“Тез ёрдам”нинг тезкор ишлари

Тез тиббий ёрдам — инсон ҳаёти ҳамда соғлиғи учун хавфли ҳолатлар рўй берганда туну кун шифохонагача кўрсатиладиган тиббий ёрдам тури ва тизими. Илк бор тез тиббий ёрдам 1918 йил Тошкент шаҳрида пункт сифатида ташкил этилиб, 1926 йил мустақил тез тиббий ёрдам станциясига, 1974 йил тез тиббий ёрдам клиник касалхонаси билан бирлаштирилиб, бўлимга айлантирилган. 1983 йилга келиб мустақил шаҳар тез ва шошилинч тиббий ёрдам станцияси деб аталди. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази сифатида эса 2001 йил 1 майдан фаолият кўрсата бошлаган.

Тез тиббий ёрдам машиналари радиолаштирилган бўлиб, икки томонлама телефон алоқаси билан таъминланган, нафас ва наркоз бериш жиҳозлари, кислород ингаляторлар, электрокардиограф ва бошқа зарурий ускуналар билан жиҳозланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 16 июнда имзоланган “Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги 283-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Республика тез тиббий ёрдам маркази ва унинг 14 та ҳудудий филиали тез тиббий ёрдам хизмати ҳамда тиббий автохўжаликлар негизида ташкил қилинди ва тез тиббий ёрдамнинг ягона вертикал бошқарув тизими йўлга қўйилди.

Марказ ва унинг ҳудудий филиалларида ситуацион мувофиқлаштирувчи бўлимлар ташкил этилган бўлиб, туман (шаҳар) ва ҳудудлардаги тез тиббий ёрдам тизими фаолиятини таҳлиллар асосида ўрганиб боришда ва амалга оширилиши керак бўлган ишларни режалаштиришда ёрдам бермоқда.

Биргина Жиззах вилояти мисолида айтадиган бўлсак, тез ёрдамнинг Жиззах филиалида фуқаролардан тушадиган мурожаатларни қабул қилиш учун Тошкент шаҳри андозаси асосида махсус “Cаll-марказ” ташкил этилган. “Cаll-марказ” ишини автоматлаштириш борасида БИПРО фирмаси маҳсулоти бўлган “Меддата” дастури билан таъминланди.

“Меддата” тизими чақириқларни ўз вақтида қабул қилиб, бажарилишида қулайликлари билан ходимларнинг ўз ишларига бўлган муносабатларини тубдан ўзгартирди. Шунингдек, мазкур тизим ҳар бир ходимнинг индивидуал қанча чақириқ қабул қилганини кўриш ва сифатини аниқлаш, ҳисоботларни осон шакллантириш имконини бермоқда.

Бугунги кунда Жиззах вилоятида 126 та тез ёрдам бригадалари мавжуд бўлиб, барча автотранспорт воситаларига “GPS трекер” ўрнатилди, бу эса тушган чақириқларга бригаданинг қай даражада яқинлигини кўриш имконини яратди. Натижада тушган чақириқ яқин турган бригадага узатилади ва бу бир қанча кечикишларнинг олдини олишга ёрдам беради.

Энг муҳими, тез ва сифатли биринчи тиббий ёрдамни кўрсатиш учун замонавий хизмат шаклланди. Энди бир пайтлардагидек, соатлаб ёки ярим соатлаб бемор “тез ёрдам”ни кутмайди. Ўз вақтида кўрсатиладиган тиббий хизмат эса – одамлар ҳаётини Аллоҳнинг инояти ила сақлаб қолиш имконини оширади.

Дурдона ЖАББОРОВА,

Республика тез тиббий ёрдам маркази

Жиззах филиали шифокори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 2 =