“Ихтиёрий обуна” не дегани?

Сентябрь ойининг   охирроғида қишлоғимга бордим. Қавму қариндошлар йиғилишди. Журналист бўлганим боис   гап мавзуси айланиб,   матбуотга тақалди. “Тармоқ” газетаси   келади (қўштирноққа олганимга   сабаб шуки, у айнан   газетанинг номини айтди).   Варақлаб ҳам кўрмасдан   қирс эттириб тешиб, тахламга жойлаб қўяман”, – деди жияним. “Очиб   кўрмайсизми? Ҳеч қурса, сарлавҳаларини   ўқимайсизми?”. “Йўқ. Ҳатто сарлавҳаларини ўқисам жиним қўзғайди. Нимани ўқишим мумкин? Ғирт   шаблон?!”.

Шунда ота уйимиздан сал нарида яшайдиган   фахрий муаллима, ёзув-чизув билан   шуғулланиб, китоб чиқариб юрган   Гавҳар Матқурбонованинг   бир   гапи ёдимга тушди. “Қуронбой аканинг оиласидан икки   киши “Даракчи”га обуна   бўлибди”, деган эди   у. Ҳайрон қолаётганимни кўриб, изоҳ   берди: “Мен аввал   ўқийман, деб тортишар эканлар. Қуронбой ака: яна биринг   обуна бўл, дебди. Обуна бўлибдилар. Ҳозир уларнинг уйларига икки   дона   “Даракчи” келади”.

Мазкур газетани   ташкил қилинган вақтидан   бери кузатиб келаман. Авваллари санъаткорлар   тўғрисида кўп нарса   ёзар эдилар. Даҳанаки “жанг”ларигача… Кейинчалик   газета жиддийлашди. Мавзу доираси кенгайди.   Сиёсат хусусида қизиқарли   материаллар берилади. Жамиятимизда рўй берган   қизиқ ҳодисалар тезкорлик   ила акс эттирилади.   Адабиёт масалалари ҳам…   Дейлик, мен ўзим шу   газетада таниқли адабиётшунос   Иброҳим Ғафуровнинг   авангард   адабиёт борасидаги фикр-мулоҳазаларини ўқидим.

Ҳа, дарвоқе. “Қирс эттирадиган” жиянимнинг   савияси баланд. Гаплашиб кўрсам, умуман мен исм-шарифини эшитмаган   адибларнинг асарларини ўқиркан. Рус тилидаги   китобларни… Коинот мавзуси   уни қизиқтирар экан. “Шеърга унчалик ҳушим йўқ”, дейди   у.

Бунга ўхшаш   гапларни кўп эшитганман. Урганчлик ижарадор   Зарифбой ака: “Оқсоқол илтимос   қилиб ҳеч қўймагани   учун бир-икки газеталарга обуна бўлганман, маҳалла   идорасига жўнатишади, шу газеталарни   олишга ҳам эринаман. Чунки, бирор қизиқ   нарса йўқ. Бир-биридан кўчириб   ёзадилар; кабинетида ўтириб ёзадилар;   халқнинг ичига кирмайдилар; ўғри, порахўр, “қўғирчоқ   раҳбарлар” ҳақида ёзмайдилар”, деди. Ўзининг айтишича, Зарифбой ака ёғ-мой заводида ўттиз   йилча ишлаб, кўп воқеаларга   гувоҳ бўлибди.

Ҳозирги даврда   одамларнинг фикрлаш даражаси   ижобий тарафга ўзгаряпти. Тафаккур миқёси   кенгайиб бормоқда. Улар “қолип”   мақолаларни хуш кўрмайдилар, ўйлашга чорлайдиган   мақола, суҳбатларни топиб ўқийдилар. Худди шунингдек, газета, журнал   масъуллари аксарият ҳолларда   “четдаги муаллифлар”нинг ёзганларини   нашр этишмайди. Ўз   ходимлари билан биргаликда   иш кўрадилар.

Эски даврда қандай эди?

Эсимда, дадам бир куни: “Ўғлим, сен ҳам   мақола ёз”, деб қолди. Ўн ёшга яқинлашаётган эдим. 1970 йилнинг кузаги… Эҳ, шунгаям   эллик йил бўлибдими?   Ярим аср.

Болаларча “Унда   нима бўлади?” — деб сўрадим. “Тийин юборадилар”, деди дадам. Бой-бадавлат яшардик. (Ўқитувчилар кўп   маош олишарди. Дадам астраномия, физика, онам математика   фанидан дарс берарди).   Аммо ўзимнинг пул топишим   қизиқ туюлди. “Қандай ёзаман?”   — дедим. “Қоғоз, ручка ол”. Ёздим. Почта орқали газетага жўнатдим. Алалхусус, туманимиз газетасида   исм-шарифимни ўқиб, осмони фалакка   учгандек қувондим. “29   сентябрь. 1970 йил. Шу куни почтальон   газета олиб келди. Унда ўғлим Баҳромнинг мақоласи чиқибди.   Хурсанд бўлдим”, деб   ёзибди дадам кундалигига.

Аввалги даврларда   газеталарни бармоқ билан   санаса бўларди: туман, вилоят газетаси,   республиканинг икки-уч газетаси, “Правда”, “Известия”… Почтальонни   илҳақ бўлиб кутганларимиз ёдимда. Газета ўқимайдиган одам   деярли топилмасди. Айниқса, ўқитувчилар кўп газета ўқирдилар. Туман, вилоят газеталаридан қишлоғимизга мухбир келса, овозага айланиб кетарди.

Ҳозир боши   думалоқ кимки бор – газета ташкил қилгиси келади. Газеталарнинг сон-саноғи йўқ. Таклиф кўп-у, талаб оз. Бу тўғрида   ўйлаб кўриш даркор. Умуман олганда, ўзбек   матбуотининг бу кунги   аҳволи хусусида раҳбарларимиз чуқур мулоҳаза юритиб   кўришлари жоиз. Масалан, бемаза овқатларни пиширадиган, хўрандаларни заҳарлайдиган   кафе, чойхоналарни дарҳол   ёпадилар-ку?   Матбуот маҳсулотлари руҳиятга аталадиган “таом”   эмасми? Руҳ озиғи   эмасми?

Кейинги даврларда   турли корхоналарга, айниқса, мактабларга бориб таҳдид   қилиб ўз нашрига   мажбуран обуна қиладиган   журналистлар кўпая бошлади. Обунани таклиф этадилар, кўнмасалар “тирноқ остига”   қарайдилар. Журналист бир енг   шимарса борми, қалтис нуқталарни   топаверади. Буни мажбурий обуна, дейдилар.

Хўш, унда “ихтиёрий обуна” не дегани?   Обунанинг бу тури   соғлом рақобат деганидир. Яъни, газета ва журналлар   орасида соғлом рақобат   воқеликка кўчади. Нашр ходимлари   маҳоратларини оширадилар, одамларни қизиқтирадиган мавзуларда   мақолалар ёзадилар, суҳбатлар уюштирадилар. Хуллас, журналист   нашри ёпилиб, ишсиз қолиб   кетмаслиги учун бор   имкониятларини ишга соладилар.

Яна   ихтиёрий обуна ватанпарварлик, миллатпарварлик дегани.   Ватаннинг ободлиги, миллатнинг фаровонлигига астойдил   хизмат қилишга бел   боғлаган бирор газета   ва журнал обунасига   киришадиган асл ватанпарвардирлар, асл миллат   фидойиларидирлар. Улар мажбур   қилмайдилар, балки фойдали ҳаракатни   исботлаб берадилар.

Яна   ихтиёрий обуна журналист   меҳнатининг халқ томонидан   эътироф этилишидир. Бу менинг   ўта шахсий   мулоҳазам   — журналистика   жабҳасида   ўтказиладиган   танловларда аксарият   ҳолатларда таниш-билишчилик кайфияти   устуворлик касб этмоқда. Чунончи, муаллифнинг исм-шарифига эътибор қаратадилар, ёзганларига қарамайдилар.

Яна   ихтиёрий обуна турли жамғарма раҳбарларининг   “уйқудан уйғониши” демак. Жамғарма масъуллари юрт равнақи   йўлида майдонга чиққан   журналистларни моддий жиҳатдан   рағбатлантириб туришлари даркор.

Ўйлаб   кўринг. Ўзбекистон   мустақиллиги учун курашган   жадидлар ишни матбуотни   тараққий эттиришдан бошламаган   эдиларми? Беҳбудий журналист   эди. Абдулла Қодирий   журналист эди. Абдулҳамид   Чўлпон журналист эди. Дейлик, Қодирийнинг, Чўлпоннинг икки   варақ ҳажмдаги мақолаларини ҳам   ҳаяжонланиб ўқийсиз. Улар ҳар битта сўзни, ҳар   битта иборани чертиб-чертиб танлар эдилар.

Бугун-чи?   Бугун газета ва   журналларнинг   “тили” қанақа?   Аксарияти зерикарли. Сақичсимон. Руҳсиз. Ана   ўша жараёнга эҳтимол   “ихтиёрий обуна” нуқта   қўйиб берар?

Қўл   учида, миянинг битта катагини   ишлатиб мақола ёзадиган   журналистлар бугунги кунда   амал-тақал кун кўриши   мумкин. Аммо эртага ёки индинга   у инқирозга учрайди;   қозони қайнамай қолади;   дипломи кўзига шумшук   кўринади. Бу хилдаги кўргуликдан   Худо сақласин.

Ҳеч кимга сир   эмаски, бугунги кунда журналистларнинг   моддий аҳволи ҳавас   қилгулик эмас. Бинобарин, ходимларини моддий ва   маънавий жиҳатдан рағбатлантиришда ҳар бир таҳририят   ташаббус кўрсатмоғи лозим. Дейлик, “Йилнинг энг яхши нашрлари” танлови жорий   қилинса, таҳририятлар аввалгидан кўра яхшироқ   ишлармиди, ташаббус кўрсатган бўлармиди?!

Журналист   ҳам маълум маънода   сиёсатчидир. Унинг   фидойилиги жамият ҳаётига   таъсир ўтказади. Гоҳо бир   мақола ёки суҳбат   муштарийлар идрокига муҳрланиб   қолиши мумкин. Ёзув —   жамиятни ўзгартирадиган восита.

Бинобарин, кучимиз, қувватимиз борида   ёзувларимизга ранг берайлик, руҳ берайлик! Эзгу ният   йўлида бирлашайлик. Чунки, шундан бошқа йўл ҳам кўп. Бир донишманд айтганки: агар чин   кўнгилдан, соф истак ила   олға интилсанг, сени   бутун коинот қўллаб-қувватлайди.

Баҳром Рўзимуҳаммад

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen + fifteen =