Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларида тавҳид

Турк-ислом адабиётида Аллоҳ таолонинг борлиги, бирлиги, қудрати, исм ва сифатлари ва уларнинг намоён бўлиши — тажаллиси ҳақида сўз юритувчи шеърий-насрий адабий жанрнинг номи тавҳид дейилади. Тавҳидлар мазмунига кўра, одатда, иккига бўлинади: шаръий ва тасаввуфий.

Қуйида Бобурнинг уч асаридаги назмий тавҳидларга тўхталишни ният қилдик.

1. Бобур девонидаги тавҳид

Бобур девонидаги тавҳидлардан маснавий шаклида ва “фаулун фаулун фаулун фаул” вазнида ёзилган тўққиз байт­лик тавҳидга эътибор қаратамиз. Девонда бу тавҳид 43 байтлик маснавийнинг бошида, Истанбул университети нусхаси (96б-97а) ва Исломобод нусхаси (359-360) охирида жойлашган.

Девондаги тавҳид:

Сипосу ситойиш Худовандға

Ки, андин кушод ўлди ҳар бандға.

“Шукр ва ҳамд Аллоҳгадир. Чунки ҳар қандай мушкулот, тўсиқ Аллоҳнинг амри билан бартараф этилгай ва ҳар қандай муаммо — тугун Унинг инояти билан ечилгайдир”.

Анга не мисолу не монанддур?

Худовандларға Худованддур.

“Унинг на мисоли ва на қиёси бор. У буюкликда, қудратда беназир зот, бутун борлиқнинг, яралмишларнинг Роббисидир”.

Анга не амиру Анга не вазир,

Анга не шабиҳу Анга не назир.

“Унинг ишларини юритадиган амир ҳам, вазир ҳам йўқ. Унинг тенги ҳам, ўхшаши ҳам йўқдир”.

Не ёрою не ҳаддурур кишига,

Ки, дахл айлагай Тангрининг ишига.

“Аллоҳнинг ишига аралашишга ва бунга уринишга бандасининг ҳадди сиғмас ва ҳеч ким бунга қодир эмас”.

Ёмонлиғ била яхшилиғ Ул қилур,

Бурунғи била сўнгғини Ул билур.

“Яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам иншо этгувчи Ўзи, аввалу охир, азал ва абадият ёлғиз Аллоҳгагина аёндир”.

Азиз Ул қилур, хор ҳам Ул қилур,

Шифо Ул берур, зор ҳам Ул қилур.

“Бандасини юксалтириб азиз қилган ҳам, хор ва фақир қилган ҳам, дард берган ҳам, шифои дармон бергувчи ҳам, йиғлатиб, нола қилдиргувчи ҳам Аллоҳ таолодир”.

Басе подшони гадо қилғай Ул,

Гадоларни ҳам подшо қилғай Ул.

“Не-не султонларни тахтдан тушириб, бойликларидан айириб, гадога айлантирган ҳам, фақирларни султон тахтига кўтарган ҳам Яратганнинг Ўзидир”.

Бу байт орқали шоир Қуръони каримнинг “Зумар” сурасидаги “Улар Аллоҳ хоҳлаган кишисига ризқни кенг ва тор қилишини билмасмидилар? Албатта, бунда иймон келтиргувчи қавмлар учун оят (белгилар) бордир” дейилган 52-оятига ишора қилмоқда.

Ушбу байтдан кейин асосий мақсадга қуйидагича ўтилади:

Гадойиға бор шоҳлиқдин нуфур,

Не шоҳлиқки дорайндин юз футур.

“Фақир киши шоҳликдан ўзини олиб қочади. Шоҳлик нима ўзи? Асл орзу қилинган нарса бу — дунё ҳаваси эмас, охиратда Аллоҳнинг ризолигига эришмоқликдир”. Бу ерда “футур” сўфийлик атамаси, Аллоҳнинг фазли билан сайланган ва фарқланганлик маъносидадир.

Тилармен гадойиға бўлсам гадой,

Бу давлатни қилғай муяссар Худой.

“Фақирликни севувчилардан бўлмоқликни сўрайман, истайман, Аллоҳ менга шу давлатни, фақирлик давлатини насиб этсин”.

Ушбу охирги байтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Фақирлик менинг фахримдир, у билан фахрланаман” деган ҳадиси шарифини ўзларига шиор қилиб олган сўфийлар каби фақирликни истайди. Тасаввуфий “фақир” атамаси фоний дунё неъматларидан юз буриб, ўзини Аллоҳга бағишламоқ, унгагина суянмоқ, унгагина тобе бўлмоқликдир. Сўфийлар фуқаро деб номлаган фақир мақоми шарафли мартабадир. Фақирлар ўзларини мол-мулкдан айро тутган, яъни ўткинчи дунё ишқидан холи инсонлар. Фақирликнинг ҳақиқати шундаки, банда Аллоҳдан бошқа нарсага муҳтож эмас.

2. “Мубаййин” асаридаги тавҳид

Тўхталмоқчи бўлганимиз — “Мубаййин асарининг бошида келган “фоилотун мафоилун фаълун” вазнида ёзилган тўққиз байтдан иборат маснавийдир. Бобуршунос Ўрал Сейҳан “Аруз рисоласи”даги қайдга асосланиб ва асар охиридаги байтни далил сифатида кўрсатиб, “Мубаййин” 928 ҳижрий (мелодий 1522) йилда ёзилганлигини таъкид­лайди (2004: XXI-XXII, 205). Ўз ўрнида “Бобурнома”нинг (252-б.) “Тўққиз юз ўттиз иккинчи йил воқеалари”да (1525) “Мубаййин” сафар ойида назмий ифода этилгани ҳақидаги қайд диққатни тортади (Арат 1946: 286).

Энди тавҳидга эътибор қаратамиз:

Ҳаққа ҳамду сано адо қилдим,

Ҳақ оти бирла ибтидо қилдим.

“Аллоҳга шукур айтиб, ҳамду сано айтиб, уни улуғлаб мадҳ этдим ҳамда ушбуни ҳам унинг номини зикр этиш билан бошладим”.

Ибтидо қилғулиқ не ким бордур,

Қилмасанг оти бирла абтардур.

Бошланаётган ҳар қандай иш хайрли, омадли бўлмоғи учун Аллоҳнинг исмини зикр этиб бошлаш лозим, агар шундай қилинмаса, бу иш кутилган натижани беролмайди, суст, тўлиқсиз ҳолатда қолиб, якунига етмайди.

Қодиру баркамол Тенгридур,

Қоҳиру Зулжалол Тенгридур.

“Аллоҳ таоло қудратда тенгсиз, Ўзи хоҳлаганини хоҳлаган вақтида амалга оширгувчи, моҳир, мукаммал, комил зотдир. У чексиз салоҳият, буюклик, улуғворлик соҳиби, ҳамиша мутлақ ғолиб ва олий ҳукм этгувчидир”.

Шоир бу байтда Аллоҳ таолонинг бемисл қудрати, комиллиги, меҳри, қаҳру ғазабига ишора қилиб, ҳеч нарсага, ҳеч кимга муҳтож бўлмаган Зотнинг ягоналигини — ваҳдониятни, буюклигини мадҳ этмоқда.

Ҳар неким қилса Ул қилур бешак,

Ҳар неким қилса Ул билур бешак,

“Нимаики қилса, шак-шубҳасиз, Ўзи ихтиёр этгандир, борлиқда нимаики содир бўлса, шак-шубҳасиз, билгувчи Ўзидир, бу Унинг азалий ва абадий илм доирасидадир”.

Бу байтда Аллоҳ таолонинг яратувчилик, йўқдан бор этиш санъати, ҳислар оламини ҳам, фикру ўйлару амалларни ҳам, бўлиб ўтган ва рўй беражак нарса ва ҳодисаларни ҳам билиш хусусияти, қудрати ифодаланган.

Мунтазир раҳматиға гумроҳлар,

Муфтаҳир қуллуғи била шоҳлар.

“Тўғри йўлдан адашганлар Аллоҳнинг раҳматидан, иноятидан, раҳм-шафқати ва мағфиратидан умид қиладилар. Шоҳлар ҳам Аллоҳнинг бандаси эканликлари билан ифтихор қиладилар”.

Бу байтда Аллоҳ таолонинг раҳмлилик ва шафқатлилик сифатлари баён қилинган бўлиб, тасаввуф илмида катта ўринга эга бўлган “ҳавфу режа” тушунчаси бадиий ифода топган. Тасаввуфда “ҳавф” Аллоҳ таолонинг қаҳридан қўрқиб, динда собит бўлмоқ, ҳаром қилинган ишлар ва гуноҳлардан тийилмоқ, ўз айбу нуқсонларидан афсусланмоқдир. “Режа” эса, банда илоҳий раҳматни, яъни Аллоҳнинг карами кенглигини билган ҳолатда, Унинг лутфу иноятидан баҳрамандликни ҳис қилиши, охиратда ажру саодатга эришмоғига умид боғлаб, ўзини бахтиёр санаши, Аллоҳнинг гўзал жамолига етишиш орзусида яшаши билан изоҳланади.

Ямону яхшиға умид андин,

Қўрқмоқ андин-у навид андин.

“Ёмонликлардан ҳимояланиш ҳамда эзгулигу гўзаллик­ларга етишмоққа умид бергувчи, илтижоларни эшитгувчи ягона Аллоҳдир. Бандаси фақат Унинг қаҳридан қўрқади, Унинг ризолиги учун бўйсунувчан, кўникувчан бўлади, хушхабар ва марҳаматни ҳам фақат Яратгандан кутади”.

Ушбу байт орқали шоир Қуръони каримнинг “Зумар” сураси 53-оятида келтирилган Аллоҳ таолонинг ўта мағфиратли, Ғаффор, ўта раҳмли ва афвни севувчи сифатларини ифода этмоқда.

Жисмида ҳар нечаки қил бўлса,

Қил сени эл танида тил бўлса.

“Одам танасида қанча тук бўлса, ана шу туклардан зиёд инсонларда тил бўлса…”

Ҳамдиға зокир ўлса ул тиллар,

Деса ҳамдини ойлару йиллар.

“Ўша тиллар Аллоҳга ҳамд айтмоқ, шукур қилмоқдан тўхтамаса, зикрдан, тасбеҳ, таҳмид айтишдан ойлару йиллар давомида тинмаса…”

Ул барининг каломи бир бўлғай,

Бори ўз ажзига муқир ўлғай.

“Барчанинг, бутун инсониятнинг сўзи — каломи Яратганга ҳамд бўлса-ю, ҳар ким, ҳар банда Аллоҳнинг улуғлиги олдида нақадар кучсизлигини, шукроналик туфайли тақдир ёзиғига тобелигини тан олса”, дея шоир ўз фикри ва орзуларини бадиий ифода этмоқда.

3. “Рисолаи Волидийя” асарининг таржимасидаги тавҳид

“Рисолаи Волидийя” — форсий тилда битилган нас­рий асар бўлиб, Нақшбандия тариқатининг буюк вакилларидан бири Убайдуллоҳ Аҳрор (1404-1490) томонидан отасининг кўрсатмасига (илтимосига) кўра ёзилган. Асар 1528 йилнинг охирларида Бобур томонидан назмий таржима қилинган.

“Рисолаи Волидийя”нинг аслида бўлмаган, Бобур таржимасидаги шаклида эса асарнинг бошида келган “фоилотун фоилотун фоилун” вазнида назмий ифода этилган етти байтдан иборат қуйидаги тавҳидга эътибор қаратамиз:

Ҳақ Таолоға дейин ҳамду сипос,

Кунҳиға етмес анинг ваҳму қиёс.

“Аллоҳга чексиз шукурлар, ҳамду санолар айтиб, ризолигимни билдираман. Шубҳасиз, инсоннинг тафаккури, тасаввури ва муқояса кучи Яратганнинг моҳиятини тушунишга етмагай”.

Ушбу байтда қўлланилган сўфийлик атамаларидан бири бўлган “Кунҳ” шахснинг (бу ерда Аллоҳнинг) баъзи ҳақиқатларини билдиради. Ваҳм эса инсоннинг тана кучини ифодалайди.

Холиқу Қоҳиру Субҳану Азим,

Розиқу Қодиру Роҳману Роҳим.

“У йўқдан яратувчи, ҳар нарсага ҳукмронлик қилувчи, нуқсонлардан холи, пок, юксак, ризқ берувчи, ҳар нарсага қодир, ҳаммага раҳм-шафқатли, охиратда мўминларга эҳсон ва инъомлар ато этувчи зотдир”.

Авваледурки, бидоят Анга йўқ,

Охиредурки, ниҳоят Анга йўқ.

“У абадийдир, унинг мавжудлигининг бошланиши йўқ. У абадийдир, унинг мавжудлигининг охири йўқ”.

Бу байтнинг биринчи мисрасида Аллоҳ таолонинг муҳим сифатларидан бири бўлган улуғлиги, иккинчи мисрасида эса абадийлиги баён қилинган.

Йўқ турур ҳеч шерик Анинг ишига,

Ўхшамас ҳеч нимага, ҳеч кишига.

“Ҳеч бир иш унинг изнисиз бўлмас, Унинг шериги ҳам, ўхшаши ҳам йўқ, У туғмаган ва туғилмаган ва унга ҳеч ким тенг бўлолмас”.

Биринчи мисрада Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бири Воҳиднинг туркча изоҳи ихчам тарзда берилган. Воҳид — бир ва ягона, у тенгсиз, беқиёс маъносида. Бу ерда “Ихлос” сурасининг биринчи мисраси туркий тилда ифодаланган: “Аллоҳ бирдир, ягонадир”. Иккинчи мисрада эса ушбу суранинг охирги ояти туркча баён этилган: “Аллоҳга тенг ва ўхшаш нарса йўқ”.

Кейинги байтда “Ихлос” сурасининг туркий тилдаги мазмуни қуйидагича тасвирланган:

Эҳтиёжи кишига йўқтур Анинг,

Ёру ёвар ишига йўқтур Анинг.

“Аллоҳнинг ҳеч кимга, ҳеч нарсага муҳтожлиги йўқ, унинг ишларига бировнинг ёрдами, ёру ёварнинг ҳожати йўқ”.

Биринчи мисрада Асма-ул-Ҳуснадан Сомаднинг маъноси баён қилинган. Мавжудотларнинг эхтиёжлари қондирилиши ва ризқнинг якунини белгиловчи, барча яратилган ҳилқатларнинг истак ва илтижоларини қабул қилувчи ягона Роббиси борлиги англатилади. Биринчи байтда “Ихлос” сурасининг иккинчи ояти “Аллоҳ — Сомаддир”, яъни ҳамма яратилмишлар Аллоҳга муҳтождир, лекин У ҳеч кимга, ҳеч нарсага муҳтож эмас”, деб эслатилган. Иккинчи мисрада бу оятга бироз изоҳ берилган.

Ортмайдур, ҳам бўлмайдур кам,

Бор эди, бор дурур, бўлғуси ҳам.

“У кўпаймайди ёки камаймайди, У аввал ҳам бор эди, ҳозир ҳам мавжуд ва абадий бор бўлажак”.

Бу байтнинг биринчи мисрасида “Ихлос” сурасининг учинчи “У туғмаган ва туғилмаган” ояти шарҳланган.

Юқорида тилга олинган уч байтда Нақшбандия тариқатининг тўрт тамойилидан бири бўлган “Шариат билан зоҳирни поклаш”га ишора бор. Бу тамойилда “Ихлос” сурасининг тажаллиси — зуҳури тафаккур этилган.

Тил Анинг ҳамдида қосирдур, бил,

Бил анинг ҳамдида қосирдур тил.

“Аллоҳга шукур қилмоқ учун тил — лисон кифоя эмас, у нуқсонли ва кучсиздир, буни яхши бил. Яна шуни яхши билгинки, Аллоҳга ҳамду санолар айтмоққа тил ожиз ва фақирдир. Аллоҳга бутун борлиғинг, қалбинг — зоҳиру ботининг, тоату ибодатинг, илму амалинг билан яқинлаша оласан…”

Хулоса шуки, Заҳириддин Муҳамммад Бобур асарларида Аллоҳга муҳаббат ва ихлос гўзал ва мукаммал бадиий ифода этилган.

Девондаги тавҳид исломий ақидалар асосида ёзилган бўлса, Аллоҳга ҳамд билан бошланган бу тавҳидда илм, қудрат, ирода соҳиби Аллоҳнинг зоти ва улуғ сифатларини ифода этувчи исмлари қўлланилмаган ҳолда изоҳланади. Бобур сўнгги икки байтда ўзининг асл мақсадини ифодалаб, тасаввуфдаги фақир тушунчасини мисраларга жойлайди.

“Мубаййин”даги тавҳид ҳамд билан бошланади, Аллоҳ таолонинг Асма-ул Ҳуснадаги Ҳақ, Қодир, Зулжалол исмлари келтирилиб, қудратлилик, илмлилик, раҳмлилик, ғаффор ва кечиримлилик каби сифатлари ифодаланади. Инсон ҳамиша шукур ва зикрда бўлиши лозимлиги эслатилади.

“Рисолаи Волидийя” таржимасида тавҳиддаги ҳамддан сўнг Аллоҳ таолонинг сифатлари бевосита ва билвосита тасаввуфий нуқтаи назар билан баён қилиниб, Нақшбандия тариқатининг ғояси асосида бетакрор назмий асар яратилган.

Қадимги туркий тилда шеърият санъатининг гўзалликларини санъаткорона, шу билан бирга, содда, равон тарзда юксак маҳорат билан тараннум этган Бобур ўзининг адабий, бадиий, диний ва тасаввуфий билимлари, маҳорати, қудратини биз юқорида тўхталган уч тавҳидда намоён эта олган.

Мақолани турк тилидан

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилоят бўлими раҳбари, шоира Хуршида Ваҳобжон қизи

таржима қилди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine + one =