Йўлимиз аниқ, ортга қайтиб бўлмайди

Газетамизнинг шу йил 19 декабрдаги 48-сонида филология фанлари номзоди, адабиётшунос Султонмурод ОлимнингБизга мукаммал алифбо кераксарлавҳали мақоласи эълон қилинган эди.

Унда лотин ёзувининг қатор афзалликлари билан бир қаторда, унинг асосида янги алифбога ўтиш нақадар ҳаётий зарурият эканлиги хусусида сўз борган эди. Шу билан бир қаторда янги алифбомизда баъзи бир камчиликлар борлиги, уни мукаммал қабул қилишимиз жоизлиги юзасидан айрим аниқ таклифмулоҳазалар ўртага ташланганди.

Муаллифнинг қуйида берилаётган иккинчи мақоласи ҳам янги лотин алифбосидаги баъзи бир муаммолар ҳақида.

“Жўжа”даги “ж” – бошқа, “жандарм”даги “ж” – бошқа

Нима учун кирилл ёзуви асосидаги алифбодан лотин ёзуви асосидаги янги алифбога ўтяпмиз?

Аввало, тилимиздаги товушларни максимал даражада тўғри ифодалаш учун!

Шундай экан, келинг, шу йўлни маҳкам тутайлик. Яъни, ҳозир – пайти. Чунки ҳали лотин ёзуви асосидаги янги алифбога тўлиқ ўтганимизча йўқ. Имкон борида олдиндан ишни пухта қилайлик. Биратўла алифбомизни мукаммаллаштириб, кейин ёппасига уни қўллашга ўтайлик.

Арабий ва туркий тиллар учун жарангсиз “ж” товуши хос эмас. Араб ёзуви асосидаги форсий алифбога жарангсиз “ж” товушини ифодалаш учун махсус бир ҳарф (“ﮊ”) қўшилган. Туркий тилга форсийдан ўтган ана шу жарангсиз “ж” товуши учун шу ҳарф араб ёзуви асосидаги эски ўзбек ёзуви таркибида ҳам қолган. Ҳозирги тожик алифбосида ҳам бу икки ҳарф алоҳида-алоҳида ифодаланади. Яъни, “жўжа”даги “ж” учун – бошқа (“ҷ”) ва “жанда”, “аждар”, “аждаҳо”даги жарангсиз “ж” учун бош­­қа (“ж”) ҳарф олинган.

Биз учун йўл шу йўл бўлиши керак. Яъни, лотин ёзуви асосидаги янги алифбомизни мукаммаллаштириш ниятида бўлсак, “j”ни “жўжа” сўзида келадиган жарангли “ж” учун қолдириб, “жандарм”да келадиган жарангсиз “ж” учун янги ҳарф танлашимиз лозим. Бунинг учун қандай ҳарф танланишининг катта аҳамияти йўқ.

Ҳақиқат йўлида орқага қайтиш айб эмас. Ўзбекистон Республикасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида” 1993 йил 2 сентябрдаги қонунида жарангсиз “ж” товуши учун “Ɉɉ” ҳарфи қабул қилинган эди. Икки бир-бирига яқин товуш учун шаклан ўхшаш, биргина фарқ (бу ерда бели боғлангани) билан ҳарфлар қабул қилиш тажрибасини кирилл ёзуви асосидаги алифбомизда “х” ва “ҳ” мисолида кўрдик. Бу кўп хатоликларга сабаб бўлди. Ҳозир бу икки товуш учун бир-бирига ўхшамайдиган ҳарфлар (“х” ва “h”) билан ифодаланаётгани учун хатолар, бироз бўлса-да, камайди.

Шуларни ҳисобга олиб, камина бир таклиф сифатида, “жандарм”га кетадиган жарангсиз “ж” учун, масалан, “Ȥȥ” ҳарфини киритиш керак, деган бўлардим.

Бу масаланинг яна бир нозик ва аҳамиятли жиҳати бор. Бундан буён тилимизга инглиз ва бошқа Ғарб тилларидан кўплаб сўзлар олинаверади. Рус тилида жарангли “ж” товуши йўқ. Шунинг учун улар бу товушни аниқ ифодаламоқчи бўлса, олдига “д” ҳарфини қўшиб, “дж” тарзида ёзишга мажбур. Бироқ кўп ғарбона сўзлардаги жарангли “ж” рус тилига жарангсиз “ж” бўлиб ўтаверган. Биз русчадан олиб, масалан, жарангли “ж” билан бошланадиган “журнал” (“jurnal”)ни жарангсиз “ж” билан бошланадиган “журнал” (“ȥurnal”) деб олганмиз.

Қувонарли томони шундаки, 1993 йилнинг 2 сентябрида тасдиқланган янги ўзбек алифбосида “жўра”га кетадиган “ж” учун алоҳида (каттаси учун – “J”, кичиги учун – “j”), “жандарм”га кетадиган “ж” учун алоҳида (каттаси учун – “Ɉ”, кичиги учун – “ɉ”) ҳарф қабул қилиниб, тўғри йўл тутилган эди.

Ахир, миллий алифбода ҳар бир товуш учун алоҳида ҳарф бўлса, қандай яхши.

“О”ларнинг олам-олам “можаро”си

Ҳозирги ўзбек адабий тилида амалда уч хил “о” бор.

Биринчиси – туркий “о”. “Она”, “ота”, “бобо”, “опа”, “бола”, “олма”, “овул”, “оз”, “қон”, “қош” каби сўзларда айнан шундай “о” иштирок этади. У талаффузда қисқароқ бўлади. Шеваларда осонгина бошқа қисқа унлига айланаверади – “эна”, “бува”, “апа”, “алма”, “бала”, “авул”, “ав”, “аз” (“азгина”) бўлиб қолаверади ҳам.

Шунинг учун тилимиз табиатини ич-ичдан билган, яъни зукко шоирлар, ҳатто, “она” сўзини “мардона” сўзига қофия қилмайди. Чунки “она” сўзидаги “о”га урғу тушмайди, асли форс-тожик тилидан олинган “мардона” сўзидаги “-она” қўшимчасининг “о” товушига урғу тушади. Қайси бир нўноқроқ шоир “она”ни “мардона”га қофия қилса, шеърхон – туркий “она” сўзини “о(-о-)на” тарзида, яъни “о”га сунъий равишда урғу бериб, чўзиб ўқишга мажбур.

Иккинчиси – арабий-форсий сўзлардаги “о”. “Одам”, “оила”, “олим”, “боғ”, “ор”, “осмон”, “деҳқон”, “гулзор”, “доно” каби сўзлардаги “о”лар туркий сўзлардаги “о”га нисбатан очиқроқ, чўзиқроқ, каттароқ тарзда талаффуз қилинади.

Учинчиси – русча ва рус тили орқали кириб келган сўзлардаги “о”. “Объектив”, “ток” (“электр токи” маъносида), “донор”, “домино”, “контраст”, “коррозия”, “округ”, “октава”, “орган”, “оториноларингология”, “офицер”, “официант” сўзларидаги “о” шундай товуш ҳисобланади. Аслида, бу “о” туркий ва арабий-форсий “о”ларга товуш сифатида кўп яқин келмайди.

Рус тилининг қоидасига кўра, урғу тушмаган “о”лар талаффузда амалда “а” ёки “и”га айланиб кетади. Урғу тушган “о”лар эса биздаги “о” билан “ў”нинг ўртасидаги алоҳида бир товуш билан айтилиши лозим.

Ўзбек тилида эса аксарият ҳарфлар ўз ўрнида тўғри талаффуз қилиниши қоидасига амал қилинади. Бошланғич синф ўқувчилари рус тилидан ва рус тили орқали кириб келган бу сўзларнинг барини “о” билан ўқийди: “абъектив” дейиш ўрнига “объектив” дейди, “тўк” дейиш ўрнига худди узумнинг токини айтаётгандек, “ток” дейди. Бу сўзларни тўғри талаффуз қилишга ўтгунига қадар анча йиллар кечади. Қоидага: “Ўзбек тилида ҳарфлар қандай ёзилган бўлса, шундай талаффуз қилинади”, деган қатъиятни киритганмиз. Русчадан кирган сўзларга келганда эса бу қоидани ўзимиз бузамиз.

Ахир, тил ўзимизники бўлса, нима учун ўз эркимиздан ўзимиз фойдаланмаслигимиз керак? Оқибатда икки хиллик келиб чиқади. Бу эса она тилини ўрганишни жуда мураккаб­лаштиради. Тил ўрганиш мураккаблашдими, боланинг ақлий фаолияти сустлашади. Бошқача айтганда, бошланғич синф ўқувчиси, аслида, жуда соддалаштирилиши мумкин бўлган нуқталарда қийналиб, керагидан ортиқ вақт ва ақлий куч сарфлаб қўяди. Бундан миллат ютқазади.

Муаммони ечиш учун икки йўл тутиш керак. Биринчиси, рус тилидан ва рус тили орқали кириб келган сўзлардаги “о” товушини ифодалашда уни талаффузга мослаш усуслини қўллаш зарур. Масалан, “ток”, “фон”, “станок”, “округ”, “образ” каби сўзларда келган “о”ларни бемалол ўзимизнинг “ў” билан ифодалайверса, бўлади. “Трактор”, “селектор” каби сўзлардаги “о”ни биз амалда “и” билан талаффуз қиламиз. Шунинг учун бу сўзларни “трактир”, “селектир” тарзида ифодаласак, ўзбек тилидаги қандай ёзилган бўлса, шундай ўқиш қатъиятига амал қилган бўламиз. Болаларимиз ҳам қийналмайди, катталаримиз ҳам. “Объектив”, “отряд”, “октава”, “офицер” каби сўзлардаги келган “о”ларни, урғу тушмагани учун, русларнинг ўзи ҳам “а” тарзида талаффуз қилади. Биз уларни ўзбек тилида бемалол “абъектив”, “атряд”, “актава”, “афицер” деб ёзишимиз лозим. Деярли ҳамма шундай қилади. Узоққа бормайлик, мана, қозоқ қардошларимиз, масалан, асли арабча бўлган “ахборот” сўзини ўз тилларига мослаб, бемалол “ақпарат” деб ёзишаверади. Ёки улар русча “область” сўзини қозоқчасига ёзувда ҳам, оғзакида ҳам “облыс” деб ишлатишаверади.

Руслар “Одил”ни “Адил”, “Қўчқор”ни “Кучкар”, “чойхона”ни “чайхана”, “Жўра”ни “Джура”, “Холтой”ни “Халтай”, “Аҳмадов”ни “Ахмедов” тарзида ёзиб келяпти, ҳеч нарса деяётганимиз йўқ-ку. Улар бизда бор-у, ўзларида йўқ товушларни ўзларида бори билан ифодалаб кетаверади. Шундай экан, биз нега айнан рус тилида қандай бўлса, шундай ёзишимиз керак? Биргина “ы” ва “щ” ҳарфларини “и” ва “шч” деб ифодалашимизни айтмасак, русча ҳар қандай сўзни айнан ёзиб келамиз.

Бу борада шу қадар муккасидан кетганмизки, асти қўяверасиз.

Рус алифбосида “ё” ҳарфи мавжуд. Лекин рус тилининг имло қоидаларига биноан, “ё” ўрнига “е” ёзиб кетавериш мумкин. Лекин у ўрнига қараб “ё” ўқилаверади. Ҳатто, 1983 йили чоп этилган икки жилдли “Русча-ўзбекча луғат”да “е” ва “ё” ҳарфлари билан бошланадиган сўзлар бир гуруҳда берилган. Бизда бундай қоида йўқ: ҳамма жойда “е”ни – “е”, “ё”ни – “ё” деб ёзишга мажбурмиз. Шунга қарамасдан, собиқ иттифоқнинг биринчи раҳбари бўлган икки шахснинг фамилиясини йиллар мобайнида ўзбек алифбоси ва тилимизнинг имло қоидаларига тамоман зид равишда хато ёзиб келганмиз: “Хрушчев” ёзганмиз, “Хрушчёв” деб ўқиганмиз, “Горбачев” деб ёзганмиз, “Горбачёв” деб ўқиганмиз.

Кўр-кўроналик, бир миллатга қуллуқ қилиш бундан ортиқ бўлмаса керак!

 

Алифбомизда “ғ” (“g‘”), “ў” (“о‘”) “ш” (“sh”) “дахмаза”лари

Вақт – пул. Вақт – умр. Вақт – тараққиёт.

Тараққиётга эришган борки, вақтдан ютган.

Биз-чи?

Лотин ёзуви асосидаги янги ўзбек алифбосида “g‘” ҳамда “о‘” ҳарфларини ёзиш учун клавиатурада аввал “g” ёки “о” ҳарфлари тугмачаларини босамиз. Кейин “қўйиш” (“вставка”) орқали “символ” дастурига кириб, “‘” белгисини “Alt” биланми, “Ctrl” биланми икки тугмача орқали ёзиладиган қилиб, бирор жойга ўрнатиб оламиз. Компьютеримиз буни хотирасида узоқ сақласа-ку, хўп-хўп. Бўлмаса, шу икки ҳарфни ёзиш маҳали ҳар гал шунча ишни яна қайтадан бажаришга мажбурмиз. Битта катта “G‘”ни ёки “О‘”ни ёзиш учун камида олтита тугмачани босишга тўғри келади.

Эҳ-ҳе, эссиз шунча вақт, шунча меҳнат!

Шу бизга зарурми?

Бошқа осонроқ йўлини топиш компьютерлар асрида шунчалар қийинми?!

Фикри ожизимча, биттаю битта йўл бор: орқага қайтиш, яъни 1993 йили дастлаб қабул қилинган лотин ёзуви асосидаги янги ўзбек алифбоси вариантини бошқатдан қабул қилиш керак. Унга кўра, “ғ” учун “g” устига белги қўйилади (каттаси – “Ğ”, кичиги – “ğ”), “ў” учун “о”нинг устига белги қўйилади (каттаси – “Õ”, кичиги – “õ”), вассалом.

Тажриба шуни кўрсатдики, кўпчилик тутуқ (“’”) белгисини “g‘” ҳамда “о‘” ҳарфларини ёзишда ишлатиладиган “‘” белгиси билан адаштириб ифодалайдиган бўлди. Ҳолбуки, тутуқ белгисида юқорида “9” рақамига ўхшаб кетадиган, “g‘” ҳамда “о‘” ҳарфларини ёзишда эса юқорида “6” рақамига ўхшаб кетадиган белги қўллаш керак. Ҳатто, айримларимиз бу иккаласи учун имло қоидаларида умуман бўлмаган “′” белгисини   қўллайверадиган бўлиб кетдик.

Бир товуш учун икки ҳарф ишлатишимиз “sh” мисолида кутилмаган яна бир муаммони келтириб чиқарди. “Исҳоқ” исмини, тиббиётга оид “исҳақ”, зоологияга доир “исҳоққуш” сўзларини битишда сунъий равишда “s” билан “h” ҳарфлари орасига тутуқ белгиси (“’”) қўйишга мажбур бўлдик.

Бу эса “ш” товушини ҳам икки ҳарф (“sh”) билан ифодалаш тажрибасидан воз кечиб, ўрнига “š” ҳарфини қабул қилиш кераклигини тақозо этади.

Султонмурод Олим,

филология фанлари номзоди,

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven + 1 =