Меҳнатдан шуҳрат топиб…

Вақт шамолдек   ўтиб боради. Мана   баҳор, ёз, куз   ўтиб, қишнинг аёзли   кунлари ҳам бошланди. Тоғларга қор тушди. Лекин Тошкент-Термиз автомагистралидан   келаверишда Калламазор қишлоғидан   токи Шеробод шаҳригача   йўлнинг чап томонида турнақатор тизилиб, ноқулай об-ҳаво шароитига қарамасдан ҳар бири   ҳандалакдай келадиган қоп-қоп   анорларни сотаётган қизларга, аёлларга кўзингиз   тушмаслигига иложингиз йўқ.  

Сафарга чиққан ҳар бир киши   шу ерда тўхтаб,   чўғдек товланиб турган   Шер­обод аноридан   харид   қилмай ўтмайди. Энг аввало,   нархи чўнтакбоп,   килоси сифатига қараб беш,   ўн минг сўм арзон. Сабаби, улар олиб сотар эмас, ҳақиқий   деҳқон-да!

Шу йил кузнинг биринчи   ойида Қозоғистондаги   “TL Nika   Kegen” корхонаси вакиллари воҳага   келиб “Шеробод анор   импех”   ва Деновдаги   “Россион   Варк” МЧЖлар   билан 50 миллион   АҚШ долларига тенг бўлган   шартнома имзолашганди. Бунга   кўра   Сурхон диёрида   етиштирилган сархил   анор, узум,   хурмо, лимон, помидор   ва кўкатлар экспорт   қилиниши лозим. Бугунгача   22 минг тоннадан зиёд   мева ва сабзавот маҳсулотлари ҳамкорларга етказиб берилган   бўлиб, бунинг экспорт қиймати   ўн миллион АҚШ долларидан ортиқдир.

Қувонарлиси, ҳосил етиштириш   таж­рибаси ва сақлаш   имконияти бўлган бугунги   деҳқон йилнинг исталган фаслида   маҳсулотини экспорт қила   олади. Бу борада Шеробод   туманининг тадбиркор деҳқонлари   катта   тажрибага эга.   Буни қуйидаги рақамлар   ҳам исботлайди. Туманда 48 та   маҳалла фуқаролар йиғини   бўлиб, шундан 33 тасида   истиқомат қилаётган аҳоли   анорчилик билан шуғулланиб келади. Бош­қача қилиб айтганда,   тумандаги томорқадор аҳолининг   60 фоизи анор   меваси ва кўчатини етиштириш ҳисобидан даромад кўришади.   Олдинроқ аҳоли томорқаси ҳисобидан   минг гектарда анор   дарахти парвариш қилинган бўлса, эндиликда бу рақам   3 минг гектардан ортиқ. Тумандаги   деҳқонлар салоҳиятини ва бу   ердаги мавжуд имкониятни   тўғри баҳолай олган “Шеробод анор импех” МЧЖ   жамоаси корхонасини энг сўнг­ги   русумдаги замонавий технология   билан жиҳозлаган. Бу   ерда 6 минг тонна анорни   қадоқлаш, 2 минг   тоннасини эса   шарбатга   айлантириш имконияти мавжуд.   Бу эса деҳқонларга ҳам, МЧЖ жамоасига   ҳам мўмайгина даромад   келтиради   дегани.

Мутахассисларнинг айтишича, Шер­­ободнинг тупроқ унумдорлиги, иқлим шароити айнан анор етиштиришга жуда мос. Биргина мисол, шерободлик отахон Абдураҳмон Каримов нафақада бўлишига қарамасдан ўғиллари, набиралари билан томорқасида минг туп анорни парваришлайди. Ўтган йили 12 тонна анор олган бўлса, бу йил уста боғбон 15 тонна   сифатли ҳосил йиғиштирибди. Бундан   ташқари, қўшни туман   ва вилоятларни анор кўчати билан таъминлайди. Ҳа, отахон боғдорчиликнинг ҳадисини олганлардан.

— Боғимизга энг   сара нав анор кўчатларини экканмиз. Фақат меҳнатдан қочмасангиз, агротехникасини билсангиз бўлгани,   даромаддан бебаҳра қолмайсиз, — дейди Абдураҳмон бобо Каримов. — Келгуси йилнинг май ойи­гача анор   мевасини сақлай оламиз. Бу йил, айниқса, мен учун жуда омадли келди. Оиласи, набиралари учун умргузаронлик қилаётган мендек бир мўйсафидга Президентимиз фармонига кўра “Меҳнат шуҳрати” ордени   беришганини эшитиб, бошим кўкка етди. Бу биргина менга   эмас, бутун бошли Сурхон   воҳаси томорқадорларига, қолаверса, Шеробод анорчилик мактаби заҳматкашларига берилган юксак   мукофотдир, — дейди у.

Сафар ОМОН,

“Hurriyat” мухбири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 − 11 =