Сармоядор амаки, қачон корхона қурасиз?

Бирор ишда ишлаб, топаётган пулига кўнгли тўлмаган беш одамнинг бири: “Э, бизнес қилиш керак экан. Шундан фойда экан”, дейдиган бўлиб қолган ҳозир. Сиз ҳам кузатган бўлсангиз керак. Шу хаёл ўзингизнинг бошингиздан ҳам ўтган бўлса, ажабмас.

Қани, айтинг-чи, бугун юртимизда қайси бизнес энг кўп ривож топиб бормоқда? Қайси бирини айтай, дейсизми? Ҳа, тўғри, хаёлни чалкаштирадиган даражада бизнеснинг турлари кўпайиб кетди. Лекин яхшилаб ўйлаб кўринг, анчагина пули бор ишбилармоннинг бари ўзини қайси соҳага уряпти? А лаббай, “стройка”, дейсизми? Ҳа, бор бўлинг, бу ўзимизнинг ўзбекчада “қурилиш”, дейилади, “бунёдкорлик”, дейилса, янада тўғри бўлади.

Камина ҳам шу фикрдаман. Умуман, яна бошқа бировдан сўрасангиз ҳам, шундай дейди. Албатта-да, ҳозирда юртимизда кечаётган бунёдкорлик ишларини ҳамма маҳлиё бўлиб кузатиб турибди-ку…

Уй-жой қурилиши. Ўзи бизнес-пизнесдан узоқ одам ҳам бундан кўп фойда кўриш мумкинлигини тушуниб қолди-ёв. Рост-да, ҳам соққали, ҳам савобли иш. Айниқса, пойтахтда!

Лекин ҳозир фақат пойтахт Тошкентдагина эмас, барча вилоят марказларида ҳам уй-жойлар, бутун-бутун хусусий уй-жойлар комплекси қурилиши авжида. Қойил қолмасликнинг иложи йўқ. Ҳозир бир ой олдин ўтган кўчангиздан ўтиб кўринг, тўртта дарахт турган жойда ҳашамати ҳаяжонлантирадиган кўп қаватли уйлар турган бўлади. Ҳайратланганингиздан ёқангизни ушлаш ҳам эсингизга келмай қолади баъзан.

Шу барака топкур ишнинг кўзқорасини билган тадбиркорларимиз уй-жой қурилишида ғайрат кўрсатиб зап иш қилишяпти-да. Тоғдай-тоғдай савобнинг тагида қолишяпти-ёв. Ахир уларнинг меҳнати ортидан қанчадан-қанча одам уйли-жойли бўлиб қолиши мумкин. Ўзингиз ҳам биласиз-ку, ижарама-ижара сарсон бўлиб юрган юртдошларимиз қанча…

Аммо-лекин… шу уй деганларининг нархи ўзининг бўйидан ҳам баланд бўлгани чатоқ-да. Тан олинг, уйларни жа чиройли қуриб қўйишяпти, а! Бир уйингиз бўлса, яна бир уй олгингиз келиб кетади-ей. Фақат бир ноқулай томони шундаки, осмонўпар уйларнинг осмонўпар нархлари-да. Лаббай, “Осмонўпар бўлмаган уйларнинг ҳам нархи осмонни ўпиб юборяпти”, дейсизми? Бу гапингизга қўшилмай илож йўқ. Мен қўшилмасам, “гапинг тўғри!” — дейдиган сон мингта тарафдорингиз топилиши аниқ.

Атрофга қаранг. Бунёдкорликларни кўринг. Уй-жойларни кўринг, уй-жойларни. Икки хоналигиям 300-400 миллион сўм-а! Қуриб кетгур, ойлик етмагани ёмон-да…

“Қизиқ, шунча уйни ким оларкин, қачон оларкин?” — дейсиз-да. Шу тадбиркорларимиз, бир сирни биларки, ғайрат билан уй қуришяпти.

Интернетга кирсангиз, кўчада юрсаниз, телевизорни қўшганингизда ҳеч бўлмаса бир марта, бўлмаса бот-бот уй-жойларнинг оҳанрабо рекламаларига кўзингиз тушади: “Танловда адашманг! Э-э-нг қулай ва замонавий, кўркам уй-жойлар!..”

Танловда адашмаслик ҳам бир қишлоқ ўй солади кишининг бошига. “Шунча уй-жой қуриляпти, мустаҳкам, пишиқмикан, ишқилиб?” — деб, бошингизни қашлаб қоласиз. Худо кўрсатмасин, бундан беш-олти ой аввал Жиззахда ҳали битмай туриб шамолга ағанаб тушган уйдан бўлса, нима қиласиз?!

“Э, у бир бўлди, бошқа бўлмайди”, дейди қурилишда ишловчи қадрдон бир акахон. Казо-казо қурилиш компанияларининг номларини фалон-фалон деб қаторлаштириб санаб ташлаб, “Буларнинг уйларига минг фоиз ишонса бўлади”, дейди у. Унинг қатъий ишонч билан гапиришидан кўнглингиз хотиржам бўлади-ю, барибир кўз олдингиздан Жиззахда қулаган уйнинг чанглари кетмайди-да!

Уй қурилиш ростдан ҳам жуда ривож топди. Бир замонлар қайда эди бундай иморатлар. Лекин шу десангиз, тунов куни хаёлимга бир фикр келиб қолди. Шу пулдор амакилар “всё таки” нима учун нуқул уй қуришади-а? Сармоясини катта-кичик завод, фабрика ё бирор ишлаб чиқариш корхонасига тикса, одамларни ишли қилса, бўлмасмикан? Ахир, уйни қуради, сотди. Тамом. Лекин бирор ишлаб чиқариш муассасасига асос солса, унда қанча одам ишлайди, қанча йил қанча оилага даромад келтиради, тўғрими?

Биласиз-ку, ўзимиздан иш тополмаган қанча-қанча қора кўзлар чет элларда ишлаб юрибди. Шу пули кўп бизнесменларимиз айланиб-ўргилиб фақат уй қуравермай, корхоналар очиб, завод-паводларни ишга тушириб юборса, неча юз минг одам ишли бўлармиди? Хўш, шундай қилишса, бу бизнес бўлмайдими ё?

Тўғри шундай қилаётган тадбиркорларимиз ҳам бор. Лекин пудратчи бизнесменларимизчалик эмас-да. Ё ишлаб чиқариш сал “невыгодный”роқмикан-а?

Ўзингиздан қолар гап йўқ. Юртимиз узоқ йиллар давомида хомашё базаси вазифасини ўтаб келган. Бу кўп бор айтилган, газеталарда ҳам ёзилган! Ҳатто ўзимизда бир пайтлар оддийгина бир мих ҳам ишлаб чиқарилмаган.  Хўп, ҳозир ўша михдан тортиб машинагача турфа хил маҳсулотлар ўзимизда ишлаб чиқаяптими, шундай. Аммо ҳануз айниқса, вилоятларда, туманларда ишлаб чиқариш соҳаси қуйи даражада.

Давлатимиз раҳбари бу борада бежиз куйиниб гапирмаяпти. Ақалли 500–1000 кишини ишли қиладиган корхоналар нега кам? Одамлар қаёққа борсин? Айтилса, оғизга оғирлик қиладиган нархдаги уйларни қайси пулига сотиб олсин? Фақат кўпқаватли уй қуриш билан халқ ишли бўлармиди?!

Ўзингиз ўйланг-да, шу 4-5 та уйни “беш кунда” қуришга кетган сармоясига битта корхона очса бўлмасмикан ишнинг кўзини биладиганлар. Бунинг орқасидан ҳам пул топса бўлади-ку. Савоби ҳам уй қурганникичалик бўлса керак.

“Пули борнинг ўзи билади-да”, дейсизми? Буям тўғри. Лекин ажаб, нега бугун кўп тадбиркорлар шу уй-жой қурилишига ўтиб олишди? Бир балоси бўлмаса, хирмонда қуйруқ на қилур, деган мақолларимиз ҳам бор-да…

Ўзимдан сўрасангиз, иш тополмай юрибман-да. Бекорчиликда шу нарсаларни ўйлаб қоламан. Айтмасам, дилим куйяпти, айтсам, тилимни биров куйдирмас. Шунинг учун сизга айта қолдим…

Қизиқувчан йўловчининг гапларини оққа кўчирувчи:

Баҳодир Қайтмасов.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − 5 =