Қишлоқ чироқлари

Билмадим, ер юзида тош қурол билан мамонт овланганига гувоҳ бўлган одамлар борми-йўқми, аммо биз чуқурчасига зиғир ёғ қуйилган чўян ҳавончада пахта пилта ёқилиб, уйни ёритишга мослаштирилган   қора чироқни кўрганмиз. Шам фонуслар бўларди. Кейинроқ анча замонавий керосин лампалар чиқди. Биз тенгилар унинг ёруғида дарс тайёрлаганмиз, эртанги машғулотга эмас, келажак парвозига ҳозирланганмиз гўё. Замон-замон экан-да, бугун қандай мўъжизалар ичида яшаяпмиз? Телевизор мурватини кечагидек омбир билан бураш шарт эмас, бир нуқтани боссанг, “лип” этиб, бошқа каналга ўтади. Инчунин, хонани ёритувчи чироқни ҳам ёқиш учун ортиқча заҳмат чекилмайди. Холбуки, яқинларгача қишда иссиқ, ёзда совуқ тутадиган қурилмаларга унчалик ишонмас эдик.

 

Атрофимизда жами дастгоҳлар ўзгараяпти, бироқ бошқа бир ҳақиқат бор — уларни қуршаб турган ўзгармас қадриятлар боқий яшаяпти. Жумладан, устоз меҳнатининг қадри. Буюк шоир ва инсонпарвар бўлиб етишган илми толиб “ранж билан бир ҳарф ўргатган” устоз меҳнатини қадрлашга ҳар қандай “юз-минг ганж” етмаслигини таъкидлаган эди. Ҳам ҳарф ўргатган, ҳам чекка бир қишлоқда мурғак тасаввурларга инсон тимсолининг юксак намунаси бўлиб, яшаш илмидан ҳам сабоқ берган устоз-муаллимнинг қадри нақадар юксак экан?! Ой-юлдузлардан баланд, қуёш қадар бўлса, эҳтимол.

Ўқтин-ўқтин тобора олислаб кетаётган ўша болалик, қишлоқда ягона оқсувоқ, баланд шиферли бино ёдга тушаверади (гарчи қора чироқни кўрган, керосин лампа ёруғида дарс тайёрлаган бўлсак-да, тузум ўз қудратини ҳашамдор мактаб биносида кўрсатиб қўйган эди). Билим даргоҳи кўчасидан ҳамма юраги ҳаприқиб ўтар, унинг ҳовлисига қадам қўйиш эса чинакам янги дунё билан рўбару бўлиш ҳисобланарди. Замонавий услубдаги костюм-шим кийган, соч ўстириб, кепка (бизлар “шапка” дердик) кийиб олган муаллим эса тилсимнинг тилсими туюлар, улар одамлар қатори ерда эмас, самоларда ухлайдигандек, мисли фаришта-ю, нон кавшаб, овқат емайдигандек илоҳий даражадаги тимсоллар бўлиб туюлар, уларнинг айтанини бажариш, амрига бўйсуниш биз учун ўзимизни Яратган зотга итоат этишдек хушбахтлик ҳисобланарди. Қайдам? Бизнинг шаффоф бола дунёмизда муаллим-ус­тоз шу хилда суратланганди. Ўшандаги ҳарир тасаввур ҳамон хиралашгани йўқ.

У пайтлари туғилиш гувоҳномалари бериш қатъий тартибга тушмаган, шу туфайли болаларни ҳисобга олиш чалкаштирилган эканми, мен бўлажак устозларимнинг эсига кечроқ тушганман, шекилли, ўқишлар бошланиб кетгандан анча ўтиб, дарсга борганман. Зардолилар қийғос пишган (тоғда мевалар кеч етилади) паллада, ариқ бўйида лойдан уйлар қуриб ётган болани ҳовлига чақиришган, кўзим отам билан гаплашиб турган костюм-шим кийган (қишлоқда ҳамма узун яхтак ва чопон киярди) икки кишига тушган, улар мен билан қўл олиб кўришган ва қандайдир гап-сўзлар бўлган.

Эртаси мактабга бориш чунонам қўрқинчли туюлганки, онамга “Бормайман!” деб роса хархаша қилганман. Колхознинг фаолларидан бўлган отам масаланинг нозиклигини тушунганлар чамаси, қўшилиб жўнаганлар. Ота-онамнинг қуршовида синф хонасига кириб боргач, йиғлаб юбордим. Ҳамроҳларим икки ёнимда, партага ўтириб ҳам ўзимга келолмай, энтикаман; оқ юзли, сочи силлиқ таралган одам дафтар, қалам беради, эркалатиб, бошқача сўзларни айтади, унга анграйиб қарайман. Занг чалингунча уч киши “дарс қиламиз”, кейин отам сипжирилиб чиқадилар, онам машғулот охиригача ёнимда бўладилар. Уйга қайтгач, яна хархаша… Онам уч-тўрт кун бирга қатнайдилар.

Ўша йил охиригача мактабга кўникишим қийин бўлди, ўқишга ҳам қизиқмаганман. Кейинги йилдан….Бу лаҳзалар ўша пайтда қалампир чайнагандек талх-аччиқ эди. Ўйинлардан боши чиқмаган эрка болаликни синф хонасининг тор деворлари орасига букиб тиқиш, унинг тартибларига буйсундириш осон кечмаганди. Бугун эса ўша кунларни эслаш ўзгача ҳузур, қувонч қўзғаб, ўтган кунларга – шўх-шаддод болаликка   етакламоқда. Ана шу ёввойи пўртанани маърифат оламига бўйсундирган муҳтарам устоз тимсолини ёдга солмоқда. Бир нозик нуқта: вақт ўтаверади ва тарқоқ ҳиссиётлар тизимга тушиб, кечаги “ярим   ёвойи” гўдак маърифат дунёсига ошно бўлади, зеҳни очилади, бутун узвлари фароғат топади ва ўзида енгиб бўлмас ошифталик сезади. Энди у партадан, қалам-дафтардан ажралмай қолади. Муаллимни эса жажжи тасаввури билан “Сеҳргар!” деб билади. Тушунчанинг икки қирраси бор: бир томондан инсон авлоди абадий камолот палласига қадам қўйди: иккинчидан, шу сафарда ўз йўл бош­ловчисини, ҳатто “мўъжизакор”ини топ­­ди. Устознинг илоҳийлиги, бу касбнинг Яратган томонидан бандаларига иноят этилгани шу эмасми?

Биз мактабга ҳам таҳсил олгани, ҳам болалик қизиқиши билан томоша қилгани борардик. Тўрт йил – бошланғич синфларда битта одам томоша кўрсатди, катта синфга киргач, ҳар соатда “артист”лар ўзгарадиган бўлди. Агар вазиятнинг энг сиртига назар ташлайдиган бўлсак, мактаб ҳаёти “артистчи”лик эди. Аммо бу томошанинг – ижрочининг ҳам, томошабиннинг ҳам тириклик бозоридаги нархи бичилаётган эди. Гарчи ижрочи учун “томоша кўрсатиш” доимий машғулот бўлса-да, томошабинлар ҳали гард қўнмаган зеҳнларига, бир из тушмаган юракларига илк дафъа ана шу томоша тафсилотларини ўйиб ёзаётган эдилар.

Касби дунёдаги энг улуғ юмуш – бандасининг кўзини (ҳам басиратдан, ҳам қалб кўзини) очиш бўлган Устоз сиймоси оқ саҳифага тортилган биринчи чизиқдек ёрқин билиниб турибди. Дастлаб, қўлимизга қалам тутқазган зот — Абдураҳмон Азизов истеъдодли одам эди. Устоз чизган мактабнинг деворий газетаси “Фан учун”нинг ранг­­ли бўёқларда ишланган “клеше”си ҳамон кўз олдимизда. Кейин билсак, муаллим учқат дарахти поя­лари, бошқа дарахтларнинг ҳам шохлари, ўсимликлар япроқларидан бетимсол кўргазмали қуроллар ясар эканлар. Ана шу маҳоратини бизга ҳарф танитишда тўла ишга солган, мендек қайсар бола ҳам уни жуда тез яхши кўриб қолгандим. Шу йил ёзда устоз ота юрти – Ғузорга кўчиб кетди. Ўн етти йиллик умрини шу қишлоқда ўтказиб, уйланиб, бир этак болалар билан қайтди. Лекин “Азизов” деган сўз умрбод одамларимизнинг тилидан тушмади.

Иккинчи синфдан ҳарбий хизматдан эндигина қайтган Нораҳмат Ортиқов   “томоша кўрсатди”. Ёш, жўшқин йигит масалага ўзига хос ёндашди, ҳамма уни тезда ёқтириб қолди. Унинг етакчилигидаги уч йил бизларни одамзотнинг онгли қатлами сафига қўшди. Синфда ҳамма бола яхши ўқир, баъзан “синфида қолган” болаларнинг аралашиб қолиши (ҳар йили 2-3 бола ўзлаштиролмаганлиги боис синфида қолдириларди. Талаб шунақа экан-да!) бизни уларнинг ҳолига тушмаслик учун тирашиб-тирмашиб дарс қилишга ундарди, чунки қолоқлар кўзимизга сингишмас, қўшилиб кетишлари ҳам қийин бўларди.   Ўқитувчимиз бизни жуда жипслаштирган эди (яъни мустаҳкам жамоа ҳосил қилганди). Баъзан муаллим келмай қолса ёки кечикса, қўнғироқ чалиниши билан дарсимизни олиб, жимгина тайёрлаб ўтирардик, ҳатто биримиз доска олдига чиқиб, ўқитувчилик ҳам қилардик. Ҳамма талаблар кўнгилдагидек адо этиларди.

Катта синфлар – катта “томоша” эди. Ўқитувчилар жон жаҳди билан дарс берарди, худди уйи­дан шу кун оғзимдан чиққан ҳар бир сўзимни битта қолдирмай ўқувчиларим онгига муҳрлайман, деб чиққанга ўхшарди. Бот-бот “Тушундиларингми, тушунаяпсиларми, ё яна қайтарайми?” деб сўраб қўйишарди.   Касбга садоқат, нонини ҳалоллаб ейиш туйғуси кучли экан-да. Кейин ҳар бир устознинг ўз қиёфаси, услуби бор эди.   Аммо ҳаммаси қаттиққўл эди, бу талаб ўша йиллари жамиятда, барча соҳада умумий бўлган шекилли. Ўқитувчилар ўзини жиддий тутар, ўқувчилар олдида ҳатто жилмаймас эди. Болалар ҳам уйилган қовоқларга, аччиқ танбеҳга, заҳарли сўзларга ўрганиб қолгандик, чамаси, бирор ўқитувчи озгина бўш қўйса, масхаралаб устидан кулишни бошлардик. Аммо кўнгилочар тадбирлар кўп бўларди, барибир. Нима бўлганда ҳам мактаб ҳаёти завқли, унинг бағри соғинчли эди.

Дарслар худди ҳар бир саҳнаси бир-бирига ўхшамаган спектаклга ўхшарди.   Математика бўлса, ҳамма зириллаб турарди. Аввало, бу фанни ўзлаштириш қийин, ҳамманинг ҳам “калласи ишлайвермайди”. Шуни муаллим ҳам биларди, чоғи, кўпчиликни “қотириб қўйиб”, 3-4 бола билан ишларди. Қизларни эси паст ўйлардими, уларни ёқтирмасди (балки ҳали батамом қуриб улгурмаган “бой-феодалларча муносабат”нинг изларидир), “Қиз қилиб яратгунча туз қилиб яратмайдими?” деган гап кўп такрорланарди. Бошқа бир математика ўқитувчимиз эса қувноқ кайфиятли одам эди, рубоб чалиб, қўшиқ айтарди. Аммо дарсда барибир қаттиққўл эди.

Адабиёт муаллими жуда шафқатсиз эди. Доим тишини ғижирлатиб юрар, гўё чайнаб ташлайман, дегандек бўларди. Бошқа қишлоқдан келиб дарс берарди, шунданми, доим тажанг, қандайдир аламзададек юрарди. Нафис сўз санъатининг жозибасини намойиш этиш эмас, бирор шеърни таъсирли ўқиб берганини эслолмайман. Яна бир ўқитувчимиз эса камгап, босиқ, меҳрибон эди. Биз бу фанни мустақил ўрганиб, қизиқиб қолгандик чамаси, газета-журналлар муттасил бориб турар, мактабнинг каттагина кутубхонаси бор эди.

Тарих муаллими ҳам доим қовоғини солиб юрадиган, гап билан узиб оладиган киши эди. Дарсга киргач, саволни ўртага ташлаб, бир ўқувчини чақирар, у жойидан туриб жавоб берарди, устоз эса ўрнида бошини чангаллаб ўтириб, боланинг гапларини тингларди. Биз ҳам китобга кўз қиримизни ташлаб ёки уйда тузиб келган конспектимизни билдирмай ўқиб берардик.   Муаллим қўйиб берар, “Майли, кўпроқ гапиравер” дегандек бўларди. Бироқ бирор далил ёки йилни хато айтсак, бирдан танбеҳ берарди. Бир сафар ўқувчи жавоб беравериб, “Ўзбекистон…” деганча икки-уч карра такрорлаб тураверган.

— Хўш, нима Ўзбекистон? – бошини кўтариб кескин сўраган ўқитувчи. Шошиб қолган бола:

—. ..Украинани босиб олди… – деб юборган. Домланинг кўзи олайиб:

— Аҳу, Ўзбекистон Украинани чўнтак қиладими? — деган. Гап қизиқ туюлганми ё оҳанги ўйноқи бўлганми, ҳамма қўрқувни ҳам унутиб гуррос кулиб юборган. Кулгили вазиятлар кўп бўларди, улар худди қаттиқўлликни юмшатадиган пахтадек, ўқувчи ҳаётини безарди, кулиб, шўхлик қилиб ўқирдик.

Одми иморатлардан кўп-да фарқ қилмайдиган мактабимиз оламшумул мўъжизалар масканига ўхшар, қўнғироқдан қўнғироққача кўп синоатлар   мужассамлашгандек эди. Айниқса, қурбақани формалинга ботириб, кейин панжаларини тахтага маҳкамлаб, ички органлари очиб кўрилганда ёки натрий фосфат ҳосил қилиш учун реакциядан кўланка ҳид чиқиб, бутун мактабни тутиб кетганда бу даргоҳда ҳамма ҳам англайвермайдиган ҳолатлар кечаётгандек туюларди. Ёки пионер қўшиқлари, горн ва барабан янграб, кашшофлар йиғини ўтганда ҳамма ҳайратга чўмарди. Булар мактабимизнинг ҳам, ўзимизнинг ҳам обрўйимиз эди.

Мутахассислар етишмаганлиги туфайли рус тилини тизимли ўқимаганмиз, ўқитувчиларимиз кўпинча ўзлари айтган қоидани ўзлари тушунмасди. Чет (инглиз) тили ҳақида-ку гап ҳам бўлиши мумкин эмасди. Бугун ўйлаб қарасак, устоз­ларимизнинг савияси ҳам ҳаминқадар, ўша даврга мос бўлган, аммо масъулият ҳисси жуда кучли эди. Раҳбарлар (директор, илмий бўлим мудири, кейинчалик тарбиявий ишлар бўйича директор ўринбосари жорий этилди) ҳаммасини қаттиқ назорат қилар, ўқитувчилар бир-бири билан баҳслашиб, талашиб-тортишиб ишларди. Мактабнинг қишлоқ одамлари орасида обрўси баланд,   тўй-маъракаларнинг тўри уларники, ўқитувчи ўтган кўча, ташриф буюрган хонадон ёришиб кетарди. Лўкка пул ҳам муаллимларда бўлар, магазиннинг тоза моллари уларники, кампирлар товуғининг тухумини муаллимга сотиб, совун олиш илинжида юришарди (устозлар эса тухумга тўйган, ҳафта сари “тухумизация” уюштириб, баъзан ким кўп ейишдан баҳслашишарди). Одамлар мол сотса ҳам ўқитувчидан нархлаб беришини сўрарди. Қуда-андачиликларда ҳам улар бош маслаҳатчи бўларди. Кейинроқ “Икки”сиз ва икки йилликсиз!” деган ташаббус чиқди-ю, юзакилик бошланди чамамда…

Мактаб директори етти йил армияда бўлган, сочининг толасигача коммунист одам, ҳамма ҳурмат қилади, талабчан, фидойи инсон эдилар. Кейинчалик катта давлат мукофоти билан тақдирландилар ҳам. Шундай қилиб, бугун боқий оламга йўл олган, исм-шарифлари эса шогирдлар қалбида табаррук бўлиб қолган азиз устозлар Сирожиддин Камолов, Жаббор Муҳаммадиев, Ҳамро Узоқов, Омонқул Орзиқулов, Музаффар Рўзиқулов, Ўткир Кўчимов, Жўра Ҳалимов, Қорақул Мирзаев,   яна бошқалар – ҳамма-ҳаммалари борини бериб, бизларни улғайтирди, уларнинг насиҳатлари бизнинг ҳаётий қўлланмаларимиз бўлди, шуларга амал қилиб, катта-кичик ютуқларга муяссар бўлдик. Нимага эришган бўлсак, албатта, ҳаммаси уларники! “Шогирдлар устозга ҳайкал” деб ёзган экан бир ҳаваскор бола. Бу ҳайкалнинг бўй-бастини йиллар йиқолмайди, аксинча, яна ҳам сайқал топиб бораверади. Негаки, ҳаёт яна янги кўтарилишлар билан давом этаяпти, кечаги чўққилар атрофида гўзал бўстонлар юзага келиб, бугун обод масканларга айланиб бораяпти, янги насллар эса яна ҳам баландларни кўзлаяпти.

Ана шундай қизғин ҳаёт ичида яшаган билим даргоҳи айни пайтда Касби туманидаги 10-мактаб сифатида мустақил юрт фарзандларини ҳаётга учирма қилаётир (Тошқўрғон қишлоғи 1976 йилда Қарши чўлига кўчирилган). Ўрта мактаб мақомини олганига яқинда 80 йил тўладиган таълим маскани шў анъанларига содиқ қолиб, таълим-тарбияда замоавий услубларни қўллаб, юқори натижалага эришаяпти. Ўтган ўқув йилида “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида мактабни жиҳозлаш бўйича 1 млрд. 100 млн. сўм маблағ ютиб олинди. 1200 га яқин ўқувчиси бор билим даргоҳининг 70 фоиз ўқитувчиси турли тоифаларга эга. Ўнлааб ўқувчилар ўқув йили давомида инглиз тилидан сертификат олади. Ўтган ўқув йилида учирма бўлган 72 нафар ўқувчилардан Вестминстер университети (WUIT), Жанубий Кореянинг Сонггок ва Донгшин университетларига муддатидан олдин қабул қилинган талабалар бор. Албатта, мактаб партасида ўтириб, нуфузли олийгоҳларга қабул қилиниш ҳам замонавий технологиялар, ҳам пухта билим самараси.

— Мактабимизда мўъжаз музей ташкил қилганмиз, – дейди директор Эргаш Мавлонов. – Бу жойда ҳам тарих, ҳам келажак мужассамлашган. Биз эртанги кун олдида доим масъулмиз ва буни унутмаймиз.

…Хира ёритилган хонада тун ярмигача кимдир мук тушиб эртанги дарсга тайёрланади. Тушларида эса чароғон хоналарни, шодон ўқувчи ва устозларни кўради. Бугун тушлар рўёбга чиққан кун. Улкан ютуқлар ҳали олдинда.

Ҳаким САТТОРИЙ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × three =