Қувур ётқизиш чала қолиб кетди

Олиб борилаётган ҳар бир эзгу саъй-ҳаракат “Ислоҳот-ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” деган улуғвор мақсадга қаратилгани янада аҳамиятлидир. Чинданда янгиланишларнинг туб мазмун-моҳияти инсон омилига қаратилгани билан эътиборга лойиқдир.

Юртимиз ўзгача чирой кашф этиб, ўзгаришлар бўлмоқда. Республикамизнинг қайси гўшасида бўлмайлик, замонавий, янгича қиёфа кашф этган, бир-биридан қолишмайдиган кўркам иншоотларни кўриб, қалбинг қувончга тўлади. Халқ­имизнинг турмуш фаровонлиги ошиб, меҳр-оқибатнинг мужассамлиги, ўзбек халқининг келажаги порлоқ эканлигидан далолатдир. Албатта, бундай эътибор ва ғамхўрликдан фахрланмай бўладими? Жумладан, биз Бўстонлиқ туманидаги Чинор маҳалласида яшаётган 364 хонадондан иборат аҳоли ҳам шарт-шароит ва имкониятлардан мамнун бўлиб, шу юрт фарзанди эканлигимиздан фахрланамиз. Айни кунда маҳалламизга келсангиз, таниб бўлмас даражада ўзгариб кетганлигига гувоҳ бўласиз. Айниқса, “Бўстонлиқ Пластекс” ип йигирув фабрикасининг ташкил этилганлиги қишлоғимиз кўркига янада кўрк қўшди. Натижада 200 нафар ёшларимиз иш билан таъминланди.

Лекин бир муаммо борки, бизни ўйлантириб келмоқда. Бу ҳам бўлса, маҳалламизни газлаштириш масаласидир. Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 март­даги баённомасининг 15-бандига асосланиб, Чинор маҳалласининг аҳо­лиси хонадонларига табиий газ қувури тортиш режалаштирилган эди. Аммо 3,5 километр узунликдаги газ қувури  “Чорвоқ” ҳудудигача олиб келинди-ю бизнинг маҳаллага бор йўғи 600-700 метр қувур тортиш қолганида иш охиригача етказилмай, қолиб кетди. Тошкент вилояти архитектура ва қурилиш бош­қармаси томонидан ҳужжатлар тўлиқ расмийлаштирилиб, экспертизадан ўтказилган бўлса-да, “Ўзтрансгаз” АКдаги раҳбарлар бизни ҳар хил баҳоналар билан чалғитмоқда. Қишли-қировли кунлар яқин қоляпти. Ҳадемай қиш кириб келади. Кўплаб мурожаатларимизга “маиший газ баллонларидан фойдаланинглар” деган мазмунда “Тошкентгазтаъминот” унитар корхонаси ва бош­қа идоралардан “маслаҳат”ли жавоблардан нарига ўтилмаяпти. Туя элак ортганда оқсайди, деганлари шу бўлса керак-да. Рости, мурожаат қилавериб чарчадик. Аммо… юртимизнинг халқ­парвар мутасаддилари 400 га яқин хонадонда яшовчи 1500 дан зиёд аҳоли номидан қилаётган аризамизга балки эътибор қаратишар деган илинждамиз.

Зеро, Президентимиз кўп бора таъкидлаганидек, одамлар эртага ёки  келажакда эмас, бугун яхши яшашни истайди. Ёки бу улуғ ақида, керак бўлса эзгу топшириқнинг “Ўзтрансгаз” АКдаги акаларга алоқаси йўқми?

Чинор МФЙ аҳли номидан

Тоҳир Қобулов,

Рисқитилла Мўминов,

маҳалла фахрийлари.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × one =