“Ўтган асрнинг сўнгги жадиди”

Ўзбекистон халқ ёзувчиси

Асқад Мухтор таваллудининг 100 йиллиги

Асқад Мухтор — ХХ аср ўзбек-турк дунёсининг бутун фожиалари ила, бутун парвозлари-ла   мужассам қилган буюк адибдир.

                               Рауф Парфи

ХХ аср ўзбек шеърияти яхши шеърларга сероб. Асқад Мухтор бу шеъриятга ўзининг катта ҳиссасини қўшган истеъдодли адибдир. Рост, аср йўргагида қувваи ҳофизаси забардаст шоирлар мўл эди. Лекин мудҳиш ўттиз еттинчи йилдан кейин олтмишинчи йилларгача бу нафис дала тап-тақир бўлиб қолди. Шу орада бу бўтана дарёда, дили саёз дарёда битта кўприк собит бўлди. Бу кўприк Фитрату Чўлпонларнинг гўзал оҳанглари, ҳур фикрларини, Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Миртемир, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Рауф Парфилар шеъриятининг ўтли ҳаяжонлари, фикрчан руҳият кўтаришларига туташтирди.

Асқад Мухторнинг сара шеърлари — фикр шеъриятимизнинг гўзал намуналаридир. Бу шеърият 70-йилларда адабиётимизда туғ кўтарган бутун бир авлодни турткилаб уйғотди ва уларнинг илдизига сингди. Балки шу жиҳатдан ҳам энди бу дарахтларни силкитсангиз фикр ёғилади… Шубҳасиз, бу фикрлар янги, салмоқли, таъсирчан, ҳаяжонга бурканган, жазавали. Ажойиби – улар Асқад Мухторникига ўхшамайди. Ғаройиби – улар ўз мўъжизаларини Асқад Мухторникига солиштириб, гуми-бўйларини ўлчаганлар, ўсганлар – чуқурлашганлар. Асқад Мухтор шеърияти эса ҳамон улар билан баҳс бойлашади. Кўнгил мулки пойгасининг совриндори бўлиб юради…

Бу ҳассосликнинг тилсими қаерда? У қандай қилиб Чўлпон билан Рауф Парфини боғлай олди? У нима учун шахссизлик гирдобида ҳам шахс бўлиб қола билди? Буни тасвирлаш мумкин бўлмаса-да, хаёл ақл селида қолган гўзал ва абгор кўчаларга кириб чиқади. Қирқ йиллаб тош ёққан бу руҳият кўчаларида қандайдир умид ва ишонч топишнинг ўзи мўъжиза.

Асқад Мухторнинг фикр шеърияти — ўткир ақл шеърияти, нозик фаҳмлар оҳангзори, ўзига хос маърифат манзили. Балки шу боис ҳам ўртадаги қанчадан-қанча маънисиз, мадҳиябоз, жимжимали шиғирлар ўз гирдобида ўзлари чўкиб кетганлари ҳолда табиий оҳанг, инсоний сўз, рост ҳислар кемаси бўлган Асқад Мухтор шеърлари кўмагида уфқ сари сузиб боришга қайта-қайта эҳтиёж сезамиз. Бу шеърият гирдобида чўкиб кетилганда ҳам ҳурлар ва дурлар оғушида ниманингдир маънисига етиш арзирлидир… Ахир чин шеърнинг қонидан татиб кўриш қанчали саодатли.

Бунинг устига шеър ёзиб, тилга тушишнинг ўзи оддий ҳодиса эмас. Аммо буни астойдил кўзлаган омма тилмочи мақсадига эришиши, олқиш гулларига кўмилиб кетиши мумкин. Лекин ундан-да ноёб, ҳамиша, вақтида қадрланавермайдиган, бирдан тушуниш амримаҳол, аҳли хосларнинг чўққидаги нигоҳи учун ёғду бўладиган яна бир шеърият бор. Ўрислар лўнда алфозда уни “интеллектуал”, деб таъриф беришади. Оммавий “ура-ура, ҳай-ҳай”чилик замонида бу шеърият бизда ҳам ниҳоятда дармонсизланиб шўри қуриши борган сари авжлади. Лекин шу даврда ҳам Асқад Мухтор интеллектуал шеъриятнинг толиби илми, маҳлиёси ва дардисари бўлиб қолмай, ўрталикда устози сонийси ҳам бўлди. Шу боис ҳам диди ниҳоятда баланд, таъби нозик ўзбек шеърияти ўсди, турли йўсинда шаклланди. Асқад Мухтор сўз майдонида бўй кўрсатганда эса бу санъаткорлик, зукко ва гўзал кўнгиллиликнинг мўъжиза кўрсатиши ўрни бўшаб, хазон қоплаб, умидсизланиб ётарди. Бу йўл унинг зеҳни билан умидланди, овози билан безалди, ўрганишлари билан тузалди.Унинг кўп яхши шеърлари жаҳон шеърияти тажрибаларидан хабардор, уларнинг энг авангард шаклларига хайрихоҳ, лекин ўзбекона ҳис-фикрдан туғилган миниатюралардир.

* * *

Адиб 1997 баҳорида бу ёруғ оламни ташлаб кетди. Асқад домла билан ҳаётда учрашиб, гурунгларини олиш орзуси мен учун Қиёмат қадар армонга айланди.

Энди ўйлайман: биз ёшлар Асқад Мухторни шахсан билмай-танимай нега унга интилганмиз? Улуғ асарларининг мутолааси ёрқин таассуроти боис, албатта. Бироқ шунинг ўзи учунгина эмас. Давраларда Асқад Мухторнинг бутун ва етук шахси, маърифати, маданияти, зиёлилиги, миллатни озод кўриш йўлидаги ўзига хос оқилона кураши ҳақида гап-сўзлар ҳар замон қулоғимизга чалиниб, юракларни тўлқинлантириб, умидлантирар эди. Орадан қанчадир ўтди, билмадим, қўлимга: “Асқад Мухтор замондошлари хотирасида” (“Маънавият” нашриёти, 2003) китоби тушди. Ва айни шу китоб боис ҳам Асқад домла шахсиятига оид талай савол ва қизиқишларимга бир қадар жавоб топдим. Жонкуярлиги, мардлиги, фидойилиги, довруғи юрагимни қувончга тўлдирган бўлса, оғир хасталикка чалиниб, жуда азобланиб бу дунёдан кетгани бағримни ўртади. Бугунги зиёлиларимизнинг пешқадами, ўша пайтлар талаба бўлган Иброҳим Ғафуров ўтган асрнинг 50-йилларини хотирлаб, ёзади: “Ҳеч ким ёшларга Асқад Мухторчалик дўст эмас деб тушунардик”. Ҳали ҳаваскор ижодкор Асқад Мухторнинг “Опа-сингиллар” романи ҳақидаги таассуротларини бир кичик тақриз қилганида, адиб ёш дўстини олдига чақириб, роман китоб ҳолида нашр этилаётганини айтиб,   сўнгсўз ёзиб беришни илтимос қилади.

Ҳолбуки, довруғи собиқ иттифоқнинг чеккаларигача етиб борган адибга истаган танқидчи бу сўзни бажонидил ёзиб бериши мумкин эди. Йўқ, адиб романини тарғиб-ташвиқ қилишдан олдин, ундан ҳам юксакроқ мақсадни кўзлайди – ёш умидли ижодкорни рағбатлантириб, парвозга чоғлайди.

Асқад Мухтор билан ёнма-ён ишлаш толеида ёзилган, университетни битирибоқ, “Гулистон” журналида иш бошлаган, севимли шоиримиз Абдулла Шер шундай эътироф этади: “Асқад ака ҳеч кимга ҳеч қачон илтимос қилмасди. Бир сафар эса шу анъанани “бузган” эди…” Гап шундаки, у радиокомитет бошлиғи Убай Бурхоновга шахсан илтимос қилиб, унинг қўл остида ишлаётган Тоҳир Малик ва Эркин Аъзамни ўз журналига ўтишга рухсат беришни сўрайди. Бу ҳам ёш истеъдодларга ижод қилиш имкониятини кенгайтириш, ижодий муҳитнинг марказида бўлишга имкон яратиш эди. Фавқулодда адолатли тартиб ва демократия боис “Гулистон” журнали ўтган асрнинг 70-йилларида юртимиздаги адабий нашрларнинг карвонбошиси бўлди.

Асқад Мухтор қўлидан келганча, журъатли ва истеъдодли ёшларни Қизил империя тажовузида жувонмарг бўлиб кетмаслигига уринарди. Шоир Абдулла Шер жасур тенгдоши Асқар Қосим қисматидан сўзлайди. 60-йилларнинг охиридаги Ёзувчилар уюшмасидаги 500–600 киши йиғилган мушоиралардан бирида Асқар Қосим Империя зулмига қарши шеърларидан бирини ўқийди:

…Кўрмас эдим бунчалар хўрлик,

Агарда мен ўрис бўлиб туғилганимда.

Бу шеърни эшитган тумонот мухлислар ўрнидан туриб, шоирни олқишлайди.

“Эртасига эса тегишли идораларнинг ходимлари келишади ва Асқар Қосимовни топиб беришларини сўраб, у билан “суҳбат” қилишмоқчи эканликларини айтишади. Уюшманинг ижодий ишлар ва, айни пайтда ёшлар бўйича котиби Асқад Мухтор “меҳмон”лар билан бамайлихотир, бафуржа гаплашиб, Ёзувчилар уюшмаси айнан ана шундай ёшларни тарбиялаш, уларни тўғри йўлга солиш учун мавжуд эканлигини тушунтиради. Хуллас, Асқад ака Асқарни аждаҳо оғзидан олиб қолади”. (Талабалигимиз кечган 80-йилларда ҳам ўн йиллар олдин собиқ тузум тазйиқи билан хўрланиб, қурбон бўлиб кетган Асқар Қосимнинг мардона шеърлари оғиздан-оғизга кўчиб юрарди).

Ўзбекистон Ёзувчиларининг 1984 йилги қурултойида энди истеъдодли шоир Рауф Парфи маҳдудликда, даврнинг “улуғ” ишларига бефарқликда уриб чиқилади. Асқад Мухтор эса айни шу ғараз, нохолис танқидларга раддия ўлароқ Рауф Парфининг “Сабр дарахти” (1986) китобига сўзбоши ёзган. Мақоланинг номиёқ совет мафкураси ҳайбаракаллачиларига ҳақли жавоб эди: “Шеър — шоирнинг ижтимоий виждони”. Мақола ниҳоясида Асқад домла умидли шогирдини гўзал бир дуо қилиб, ишонч билан дейди: кичик жилғалар дарёга олиб чиқади.

Ажабки, Асқад домла истеъдодлар ҳимоясига оқилона сўзи, нуфузи билан имкон қадар ҳаракат қилар экан, бу билан ўзига ҳурмат-эҳтиром хирмонини йиғиб юрмаган. Гуруҳбозликдан ҳам узоқ бўлган. Буни Яратганнинг розилиги, ҳақиқатнинг тантанаси учун, руҳиятларнинг ҳур бўлишини астойдил истаганидан қилган.

Ўтган аср бошида миллат ойдинлари маърифат ила оммани уйғонтириш, илм билан истибдоддан қутилиш йўлида улуғ бир ҳаракатга келганини, Туркистонда жадидчилик бошида Маҳмудхўжа Беҳбудий турганини, жадидларнинг кўтариб чиққан масалалари, айтган фикрлари бугун ҳам долзарб эканлигини энди-энди амалий бир эътироф этишга ўтдик. Бу жабҳа ҳукумат миқёсида мавжланяпти. Зеро, бунга маънан биз муҳтожмиз, ахир. Асқад Мухтор ўз замонида буни чуқур англаган, бу жадид, маънавий ислоҳотчи боболаримизни юрагидан севган, улар ҳаёт йўлини ўрганиш тақиқдалигига қарамай, бунга бел боғлаган олиму уламога ихлос қилар, айтмаса ҳам ўзини уларнинг издоши, ўқувчиси деб билган.

Шунинг учун ўз имконияти даражасидан чиқиб ҳам шонли ўтмишимизни ўрганувчиларни қўллаб-қувватлар, киши билмас уларни қизил мафкура бало-қазоларидан ҳимоя қилишга тиришар эди. Биргина мисол. Академик Матёқуб Қўшжонов шундай хотирлайди: “1981 йил август ойида Тил ва адабиёт институтини мафкура жиҳатидан текшириш учун нуфузли комиссия тузулиб, Тошкент шаҳар партия комитети жадидизмни оқловчи, миллатчилик ғояларини ташвиқ қилувчиларни излайди. Уларга Ёзувчилар уюшмаси раҳбарияти ҳам ёрдамга шошилади. Ўша вақтда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг бош муҳаррири бўлган Асқад Мухтор эса шуравийларнинг ғаразли ниятини фаҳмлаб, асосий ҳужум зарби институт директори (Ўшанда М.Қўшжонов институт раҳбари бўлган) бошига тушушини тушуниб, қалқон тутади. (Бунинг учун раҳмат эшитмаслигини билган, албатта…). Газетага В.Тюриковнинг институт директори ҳақидаги ижобий мазмундаги мақоласини беради. Ушбу мақолага кўзи тушган Ёзувчилар уюшмаси котибларидан бири зудлик билан бош муҳаррирни ҳузурига чорлайди. Текшириш кетаётган пайтда бу мақолани нега бердингиз деб ўшқиради. Шунда Асқад Мухтор котибга қарата: “Кечагина “Правда” (Иттифоқ Коммунистлар партиясининг бош нашри эканига ишора қилиб)да институт директорининг катта мақоласи эълон қилинди. Сиз бу газета раҳбарини ҳам кабинетингизга чақиринг-да танбеҳ беринг! Жазосини олсин”, дейди-да, эшикни ёпиб чиқиб кетади”. Бунинг ўзи ҳам жадидчилик ҳаракатини қўллаш, миллатни маҳдудликда тутишни истаб, ўйин билан ҳужум қилаётганларга гўзал бир “финт”, оқилона кураш, курашда биродарлик эди. Асқад Мухторни яқиндан билган ҳассос адиб Хайриддин Султон шунинг учун ҳам буюк устозини “Ўтган асрнинг сўнгги жадиди” деб атагани диққатга сазовордир.

Ва умуман Асқад Мухтор ўзбек адиблари, ўзбек адабиёти билан, аввало, туркий қардошларимиз таниш бўлишлигини, ўртада чамбарчас биродарлик, бирлик бўлишини истаб, шу йўлнинг жонкуярларидан бўлган. Ижоди эса туркийгўй ёзувчиларнинг аксарияти томонидан   қадрланган. Жумладан, дунёга донғи кетган, собиқ иттифоқнинг энг олий мукофотига тириклигида мушарраф бўлган уч қардошларимиздан бири, бошқирд шоири Мустай Карим жуда камтаринлик билан шундай дейди. “Асқад Мухтордек ижодкорлар ҳар йили туғилавермайди”. Қолаверса, Асқад Мухтор ўзбек адабиётини жаҳонга чиқишида, сара асарларимиз маромига етказилиб таржима қилинишида собиқ иттифоқ даврида олтин кўприк бўла олган. У “Тундаликлар”ида Истиқлолга етгандан кейин етти-саккиз йил ўтиб ҳам бирон-бир яхши асаримиз рус тилига таржима бўлмаганидан ҳақли куйинади. Буни собиқ иттифоқнинг тарқаб кетишига боғламаслик керак, дея, инқилобгача ҳам анча-мунча бадиий-тарихий дурдоналаримиз бу тилга таржималар қилинганлигини тарихий далиллар билан кўрсатиб, ҳаммаси ихлос ва фидойиликка бориб тақалишини уқтиради. Унинг бадиий таржима ҳақидаги мана бу фикрини эса олтин қоида қилса арзийди: “Таржимондан аниқлик талаб қилманг. У чизмакаш эмас, рассом!”.

* * *

Яна шундай азиз он етди. Асқад Мухторнинг дилбар шеърларини жуда соғиндик. Шундай кунларда ул зотнинг таваллуди юз йиллигини юрт-давлат миқёсида нишонлашга киришилди. “Шарқ” нашриётида муҳташам бир китобда “Танланган асарлар”и нашрини тайёрлаяпмиз. Китобнинг бошида ўша ўзи мўъжаз, ҳайбати улуғ, маъноси кўп қаватли шеърлар. Ўртада роман, қисса ва ҳикоялардан иборат, ўтган асрнинг 60-йилларидаёқ довруғи олис Америкага етиб бориб, йирик шарқшунос Э.Олворт “Ҳамон таъсир кучини йўқотмаган” деб эътироф этган насрий асарларининг саралари, китобнинг сўнггида эса сочилган маънавий жавоҳирлари “Уйқу қочганда…” — Тундаликлар. Шу ажиб мутолаа, зиёли мактаб таъсирида бўлса керак,   тунда ҳам уйғониб кетавердим. Тонгга яқин кўзим илинганда туш кўрибман. Аллақандай катта бир қоғозга шеърий мисралар қўлда ўчирғич билан ўчириб келиняпти. Қора қаламда ёзилган эди-да… Аммо бир ерга келганида бир шеър ҳеч ўчмади. Шарикли ручкада ёзилган яшил сиёҳдаги мисралар чиқиб келаверди. Ярим ухлоқ, ярим уйғоқ бир тарзда — туш ва ҳуш орасида: “Э, бу Асқад Мухторнинг шеъри-ку!” деб юбораман-да, бутунлай уйғониб кетаман. Турибоқ корректурасини уйга олиб келганимга кўзим тушиб, узоқ пайт қўлга олмаганимдек, яна овоз чиқариб шеърларни ўқишга тутинаман.

Яшарканман ҳақиқат ғамида

Астойдил ёлчидим дўстлар, дўстлардан,

Йиллар дарё каби музлаганида

Шулар олиб ўтди мени музлардан.

Шулар мени кўтармади кўкка,

Хато қилганимда шулар боплади.

“Эшик қоқаётир эллигим. Тавба…” мисраси билан бошланган бир бет ҳажмидаги сарҳисоб ушбу шеърда бир инсон бутун умрида кечирадиган аччиқ ва тотли қисмат реал ҳақиқат, киноя, рамз, афсус, сир, нимкоса, таг қатлам фикрлар қуюнида ўқувчи тасаввурида жонли тиклаб бериладики, ҳаракатдаги ҳаёт давомида тафаккурга ҳам чўмиб нималарни эсламайсиз ўзингизча. Унинг аксарият шеърлари ана шундай улуғ бир максимал таассурот ясайдиган сиқиқ, қатламли, лутфи, нутқи, оҳанги, реалияси ўхшамасдир. Шакли эса ўзгариб, қалқиб, фикр ва залворига ҳамоҳанг вужудни қамраб, қалбни забт этади. Завқланиб таълим оласиз. Мен туйганимни ўнлаб қоғозлар қоралашдан тийилиб, мана бу шеърларни ҳеч бўлмаганда санамасдан-да ўтиш катта ютқизиқдай. “Қўр”, “Бирор соат”, “Портрет”, “Хом олма”, “Сендан сени яхши билар хотининг”, Эслайсанми жоним, у чоқларни…”, “Тун қўйнида”, “Турди — Мажнун”, “Умр нега ширин”, “Болаликда…”, “Ўтар-кетар”, “Икки гул”, “Инсонликнинг маъноси ўзгарди”, “Чегарадан ўтганда…”, “Заррама-зарра”, “Телба дарё экан, умр дегани…”, “Бойчечак”, “Икки эшик ораси”, “Мендан нима қолар”, “Наво”, “Аяжонимиз”, “Мўъжизалар”, “Мактаб”, “Тунда”, “Аслига тўғри” каби юзлаб шеърлари борки, уларни фақат шеър деб бўлмайди. Тасаввур, тафаккур, илм, завқ ва шавқ, фалсафий ва психологик ҳаёт мактабини сабоқлари ўқувчини эсанкиратиб қўяди. Ростдан ҳам уларни шарҳлашга руҳоний қувват етмайди. Асқад муаллимнинг ўзларидан ошириб бир нарса деёлмаймиз: “Шеърни таҳлил қила бошласалар, ғашимга тегади. Баҳорги соф ҳавонинг кимёвий таркибини ҳам текшириш мумкин. Аммо ундан кўра, шундай кўкрак тўлатиб нафас олган яхшироқ эмасми?” Шеъриятни севганлар учун ана шу мусаффо ҳаводай Асқад Мухтор шеърлари…

Вафо ФАЙЗУЛЛОҲ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × two =