Оилада ибрат мактаби яратилмаса… “Оёғи ердан узилганлар” сафи ортаверади
Халқимизда “Оёғинг ердан узилмасин” деган нақл бор. Бир қарашда одатий гапдек туюлади. Лекин бунинг учун бир баҳия кифоя. Келинг, гапни сал узоқроқдан бошлайлик.
Тарих саҳнасига бирров назар ташласак ҳар қандай улкан хатоларнинг замирида “оёқнинг ердан узилиши” ётганини кўрамиз. Яқинда Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Давроннинг “Шайх Кубро тушлари” асарини ўқиб чиқдим. Унда мўғуллар томонидан юртимизнинг ишғол қилиниши манзаралари ёритилган. Аянчли аҳволда ўлим топган Муҳаммад Хоразмшоҳ, унга таъсир ўтказиб, мамлакат тақдирини боши берк кўчага олиб кириб қўйган Турконхотун тақдирида айни шундай манзаралар акс эттирилган. Айшу ишратга берилган Муҳаммад Хоразмшоҳ алалоқибат Каспий денгизидаги ороллардан бирида кафанлик ҳам топилмай ўз кийимида дафн этилган бўлса, Турконхотуннинг бир умр яшаб кўрган “лаззат”лари мўғуллар қаршисида тиз чўкиб турган ҳолидаги арзимас лаҳзаларда унут бўлди…
Бир йигитни биламан. Ёшлигидан кўп машаққат тортди. Улғайиб қўли пул кўрди. Бўлганда ҳам, беҳисоб маблағни “айлантирди”. Охири нима бўлди? Оёғи ердан узилди. На қариндош уруғ, на дўсту яқинларни “танимай қолди”. Табиийки, ўзи билан ўзи ҳисоб қилишга ҳам вақти бўлмади. Қўша-қўша уйлар қурди. Машиналарни эрмакка алмаштирди. Яна нима ишлар қилгани бир ўзига ва Худога аён. Хуллас, орадан кўп ўтмай нима ёки нималар бўлди-ю бор-будидан айрилди. Уйлар сотилди. Машиналар қолмади. Ўзи ижарада яшай бошлади. Яна бўйнида бир олам қарз билан. Пулини сўраб, қидириб юрганларнинг саноғи йўқ?!
Ўша йигитнинг онаси билан суҳбатлашиб қолдим. Ўғлидан нолиди: “Ҳеч кимнинг айтганини қилмайди. Қандай муаммоси борлигини ҳам билдирмайди. Ҳа, дейди ишонтириб бу ёққа ўтади, ҳўп, дейди кулимсираб бошқа ёққа кетади. Охирги пайтлар хавотир олиб қолдим, ўзини бирон нима қилиб қўймасин деб. Раҳматли отаси маънавиятли, илмли киши эди. Эрка ўсган ўғлим кимга тортди, билмайман”.
Эътибор қилган бўлсангиз, буларнинг барчасига авлодлар ўртасидаги риштанинг мустаҳкам эмаслиги сабаб бўлаяпти. Шу қадар жон куйдириб фарзандининг тақдири учун ҳаракат қилган онанинг боласи шу аҳволда. Хўш, унда катта стол қаршисида ота-онаси ва меҳмонлардан кўриб, пиёлани тўқиштираётган, ҳали мактаб ёшига етмаган норасидаларнинг келажаги нима бўлади? Кайфи таранг келиб, ўғилларининг олдида хотинини ичкарига судраб кириб кетган ота вақт ўтиб ўғиллари бир қизни келин қиласиз, деб етаклаб келганида нима дея олади?!
Яна ўша хатолик. Ибрат бўладиганлар бир намунага, насиҳатга муҳтож бўлиб турибди. Оилада ибрат мактаби яратилмас экан, чиқарилаётган маънавиятга доир китоблар, мақолалар, илмий ишлар, учрашув-у мулоқотларнинг нафи бўлармикан? Каминани қийнаётгани нима биласизми? Мана шу ёзаётганларимизни “оёғи ердан узилганлар”нинг жилла қурса бир нафари ўқирмикан? Ўқиса бир лаҳзага тўхтаб, хатти-ҳаракатларига, фаолиятига синчиклаб разм солармикан, хулосалар чиқариб, ўзини тутишга ҳаракат қилармикан?
Қайдам. Бошқаларни айблаш, жамиятни, борингки башариятни айблаш жуда осон. Лекин фикримизча, ишни ҳар ким ўзини тузатишдан бошлагани маъқул. Бу хусусда қайсидир китобдан қуйидаги иборани кўчириб қўйган эканман: “Сиз қисматни, фаслларни, шамол йўналишини ўзгартира олмайсиз. Лекин ўзингизни ўзгартиришингиз мумкин. Коинотдаги юлдузлар буржи ўзгаришларига жавоб бера олмайсиз, лекин қандай китоб ўқишингиз, кимлардан сабоқ олишингиз кераклиги фақат Сизнинг қўлингиздадир. Гапирган ҳар гапингизга ўзингиз жавоб берасиз!”
Азиз Норқулов
Бахмал тумани.