Шарқ дарвозасидан шимолий кипргача

Туркия Республикасининг 100 йиллигига бағишланган VIII халқаро турк дунёси шеърият ва мусиқа фестивали Шимолий Кипр Турк Республикасида Чукурова Адабиёт ташкилоти ва унинг президенти Халисе Текбош томонидан ташкиллаштирилди.

Шимолий Кипр Ер шарининг энг сирли ва ажиб масканларидан биридир. Ушбу жаннатмакон орол йилнинг исталган фаслида саёҳатчиларни минг йиллик тарихий жойлари, ноёб маданий мероси, бетакрор табиати билан мафтун этади.

Оролда биз бу ернинг ўсимлик ва ҳайвонот олами-ю оролнинг бепоён қумли соҳилларидан завқ олдик, алоҳида ҳимояга олинган тошбақаларни томоша қилдик.

Шу йилнинг 25-30 октябрь кунлари туркий давлатлардан таклиф этилган юзлаб ижодкор меҳмонлар қаторида Ўзбекистондан ўн киши ушбу мўъжизавий диёрда бўлдик.

Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги ҳаво қўналғасидан Жалолобод вилояти Ёзувчилар уюшмаси раҳбари, гўзал шоира Нурхон Қўйчибонова, Намангандан ҳамроҳим Соҳиба Аъзамовалар билан учиб, Истанбулнинг Сабиҳа-Кўкчан аэропортига қўндик. Қолган шерикларимиз Тошкентдан учишди. Биздан аввалроқ йўлга чиққан Ўзбекистон гуруҳи раҳбари, шоир, истеъфодаги полковник Ўткир Муҳамедов, бекободлик таржимон Гулзира Шарипова — Гули, “Hurriyat” газетаси бош муҳаррири Абдурасул Жумақул, “Шарқ юлдузи” журнали бош муҳаррири Сирожиддин Рауф, Ўзбекистон радиоси муҳаррири, блогер Мавлуда Рау­поваларни биз Қибрисда кутиб олдик. Учрашибоқ денгизга туташган меҳмонхонамиз қаршисида, гўзал Ўрта ер денгизи соҳилларида суратларга тушдик.

Кипр ороллари ҳақида эшитган бўлсак ҳам, бунчалик гўзаллигини тасаввур қилмаган эканмиз! Биз кўрган Шимолий денгиз, Адриатика денгизи, Қора денгиз, Мармара, Ҳазар денгизлари каби бу жойлар ҳам нақадар гўзал, ажойиб эди! Орол шунақа хушҳавоки, нафас олиб тўймайсиз! Кўкка қарасангиз, нилий осмон, ерга қарасангиз, кўм-кўк сув долғаланади.

Денгиз қирғоқларида узун бўйли, сарвқад пальмалар тизилган! Улар соҳилларни  сув тўфонларидан асраб тургандай. Чор-атрофимиз — сув!

“Oskar” номли ҳашаматли меҳмонхона. Эшикдан киришингиз билан рассом чизган кулимсираб турган ўктам кишига ва ўнг тарафдаги гўзал аёлга кўзингиз тушади. Улар шу меҳмонхонани ташкил этган кишилар экан. Бу муҳташам бино, ёнларидаги қўша-қўша биноларнинг бари шу бағри кенг инсонларники экан. Юздан ортиқ фестиваль иштирокчиларини бағрига олган, ресторанидаги швед столларида туркнинг бор емакларини, ширинлигу меваларини, чой, қаҳваларини тўкиб ташлаган бу турк тадбиркори ҳозир 90 ёшни қоралаётгани учун биз билан учраша олмаётганини изҳор қилиб, бизга саломлар йўллабди. Биз дуолар йўлладик бу оилага.

Аслида, туркий халқлар меҳмоннавоз бўлишини биламиз. Қирғизу қозоқ ўтовларидаги меҳмондорчиликларни улуғ ўзбек шоирлари хотираларидан ўқиганмиз. Кўрганларимиз бор. Турк дастурхони ҳам ҳашамли, кўркам. Бизни ҳайратга солган нарса, сув масаласи бўлди. Сув ташиб келтирилгани учун анча қимматроқ экан. Ўзимизнинг беминнат оқар сувларимизни эсладик. Ҳовучлаб-ҳовучлаб сув ичишларни соғиндик.

Дунёнинг ишини қарангки, чор-атрофда улкан наҳр-денгиз чайқалиб ётибди. Лекин тоза истеъмол суви етишмайди. Ярим литрлик ичимлик суви бу ерда, айтайлик, бизнинг пулга ўн минг сўм. Чунки денгиз суви ўта шўр. Унда чўмилиш мумкин, сузиш мумкин, саёҳат қилиш мумкин, томоша қилиш мумкин, завқ олиш мумкин, расмга тушиш мумкин, кемада сузиш мумкин… Аммо ичиб бўлмайди.

Эртаси куни иккита катта автобусда зиёрат сари йўл олинди. Оролнинг ўн минг йиллик қадимий бинолари, баланд тоғлари, тоғ чўққисида кўриниб турган салобатли минораларни кўрдик. Бу ерда ҳар бир бино тош­лардан қурилар экан. Қадимий музейлар хаёлимизни олди. Пиёда юрсак, тошларида қадамладик, атрофга боқсак, тошдан қурилган тарихий ёдгорликларни кўрдик. Ярми бузилган қадимий бинолар ҳам, кекса дарахтлар ҳам сақланаркан. Биз ҳавасда томоша қилдик.

Журналист Мавлудахон Раупова шундай деди:

— Четга чиққанда Ватан янада қалбингга яқин бўларкан. Қора қош, қора кўзни кўрсак, ўзбек, деб ўйлаймиз-а!

Меҳмонхонага жойлашиш чоғида кичик бир англашилмовчилик бўлиб қолди. Ташкилотчиларга ўзбек тилида тушунтиришга қийналиб тургандим, “Опа, нима гап?” деб қолди кимдир. Шериклардан бири бўлса керак деб, овоз келган тарафга ўгирилдим. Меҳмонхона хизматчилари кийимида “қора қошу қора кўз” йигит мен томонга яқинлашиб келарди.

— Ўзбекмисиз?! Қандай яхши!

Унинг ёрдамида муаммо ҳал бўлди.

Кейин танишдик. Муҳаммад-Аброр Андижондан экан. Бу ерда олий ўқув юртида ўқир экан. Биринчи кун Шоир унга ўз китобидан туҳфа қилди. Бугун эса Ватандан олиб борилган қўл соатини ҳам шу йигитга совға қилгимиз келди. Арзимас нарса бўлса-да, йигит бу эътибордан жуда хурсанд бўлди. Аслида, гап совғада эмас, биз бу билан Ватанни ёдга солдик. У унга умид билан кўз тикиб турганини яна бир эслатгимиз келди. Оқил ҳамюртимиз буни, албатта, тушунди.

Ҳа, жуда кўплаб юртларда жуда кўплаб ёшларимиз илм истаб мусофирликда юришибди. Бўш вақтдан унумли фойдаланиб, бирор жойда ишлаш эса тажриба оширишда қўл келади. Муҳаммад-Аброр (биз уни Муҳаммаджон дедик) каби ўғил-қизларимиз вақт етиб, Ватанимиз номини шарафлайдиган инсонлар бўлиб етишсин, омин!

Ростдан ҳам бу муҳташам меҳмонхонада битта андижонлик, иккита наманганлик талаба ишлаши, бизни қувонтириб юборди.

Кипрнинг Гирне шаҳрида биз яшаган меҳмонхонада ўзимизнинг Поп туманидан Темур ва Аъзамжон ўғилларимиз менежмент бўлиб ишлашаркан! Улар билан ўз фарзанд­ларимиздек суратга тушдик. Икковлари ҳам Кипрдаги халқаро туризм университети 3-курс талабалари экан, “Келажакларинг порлоқ бўлсин!” деб дуо қилдик.

Тадбирнинг биринчи куни Татаристон Ёзувчилар уюшмаси раиси, шоир, носир, драматург, рассом Ркаил Зайдулла, шоир Рустам Галиуллин, Қирғизистон миллий Ёзувчилар уюшмаси котиби, МДҲ фахрий президенти Жўлдошбек Монолдоров, Қирғизистон опера театри солисти Бақтибек Алмабеков, Қирғизистон Давлат мукофоти сов­риндори Нурхон Қўйчибонова, Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Жипаргул Исабаева, халқаро тадбирнинг ўзбекистон бўйича фахрий президенти, юридик фанлари доктори Ўткир Муҳамедов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вакиллари, таниқли шоирлар: “Шарқ юлдузи” журнали бош муҳаррири Сирожиддин Рауф, “Hurriyat” газетаси бош муҳаррири Абдурасул Жумақулов, Дилбар Ҳайдарова, Соҳиба Аъзамова, қозоғистонлик профессор-доктор, шоир-ёзувчи Ақилбек Шояхмед, тур­киялик шоир Хайритдин Ёзар, ироқлик Турк­ман Байроқларнинг чиқишлари олқишларга кўмилди.

29 октябрь куни Сеҳран Аллаҳвердининг “Дунё Кипри” (“Кипр дунёси”) номли китоби тақдимоти бўлди. 9 минг йиллик тарихга эга бўлган Кипр ҳақидаги бу китоб қўлдан-қўлга ўтди. Давра иштирокчилари ўз фикрларини изҳор қилдилар. Сўз каминага берилганда, гапни мухтасар қилдим: “Дунёда шаҳарлар кўп, аммо севги шаҳарлари камдир. Қора денгиз бўйидаги Яльта шаҳрининг Ай-Петри чўққисини ёдга солувчи Кипр тоғларининг севгиси абадий бўлсин!”

Тадбир сўнгида китоб менга таржима учун тақдим этилди.

Куннинг иккинчи ярмида меҳмонхонанинг муҳташам тадбирлар залида мадҳияларимиз, жўшқин мусиқа садолари остида Туркия Жумҳуриятининг 100 йиллиги нишонланди. Бутун турк дунёсидан йиғилган ижодкорлар бир-бирларини қутладилар, бир-бирларига совғалар улашдилар. Турк байроқлари долғаланган залда бошқа халқларники каби, бизнинг жондан азиз Ўзбекистонимиз байроғи ҳам ҳилпиради!

Бир тарафи Грецияга туташ Ўрта ер денгизининг соҳилида ижодкорлар суҳбати қизиди. Чўллари-ю саҳроларидай саркаш қозоқ, тоғларидан буюклик сўраган, аммо хаёлкаш, иболи қирғиз, кавказларга хос гўзал мардона озар шоиралари билан мушоиралар қилдик. Озарбайжонлик ёзувчи дугонам Ҳожар Пошшаева, олима, шоира Одила Назарлар билан туганмас суҳбатлар баробарида қирғизнинг оқин қизи Нурхоннинг сўзлари, бегидир ҳазиллари ёдимда қолди.

— Менинг исмим ўзбекнинг “Нурхон” спектаклидаги бош қаҳрамонга менгзаб қўйилган. Отам шу спектакль қаҳрамонига ҳавас қилган экан, — деди шоираи даврон Нурхон.

Мен хаёлга толаман.

— Тўхтанг, — дейман унга. — Ўш давлат театрида ўша пайтлар фарғоналик Ўзбекис­тон халқ артисти Ёрқиной Ҳатамова ишлаган ва бош ролни ўйнаганлар. Гўзалим, сиз Нурхон ролини ўйнаган актрисанинг ёшлигига жуда ўхшайсиз.

Нурхоннинг кўзлари ҳам кулади. Аёл кулганда дунё кулади деганлари рост!

Ҳамма ўз юртини эслаб, гапираётганида кеча оқшомги тадбирда сўзга чиққанимдаги бир сўзим ёдимга тушди.

— Дунё қалқиб турибди. Аммо биз тинчлик изловчилар, тинчликка қўл қўйганлармиз. Биз туркийлармиз. Аммо дунёнинг қаерида савашлар бўлса, биз оромимизни йўқотамиз.

Бундан икки йил аввал Озарбайжонда Тоғли Қорабоғ озодлиги учун курашлар бош­ланди. Ўттиз йил Қорабоғ деб йиғлаган халқни кўриб, мен ҳам интернетда “Қорабоғликман” деб суратимни қўйдим. Аллоҳга минг шукурларки, бу йил Қорабоғ ўз эгаларига қайтди. Менинг Амир Темур бобомга ёққанидан сарой қурдирган, дам олишни ёқтирадиган Хонканди Озарбайжонга қайт­­ди. Унга тўёна сифатида Ўзбекистон Фузулий туманига муҳташам мактаб қуриб берди. Буларнинг бари дўстлик белгиси эмасми? Бизнинг бирлигимиз эмасми?

Дунё ҳамиша дўстлик билан, тинчлик билан гуллаб яшнайди. Тадбирларимиз ўтаётганида Қибрисга яқинроқ жойда Фалас­тиннинг тинч аҳолиси бомбаланди. Дунё қалқиди. Дунё озурда халқнинг тарафида турибди. Ўшаларнинг қаторида бизнинг мамлакатимиз Раҳбари ҳам овоз бергани қаддимиз кўтарилишига куч бўлгани рост. Биз шеърият фидойисимиз, тинчлик доимий сўзимиздир!

Дунёда тинчлик, омонлик бўлсин!

Ҳа, биз соҳилда эдик. Биз ўз тилимизда шеърлар ўқидик ва бир-биримизни яхши тушундик. Мен Нурхонга янги Ўзбекистон ҳақида гапирсам, у “билем” деди. Ахир ён қўшни, жон қўшни бўлсак, билади-да.

Ўша оқшом тадбирларимиз ниҳоялангач, шоирларнинг гапларига қулоқ тутаман:

Аёз Арабачи, шоир (Озарбайжон):

— Бу сафар ҳам фестиваль муваффақиятли ўтди.

Шеърият ўз сўзини айтди, дўстликка хизмат қилди. Бутун фестиваль иштирокчиларига ташаккурларимни билдираман. Кўп дўстлар орттирдик. Дунё шеъриятида туркий халқлар шеърияти улуғлигини ҳис қилдик.

Энди бу шеърият дунё бўйлаб ёйилиши учун адабиёт байрамларини кўпайтиришимиз, ҳар туркий мамлакатга кўчиришимиз керак.

Сирожиддин Рауф, шоир (Ўзбекистон):

— Шеърият байрамида бир-биримизни танидик. Туркий халқлар шеърияти улуғлиги, бир-бирига нақадар яқин эканлигига иқрор бўлдик. Адабиёт элларни элларга қўшади. Халқаро мушоира, дунёвий мушоиралардан олам-олам таассуротлар олдик.

Абдурасул Жумақул, шоир (Ўзбекис­тон):

— Бу анжуман бизга катта дўстлик сабоғи бўлди. Энг муҳими, Озарбайжон, Қозоғис­тон, Татаристон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркия ижодкорлари билан яқиндан танишдик, дўстлашдик, маданий алоқаларга бел боғладик. Янги овозларни кўрдик, ижод намуналаридан баҳраманд бўлдик. Айниқса, Қибриснинг гўзал табиати қўйнида, Ўрта ер денгизи бўйларида дам олдик. Бундай халқаро анжуманлар ижодкор учун зарурлигини ҳис қилдик.

Жипаргул Исабоева, шоира (Қирғизис­тон):

— Мен она юртим Бишкекка қайтиб, ҳалиям ўзимнинг хаёлларим билан Кипрда яшамоқдаман. У ерда олган илҳомларим соғинч бўлиб шеърга айланмоқда. Дунёда шундай юрт борлиги ҳамон эртакка ўхшайди.

Отатуркдан омонатсан бизларга,

Ишқинг сабаб нур эланур кўзларга,

“Чаноққалъам, салом бўлсин сизларга”!

Йигитларинг савашларда балқияр,

Сен онт ерим, умид ерим, Туркия.

 

Турк ўғлиман, яралгандан бор одим,

Тарихимни варақ-варақ қарадим,

Муқаддасдир Турон — орзум муродим,

Оз вақт қолди Табризимни кўрмая,

Сен онт ерим, умид ерим, Туркия!

—дея жўшиб шеърлар ўқиди мазкур шеърият анжуманининг фахрий Президенти озарбайжонлик таниқли шоир Илғор Турк ўғли.

Туркиянинг Адана шаҳрида ўтказиб келинаётган VIII халқаро шеърият ва мусиқа фес­тивали бу сафар Қибрисга кўчгани ва унда қатнашиш насиб қилган иштирокчилар учун айни муддао бўлди. Тоғларидай қадим ва буюк, келинчакдай гўзал, ҳавоси майин, еру осмони кўм-кўк пальмалар макон қилган, зайтунлари турфа хил яшил дунё муҳаб­батини қалбимизга жойлаб, она ватанимизга қайтдик. Ташаккур сенга, жонажон Кипр, кеч кузда ёзни қайтариб берганинг, гўзал афсоналаринг учун! Сенинг берган илҳомларинг турли тилларда шеър, қўшиқ бўлиб янграйди! Дўстлик садолари бўлиб ўзингга қайтади!

 

Дунё ёниб борар ўч орасида,

Тушуниб бўлмаган куч орасида,

Шимол, жануб ёнар ўт орасида,

Дунё қалқиганда, тинчмисан, Ватан?

 

Сен илмлар юрти, юрти офтобсан,

Тўртта фаслинг гўзал, ўзинг моҳтобсан,

Сен мангу озодсан, яна озодсан,

Дунё қалқиётир, тинчмисан, Ватан?

 

Мен сенинг бағрингда сеҳрингга тўймай,

Бугун олисдаман, меҳрингга тўймай,

Кўзларингдан соғинч бўлиб тўкилмай,

Дунё қалқиётир, тинчмисан, Ватан?

 

Дилбар ҲАЙДАРОВА,

шоира.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 + eighteen =