Изланишлар самараси қувонарли

Хивада анъанавий “Қовун сайли” фестивали бўлиб ўтади

Ҳа, қадимий ва ҳамиша навқирон Хива шаҳрида шу йилнинг 9, 10, 11 август кунлари ўтказиладиган “Қовун сайли” фестивалига катта тайёргарлик кўрилмоқда.

Хоразм вилоятининг полиз маҳсулотлари ва мева етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликлари ва деҳқонлари ўзлари етиштирган мазаси тилни ёрадиган табиат неъматларини, ўзларининг қалб қўри билан парваришлаган шириндан-шакар қовунларини намойиш этиш тараддудида фаолият олиб боришмоқда. “Қовун сайли” фестивалига республикамизнинг турли ҳудудларидан ҳамда хорижлик меҳмонларнинг ташриф буюриши кутилмоқда.

— Хўш, бу йилги “Қовун сайли”да ҳар йилгидек такрорий маҳсулотлар намойиш этиладими ёки янги изланишлар юз кўрсатадими?

Суҳбатдошимиз — Урганч давлат университети табиий ва қишлоқ хўжалиги фанлари факультети “Мева-сабзавотчилик” кафедраси мудири, қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент — Санжарбек Саъдуллаевга юқоридаги ва бошқа саволлар билан мурожаат қилдик.

— Бизнинг Урганч давлат университети жамоаси, яъни табиий ва қишлоқ хўжалиги фанлари факультети томонидан ҳар йили бўлиб ўтадиган “Қовун сайли” фестивалида қувончли янгиликлар билан еттинчи марта қатнашиш мақсадида бир қатор изланишлар олиб борилди.

Урганч давлат университетининг “Мева-сабзавотчилик” кафедраси қошида “Қовунчилик” бўлими ташкил қилинган. Бу ташаббусни шахсан Президентимизнинг ўзлари таклиф қилган эдилар. Шу таклиф асосида 2019 йили “Қовунчилик” бўлими фаолияти йўлга қўйилди. Бўлимда бевосита 4 та — “Етиштириш ва агротехнология”, “Касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш”, “Қовун навларини қайта ишлаш” ва “Техник таъминот” секторлари иш олиб бормоқда. Университетнинг ёш илмий тадқиқотчилари ўзларининг тажрибаларини ўтказиб турибдилар.

“Қовун сайли” фестивалига 40 га яқин қовун намуналарини олиб чиқишни режалаштирдик.

Биз ушбу ширин неъматларни етиштирувчи фермер хўжаликлари, деҳқонларга фақат қовун навларини эмас, балки тавсия сифатида бир нечта ўқув қўлланма, услубий қўлланма, дарслик ва тавсияномаларимиз билан ҳам ёрдам берамиз, ўзаро фикрлашамиз. Улар тавсияномалардан ўзларига кўникма олиб, таклиф ва ташаббусларга риоя қилиб, бетакрор мазали қовунларни етиштиришади.

Бундан ташқари, мазкур фестивалда университетнинг кимё-технология факультети жамоаси қовуннинг қайта ишланган 40 га яқин маҳсулотлари билан иштирок этадилар.

Вилоятимиз ҳокими Жўрабек Раҳимов бизнинг фаолиятимиздан жуда мамнун бўлиб, қовун маҳсулотларини, навларини янада кўпайтириш бўйича топшириқ берганларидан сўнг қовун мураббоси, қовун қоқи, қовун жеми, қовун шарбати, қовундан тайёрланган музқаймоқ, қовундан тайёрланган мармеладлар ва бошқа ноёб маҳсулотлар яратилди. Уларни ҳам фестивалга олиб чиқиб, меҳмонларга намойиш этиш режамиз бор.

2022 йилда “Қовун генофондини сақлаш, экспортбоп навларни ажратиш ҳамда етиштиришнинг айрим технологияси элементларини такомиллаштириш” (Хоразм вилояти шароитида) мавзусида диссертациямни ёқладим. Диссертация мавзуимнинг асосий негизи Хоразм қовунларининг йўқолиб бораётган навларини қайта тиклаш, экспортбоп навларини ажратиш, келажак авлодга қадимги навларни тўла-тўкис етказишдан иборатдир.

2024 йил февраль ойида доцентлик дипломига эга бўлдим. Ҳамма изланишларимиз қовун етиштириш бўйича амалга оширилмоқда.

Илмий янгиликларга келадиган бўлсак — сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий тадқиқот институти билан ҳамкорликда қовуннинг 3 та янги: “Офтоб”, “Ифтихор”, “Гандимиён” навларини ихтиро қилдик. Ҳозирги кунда улар учун патентлар олинган ва ишлаб чиқаришга татбиқ қилинмоқда. Шу бўйича 3 та патент билан профессорлик унвонини олиш ниятим бор.

Умр бўйи эслаб юрадиган яна бир қувончли воқеа — 2023 йилда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан учрашиш насиб этди.

“Ўзбекистон” телеканалида қовунчилик соҳаси ҳақида гапирганимни Президентимиз кўрган эканлар. Хоразмга ташрифлари давомида Давлатимиз раҳбари билан учрашиб, 10 дақиқа мулоқотда бўлдим, суҳбатда қовун етиштиришда янги инновацион технологияларни жорий қилиш, экспортга йўналтириладиган янги навлар устида иш олиб боришга ваъда бердим. Ўзаро суҳбат жараёнида бирга расмга тушдик.

Орадан кўп ўтмай, Президентимиз ўша бирга тушган расмларимизни имзо қўйиб жўнатганлар. Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёев, вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов, вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ўктам Машарипов, “Хоразм фахри” кластери раҳбари Отабек Қурбонов, фермер аёл, маҳалла фуқаролар йиғини раиси суратга тушган.

— Сиз бошлиқ жамоанинг бугунги илмий изланишлари ҳақида қандай фикр билдирасиз?

— Икки нафар магистримиз — Рус­тамбой Аҳмедов, Муниса Собирова қовун навларини етиштиришда ўстирувчи моддалардан фойдаланиш биотехнологик таркиби бўйича илмий изланишлар олиб боришмоқда. Урганч давлат университетининг Урганч туманидаги Юқоридўрман қишлоғи ҳудудида 17,2 гектар майдонда жойлашган тажриба хўжалигида ўзларининг тажрибаларини синовдан ўтказишяпти. Бу йил иккинчи марта амалиётда синаб кўришмоқда. Улар тез орада магистрлик диссертациясини ёзиб тугатадилар. Янгиликларни, янги лойиҳаларни ишлаб чиқаришга жорий этадилар.

Бундан ташқари, кафедрамизнинг тажрибали ўқитувчиси Дадахон Абдуллаев мустақил тадқиқот ишларини амалга оширмоқда. Дадахон қовун навларини ўстирувчи препаратлардан фойдаланиб, гидрогель полимер асосида қовунга ишлов беришни тарғиб қилмоқда. Бу таж­риба ҳали бизнинг вилоятда янгича услуб, янгича қовун етиштириш техноло­гияси. Пушталарга, яъни уруғларни экиш мобайнида гидрогель полимерлардан фойдаланишнинг натижаси ижобий бўлиши ҳақидаги тажриба вилоятимиз иқлимига жуда асқотади. Гидрогель полимер — қовун илдизида узоқ муддат намлигини ушлаб туради. Полимер ишлатилганида қовуннинг сувга бўлган талаби сал қисқаради, самарадорлиги ҳам жуда яхши бўлади. Қовунга қанча кам сув берсак, шунчалик ширин бўлади. Полимерлардан фойдаланишимиз янги илмий методик изланишлардан бири бўлганлиги қувонарлидир.

— Келгусидаги режаларингиз?

— Келгусида Хоразм воҳасида етиш­тирилган қовунларимизни узоққа ташишга чидамли бўлган навларни яратишдан иборат. Фахрланиб айтадиганимиз — “Гурвак” навли қовунимизнинг шираси тилни ёради. Аммо унинг пўстлоғи юпқа бўлганлиги учун узоққа ташишга яроқсиз ҳисобланади. Шунинг учун келгусида узоқ йўлга ташишга чидамли, пўстлоғи қалин, шираси гурвакникидек ширали навларни яратишни, яъни гурвак билан чатиштирилган, қалин пўстоқли янги нав­ларни ихтиро қилиш бош мақсадларимиздан биридир.

“Қовун сайли” фестивалига янгидан-янги бошламалар, ўзгаришлар ва янгиликларни тадқиқ қилаётган, илмпарвар жамоаларнинг ютуқлари нафақат кўзларни, кўнгилларни ҳам қувонтиради!

Изланишлар самарали! Демак, қовунчилик илми янада ривожланади! Бу йўлда фидойилик билан ҳаракат қилаётган иқтидор эгаларининг изланишлари барокатли бўлғай!

Феруза ТАНГРИБЕРГАНОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × one =