Алижон Пайғамов ким бўлган?

Ёки домланинг омонат гапи

Ўшанда 1994 йилнинг баҳори эди. Фарғона вилояти прокуратураси органлари томонидан жиноятчиликка қарши кураш бўйича мақола тайёрлаш учун “Қишлоқ ҳаёти” газетасидан хизмат сафарига боргандим. Вилоят прокурори умумий назорат бўлими ходимига мени Қўқон шаҳрига олиб бориб, шаҳар прокурори номидан мақола тайёрлашим учун ёрдам беришини айтди. У пайтлари прокуратура идораларидан ахборот олиш учун расмиятчилик талаб этилмасди, аксинча, жойларда прокуратуранинг адабиётга, матбуотга қизиққан, ижодга ихлоси бор ходимларидан бирига оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ҳамкорлик қилиш вазифаси бириктириб қўйилар эди. Энг муҳими, прокурорлар ҳам газета ўқишарди. Таҳририятларда воқеликларни, факт ва рақамларни таҳлил қилишга иқтидорли, оқни қорадан ажратишга қодир бўлган ва ҳамма нарсани ўз номи билан айтишга журъати етадиган холис журналистлар кўп эди. Янада муҳими, тамадан виждоний нафсониятини, касб шарафини баланд тутадиганлар кўп эди. Чоп этилган танқидий мақолалар тегишли идоралар томонидан ўрганилиб, қонунда белгиланган муддатда чоралар кўрилар ва бу ҳақда таҳририятга расмий жавоб ёзилар эди.

Бозорлардаги нарх-наволар узоқ йиллар ўзгармас, қалам аҳлининг ойлик маошлари жуда баланд бўлмаса-да, баракали эди. Шу боис, журналистларнинг аксарияти ҳақиқат мезонларини муқаддас деб билишарди, ёлғон ёзишдан уялишар эди.

Бу эртак эмас, ўттиз-ўттиз беш йил илгариги газетачиликдаги мавжуд муҳитдан бир оддий ҳикоя, холос.

Шундай қилиб, менга ҳамроҳлик қилган прокурор билан Фарғонадан то Қўқонга етгунимизча, худди эски танишлардай дилдан гаплашиб кетдик.

Шаҳар прокурори билан суҳбатлашиб, мақола учун маълумотларни олиб бўлгач, ҳамроҳим бир илтимоси борлигини айтиб қолди:

— Қўқонга яқин Ўзбекистон туманидаги “Соҳибкор” жамоа хўжалиги раиси Алижон Пайғамов ҳақида нимадир ёзсангиз, жуда улуғ иш бўларди-да. У киши жуда фидойи инсон, ҳамма у кишини домла деб ҳурмат қилишади…

Прокуратура ходимиданки шундай таклиф бўлдими, демак, Алижон Пайғамов ҳақиқатан улуғ инсон экан, деган хулосага келдим.

“Соҳибкор” жамоа хўжалиги мева-сабзавотчиликка ихтисослашган экан. Юз-кўзларидан нур ёғилиб турган, раисларга хос қоматли Алижон аканинг камтаринлиги ва ширин каломи биринчи кўришишимиздаёқ унга бўлган ҳурматимни ошириб юборди.

Ўша куни Алижон домла билан унинг “Espero” русумли хизмат автомашинасига ўтириб, “Мўйи муборак” қадамжосига бордик. Айтишларича, бу муқаддас қадамжода пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг табаррук мўйлари сақланар экан. Шу боис ҳамюртларимиз бу жойни зиёрат қилишар экан.

— Қадамингиз қутлуғ экан, — дея домла лутф қилади. — Бугун хўжалигимиз пиллакорлари режаларини ортиғи билан бажаришди.

Пиллахонага бордик. Пиллакорлар билан Алижон Пайғамовнинг ўзаро муносабатини кўриб, раис ходимларига шу қадар меҳрибон бўларкан-а, деб ҳайрон қолдим.

— Фарғоналиклар сизни домла деб аташар экан-а? — дедим атай ўсмоқчилагандек.

— Асли касбим ўқитувчилик. 1942 йилдан 1981 йилгача бир кам қирқ йил мактабда дарс берганман, директор ҳам бўлганман. Тўғри, қайси вазифада ишласам ҳам одамлар менга домла деб мурожаат қилишади.

— Дунёда энг улуғ касб ўқитувчилик-да, — дея унга юзланаман. — Менинг отам ҳам ўқитувчи. Қирғизистоннинг Ўш вилояти Аравон туманида ўзбек тили ва адабиёти фанидан эллик йил ўқитувчилик қилганлар. Домланинг ўғли эканимдан доимо фахрланиб юраман…

Алқисса, Алижон Пайғамовнинг ҳаёт йўлига назар ташлаб, у билан бўлган узундан-узоқ суҳбатлар натижасида шуни англагандимки, оҳанрабоси қанчалар қудратли бўлмасин, бойлик, зебу зийнат, ҳашаматли ҳаёт, мансаб — буларнинг ҳамма-ҳаммаси ўткинчи, қўлдан қўлга ўтиб юрувчи омонат нарсалар экан. Кишини инсоний одоб, илм, яхши ният билан қилинган амаллар, ота-онасининг дуоларини олиш, инфоқ-эҳсон қилиш уни эл-юрт ичида азизу мукаррам қилар экан.

Ўшанда “Қишлоқ ҳаёти” газетасида “Одамийлик мактабининг муаллими” сарлавҳали мақола чоп қилинди. Ушбу мақола Ўзбекистон тарихида бир туманда узлуксиз энг узоқ раҳбарлик қилиб донг таратган иккита инсоннинг бири Алижон Пайғамов экани ҳақида эди. У минглаб гектар майдонларда боғлар яратиш ишида бош-қош бўлган.

Касбим туфайли бахт топган журналистлардан бири сифатида айтаманки, қирқ йилдан ортиқ ижодий фаолиятим давомида юзлаб олижаноб инсонлар ҳақида очерклар, портретлар, эсселар ёздим ва энг муҳими, улар орасидан самимий дўстлар, ҳаёт устозларимни топдим. Шундай устозларимдан бири Алижон Пайғамов бўлди. У ҳар сафар хузурига борганимда “менинг энг азиз меҳмонимсиз” деб қарши олар эди. Ҳаёт кечмишлари, адабиёт ҳақида суҳбатлашиб ўтириб, тонглар отиб кетарди.

Шундай суҳбатларимиздан бирида Алижон ака: “Сизга бир омонат гапим бор: албатта, шундай кунлар келади, бу ҳақда ёзасиз”, деди. Аллоҳга яқин инсонлар оламдан ўтишини олдиндан сезиб қолар эканми, устоз Алижон домла билан бу суҳбатимиз охиргиси бўлган экан.

1997 йили домланинг оламдан ўтгани ҳақидаги хабарни эшитиб, ўша пайтдаги “Қишлоқ ҳаёти” газетасининг бош муҳаррири, раҳматли Неъмат Ёқубов билан Қўқонга фотиҳага бордик. Тошкентга қайтгач, Алижон Пайғамов ҳақида “Одамийлик мактабининг муаллими эди” деб номлаган хотира мақолам босилди. Мақола чиққанидан бир неча кун ўтиб бош муҳарриримиз Неъмат ака чақириб қолди. Хонасида эллик ёшлар чамасидаги озғиндан келган киши мен билан худди эски қадрдонлардек қучоқлашиб кўришди.

— Меҳмон Алижон Пайғамовнинг шогирди — илмий текшириш институти олими экан, — дея Неъмат Ёқубов таништирди. — Пайғамов ҳақидаги мақолангизни ўқиб сизга раҳмат айтгани атайлаб Қўқондан келибди…

Бундай самимият унутилмас воқеа эди, албатта.

Алижон Пайғамовнинг “омонат гапи” ҳақида ёзиш мақсадида яқинда Қўқонга бордим. Муҳсинжон деган эски қадрдоним орқали “Нуроний” жамғармаси Қўқон бўлими раиси Манзуржон Абдуллаев билан кўришдик. Мақсадимизни билгач, Манзуржон ака жудаям хурсанд бўлиб кетди. У киши билан бирга “Мўйи муборак” қадамжоси зиёратига бордик. Йигирма саккиз йил аввал кўрган юз йиллик чинорлар ҳам анча улғайибди. Зиёратгоҳ атрофи ободлашибди.

— Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг саъй-ҳаракати билан бу муқаддас жой қайта таъмирланди, — деди ҳамроҳим. — Бу тарихий маскан ўз даврида Қўқон хонининг ёзги дам олиш жойи ҳам бўлган.

Манзуржон ака Абдуллаев очиқ кўнгил, шу билан бирга фикр-мулоҳазаларини дангал айтадиган, матбуот вакилларига ҳурмат-эътиборли, атрофига кўпни кўрган нуронийларни жипслаштира олган, шоирлик қонида бор ижодкор инсон экан.

— Алижон Пайғамовни яхши билган инсонлар билан кўришсак бўларди, — дедим.

Манзуржон ака аввал нонушта қилиб олайлик деб, Қўқоннинг янги Чорсусидаги “Шаршара” чойхонасига бошлади. Бундан ўттиз-қирқ йил аввалги ҳаётни ёдга солувчи чойхонада, асосан, ёши улуғ эркаклар суҳбатлашиб овқатланишмоқда. Ҳамроҳимни кўпчилик танир экан. Ҳали нафасимизни ростламасимиздан бир оқсоқол ёнимизга келиб ўтирди.

— Бу киши Тусматов Неъмат ҳожи, — дея ташиштирди Манзуржон ака. — Меҳмон Тошкентдан, журналист, Алижон Пайғамов ҳақида хотира ёзиш учун келибди.

Нима мақсадда келганимни эшитиб, Неъмат аканинг кайфияти кўтарилиб кетди.

— Алижон Пайғамовдек инсонлар дунёга кам келади, — деди у. — Алижон ака колхозимизга раис эди. Бир куни уста бўлиб ишлайдиган Юсуфжон акамга назари тушиб қолибди. Акамнинг ўн битта фарзанди — бир қиз, ўн нафар ўғли борлигини билгач, устачилик билан шунча болани боқиб бўлмайди, деб колхознинг товуқ фермасини берган экан. Паррандачилик фермасида ишлаб, бола-чақасини боқиб вояга етказган акам доим Пайғамов домлани дуо қиларди. Ҳасанбой деган участковойга Алижон Пайғамов: “Ота-онаси йўқ, тарбияси оғир иккита болани боқиб тарбияланг”, деб айтган. Шу тариқа Ҳасанбой мелиса савоб ишни давом эттириб, кўчада қолиб тарбияси бузилган етти нафар етим болани фарзанд қилиб боқиб, тарбиялаган.

Манзуржон аканинг айтишича, Қўқон атрофида ёши улуғ бўлган ким билан гаплашсангиз ҳам, албатта, Алижон Пайғамовнинг савобли ишларини эслайди.

Тусматов Неъмат ҳожининг айтишича, Алижон домла бирор муаммони кўрса ёки бир киши келиб дардини айтса, муаммони ечиб шу ишни охирига етказмагунича тинчимас экан. У ҳар куни бомдоддан кейин ҳудудларни айланиб юрар экан. “Қаймоқли гузар” маҳалласидаги Муқимий кўчасида яшовчи Турдиали қори билан кўришиб дуо олиб кетаркан. Бир куни қорининг ярим сотихча келадиган тор уйига кирса, ҳовлидаги супада еттита бола қатор ётган экан. Қайтиб чиқибди-да, уй-жой беришга масъул бўлган раҳбарни бошлаб келиб аҳволни кўрсатибди. Ўша куниёқ уй-жой берилибди. Бутун қўқонликлар яхши танийдиган ҳофизи қуръон — Турдали қорининг борига сабр қилиб яшаганини айтмайсизми?

Беихтиёр Мир Алишер Навоий ғазалига Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон ёзган мухаммасидаги ушбу мисралар ёдга тушади:

 

Чарх авзойи бу дам аввалгиларға ўхшамас,

Котибу давру рақам аввалгиларға

                                                           ўхшамас,

Энди инсон қадри ҳам аввалгиларға

                                                           ўхшамас,

Кўнглум ичра дарду ғам аввалгиларға

                                                            ўхшамас,

Ким ул ойнинг ҳажри ҳам аввалгиларға

                                                           ўхшамас…

 

Фақат Қўқону Фарғонада эмас, бутун мамлакатимизда олтмишинчи-тўқсонинчи йиллари эл-юрт хизматида бўлиб эътиборга тушган инсонларнинг қай биридан сўрасангиз, Алижон Пайғамов номини ҳамон ҳурмат билан эслашади. У киши ҳақидаги хотира мақола ёзилмасидан аввал, ниятимизни эшитган нуроний отахонлар раҳмат дейишди. “Шундай асл инсонни эслаб, катта савоб ишга қўл урибсизлар, илоҳо, қўлларингиздаги қаламинглар олтин бўлсин”, дея дуо қилишди. Алижон акани биламиз деб юрсак-да, яхши билмас эканмиз, ҳаёти ва босган қадами савобдан иборат ҳазрати инсон тўғрисида катта китоб ёзса бўларкан.

Китоб ёзиш ҳақидаги ўй хаёлимдан ўтганида, Алижон Пайғамовнинг шахсий минглаб китоблари тақдири нима бўлди экан, деб ўйладим. Жавонларидаги нодир китобларнинг кўпининг муаллифлари —машҳур ёзувчи ва шоирлар дастхатларини ёзиб беришган. Афсус, бугун кирилл алифбосидаги бу нодир асарларни биз кексалардан бошқа яна ким ҳам ўқий оларди? Ёшларнинг саводи лотинда чиққан-ку!

Қўқонда бўлган кунимиз Расул ҳожи деган эски қадрдонимизнинг қайнотаси улуғ ёшида оламдан ўтиб қолибди. Манзуржон Абдуллаев ва бир неча оқсоқоллар билан таъзияга бордик. Жаноза намозига тумонат одам йиғилди. Ҳоким бошлиқ шаҳарнинг бош имом-хатиби ва яна бошқа бир қанча олим-уламолар ҳам марҳумнинг яқинларига таъзия билдиришди. Азал-азалдан исломий урф-одатларни қадрлаб келган қўқонликларнинг жаноза маросимидаги ботартиблигини, ёши улуғ кексаларга бўлган ҳурмат-эҳтиромини кўриб ҳавасим келди. Қабристонидаги хонлар шаҳрига хос бўлган ободончиликни айтмайсизми!

Домланинг омонат гапи нима эди, деб қизиқаётгандирсиз?

Гап бундай бўлган эди:

“Мен Алижон Пайғамов эмасман, ҳақиқий исми шарифим Муҳаммадали Пайғамбарқулов. Яна қайта айтаман, мен, аслида, Муҳаммадали Пайғамбарқулов бўлганман, шу ҳақда ёзарсиз.”

Шўролар замонида исм-шарифларгагина эмас, бутун миллатимизга ана шундай беписанд қараш мавжудлигига далолат бу. Чунки бола туғилганда ўз билганларича исму шарифларни ёзиб юбориш, саводсиз гала “ўзбек”, гала “ўрис”ларнинг ўйини бўлган эди. Айтайлик, Жума исмини “Джума” деб ёзиш, Аҳмад деган номни “Амад” дея расмийлаштириш гўёки оддий ҳол бўлган. Аслида бу инсон тақдири, номи, шаъни эканлиги у замон саводсизлари учун ҳеч гап эмас эди. Балки бу нарсалар атай қилингандир. Нима бўлганда ҳам қаҳрамонимизнинг асл исми “Алижон” эмас Муҳаммадали, фамилияси эса “Пайғамов”мас, Пайғамбарқулов бўлган экан. Қаранг, ана шундай эл оқсоқоли бўлган инсон ҳам қайсидир маънода давр, сиёсат қурбони бўлиб, ҳатто ўз исми-шарифининг тўғри ёзилиши, юритилиши бир армон бўлиб ўткан экан-да!

Азиз ўқувчим! Бугун елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди. Муҳаммадали Пайғамбарқуловнинг васиятини амалга оширдим. Омонатини элга етказиб, тарихий ҳақиқатни баён этдим…

Зиммамда ана шундай омонатдан яна биттаси турибди. Бу омонат ҳам асли Қўқон томонлардан золимларнинг зулми туфайли Янгийўлга келиб қолган раҳматли қадрдоним, ҳаёт устозларимдан бири Ўлмас Машариповнинг омонатидир…

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 3 =