У кишимнинг ўзи эса бу орада қайта профессионаллашиб, ўзбек фольклори асарларининг, хусусан, ҳозирга қадар чоп этилган деярли барча ўзбек эртакларининг олмон тилидаги кодини барпо этиш билан шуғулланди, бунинг учун манаман деган ўзбек фольклоршуносларини ҳам ишга солди.

Тўғри, ҳамма нарсага улгуриб бўлмайди, аммо ҳиммати баланд одам кўп нарсани уддалар экан. Буни қарангки, шунча ишларни қилиб қўйган Хуррам ака тушмагур, тўрт-беш йилдан бери ўзбек мумтоз адабиёти асарларини, жумладан, Алишер Навоийнинг неча ўнлаб ғазалларини, “Муножот”ини олмон тилига ўгирди, энди эса “Хамса”нинг олмоний таржимаси билан немис дўстларини сарафроз қилмоқчи бўлиб юрибди.

Биз бадиий асарларни, хусусан, шеърларни ўша иккинчи элнинг ўз вакили ўгиргани яхши, чунки бунда сўзнинг образланиши юз беради, деб айтиб келамиз ва бу ҳақиқат. Аммо биз “иккинчи” деган тилимизда шеър ёзиб юрган одамга бу иш учун “рухсат” берилса, тўғри бўлади, шекилли?

Ажаб, шунча вақтдан бери бу одамнинг ҳеч кимга немисча гапириб қуруқланганини кўрмадим. Бу ҳам ички маданиятнинг бир далили, албатта.

Хуррам ака, биламиз, ишингиз кўп, режаларингиз эса ундан ҳам бисёр.

Етмиш беш — олимларнинг, ижодкорларнинг етилган, кучга тўлган ёши эмиш. Сиз бўлса ҳам профессор олим, ҳам Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, етук мутаржимсиз. Бу икковини қўшсак, айни навқиронлик палласида бўлиб чиқаркансиз.

Худо қувват берсин!

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 2 =